26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Нурсултан НАЗАРБАЕВ, Қозоғистон Республикасининг Президенти: Буюк даштнинг етти қирраси

Макон – барча нарсаларнинг, замон – бутун воқеликнинг ўлчови. Замон ва макон уфқлари туташган чоғда миллат тарихи бошланади. Бу – чиройли иборагина эмас.

Том маънода, немислар, италияликлар ёки ҳинд халқларининг солномасига кўз югуртирсак, уларнинг минглаб йилларни ўз ичига олган асл тарихидаги улкан муваффақиятларнинг кўпчилиги шу эллар ҳозир макон тутган ҳудудларга тегишлилиги ҳақида савол туғилиши табиий. Албатта, қадимги Рим ҳозирги Италия эмас, бироқ италияликлар ўзларининг тарихий томири билан фахрлана оладилар. Бу – муносиб ифтихор. Шу сингари, қадимги готлар билан бугунги немислар ҳам бир халқ эмас, бироқ улар ҳам Германия бой тарихий меросининг бир қисми. Кўп этник бой маданиятга эга қадим Ҳиндистон билан бугунги ҳинд халқини тарих тўлқинида узлуксиз ривожланиб келаётган яхлит тамаддун сифатида кўриб чиқиш мумкин.

Бу – тарихга бўлган тўғри муносабатдир. Шу орқали туб илдизимизни билишга, миллий тарихимизга теранроқ назар солиб, унинг мураккаб тугунларини ечишга имконият туғилади.

Қозоғистон тарихи ҳам алоҳида қисмлари билан эмас, яхлит ҳолатда ҳозирги замонавий-илмий жиҳатдан қараганда тушунарли бўлиши лозим. Бунга керакли далилларимиз етарли.

Биринчидан, қўшган улушлари кейинроқ сўз бўладиган қадимий давлат бирлашмаларининг аксарияти ҳозирги Қозоғистон ҳудудида қурилиб, қозоқ миллати этногенезининг асосий элементларини ташкил этади.

Иккинчидан, биз айтмоқчи бўлган юксак маданий ютуқлар мажмуаси даштимизга ташқаридан келгани йўқ, аксинча, кўпчилиги мана шу кенг-бепоён ўлкада пайдо бўлиб, шундан сўнг Ғарб ва Шарққа, Шимол ва Жанубга тарқалди.

Учинчидан, кейинги йилларда топилган тарихий буюмлар боболаримизнинг ўз замонидаги энг илғор, энг етакчи технологик янгиликларда бевосита иштирок этганлигини исботлайди. Бу ёдгорликлар Буюк даштнинг жаҳон тарихидаги ролига янгича нуқтаи назар билан қарашга имкон беради.

Ҳатто, баъзи қозоқ уруғ-қабилаларининг номлари “қозоқ” этнонимидан анча асрлар муқаддам маълум бўлган. Мана шунинг ўзи бизнинг миллий тарихимизнинг уфқи бунгача айтилиб келган даврдан жуда олисда ётганини билдиради. Европацентристик нуқтаи назар, саклар ва хунлар ҳамда бугунги туркий халқларнинг аждодлари саналмиш бошқа этник гуруҳлар бизнинг миллат тарихий этногенезининг таркибий қисми бўлгани ҳақидаги кескин далилларни кўришга имконият бермади.

Шу билан бирга, узоқ вақтдан бери бизнинг еримизда яшаб келаётган кўплаб этнослар учун умумий бўлган Қозоғистон тарихи тўғрисида гап кетаётганини таъкидлаб ўтганимиз маъқул. Бу – турли этносларнинг кўплаб машҳур шахслари ўз ҳиссаларини қўшган бутун халқимиз учун муштарак тарих.

Бугунги кунда асл тарихимизга ижобий нуқтаи назар керак. Бироқ қандайдир битта тарихий воқеани танлаб олиш ҳамда конъюнктуравий жиҳатдангина таърифлаш билан чекланиб қолишга бўлмайди. Оқ ва қора – бир-биридан ажралмайдиган тушунчалар. Булар ўзаро бирлашганда якка кишиларнинг ҳам, яхлит халқларнинг ҳам ҳаётига бетакрор ранг беради. Бизнинг тарихимизда оғир даврлар билан қайғули воқеалар, ўлимга олиб борган урушлар ва тўқнашувлар, ижтимоий жиҳатдан хавфли синовлар ва сиёсий қатағонлар оз бўлмади. Буни унутишга ҳаққимиз йўқ. Кўпқиррали ва бой тарихимизни тўғри тушуниб, қабул қилишимиз керак.

Биз бошқа халқларнинг ролини пасайтириб, ўзимизнинг буюклигимизни кўрсатмоқчи эмасмиз. Энг муҳими, биз аниқ илмий маълумотларга таянган ҳолда, жаҳон тарихидаги ўз ролимизни атрофлича ва тўғри тушуниб олишимиз лозим.

Шундай қилиб, Буюк даштнинг етти қиррасига тўхталиб ўтайлик.

 

I. МИЛЛАТ ТАРИХИДАГИ МАКОН ВА ЗАМОН

 

Бизнинг еримиз моддий маданиятнинг кўплаб бойликлари пайдо бўлган жой, булоқ боши, десак, муболаға бўлмайди. Ҳозирги жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланган кўплаб буюмлар бир пайтлар бизнинг ўлкамизда ўйлаб топилган. Буюк Даштни макон этган қадимги одамлар талай техникавий янгиликлар ўйлаб топиб, мисли кўрилмаган янги қуроллар ясаган. Улардан одамзод боласи ер юзининг турли чеккаларида бугунги кунда ҳам фойдаланиб келади. Қадимги солномалар бугунги қозоқларнинг аждодлари Евроосиё материгидаги сиёсий ҳамда иқтисодий тарихнинг силсиласини кўп марта тубдан ўзгартирганидан дарак беради.

1. От миниш маданияти

От миниш маданияти ва йилқичилик ер юзига Буюк Даштдан тарқалгани тарихдан маълум.

Элимизнинг шимолий минтақасидаги энеолит даврига тегишли “Ботай” манзилида олиб борилган қазилма ишлари йилқининг илк бор Қозоғистон ҳудудида қўлга ўргатилганини исботлади.

Йилқини қўлга ўргатиш орқали бизнинг ота-боболаримиз ўз даврида мислсиз ҳукмронликка эга бўлдилар. Дунёвий миқёсда олиб кўрсак, хўжалик юритиш ва ҳарбий соҳада тенги йўқ имкониятга йўл очдилар.

Йилқининг қўлга ўргатилиши от миниш маданиятига асос солди. Қилич ёки камон ва ёйни елкасига осган чавандоз кўчманчилар империялари тарих саҳнасига чиққан даврнинг рамзига айланди. Байроқ тутган отлиқ аскар тимсоли – ботирлар замонининг энг машҳур тамғаси, шунингдек, отлиқ аскарнинг пайдо бўлиши муносабати билан шаклланган кўчманчилар олами “маданий коди”нинг алоҳида элементидир.

Автотранспорт двигателининг қуввати бугунги кунда ҳам отнинг кучи билан ўлчанади. Бу анъана – ер юзида отлиқ ҳукмронлик қилган буюк даврга бўлган ҳурмат белгиси.

Биз бутун дунёга қадимий қозоқ еридан тарқаган шундай улуғ технологик инқилобнинг мевасидан одамзод боласи XIX асргача фойдаланиб келганини унутмаслигимиз лозим.

Ҳозирги кийим турларининг базавий компонентлари Дашт тамаддунининг дастлабки даври илдизига бориб тақалади. От миниш маданияти отлиқ аскарнинг ихчам либоси намунасини дунёга олиб келди. От устида юрганда қулай бўлиши учун ота-боболаримиз биринчи марта кийимни устки ва остки деб иккига ажратди. Шу тариқа, қадимги шимнинг дастлабки нусхаси пайдо бўлди.

Бу чавандозларнинг от қулоғида ўйнашига, уруш пайтида эркин ҳаракатланишига имкон берди. Даштликлар чармдан, кигиздан, жундан, канопдан чолворлар тикди. Қазилма ишлари вақтида топилган қадим шимларнинг ҳозирги шимлардан ҳеч фарқи йўқ.

Шунингдек, бугунги этикларнинг ҳамма тури кўчманчилар отга минганда кийган пошнали этикнинг “меросхўрлари” экани маълум.

От устида юрган кўчманчилар тақими остидаги отини эркин миниб юриш учун баланд эгар ва узангини ўйлаб топдилар. Бу янгилик чавандознинг от устида қоқилган қозиқдек маҳкам ўтиришига, югуриб кетаётганида, қўлидаги қуролини ҳеч бир қийинчиликсиз ва самарали қўллашига имкон берди.

Боболаримиз чопиб кетаётган от устида камон отишни такомиллаштирди. Шунга қараб қуролнинг тузилиши ҳам ўзгариб, мураккаб, қулай ҳамда қудратли бўла борди. Ўқига қуш пати тақилиб, унинг учи металл билан қопланди, у ҳар қандай совутни тешиб ўтадиган бўлди.

Қозоғистон ҳудудида ҳаёт кечираётган туркий қабилалар ўйлаб топган яна бир технологик янгилик – қилич. Унинг ўқдек тўғрилиги ёки эгилган юзи – ўзгача белгиси. Бу қурол энг муҳим ҳамда кенг тарқалган уруш қуролига айланди.

Сарбоз ва унинг отини ҳимоялашга мўлжалланган совутни ҳам биринчи марта бизнинг боболаримиз ясашган. Евроосиё кўчманчиларининг муҳим ҳарбий янгилигига менгзалган муздай темир билан қуршалган отлиқ аскар шундай пайдо бўлди. Ўқ отиш қуроли пайдо бўлиб, оммавий қўлланишга жорий этилгунга қадар отлиқ аскарнинг ривожланишини бизнинг эрамизгача I минг йиллик ва бизнинг эрамизнинг I асри оралиғида кўчманчиларнинг узоқ вақт мобайнида мисли кўрилмаган жанговар ҳукмронлик ўрнатишини таъминлаган отряднинг алоҳида тури – ҳайбатли отлиқ аскарнинг шаклланишига таъсир кўрсатди.

2. Буюк даштдаги қадимий металлургия

Металл ишлаб чиқаришнинг турли йўлларини топиш тарихнинг янги даврига йўл очиб, одамзод тараққиётини тубдан ўзгартирди. Ранг-баранг металл конларига бой қозоқ ери – металлургия пайдо бўлган дастлабки марказлардан бири. Қадим замонлардаёқ Қозоғистоннинг Марказий, Шимолий ҳамда Шарқий ҳудудларида тоғ-кон саноати ўчоқлари пайдо бўлиб, бронза, мис, пўлат, темир, кумуш ва олтин олина бошлади.

Ота-боболаримиз янги, янада мустаҳкам металлар ишлаб чиқариш ишини ривожлантириб, уларнинг тезкор технологик истиқболига йўл очди. Қазилма ишлари давомида топилган металл, уни эритадиган печлар ва қўлбола буюмлар, қадимги даврнинг маиший буюмлари ва қурол-аслаҳалари шундан воқиф этади. Буларнинг барчаси қадим замонларда бизнинг еримиздаги дашт тамаддунини технологик жиҳатдан нечоғлик жадал ривожланганини кўрсатади.

3. Ов услуби

Бизнинг ота-боболаримиз атроф-муҳитни уйғунликда ҳаёт кечириб, ўзларини табиатнинг ажралмас қисми деб ҳисоблашган. Бу асосий ҳаётий қоида Буюк Даштни макон қилган халқларнинг дунёқараши ва қадриятларини шакллантирди. Ўз ёзуви ва мифологиясига эга Қозоғистон қадимий аҳолисининг илғор маданияти бўлди.

Улар меросининг ёрқин намунаси, бадиий ўзига хослик ва маънавий бойлигининг алоҳида белгиси – “ов услуби” санъати. Ҳайвонлар тимсолидан турмушда фойдаланиш одам ва табиат ўзаро муносабатларининг рамзига айланиб, кўчманчиларнинг маънавий йўналишини белгилаб берган.

Улар йиртқичлар, асосан, мушуксимонлар оиласига мансуб ҳайвонларнинг суратларини кўпроқ қўлланишган. Мустақил Қозоғистоннинг рамзларидан бири – маҳаллий жониворлар оламида сийрак учрайдиган қор қоплони экани ҳам бежиз эмас.

Бу борада, ов услуби аждодларимизнинг алоҳида юксак иш тажрибаси бўлганини кўрсатади. Улар бадиий ўймакорликни, металл билан ишлаш технологиясини, шу жумладан, мис ва бронзадан қуймалар ясаш ҳамда қуйиш, ёйма олтин тайёрлашнинг мураккаб усулларини яхши ўзлаштирган.

Умуман, “ов услуби” феномени дунё санъатидаги буюк довонлардан бири саналади.

4. Олтин одам

Бизнинг туб томиримизга янгича назар ташлашга йўл очиб, дунё фани учун шов-шувли бўлган янгилик – 1969 йили Қозоғистоннинг Есик қўрғонидан топилган, санъатшунос олимлар орасида “Қозоғистонлик Тутанхамон” номига эга бўлган “Олтин одам”дир.

Бу аскар талай тилсим сирларидан воқиф қилди. Бизнинг аждодларимиз ҳозирги кунгача ўзининг бениҳоя гўзаллиги билан лол қолдирадиган ўта юқори даражадаги бадиий асарлар яратишган. Аскарларнинг олтин билан қопланган кийимлари қадимги усталарнинг олтинни қайта ишлаш технологиясини яхши ўзлаштирганини билдиради. Бу янгилик Дашт тамаддунининг зўр қудрати ва эстетикасини намоён қиладиган бой мифологияни кўрсатди.

Дашт аҳолиси ўз доҳийларини ана шундай улуғлаб, уларнинг мартабасини қуёш каби юксаклик даражасига кўтарган. Қабристондан топилган ҳашаматли асбоб-анжомлар боболаримизнинг заковатли анъаналаридан ҳам дарак беради. Жангчининг ёнидан топилган кумуш косаларнинг бирида ўйиб ёзилган битиклар бор. Бу – Марказий Осиё ҳудудидан топилган ёзувлар ичида энг қадимгиси.

5. Туркий оламнинг бешиги

Қозоқлар ҳамда Евроосиёнинг бошқа халқлари тарихида Олтойнинг ўрни ўзгача. Шундай маҳобатли буюк тоғлар асрлар давомида Қозоғистон ерининг тожигина эмас, балки, бутун туркий оламнинг бешиги саналиб келганди. Айнан шу ҳудудда бизнинг эрамизнинг I мингйиллиги ўртасида Туркий дунё пайдо бўлиб, Буюк Дашт саҳнида янги давр бошланди.

Тарих ва география туркий давлатлар билан буюк кўчманчилар империялари изчиллигининг ўзгача моделини шакллантирди. Бу давлатлар узоқ йиллар давомида бир-бирини алмаштириб, ўрта асрдаги Қозоғистоннинг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида ўзининг ўчмас изини қолдирди. 

Бепоён ҳудудни бошқара билган туркийлар чексиз даштда кўчманчилар ва ўтроқ халқларга хос тараққиётни шакллантириб, санъат ва фаннинг, дунёвий савдо марказига айланган ўрта аср шаҳарларининг гуллаб-яшнашига йўл очди. Масалан, ўрта асрдаги Ўтрор шаҳри жаҳон тамаддунининг буюк алломаларидан бири – Абу Наср Ал Форобийни дунёга келтирса, туркий халқларнинг маънавий етакчиларидан бири Хожа Аҳмад Яссавий Туркистонда яшаб, илм-маърифат таратди.

6. Буюк Ипак йўли

Юртимизнинг географик жиҳатдан қулай жойлашиши, яъни Евроосиё материгининг марказида жойлашиши азалдан турли мамлакатлар ва тараққиётлар ўртасида транзит “даҳлиз”ларнинг пайдо бўлишига кўмаклашди. Бизнинг давримиздан бу қуруқлик йўллари Катта Евроосиёнинг Шарқи ва Ғарби, Шимоли ва Жануби ўртасида савдо ва маданият соҳасидаги алоқаларнинг трансконтинентал тармоғи – Буюк Ипак йўли тизимига айланди. 

Бу йўл халқлар орасидаги ўзаро товар айирбошлаш, илм-фан ҳамкорлигини шакллантириб, ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор бўлди.

Карвон йўлларини нуқсонсиз ташкил қилиб, хавфсизлигини таъминлай олган Буюк дашт аҳолиси қадимги ва ўрта асрлардаги савдо алоқаларининг билимдони ҳисобланди. Дашт белбоғи Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Ўрта ер денгизи, Яқин Шарқ ва славян тамаддунларини туташтира олди. 

Биринчи бор тузилгандан бошлаб Буюк Ипак йўли харитаси асосан Турк империялари ҳудудини қамраб олди. Марказий Осиёда туркийлар ҳукмронлик қилган даврда Буюк ипак йўли жуда ҳам гуркираб, халқаро миқёсда иқтисодиётни ва маданиятни юксалтиришга таъсир кўрсатди.

7. Қозоғистон – олма ва лоланинг Ватани

Пурвиқор Олатовнинг ёнбағирлари олма ва лоланинг “тарихий Ватани” эканлиги илмий жиҳатдан исботланган. Оддийгина, бироқ бутун дунё учун ўзгача аҳамиятга эга мазкур ўсимликлар шу ерда гуркираб ўсиб, ер юзига тарқалган. Қозоғистон ҳозир ҳам дунёдаги олма навларининг аждоди – Сиверс олмасининг Ватани ҳисобланади. Худди шу нав дунёдаги энг кўп мевадир. Барчамиз яхши биладиган олма – биздаги олманинг генетик бир тури. Қозоғистон ҳудудидаги Или Олатов ёнбағридан Буюк Ипак йўлининг кўҳна йўналиши орқали дастлаб Ўрта ер денгизи, кейинроқ эса бутун дунёга тарқалди. Мана шу машҳур олманинг чуқур тарихи рамзи сифатида юртимиз жанубидаги энг гўзал шаҳарлардан бири Алмати деб аталди.

Қозоғистон ҳудудидаги Шу, Или тоғларининг этагида шу кунгача маҳаллий ўсимликлар гавҳари ҳисобланган Регель лоласининг асл кўринишдаги турларини учратиш мумкин. Мана шу ажойиб ўсимликлар бизнинг еримизда – Тянь-Шань тоғи этаклари билан дашт туташган жойда пайдо бўлган. Қозоқ заминидаги оддий, лекин ўзгача лола гўзаллиги билан кўплаб халқларни ўзига мафтун қилиб, секин-аста бутун оламга тарқади.

Бугунги кунда ер юзида лоланинг 3 мингдан зиёд тури бор, уларнинг асосий қисми – бизнинг дашт лоласининг “авлоди”. Ҳозир Қозоғистонда лоланинг 35 тури ўсади.

 

II. Тарихий онгни янгилаш

 

Кўтарилган масалалар ҳар томонлама ўйланган, чуқур таҳлилни талаб қилади. Шунингдек, бизнинг дунёқарашимиз – халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажагининг чуқур илдизларига бевосита боғлиқ. 

Бу ишни бир неча йирик лойиҳалар орқали бошлашга мумкин, деб ўйлайман.

1. Архив – 2025

Мустақиллик йилларида халқимизнинг тарихини таҳлил қилишга доир салмоқли ишлар бажарилди. Элимизнинг тарихий солномасини асл ҳолига келтиришга йўл очиб берган “Маданий мерос” дастури самарали ишламоқда. Бироқ боболаримизнинг ҳаёти ва уларнинг юксак тараққиётига оид кўплаган ҳужжатлар ҳамон илмий қўлланмаларда қайд этилмаяпти. Улар дунёнинг турли бурчакларидаги архивларда ўз тадқиқотчисини кутмоқда.

Шу сабабли, қадимги даврдан ҳозирги кунгача бўлган даврни ўз ичига олган ўзимизнинг ва чет эл архивларини таҳлил қилиш учун “Архив – 2025” етти йиллик дастурини ишлаб чиқишимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Бу лойиҳани амалга ошириш давомида тарихчилар, архившунослар ва маданиятшунослардан ташкил топган махсус гуруҳларнинг Ватанимиздаги ва чет эллардаги йирик архивлар билан ўзаро изчил ва узоқ муддатли ҳамкорлигига, тадқиқот ишларини юритишига катта эътибор қаратиш керак. 

Нима бўлган тақдирда ҳам, бу аҳамиятли иш давлат ҳисобидан амалга ошириладиган “академик туризм”га айланиб кетмаслиги лозим. Архив ҳужжатларини фақат тўплаб қолмай, барча манфаатдор тадқиқотчилар ва оммага имконбоп бўлиши учун, уларни жадаллик билан рақамли шаклга кўчириш зарур. 

Ўз тарихига нисбатан ифтихор ҳиссини уйғотиб, ватанпарварлик тарбиясини мактабданоқ бошлаш керак. Шу сабабли, мактаблар ва барча ҳудадлардаги ўлкашунослик музейларининг қошида тарихий-археологик ҳаракатларни ташкил қилиш муҳимдир. Миллат тарихини онгга сингдириш барча қозоғистонликларнинг вужудида ўз ибтидоларига бўлган муштарак туйғуни шакллантиради.

2. Буюк даштнинг буюк номлари

Кўпчиликнинг онггида тарихий жараёнлар асосан шахслаштириш сифатига эга бўлиши маълум. Кўплаб халқлар ўз юртларининг алоҳида элчиси сингари буюк аждодларининг исмлари билан фахрланади.

Масалан, ўтган даврлардаги Тутанхамон, Конфуций, Искандар Зулқарнайн, Шекспир, Гёте, Пушкин ва Жорж Вашингтон каби бутун дунёга машҳур шахслар бугунги кунда ўз мамлакатларининг бебаҳо рамзий капитали ҳисобланади ва шу давлатларнинг халқаро саҳнада самарали олға силжишига кўмаклашмоқда.

Буюк дашт Ал Форобий ва Яссавий, Култегин ва Бейбарс, Аз Тауке ва Абилай, Кенесари ва Абай ҳамда бошқа кўплаб буюк шахсларни дунёга келтирди.

Шунинг учун биз, биринчидан, машҳур тарихий шахсларимиз ва уларнинг муваффақиятлари ҳурматига очиқ осмон остида ёдгорлик-ҳайкаллар қўйиладиган “Буюк даштнинг буюк номлари” ўқув-маърифий энциклопедия боғини очишимиз керак.

Иккинчидан, мақсадли давлат буюртмасини уюштириш орқали ҳозирги адабиёт, мусиқа ва театр соҳасидаги, тасвирий санъатдаги буюк алломалар, шоирлар ва элни бошқарган шахслар тимсолининг муҳим галереясини барпо этишни йўлга қўйишимиз зарур.

Шунингдек, бу ерда классик оқимга тегишли бўлмаган, муқобил ёшлар санъатининг креатив салоҳиятидан фойдаланишнинг ҳам аҳамияти зўр. Шундай экан, бу ишга чет эллардан ижодий жамоаларни ҳам жалб этган маъқул.

Учинчидан, юртимизнинг тарихий даврларини қамраб олган ҳолда “Буюк дашт шахслари” мавзусидаги илмий-оммабоп серияларни чиқариб, тарқатиш ишларини тизимлаштириб, жонлантириш керак.

Бу йўналишда қозоғистонлик олимлар билан бирга хорижий мутахассисларни ҳам жалб қилиб, халқаро жамоа ташкил қилиш мумкин. Натижада, қаҳрамонларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида фақат юртимиздагилар эмас, балки чет элдагилар ҳам биладилар.

3. Туркий оламнинг генезиси

Қозоғистон – бутун туркий халқларнинг қадрли ота макони. Бугунги қозоқнинг бепоён даласидан дунёнинг турли бурчакларига тарқаган элат ва халқлар бошқа мамлакат ҳамда минтақаларнинг ривожига муносиб ҳисса қўшишди.

Шу муносабат билан, “Туркийлар тараққиёти: туб илдизидан ҳозирги замонгача” лойиҳасини йўлга қўйиш зарур. Бу лойиҳа доирасида 2019 йили Астанада Туркшуносларнинг бутунжаҳон конгрессини ва турли давлатларнинг музейларига қадимги туркий ёдгорликлар қўйиладиган туркий халқлар маданият кунларини уюштириш керак. Шунингдек, Википедия шаклида Қозоғистон модераторлигида туркий халқларга тегишли ижодий асарларнинг онлайн кутубхонасини очиш ҳам муҳим.

Шу билан бирга янги вилоят маркази сифатида Туркистонни ривожлантириш давомида унинг халқаро саҳнадаги нуфузини изчил равишда ошириб бориш керак.

Қозоғистоннинг қадимий пойтахти халқимизнинг маънавий марказигина эмас, балки бутун туркий олам учун муқаддас макон ҳисобланади.

4. Буюк даштнинг қадимги санъат ва технологиялар музейи

“Буюк дашт” қадимги санъат ва технологиялар музейини очишга тўлиқ имкониятимиз бор. Унда илғор санъат ва технология намуналарини – ҳайвонлар кўринишида ясалган буюмлар, “Олтин одам”нинг аслаҳалари, йилқини қўлга ўргатиш, металлургияни ривожлантириш, қурол-яроғ, совутларнинг тайёрланиш жараёнларини акс эттирувчи нарсаларни ва бошқа ёдгорликларни тўплаш мумкин. Унда Қозоғистондан топилган ноёб археологик ёдгорликлар ва археологик мажмуаларнинг экспозициялари қўйилади. Бу нарсалар тарихий даврларнинг босқичма-босқич ривожланиш жараёнини акс эттиради.

Шунингдек, “Буюк даштнинг буюк тамаддунлари” умуммиллий тарихий реконструкциялар клубини ташкил қилиб, унинг негизида Астана ва Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида саклар, хунлар, турк ҳоқонликлари даври ва бошқа мавзуларда фестиваллар ўтказиш мумкин. Бунга қизиқиш билдирганларни тадбирларга жалб қилса бўлади.

Қадимги Ўтрор шаҳрининг қатор иншоотлари – уйлари ва кўчалари, жамоат жойлари, сув қувурлари, қалъа деворлари ва бошқа жойларини асл ҳолига келтирадиган сайёҳлик лойиҳаси ҳам қизиқарли бўлиши аниқ.

Ана шулар асосида илм эгаллашни кучайтиришга ва сайёҳликни ривожлантиришга эътибор берилиши зарур.

5. Дашт фольклори ва мусиқасининг минг йили

Мазкур лойиҳа доирасида биз “Дашт фольклорининг антологияси”ни ҳозирлашимиз керак. Унда Буюк дашт меросхўрларининг ўтган минг йилликдаги халқ оғзаки адабиётининг сараланган қисми – эртаклар, ривоят-афсоналар, қиссалар ва эпослар тўпланади.

Шунингдек, қозоқнинг қўбиз, дўмбира, сибизға, созсурнай ва бошқа миллий чолғу асбобларида чалинадиган асарлари – “Буюк даштнинг кўҳна оҳанглари” тўпламини нашрдан чиқариш керак. 

Буюк даштнинг фольклори ва куйлари замонавий рақамли шаклда янги кўринишга келтирилиши жоиз. Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун кўчманчиларнинг бой меросини созлашгина эмас, балки уларнинг аҳамиятини орттира оладиган хорижлик касбий мутахассисларни ҳам жалб қилиш зарур. 

Бизнинг маданиятимизнинг асосий сюжетларида, қаҳрамонлари ва оҳангларида чегара бўлмайди, шу сабабли уни мукаммал таҳлил қилиб, Марказий Евроосиё ҳудуди ва бутун дунёга тарғиб қилишимиз лозим.

Оғзаки ижод ва мусиқий анъаналарни янгилаш ҳозирги замон аудиториясига яқин ва тушунарли шаклда бўлиши керак.

Аниқроқ қилиб айтганда, қадимги нақл ва матнларни суратларга қўшиб бериш, видеоматериаллар шаклида тавсия қилиш мумкин. Мусиқий товушлар ва куйлар нафақат табиий асбоблар, балки замонавий электрон асбоблар орқали ҳам чиқарилади.

Шунингдек, фольклор анъаналарининг умумтарихий негизларини излаш учун Қозоғистоннинг турли минтақалари ва бошқа давлатларга бир неча илмий-тадқиқот экспедициялар уюштириш зарур.

6. Тарихнинг кино саноати ва телевидениедаги кўриниши

Ҳозирги замонда халқларнинг тарихини англатишда кино саноати алоҳида ўрин тутади. Яъни, халқ онггида фильмлардаги ёрқин кинообразлар илмий монографиялардаги ҳужжатли портретлардан кўра каттароқ роль ўйнайди.

Шу сабабли, қисқа муддат ичида Қозоғистон юксалиш тарихининг изчил ривожланишини кўрсатадиган ҳужжатли фильмлар, телевизион сериаллар ва тўла метражли бадиий картиналарнинг махсус туркумларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш керак.

Мазкур лойиҳалар кенг халқаро ҳамжамият доирасида Ватанимиз ва чет эллик сценарийчилар, режиссёрлар, актёрлар, продюсерлар ва замонавий кино саноатининг бошқа мутахассисларини жалб қилиш орқали амалга оширилиши зарур.

Қизиқарли ва мелодрама жанридаги фильмлар билан бирга томошабинлар учун таниқли фэнтези ва саргузаштларга бой блокбастер элементларини қўшган ҳолда янги тарихий теле-кино асарларининг жанрларини иложи борича кенгайтириш зарур.

Шу ишлар орқали Буюк Даштнинг бой мифологик ва фольклор материалларидан фойдаланиш мумкин.

Миллий қаҳрамонларни ибрат қилиб кўрсатишни шакллантиришга йўл очадиган сифатли болалар фильмлари ва мультипликацион сериалларни талаб қиладиган ёш авлоднинг дунёқарашига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак.

Бизнинг машҳур баҳодирларимиз, донишмандларимиз билан элни бошқарган шахсларимиз фақат Қозоғистонга эмас, балки бутун дунёга ибрат қилиб кўрсатишга лойиқдир.

Хулоса

Бундан бир ярим йил аввал менинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” дастурий мақолам эълон қилинди.

Юқорида қайд этилган лойиҳаларни “Маънавий янгиланиш” дастурининг давоми деб биламан.

“Маънавий янгиланиш” умуммиллий дастурининг янги компонентлари ота-боболаримиз кўп асрлик меросининг рақамли тамаддун шароитларида тушунарли ва талабга эга бўлишини таъминлаган ҳолда уни янгилашга имкон беради.

Асл тарихини биладиган, қадрлайдиган ва ундан фахрланадиган халқнинг келажаги ёрқин бўлишига ишончим комил. Ўтмишидан фахрланиб, бугунини аниқ баҳолай билиш ва келажакка ижобий назар ташлаш – элимиз муваффақиятининг гарови, деганимиз шу. 

2018-11-21, 10:15 2392
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.