26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қашқирлар ўчи

(Бўлган воқеа)

Бу ҳикояни бир пайтлар раҳматли бувим айтиб берганди. Шу воқеа сабаб бўлиб, қашқирлар тасаввуримдан чиқмай қолди. Анча вақтгача улар ҳақида ўйлаб юрдим. Қанийди уларни яқиндан бир кўрсам, деган ниятим, афсуски, армонлигича қолди... Ботиржон билан Пўлатжон кечқурун ўтовда овқатланиб ўтиришарди. Тўсатдан итларнинг тинимсиз ҳуриши оламни тутгандай бўлди. Қўра томонда ола-тасир овозлар эшитилиб, қўйларнинг маъраши кучая борди. Чўпонлар ов милтиғини қўлларига тутганича кўчага отилдилар. Қўрадаги қўйлар безовта бўлиб, тинимсиз маърашарди. Итлар эса юқорига қараб тинимсиз ҳурар эдилар.

– Ботир, эҳтиёт бўл! – деб, Пўлатжон осмонга қараб ўқ узди. 

Ўша куни икки чўпон галма-галдан посбонлик қилиб, тонг оттиришди. Бу орада уларга қишлоқдан озиқ-овқат ва иссиқ кийимлар келтириб беришди

Кунларнинг бирида қўйларни ёйиб, тепада ёнбошлаб ётиб, қарта ўйнаётган иккала чўпон қўйларнинг у ёқдан бу ёққа гуриллаб югуришаётганини пайқаб қолишди. Дарҳол отларни яйдоқ миниб, пастликка чопдилар. Қашқирлар галаси куппа-кундузи чўпонларни доғда қолдириб, ўн уч бош қўйни бўғизлашга улгурган эди. Зумда қишлоқ раисига хабар етказишди. Раис ҳам “Вилис” машинасида ёнида беш-олти одам билан тез етиб келди. Ўлган қўйларни кўздан кечира туриб, кўзлари қизарганича чўпон йигитларга бақира кетди:

– Чўчқадай ухлаб ётавермай, қўйларга яхшилаб қараш керак эди. Сенлар бориб турган дангаса, ишёқмас, такасалтангсизлар. Кечаси бўлса ҳам майли эди, тушунардим, ухлаб қолгансизлар, дердим. Манави, бўри-қашқирни кундузи кўрмаган кўзларни ўйиб олиш керак, – деб, раис икки бармоғини ниқтади, ярим соат жавради.

Нари юрди, бери юрди, куйинди. Бошларини сарак-сарак қилиб, афсусланди.

Сўзининг охирида:

– Бу сафар сен ишёқмасларни қишлоқчилик ҳурмати кечирдим. Кейинги сафар шу иш такрорланадиган бўлса, йўқотилган қўйларнинг хунини гарданларинга бўйинбоғ каби илиб қўяман, – деганича шахт билан машинасига миниб, жўнаб кетди. 

Икки йигит эса довдираб, раиснинг гапларига жавоб қайтаришга ҳам мадорлари етмади.

Орадан бир ҳафта ўтиб, қора совуқ бошланди. Шамол борлиқни ҳувиллатиб юборди. Иккала чўпон янги туғилган қўзичоқлар учун жой ҳозирлашаётганди. Яна тўсатдан ташқарида дупур-дупур бошланиб кетди. Чўпонлар таёқ, милтиқларини кўтариб, қўра томонга отилдилар. Кучли бўрондан кўз очиб бўлмасди.

Даҳшат! Йигирмадан ортиқ қашқир яна қўрага ҳужум қилиб, қўйларни тумтарақай қилиб қувлаб ётишганди. Итлар қашқирларнинг ёнига келишдан хавфсирашиб, қўра атрофида вовуллашарди. Энди нима қилиш керак? Бу савол ҳар иккала чўпоннинг миясида чархдек айланарди. Осмонга отилган ўқнинг овозидан қашқирларнинг қўрқмаслиги одамни лол қолдирарди.

Ботир мўлжални олиб, қутурган қашқирдан биттасини думалатди. Пўлат эса қўлига гугурт олиб, ғарам қилиб уюлган хашакка ўт қўйди. Катта ғарам шу даражада кучли ёндики, унинг шуъласидан тоғ ёришиб кетгандай бўлди. Шамол ёрдами билан чарсиллаб ёнаётган олов қўранинг ёғочларига ҳам улашиб, гулхан янада авж олиб кетди. 

Қашқирлар зумда кўздан ғойиб бўлишди. Қўйлар маъраб, безовта бўла бошлаган эдилар. Чўпонлар телбаларча югуриб, қўраларнинг эшикларини оча бошладилар ва қўйларни сирт тарафга ҳайдаб солдилар. Энди олов ердаги қуруқ хас-хашакларга ўтган эди.

– Сенга ким ўт қўй, деди аҳмоқ? Энди ҳамма нарса ёниб, кул бўлади-ку, – деб бақирди Ботир. 

Пўлатнинг қўрқувдан титраб, гапиришга мажоли етмаётган эди. Эрталабгача қолган ғарамдаги хашак, каталакдек икки хонали уйлари, қўй қўралари ёниб, кулга айланди. Атроф қоп-қора рангга бўялгандай эди гўё. Узоққа тарқалаётган тутундан ёнғиннинг ҳали-вери тўхтамаслиги билиниб турарди. Ҳар ер-ҳар ерда ўлиги чўзилиб ётган қўй-қўзиларнинг саноғи йўқ. Қолган қўйлар ҳам бир-бирига тиқилишиб, бошларини қуйи экканича бир тарафга уюлишганди. Чўпонлар қолган қўйларни қишлоқ томонга ҳайдашга тушдилар. Олов тафтидан қўрқиб қолган қўй-қўзилар ўзларини ҳар томонга урди. Чўпонлар деярли бир-бири билан гаплашмасди. Ўтган сафардаги раис айтган гаплар уларнинг қулоғи тагида жаранглаб турарди.

Худди шуни кутиб тургандай тараф-тарафга қочган қашқирлар тўдаси ўлик қўйларга ташланиб, ҳар бири биттадан судраб кетишарди. 

Пўлат ва Ботир аранг қишлоқ фермасига етиб бордилар. Улар совуқдан дийдираб, уйқусизлик азоби қўшимча бўлиб, кучсиз, мажолсиз ҳолда ўзларини ерга ташладилар. Уларнинг тана ҳарорати кўтарилиб, алаҳсирашар, нималарнидир гапиришарди. Бу ҳолатни кўрган раис иккаловини зудлик билан туман касалхонасига етказди. Маълум бўлишича, йигитларни тутун ҳиди уриб қўйганди. Улар шунча узоқ масофадан, қай аҳволда келганларига ҳамма ҳайрон эди. Тўрт кундан сўнг раис яна шифохонага келди.

– Баракалла, йигитлар, баракалла! Ёш жонларингни хавф остига қўйиб, қўйларни қишлоққа омон келтирганингиз учун сизларни алоҳида мукофотлайман. Аввал тузалиб олинглар, кейин сизларга яна янги вазифа бор. Дониёр отанинг қўрасига ҳам қашқирлар галаси тегибди. Бу ердан тўғри ўша жойга йўл оласизлар, – деб, қўлидаги халталарни уларнинг олдига қўйди. 

Чўпон йигитларнинг қашқир сўзини эшитиши билан кўз ўнги қоронғилашиб кетди.

– Йўқ, раис бува, энди биз чўпонлик қилмаймиз. Ундан кўра қишлоқда ғишт қуйиб, далада кетмон чопганимиз яхши, – дейишди бирин-кетин.

Шу воқеадан кейин икки йигит тоққа бошқа яқинлашмади. Дониёр отанинг қўрасини қашқирлар хонавайрон қилгани ҳақидаги хабар эса қишлоққа зумда тарқалди. Кейинроқ айтишларича, қашқирлар тоғда отиб ўлдирилган Она бўри учун ўч олиш мақсадида шундай қилганмиш. Яна ким билади...

Равшанбек УБАЕВ, “Истеъдод” адабий бирлашмаси аъзоси, 2018-11-16, 17:51 949
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.