26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ДЎСТ БИЛАН ОБОД УЙИНГ...

МАҚСАД – БУЮК ИПАК ЙЎЛИНИ БРЕНДГА АЙЛАНТИРИШ

Қозоғистонда Ўзбекистон туризми йилининг якунланишига бағишланган биринчи минтақалараро форум Шимкент шаҳрида ўтди. Унда Ўзбекистондан 100 га яқин меҳмонлар, яъни 60дан зиёд ўзбек компаниялари вакиллари иштирок этиб, икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги самарали ҳамкорлигига хулоса ясашди.

Тадбирда ЮНЕСКО кластер бюросининг директори Криста Пиккат, Бутунжаҳон сайёҳлик уюшмасининг Ипак йўлини ривожлантириш лойиҳаси етакчиси (ЮНВТО) Алла Пересолова, Travel Hunter (РФ) компанияси бош директорининг ўринбосари Маргарита Полоник, экотуризм ахборот-имконият маркази аъзоси Дагмар Шрайбер, Ўзбекистон Республикасида туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма раҳбари Темур Мирзаев ҳамда Ипак йўли давлатлари бизнес ҳамжамияти вакиллари қатнашдилар.

Форум иштирокчилари панелли сессияларда Буюк Ипак йўли давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасининг туристик маҳсулотларини Россия ва Европа давлатлари бозорларида тарғиб қилиш масалаларини муҳокама этиб, соҳани ривожлантиришга доир аниқ лойиҳалар тузишга келишиб олдилар.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Ипак йўли лойиҳаси доирасида сайёҳликни ривожлантириш тажрибаси тилга олинди. Қозоғистон Осиё тараққиёт банки вакили Алмас Байтенов туризм соҳасида минтақалараро лойиҳаларни ривожлантиришнинг негизи сифатида Марказий Осиё иқтисодий даҳлизи лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Анжуман якунида Ипак йўли бўйича янги “Қозоғистон – Қирғизистон – Ўзбекистон – Тожикистон” трансчегаравий тури таништирилди.

Форум доирасида Буюк Ипак йўли бўйлаб суратлар кўргазмаси “Shymkent Grand Hotel”нинг “Саукеле” ҳудудида ўтди. Унга “Kazakh Tourizm” МК” ҲЖ ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинган фототанловда иштирок этган икки давлат касбий ҳамда ҳаваскор рассомларининг суратлари қўйилди. Меҳмонлар маҳаллий аҳолининг бой маданияти ва турмуши, урф-одатлари, қадимий масканлари, тарихий обидалари, манзарали табиати тасвирланган суратларни томоша қилишди. Қозоғистон ва Ўзбекистон касбий рассомлари “Ҳозирги замондаги Буюк Ипак йўли” мавзуида маҳорат дарсларини ўтказишди.

Ноз-неъматли дастурхон, шўх куй-қўшиқлар...

Шаҳардаги “Ұлы тау” ресторанида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ташаббуси билан “Ўзбек таомлари фестивали” ўтказилди. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг вилоят, шаҳар, туманларидан келган меҳмонларни “Ғунча” халқ дастаси карнай-сурнай садолари билан кутиб олди. 

Меҳмонлар дастлаб тандирларда ёпилаётган нон ва хилма-хил сомса, миллий таом – палов, кабоблар пишираётган ошпазлар меҳнати билан танишишди. “Наврўз” ресторани ошпази Арслон Мамажонов тандирда ёпган гўштли, қовоқли сомсалар, ёнғоқ-майизли, писта-бодомли кулчалар, ширмой нон, лочира қозоғистонликлар дастурхонига тортиқ қилинди. Дастурхондаги сархил мевалар, турли салатлар, таомлар меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди. Ўзбекистоннинг “Мумтоз” мусиқий дастаси куйлари ва раққосаларнинг жозибадор рақслари, хонандаларнинг қўшиқлари олқишлар билан кутиб олинди.

ЛОЛ ҚОЛДИРГАН КЎРГАЗМА

Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги биринчи минтақалараро форум “Кўргазмалар маркази”да саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан давом этди. Унда икки давлатнинг 150га яқин товар ишлаб чиқарувчилари иштирок этиб, ўз маҳсулотларини намойиш этишди.

“Кўргазмалар маркази”да икки элнинг қурилиш, жамоат, юк транспорти, қишлоқ хўжалиги техникаси тизилиб турди. Қурилишга зарур оғир юк техникасини ишлаб чиқараётган қардош эл жамоат транспорт воситаларини ишлаб чиқаришда ҳам уста. 

Ўзбек-хитой қўшма корхонаси чиқараётган пахта териш машиналари бугунги кунда катта талабга эга. Ўзбекистонликларнинг етакчи корхоналари “ЎЗ АГРОТЕХМАШ”, “Чирчиқ”, “i38”, “TTZ-LS” пахта териш комбайнларига қизиқувчилар кўп бўлди.

“Ўзагротехниксаноатхолдинг” директори Тўлқин Хайруллаевнинг айтишича, завод қишлоқ хўжалиги техникасининг жуда кўп турларини ишлаб чиқаради. Талаб катта. Жорий йилнинг олти ойида 5 мингта трактор чиқарилган. Келгусида Қозоғистондан ҳам буюртма бўлишига ишончи комил. Қозоғистонйирик компанияларининг товарлари ҳамкўргазма тўридан жой олган. Электр қуввати билан юрадиган “РобАвиа” компаниясининг машинасига ўзбекистонликлар қизиқиб қолишди. 

Кўргазмага қишлоқ хўжалиги, енгил ва озиқ-овқат саноати товарлари, энергия тежаш ускуналари, жиҳозлар ва ёғоч ўймакорлиги буюмлари, қурилиш материаллари, кимё ва фармацевтика препаратлари қўйилган. Қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат ривожланган ўзбек эли кўргазма чиройини очадиган манзаралар билан барчани лол қолдирди. Мева-резаворлардан улкан айлана ясаб, ноннинг турли хилидан “тоғ”лар бунёд қилинган. Мазаси тилни ёрар хурмо ва анордан ўзгача кўриниш ясалган. Кўргазмага келганлар қардошларнинг дид ва маҳоратига тасанно айтиб, эсдаликка суратларга тушиб ҳам улгуришди.

МУҲИМ ҲУЖЖАТЛАР ИМЗОЛАНДИ

Шаҳар ҳокимлигида ҚР Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин раҳбарлигида пленар мажлис ўтди. Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон давлатлари ўртасида илк бор уюштирилган форумга якун ясаган йиғилишда йил давомида эришилган ютуқлар сараланди.

Қардош эллар ўртасида жорий йилнинг 9 ойида товар айланмаси 2 миллиард долларга етган, яъни 40 фоизга ўсган. 2020 йилгача кўзда тутилган режа 5 миллиард доллар.

Мажлисда минтақалараро ҳамда трансчегаравий сармоялар ҳажмини кенгайтириш, ўзаро савдо-сотиқдаги тўсиқларни бартараф этиш, ҳуқуқий базани шакллантириш, туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 

– Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бундан кейин ҳам мустаҳкамланаверади. Сайёҳлик соҳасига устуворлик берилади. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида кўплаб қўшма лойиҳаларимиз амалга ошади, – деди Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин.

Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳамкорликда автомобилсозлик соҳасида қўшма корхона қуришни режалаштирмоқда. Икки қўшни давлат ўртасида рўзғор техникаси, қурилиш материаллари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айланмаси ортиб бормоқда. Қозоғистон Ўзбекистонга электровоз, тепловоз, йўловчилар ҳамда юк вагонлари ва темир йўл рельсларини етказиб беришни режалаб қўйди.

– Ўз элимиздаги саноат салоҳиятига таяниб, биз ички ва ташқи бозорда рақобатбардош бир қатор соҳаларни биргаликда ривожлантириш учун имкониятлар мавжудлигини кўриб турибмиз. Булар талабга эга кимё, нефть-кимё, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, қайта ишлаш каби соҳалардаги лойиҳалардир. Ушбу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкони бор, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов.

Туркистон вилояти ҳокими Жансейит Туймебаев билан Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев икки минтақа ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги ҳужжатни имзолашди.

– Ҳозирги кунда вилоятимизда сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратилган. Иқлими қишлоқ хўжалиги учун қулай минтақада экинчилик ва чорвачиликка асосий эътибор берилган. 3 йилда полиз маҳсулотлари 1 млн. тоннага кўпайди. Республикадаги иссиқхоналарнинг 90 фоизи бизнинг вилоятга тегишли. Пахта 100 фоиз Туркистон минтақасида етиштирилади. Сизларни сармоявий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга таклиф этаман, – деди вилоят ҳокими Жансейит Туймебаев. 

Туркистон вилояти Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри билан меморандум имзолади.

Форумнинг пленар мажлисида 13та ҳужжатга қўл қўйилди. Туркистон вилоятидан ташқари Қарағанди, Шарқий Қозоғистон, Қўстанай вилоятлари ҳамда Астана, Алмати ва Шимкент шаҳар ҳокимлари ҳам меморандумлар имзолашди. Ҳужжатларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, автомобиль саноати ва логистика соҳасидаги қўшма лойиҳалар аксини топган. 

Умуман олганда, икки давлат ўртасида 27 йил давомида кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Улардан энг асосийлари – “Абадий дўстлик” ҳамда “Стратегик ҳамкорлик” тўғрисидаги шартномалар эди. Ушбу ҳужжатлар асосида бугунги кунда Қозоғистонда 800дан зиёд корхона ўзбек капитали иштирокида фаолият юритиб келмоқда.

Мухтабар УСМОНОВА, 2018-11-16, 17:42 681
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.