26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Томчидан ёрилган тош фарёди

Аслида кўпдан қўлга қалам ушламаганим сабабми, кўн­­­­­­­­­­­­­гилда андак хавотир изғийди. Ижодий муҳитнинг турт­­кисими ё таваккалчиликнинг шахти биланми, мазкур оила ҳақида қалам тебратишга жазм қилдим. Осойишталикни оддийликдан  топган, ҳалол меҳнатининг ҳузур-ҳаловатини қалб сокинлиги би­лан уйғунлаштирган онахонни деярли бутун маҳалла танийди.  Ранглари  сал униққан рўмолининг остидан кўриниб турган оппоқ сочлари, оқ-сариқдан келган  юзи­даги ажинлар унинг ҳаётнинг ажаб­товур синовларидан ўт­га­нидан дарак беради. Кўзла­­­рига инган маҳзунлик яқинла­рининг меҳр-муҳаббатига зор эканлигини сездиргандай, юра­гини кеми­раётган соғинч ҳисси эса бутун ву­жудидан тара­лаётгандай гўё.

Дераза ёнидаги каравотда ётган кампир аста кўзини очди-да, даставвал шифохонанинг оппоқ шифтларини кўрди. Бир сония ўзининг қаерда эканлигини англолмай, нигоҳларини ён-атрофга қадади. Хонада анқиб турган дорининг исини туйиб, қар­шисида ухлаб ётган  беморни кўргач, ўзининг касалхонада эканлигига амин бўлди. Ҳа, яна  келибди-да!

Эрталабки текширувдан сўнг шифокорнинг далдаси кўнглига анча таскин берди. 

– Бугун кўринишингиз яхши, фақат асабийлашманг. Ҳаммаси яхши бўлади, – деди бўлим мудири.  

Аслида шифокор бегона эмас, узоқ бир қариндоши. Онахоннинг  уй шароити, турмуш тарзидан озми-кўпми хабардор. 

Жумлаи жаҳонни яратган Эгам  коинотнинг гултожи – инсонни ҳар қадамда синовдан ўтказар экан. Табиатнинг нозик хилқати – аёлни эса қирқ жонининг қирқ жойидан парчалаб,  ҳар нафасда сабру бардоши, иродасини куза­таркан. Аёлнинг нозик жисми руҳан эзилганда, нимта-нимта бўлиб майдаланганда ҳам меҳр-муҳаббатни, сабру қаноатни кои­нот кенгликларидан, ястаниб ётган салобатли тоғлардан олиб, ўзининг азиз жонидан ярат­ган дилбандини ҳатто майин шаба­­­­дага ҳам раво кўрмай, кип­рик­ларининг устида асрар экан.

... Зулайҳонинг феъл-атвори кундан-кун ўзгариб борар, уйдаги зиддиятлар авж олиб, охири жанжал билан тугарди. 

Онанинг ҳовлига чиқишга юраги тоб бермас, ўз хонасида тамадди қилиб оларди. Кунлар шу зайлда давом этавергач, асаби таранглашиб, юраги тез-тез санчийдиган бўлиб  қолди. Бу ҳол сўнгги вақтларда тез-тез такрорлансада, ўғлига “ши­фок­­орга олиб бор” дейишга ботинолмади.

Шундай кунларнинг бирида она ошхона томон йўл олди. Тимирскиланганча, амаллаб қо­­­­­зондан ярим коса мошхўрда қу­йиб, хонаси томон қадам таш­лади. Ним қоронғи хонада ов­қатини еркан, ич-ичидан кела­ётган аламли йиғини аранг бо­сар, қалтираган қўллари қошиқ тутишга-да мажолсиз эди.

На илож, кўргилик эканда, оқ ювиб, оқ тараган, еру кўкка ишон­май ўстирган дилбандининг роҳа­тини кўриб яшайман, деганди. Афсус, тақдирнинг ёзиғи бошқача экан. Майли, шунисига ҳам шукр! Боласи ёнида, соғ-омон. Аслида ҳар бир онанинг тилаги ҳам шу. Овқатлангач, идишларни йиғиб, ювишга уринди. Ҳали келини келса, аччиқланиб юрмасин та­ғин, дея ўрнидан қўзғалди. Нон ушоқларини ҳар сафаргидай ҳов­лининг бир четига аста сепаркан, чуғурлаб учиб келган каптарларни томоша қилиб, ўйга толди.

Яратганнинг мўъжизасини қа­ранг, тумшуқчалари билан нон увоқларни териб ейи­шар­кан, чуғурлашиб, ўзаро “гап­ла­ши­шарди” баъзилари. Ким би­лади, бугунги ризқ-насиба учун балки Яратганга шукрона кел­тиришаётгандир ўз тилларида.

Инсонлар эса... Ўтган ҳар бир кунига шукрона у ёқда турсин, бевафо дунёнинг арзимас ма­тоҳларини талашишади, оқи­бат, меҳр-муҳаббат, диёнат каби инсоний хислатлардан бе­гона ўтишади. Охиратнинг жа­вобларини эса қиёматга қол­диришади...

Шуларни ўйларкан, бирпас томоша қилгач, кўнгли жойига тушди. Эрталабки нохушлик ҳам тарқагандек бўлди. Косасини аранг ювиб бўлгач, астагина кўчага йўл олди. Ўтган-кетганлар, қўни-қўшнилар билан суҳбатлашса, қалби анча ором топадигандай сезди ўзини. Дарвоза ортидаги сўрига етгач, аста жойлашди. 

Кўчада одам сийрак, ким­дир ишга шошади, кимдир ўқишга, дегандек. Қани эди, не­ва­­ра­ла­ри ёнида бўлса, ая етак­лаб боғчасига олиб бориб қўяр­ми­ди? Кўнглига келган ўйдан ўзи ҳам алланечук бўлди. Не­варалари нима қилишаётган экан-а? Уларни кўргиси келди. Айниқса, кенжасини. Ўзига ўх­шагани учунми, шунисига қат­тиқ меҳр қўйди, опичлаб катта қилди. Енгларининг учига ту­гилган ширинликни доимо унга илиниб турарди. Энди эса улар узоқда. Келини онасиникига олиб бориб қўйган. Шаҳарда ўқи­тар­миш. Аслида, гап бошқа ёқ­да, болаларини қайнонасига йў­лат­маслик.

Соғинч ҳисси кучайиб борар, неваралари кўз олдидан ўтарди. “Бувижон”, деб чопиб келадиган болажонларини маҳкам бағрига босгиси, тўйиб-тўйиб искагиси кел­ди. Дилгир юраги яна юмшаб кетди. Ғамгин кўзларидан оқаётган ёшларини енгининг учи билан ар­таркан, киши билмас ичдан тўйиб-тўйиб йиғларди.

Шу заҳоти қўшни келин кў­­­ринди. Қўлидаги халтачада икки­тагина иссиқ нон, ширинлик, 3-4та олма олиб келганди. Бу жувон мазкур хонадоннинг турмуш тарзи билан таниш, онда-сонда опага бир коса иссиқ овқат илиниб туради.

Одатий салом-аликдан сўнг ик­ки аёл у ёқ бу ёқдан гурунглашиб ўтиришди.

– Келинингиз ишдами? – дея сўради қўшниси.

– Ҳа, ишда, кечроқ келади. Иши қийин-да, жуда чарчаб келади. Унга ҳам осонмас, – деди.

Суҳбатдоши келинига тил тек­­­кизмаётган қайнонага қараб, индамади. Ахир уйдаги жан­­жаллар, қайнона-келин ора­си­­даги келишмовчиликлардан ха­­­­­­­­­­­бари йўқ, дейсизми ён қўш­ни­нинг. Албатта эшитади-да, ахир келинининг ўзи бу­тун маҳаллага жар солиб, қайн­онасини кун бер­маётгани, ҳатто невараларини сиғдир­ма­ётгани, шунинг учун она­­­­сикига олиб бориб қўйганини ҳадеб айтаверса.

– Майли, мен борай, – қўшни келин аста қўзғалди.

– Соғ бўлинг, болам, неваралар роҳатини кўринг,–  алқади онахон.

У кетгач, халтачани очиб қа­ради. Олмаларни олиб, ён чўн­тагига солди. Невараларим кел­са, бераман, дея орзуланди бе­чора кампир. Кўнглига бир илиқ­­лик югурди. Ўзича хиёл хур­санд бўлди. Лекин қувончи узоққа чўзилмади. Ишдан қайт­ган келинининг те­па­сига келиб қолганини ҳам сез­мабди. Унинг кўз­ларидаги қаҳр лабларига кўчиб, қайнонасини қистовга олди.

– Ҳа, яна қўшниларга мени ёмонлаб, ювинди сўраб ўти­риб­сизми, жонга тегдингиз-ку!

Бечора қайнона оғиз жуфт­лашга ҳаракат қилди-ю, индамай қўя қолди. Чунки, ўзини оқлаш фойдасиз, келинининг чакаги баттар очилади. Бир амаллаб, ўрнидан турди-да, хонасига йў­налди. Эшикни ичкаридан ёпиб, ўрнига жойлашди. Яна хаёлга чўмди. Ўтган умри кўз олдидан тасмадай ўта бошлади.

... Мактабни битириб, оппоқ орзулар билан мустақил ҳаётга қадам қўйган қизини отаси дўс­­тининг ўғлига унаштириб қўйди. Онасининг ҳам дийдиёсига қа­рамаган қаттиққўл отанинг раъйни ҳеч ким қайтаролмасди. Отанинг ҳар каломи уйда қонун эди. Тақдир эканда, Сабоҳат дугоналари каби олийгоҳларда билим ололмади, талабаликнинг олтин даврини ке­линликнинг вазифасига алмашди. 

Орадан йиллар ўтсада, икки ёшнинг фарзанд иштиёқида бор­маган эшиги, кўринмаган ши­фокори қолмади. Уйдаги та­ранг­лашиб бораётган вазият ҳам май­ли, эрининг мунгли кўзларига қа­рай олмай Сабоҳат етти йилини шу алфозда ўтказди. Дарди дунё­си бир бўлиб, хиз­­­­матини қи­либ юраверди. 

Лекин Аллоҳ сабр қилганларга мукофотини бераркан. Уйда ча­қалоқ йиғиси эшитилиб, кунлари нурафшон бўлди, ҳаётларига мазмун кирди. Тақдирнинг ҳа­зилини қарангки, боласи икки ёшга тўлар-тўлмас, автоҳалокат туфайли турмуш ўртоғидан ай­­­­­рилиб, Сабоҳат қон йиғлаб қо­лаверди. Эридан қолган ёл­ғизини еру кўкка ишонмай, ўстирди. Ўғлининг оғзидан чиқ­қанини му­ҳайё қилар, унга ҳаддан ортиқ меҳр қўйганди. Фарзанд шундай муҳитда катта бўлди. Вояга етса-да, келажаги ҳақида умуман ўй­ламади. Онасининг мак­табдаги фаррошликдан топган маошига кун кўришар, етмаганига онаси қарз оларди. 

Дилшод бир ишда қўним топ­мас, ё иши ёқмасди, ё ишдаги одамлар. Қисқаси, ишлашга бўйни ёр бермасди. Аҳвол шу тариқа давом этар, кун кетидан қувиб, йил ўтарди. Бечора она изтиробда, боласининг эртаси учун қайғу­рарди. Охири бир тўхтамга келди. Уйлантиради! Шу хаёлда сан­диғини очди, рўзғоридан орт­тириб, йиққан матоларини кўз­дан кечирди. Озми-кўпми бор экан. Шу алфозда бироз тур­гач, Аллоҳга таваккал қилди. Ўғ­лининг кўнглига қўл солиб кўр­ди. Аввалига кўнмаган ўғли бир-икки ой ўтгач, рози бўлгандай бўлди. Онаизор не-не орзулар билан келин излашни бошлади. Арзанда ўғлига эса буниси ҳам, униси ҳам ёқмасди. Охири қўшни қишлоқдан бир оиланинг қизига унаштиришди. 

Ёлғизгина дилбандининг ке­лиш­ган бўй-бастига қараб, не-не орзу-умидлар дунёсида ҳаёт кечирарди. Вақти-соати етиб, Дил­шоднинг  тўй куни яқинлашди. Куёв бола сарпосидаги ўғлига тер­мулиб қараркан, онанинг кўз ёшлари тинмасди. Ахир бу кун­ларга етиш осон бўлдими? 

Карнай-сурнай наволари ос­тида кириб келган келинчакнинг юзлари лов-лов ёнар, гуё келин билан қўшилиб, остонасига бир дунё бахт кириб келар эди...

Орадан йил ўтиб, оилада биринчи невара туғилди. Шод­ликлари чексиз эди. Қайнона келинини ҳар доим алқар, ма­ҳаллага мақтайверишдан, чар­чамасди. Арзанда келин эса бутун уй ишларини қайнонага топшириб қўйди, йил ўтиб, кетма - кет яна икки қиз туғиб берди. 

Йиллар шу зайлда ўтар, ке­лини умуман ошхонага кирмас, қайнонаси тайёрлаган овқатни ерди. Буниси ҳам майли, сўнг­ги вақтларда қайнона ҳам ёқ­май, бўлар-бўлмасга жанжал чиқарадиган бўлди. Эрини бу­тунлай эгиб олган Зулай­ҳонининг оилада айтгани айтган, дегани деган эди.

Бундай зуғум остида ҳаёт ке­чириб бўлмас, бечора она бир-икки марта касалхонада даво­ланиб ҳам чиққанди.

... Лекин сўнггиси ортиқча бўл­ди. Кечқурун ишдан қайтган эр-хотин онага ўз қарорларини ай­тишди. Нима эмишки, уйларини сотиб, шаҳарга кўчишармиш! Ай­тишга осон, лекин бутун умрини ўтказган, орзу-ҳаваслари ушалган ардоқли маскан, невараларининг илк тетапояларига гувоҳ бўл­ган ҳовли, қолаверса, турмуш ўр­то­ғидан қолган ягона ёдгорли­ги­ни ташлаб кетиш бу аёл учун ту­ганмас азоб эди.

Бу ҳам майли, томошанинг қизиғи бошқа томонда эди. Онани қариялар уйига топширишармиш! 

Аслида бу гапни она хонасига ўтиб кетаётганда, беихтиёр эр-хотиннинг гапларидан эшитиб қолди. Эшитди-ю, мияси ғувил­лаб, боши айланиб, кўз олди қорон­ғилашиб кетди.

Амаллаб хонасига етиб ол­гач, ичкаридан илиб олди. Зил-замбилга айланган бошини кў­таролмай, ёстиқни маҳкам қу­чоқ­лаганча, юм-юм йиғлади. Ҳа, у энди оилада ортиқча экан!

Бутун умр “болам” деб яша­ган, суякларини зирқиратиб, эт­ларидан ажратиб топган бо­ласига бу кун керакмас бўлиб қолди. Оддий бир матоҳдек қадрсиз эди. Ҳа, боласи ундан воз кечмоқчи!

Шу тун унинг уйқуси келмади, аниқроғи, ухлолмади. Ўйлаб ўйига етолмасди. Шу алфозда тонг орттирди. Бироз ётди-да, бомдодга қўзғалди. Таҳоратини олгач, намозини ўқиди. Сўнг  жойнамоз устида қўлларини дуога очди:

– Ё Раббим, гуноҳларимни ўзинг кечиргайсан. Сен карами кенг мағфиратли Зотсан. Сенга ҳамд ва мақтовлар бўлсин. Ило­ҳим, охиратимизни обод, жавоб­ларимизни осон қилгин. 

Барибир она-да, дуосида ҳам дилбандини унутмайди, ҳар са­фаргидай яқинларига омонлик, тинчлик, хотиржамлик сўрайди.   Қалбларига иймон нурини, ҳақ йўл­дан адаштирмаслигини ти­лайди. 

Бир кунда дол бўлган ғарибгина танасини аранг тиклаб, қадам ташлайман деганди, негадир, та­наси чайқалиб кетди. Боши ай­ланиб, ўтиришга чоғланди. Ба­­­­ногоҳ ўзини тутолмай қулади...

... Шу алфозда бир-икки кун касалхонада ётгач, бир қарорга келди. Палата шифокорига дар­­­дини баён қилди. Шифокор ҳам кекса онахоннинг гапларини тинг­лагач, бошини чайқаб, ин­дамай палатани тарк этди. Эртаси куни эрталаб, текширувдан сўнг, онага  яқинлашиб, гап бошлади:

– Қариялар уйи бошлиғи би­лан гаплашдим. У рози. Мен ҳуж­жатларни тўғрилаб қўйдим. Эртага ўзим олиб бораман.

Она тўғри қарор қабуллаганига ўзида ишонч ҳосил қилди. Томчи тошни ёради, деганларидай, йил­лар давомида йиғилган алам бир куни ўзини англатди. Боласини қийнамай, тинчгина масалани ҳал қилиб қўя қолди.

Касалхонадан чиқар экан, оёқ­­­­­­­­­­­лари негадир юрмас, ортда қол­­ган жигаргўшаси–ёлғизини ишон­масди. Тинмай ортига ўги­рилар, гўё, фарзанди излаб кела­ётгандай туюлаверарди... 

Шаҳноза УСМОНОВА, 2018-11-20, 10:41
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.