26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Дўст маслаҳати – олтиндан қиммат

Сафарали бир пиёла чой ичиб, қўзғалмоқчи бўлиб турганди, аёли:

– Эшитдингизми, дадаси, «Жанубий Қозоғистон» газетасида «Бир қўчқордан 30 миллион даромад», деган мақола чиқибди. 

Сафарали хотинининг сўзларига ишонмади. «Аёл дегани кеча кўрган тушини эрталаб рост, деб гапираверади-да», деб қўйди.

Йўқ, Манзура бу гал тушини эмас, ростини айтган экан. Кечқурун дастурхонга энди ўтирганида газетани қаердандир топиб келиб, эрига кўрсатди. Шу пайт ён қўшниси Холмат кириб қолди. 

– Кўришмаганимизга ҳам анча бўлибди, – деди Холмат. – Синфдош, ошна дегани ҳам шундай бўладими, сен бемалолроқсан, чиқиб, хабар олиб турсанг бўлмайдими? Мен икки йилдан бери рўзғор билан андармон бўлиб, бош қашишга қўлим тегмай кетди. Катта неварамга иморат қурдим, ўртанчасини ишга жойладим, бу йил эса кенжа ўғлимга янги «Нексия» олиб бердим. 

Сафарали ошнасининг сўзларига қулоқ тутиб, унинг анча ўзгарганига, аввалги бўш-баёв Холмат эмаслигига ҳайрон қолди. 

Унга қўлидаги “Жанубий Қозоғистон” газетасининг 2018 йил 18 сентябрь сонида эълон қилинган мақолани кўрсатди. 

Холмат уни аллақачон ўқиган экан, дарров фикрини билдирди: 

– Мақолада наслдор қўчқор ҳақида ёзилган. Ишни эса, оддий қўзидан бошлаш ҳам мумкин, оғайни. 

Сафаралининг хотини чой олиб кирди. Икковлон бир пиёла чой баҳона суҳбат қурдилар.

– Биласан, ҳовлим катта ариқнинг бўйида, – деди Холмат ёстиққа ёнбошлаб. – Отам раҳматли бир йили ариқ ёқалатиб, терак эктириб чиққан эди. Вақтнинг тез ўтишини қара, шунга ҳам ўн йил бўлибди. Шу теракларнинг харидори кўпайиб қолди. Бир куни инсофлиси келди, барини сотдим, мўмайгина пул бўлди. Аёлим билан уни нимага сарфлашни режалаётган эдик, уйимизга отамнинг дўсти Тоҳир ота келиб қолди.

Гап орасида отахон мендан:

– Хўш, ўғлим, ошнам эккан теракларнинг пулини нима қилмоқчисан? – деб сўраб қолди.

Мен бирор тайинли режам йўқлигини айтдим.

– Бўлмаса, пулларни бу ёққа олиб кел!

Мен аёлимга имо қилдим. У тугунни отахонга берди.

– Қанча?

– Тўрт юз минг.

– Яшириб қолганларинг йўқми? – дея отахон жилмайди ва пулни қўлтиғига солиб, дарвозага етгач, «эртага ўғилларингни олиб, мол бозорга бор», деб тайинлаб, жўнаб кетди.

Эртасига Тоҳир ота менга саралаб, қирқта қўзи олиб берди. Ўшанда Наврўз арафаси эди, ўзи бош бўлиб, қўра қурдирди, ҳар куни тонг саҳарда туриб, мен билан қўзиларни зовурнинг ёқасида боқди. Яна бир куни келиб, томорқамнинг ярмига беда уруғини сочиб кетди. Ёзга келиб, таниш фермердан икки тонна сара арпа сотиб олдим. Эй, ошна, қўй дегани ажойиб бўларкан, қарасанг, эт олавераркан. Саккиз ой деганда қўзилар кўзни қувонтирадиган кўчқорларга айланди. Остонамдан қассоблар кетмай қолишди. Сотишга Тоҳир ота изн бермади, сабр қилдим. Қўрани қулфлаб қўйдим, бегонани киритмадим, ирими шундай бўларкан. Ниҳоят, усти ёпиқ «КамАЗ»да бир йигит келди ва қўчқорларимизни айтган нархимизга олиб кетди. Қўлимга бир дунё пул тушди. Ярмига тўрт хонали уйга етадиган қурилиш жиҳозлари сотиб олдим, қолганига эса яна қирқ бош қўзи олиб келдим. Боқдик, қарадик. Ўзим, ўғилларим, келинларим, аёлим тиним билмадик. Бугун ўғилларим яна қирқта қўзи олиб келишди. Икки йилда йигирма йилда ҳам тополмаган даромадга эга бўлдим.

Ошна, отам терак эктирмаганда, Тоҳир ота йўл-йўриқ кўрсатмаганда, пенсия пулини кутиб юравермидим. Уларнинг сўзига амал қилиб, кам бўлмадим, бой бўлдим, рўзғоримга қут-барака келди. Фарзандларим, келинларим, набираларим ялқовлик деган дарддан халос бўлди. Энг асосийси, улар меҳнат қилса, ҳеч кимдан кам бўлмасликларини англаб етишди. Бекорга Нақшбанд авлиё: «Дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин», деб нақл қилмаган экан. Сафарали, ошна, маслаҳатим, сўзларимни ақл тарозисига солиб кўр, айтганимни қилсанг, болаларинг бировнинг қўлига мўлтираб қарамайди, ёт юртларда азиз жонини хатарга қўйиб, сарсон бўлиб юрмайди. «Бир қўчқордан 30 миллион даромад» масаласига келсак, яхши фикр. Янги йилдан кейин шу ишга киришаман. 

Қўшниси чиқиб кетгач, Сафаралининг боши қотди. У ўзининг турмуш кечириш бобида ошнаси Холматдан анча орқада қолганини ич-ичидан ҳис этди. Кўнглида нимадир уйғонди. Кечқурун ўғиллари, келинларини маслаҳатга чақирди. Барча топганини ўртага қўйди.

Эртасига рўмолга тугилган пулни белига боғлаган Сафарали таниши Равшан чўпон билан қўй олгани бозорга жўнади.

А. ҚОБИЛОВ, 2018-11-20, 11:08
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.