26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Авазбек СОЛИЕВ: “Қўшиқ сеҳри – дил оройиши”

Қўшиқ сеҳри таралади борлиққа,

Ватан мадҳи, эл шонидан сўзлар у.

Кўнгилларни измига солиб аста,

Юрт ишқини дилга муҳрлар мангу.

Куйда сеҳр, қўшиқда қудрат мужассам. Дилтортар қўшиқларсиз, қалбга яқин наволарсиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. 

Вилоятимиздан жаҳон саҳналарини ларзага келтирган талай истеъдод соҳиблари етишиб чиққан. Бугун биз Бобохон ва Акмалхон Сўфихоновлар, Ғиёс Бойтоев, Рустам Ғойипов каби эл ардоқлаган ҳофизлар изидан бораётган хушовоз хонанда, “Офарин – 2006” кўрик-танловининг мутлақ ғолиби Авазбек Солиев билан суҳбат қуриш имконига эга бўлдик.

– Ширали овозингиз ва ёрқин репертуарингиз билан мухлислар сафини кенгайтириб бораётган хонандалардан бири сифатида айтинг-чи, шоир ва бастакорлардан кимлар билан ишлаяпсиз?

– Шерзод Турдиметов, Ибрат Одилов, Рустам Тўлашов, Жасур Бадалбоевлар менинг яқин ҳамкорларим. Илк қўшиғимнинг бастакори Шерзод Турдиметов бўлиб, Махтумқулининг “Ёронлар” ғазалига куй басталаб бергандилар. Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан кўпроқ ўзбекистонлик шоир ва бастакорлар билан ишлашга, тажриба алмашишга ҳаракат қиляпман.

– Нималарга эришдингиз...

– Ҳаётдаги муваффақиятларимнинг барчаси санъат туфайлидир. Меҳнатим бир неча бор юзимни ёруғ қилган. Чунончи мусиқа мактабида ўқиб юрганимда 2005 йили республика миқёсида ўтган рубобчилар танловида иккинчи ўринни олганман. Илк ютуғим бўлгани боис, бу мен учун жуда қадрли. “Офарин-2006” кўрик-танловида олий ўрин соҳиби бўлдим. 9 йил муқаддам ижро этган “Она тупроқ” қўшиғимда истиқлолимизнинг мангу истиқболи мадҳ этилган. Ёдимда: озод ва обод диёримизга муҳаббатнинг жўшқин пардаларда ижро этилиши томошабинларда ватанпарварлик туйғуларини уйғотиб, зал гулдурос қарсаклар билан тўлган эди. Ҳозир ўзбек-қозоқ халқлари дўстлигига бағишланган янги қўшиқ тайёрлаяпман, уни келгуси концерт дастуримда ижро этаман. 

– Ўзингиз қайси хонанданинг мухлисисиз ва агар, имконият туғилса, ким билан дуэт айтган бўлардингиз?

– Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Турдиеванинг мухлисиман. Ширали овоз соҳибаси бўлганлиги боис мен у кишининг қўшиқларини севиб тинглайман ва дуэтни ҳам шу опам билан айтган бўлардим.

– Шахсий омад формулангиз борми?

– Йўқ. Нимаики бўлса Худодан. Чунки, қачон, нима бўлишини биз билмаймиз. Қанчалар санъатнинг устаси бўлсангиз ҳам, Худо омадингизни бермаса, буларнинг ҳаммаси бир пул. Фақат ҳар қандай ишни бошлашдан аввал Яратгандан тилаб, устозлар билан маслаҳатлашиш лозим, деб ўйлайман. Аллоҳдан берилган истеъдодни ривожлантириш бу менинг шахсий омад формуламдир. Зеро, истеъдоднинг 99 фоизи меҳнатдир, деб бежиз айтилмаган.

– Устоз ва шогирдларингиз ҳақида гапириб берсангиз...

– Санъатга мендан олдин келган деярли барчани ўзимга устоз деб биламан. Ўзим қўлларидан сабоқ олган устозларим ҳам кўп. Лекин энг биринчи устозим – онам Фароғат Солиева. У рубоб тўгарагида қатнашгани боис илк бор қўлимга шу табаррук асбобни ушлатиб, “Андижон полкасини” чалдирдилар. Шунингдек, Тўлқин Ҳасанов, Сайдикарим Маҳмудов, Одилжон Тўғонбоев, Эркин Шукуралиев, Рустам Ғойипов, Музаффар Тўрахоновлар бобомнинг ҳузурига тез-тез келиб туришарди. Шу баҳона ҳар бир торни созлашганида, ҳиргойи қилганларида ёнларида туриб, ўрганардим. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг дуоларини олиб, катта саҳнага қадам қўйганман. Ўзи билан ҳам концертда дуэт айтганман. 

Ҳозирча шогирд тарбиялаганим йўқ. Чунки, ўзим ҳали ёшман, санъат сирларини энди-энди ўрганяпман. Минг бор афсуслар бўлсинким, ҳозирги кунда тор чалиб, қўшиқ айтишга ёшларда қизиқиш қолмаяпти. Кўпчилик эстрада йўналишида ишлаяпти. Студияларда овозларига қайта-қайта ишлов бериб, қўшиқни фонограмма орқали куйлашга ўтишяпти. Буни “санъатнинг томирига болта уриш”, дейиш мумкин. Ҳозирдан бунинг олдини олмоқ лозим, деб ўйлайман. 

– Ҳаётдаги асосий мақсадингиз...

– Инсон ўз умри қачон тугашини ҳеч қачон билмайди. Лекин, шу қисқа муддат ичида ҳаммасига улгуриши керак. Ота-онани рози қилишга, жигарларига меҳр беришга, бола-чақасига Ватанга содиқ бўлишни, яхши одам бўлиб етишишни уқтиришга, уларни авлодининг муносиб вориси этиб тарбиялашга... 

– Танқидга муносабатингиз...

– Танқид бор жойда ўсиш ва интилиш бўлади. Агар одам ҳаммасини ўзим биламан, деса, қаттиқ янглишади. Камчилик, хатоларни юзингизга айтганнинг нимаси ёмон? Ҳар қандай киши ўзи ҳақида атрофдагиларнинг фикрини билиши ва шунга қараб ўз устида ишлаши керак. Майда-чуйда гапларга аҳамият беришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

– Санъатдан бошқа яна нималарга қизиқасиз?

– Бўш вақтларимда кўпроқ одам гавжум бўлмаган жойларда, масалан, тоққа чиқиб, табиат қўйнида юришни ёқтираман. Дўстларим билан балиқ овига боришни ҳам канда қилмайман. 

– Газетамизга тилакларингиз...

– Мамлакатимизда юз бераётган жараёнлар, янгиликлардан хабардор этиб, Элбошининг сиёсатини тарғиб қилаётган вилоятимизнинг биринчи рақамли ўзбекзабон газетаси – “Жанубий Қозоғистон”га ҳурматим чексиз. Эл-юрт хизматидан чарчамай, доим давр билан ҳамнафас бўлишингизга тилакдошман. Журналистларнинг мазмунли мақолалари халққа манзур бўлишини тилаб қоламан.

– Ўзингиз ва оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Мен 1985 йил 28 августда усталар оиласида дунёга келганман. Бобом Мираҳмад Солиев қозоқ ва ўзбек халқларининг чолғу асбобларини ясар ва чаларди. Бу касбни дадам Азамат Солиев давом этдирдилар. Авлод давомчиси сифатида мен ҳам бу касбни севдим. Оилалиман, икки нафар қизимиз бор.

Майсара САФАРОВА суҳбатлашди, 2018-11-22, 09:31 238
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.