26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бегона баҳор, бегона сингил

Дадамни ўлдиришди!

Тунги соат учдан ўтди. Тахминанинг эши­­­­­­­­­гини жияни Нозима қаттиқ уриб, бақи­риб йиғларди:

– Тахмина опа, ойим дадамни ўлдириб қўйди! Тезроқ чиқинг!

Тахмина тез кийиниб, синглисининг хонасига кирди. Волиданинг ранги оқариб кетган, стулда асабийлашиб ўтирарди.

– Сингилжон! Наҳотки ўлиб қолган бўлса? – ишонмай сўради у.

Волида базўр бошини кўтариб, лаб­лари қалтираб, деди:

– Бугун яна ичиб келди. Келасолиб, тепкилай бошлади. Чидай олмадим. Това билан бошига урдим. 

Ранги баттар оқариб, давом этди:

– Биламан, одам ўлдирганим учун қа­машади. Лекин, қамалгим келмаяпти, опа­жон! Қочиб кетайми? Бошим оққан то­монга кетиб қолайми?

Тахмина синглисини қучоқлаб, деди:

– Йиғлама! Бирон иложини қилармиз. 

Жиноий иш материалларидан:

– Фуқаро Пирматова, сиз синг­лин­гиз­­­­­нинг эри билан жанжаллашиб, оғир нар­­­­са билан бошига урганингизни тас­диқ­лайсизми?

– Ҳа, това билан урдим.

– Экспертиза хулосалари товадаги бармоқ излари синглингизга тегишли эка­нини кўрсатди. Хўш, Валижон Азим­бековни ким ўлдирди?

– Мен. Уни уриб, товани синглимга бер­дим. Шу пайтда Волиданинг бармоқ излари қолиб кетгандир. 

Энага

Тахмина шу куни тунда юз берган муд­ҳиш воқеани эслашга ҳаракат қилди:

– Полицияга хабар бердик. Энди бун­дай қиламиз. Ўлсам ҳам сени қаматиб қўймайман. Болаларинг бор, мен эса, ёлғизман. 

Волида, полиция сўраса, опам ўл­дирди, деб айт!

– Айтмайман! Мен ўлдирдим, жа­вобини ҳам ўзим бераман. Ҳозир бориб, ўзимни ўзим осаман. 

– Йўқ, сингилжон, гуноҳингга гуноҳ қўшма. Айтганимни қил, олам гулистон!

Хаёл уни олисларга олиб кетди. Синглиси Тахминадан ўн ёш кичкина. Онаси кўпинча ишга кетаётиб, Волидани унга ташлаб кетарди. Бир куни синг­лисини овунтира олмади. Ўн чақирим пиёда юриб, онаси ишлаётган далага борди. Онаси ва унинг ёнида ишлаётган аёллар бир муддат кўзларига ишонолмай туришди.  Аёллардан бири онасига: 

– Сарви, қизинг бинойидай энага бў­либ қолибдику, – деди.  

Шу пайтдан бошлаб уни “энага” дей­диган бўлишди.

Тошюрак 

Валижон ва Волида турмуш қургач, бир неча йил  туман марказида ижарада туришди. Валижонни ишхонасида қис­қартириб юборишгач, ижара ҳақини ҳам тўлай олмай қолишди. Синглисидан хабар олишга келган Тахмина аввал уларга пул бериб турди. Кейин, болалари оч қолаётганини кўриб, ота-онасидан қолган уйга кўчириб олиб келди. Уйнинг ярмини уларга бўлиб берди. Орадан бир ҳафта ўтмай, олиб келганига афсуслана бошлади: кеч тушди дегунча, уйнинг улар яшаётган қисмидан қий-чув, тўполон бошланарди. Жияни Нозима чиқиб, да­даси ойисини ураётганини айтса, дарров чиқиб, эр-хотинни тинчитиб келарди. Бир куни Валижон Тахминага деди:

 – Опа, нега бировнинг оиласига бур­­­нингизни суқаверасиз, ахир эр-хо­тин­­­­­нинг ўртасига эси кетган тушади, деган гап бор. Қизим чақирса, югу­риб кираверасизми. Ўзингизнинг ёмонли­гингиздан қирққа чиқсангиз ҳам эр олма­яптику, ўйлаб иш қилинг-да!

Тахмина қўшни йигит Ёдгор билан аҳду-паймон қилиб қўйган эди. Бир куни Ёдгор ичиб келиб, аслида унга эмас, синглиси Волидага ошиқ эканини айтди. Шу-шу Ёдгор билан алоқани узди, бошқа йигитлар билан гаплашмай қўйди: юраги тошга айланган эди, гўё. 

Синглим учун жонимни ҳам бераман!

 – Ўшанда синглим учун жонимни ҳам беришга тайёр эдим. Шунинг учун қамоқхонада бир муддат бўлса ҳам жиноятни бўйнимга олганимдан афсус­ланмадим. Колонияда яшаш даҳ­шат эканини айтмай қўяқолай. Саккиз йил яшаш эса...

– Волидани қандай кўндирдинг?

– Терговчига уни тилдан қолди, деб айтдим. Касалхонага ётқиздим. Ва­ли­­­­­­­­­­жонни бир ўзим ўлдирганим, у ара­лаш­маганини айтиб, ишонтирдим. Синг­лимни ҳар куни ураверганидан қаттиқ жаҳлим чиққан эди, – дедим. 

Тахминани полиция машинаси олиб кетаётганида Волиданинг «опажон» деб югургани ҳали эсида. 

Хатлар

Қамоқдаги аёлнинг қувончи нимада? Тутқунликдаги одамни нима хурсанд қи­­­­­­­лиши мумкин? Баъзиларга озиқ-ов­­­­қат солинган тугунлар, баъзилар учун яқинларининг телефон қўнғироғи. Қамоқ­хонанинг эшиги ёпилган кундан бошлаб Волидадан келган хатлар Тахминанинг қувончига айланиб қолди. Аввалига Волида опасига тез-тез хат ёзиб турди, ҳатто бир неча марта бориб кўрди. Сўнг хатлар камайиб, умуман келмай қўйди. Бир куни Тахминага яқинларига қўнғироқ қилишга рухсат беришди. Ҳаяжондан қўллари қалтираб, синглисининг рақа­мини терди. Телефоннинг нариги томо­нидаги Волида опасининг овозини эши­тиб, ҳайрон бўлди.

– Опа, сиз қамоқхонада зерикиб ўтир­гандирсиз, менинг ишларим бошимдан ошиб-тошиб ётибди, нима демоқчи эдин­­­­­­­­­­­­гиз, тезроқ айтинг!

Тахмина, албатта, синглисидан бун­дай муомалани кутмаган эди. Нима де­йишини билмай, бир зум каловланиб қолдида, деди:

 – Кечир, сингилжон, билмай сенга қўнғироқ қилиб юборибман... 

– Биласизми, қамоқхонада менга нима қувват бағишларди? Ёдгорни эслардим. Ундан икки марта хат олдим, мастликда ёлғон гапирганини, фақат мени севишини ёзди. Мен ҳам қизиққонлик қилиб, унга бекорга рад жавобини берган эканман.

Кутилмаган меҳмон

Шарқ донишмандларидан бири мин­­­натдорлик ҳисси узоққа чў­зил­мас­лигини таъкидлаган экан. Бу гап худди Волидага тегишлидай. Биринчи йили колонияга тез-тез хат ёзиб турди, иккинчи йил ка­­май­­­­­­тириб, учинчи йили умуман ёзмай қўй­­дию, бир куни хатида турмушга чиқа­ётганини маълум қилди. 

Шу куни Тахмина умуман ухлай ол­мади. Синглисини ўйлади. «У турмушга чиқаётган йигит жиянлари Нозима, Но­дира, Нодиржонларни қандай қабул қи­лар экан? Ўгайлик қилмасмикан?».

Баҳор келди, қамоқнинг тўртинчи йили бошланаётганда Тахминани намунали тартиби учун муддатидан аввал шартли равишда озод қилишди. Қишлоғига келиб, тонг ҳавосидан чуқур нафас олди. Ўзи ўсиб-унган уйга яқинлашганда қалбини ҳая­­­­­жон чулғади. Уй таъмирланган, де­раза­­­­­­­ларига янги парда илинган.

– Қизиқ, – ҳайрон бўлди Тахмина. – Озодликка чиққанимни ҳеч кимга айт­маган эдим, булар менинг келишимни байрамона кутиб олишяпти. Ҳатто, янги дарвоза ҳам ўрнатишибди-я.

Эшикни очган Волида шошганидан нима дейишини билмай қолди:

– Опа? Ҳали тўрт йил ўтришингиз керак эдику, чиқаришдими? Мен сизнинг хоналарингизга ижарачиларни қўйган эдим. Сиз Анзират холамникида яша­шингиз мумкин, гаплашиб қўйдим, ўғил­лари чет элга ишлашга кетган, бир ўзи турибди. 

– Нега сеникида эмас, сингилжон?

– Болаларимнинг  қамоқдан чиққан аёл билан яшашини хоҳламайман, уларнинг тарбияси бузилиб кетиши мумкин.  Хона­ларингизни ижарага беришга мажбур бўлдим. Сиз кетганингиздан кейин бизга яшаш осон бўлди, деб ўйлаяпсизми? Бо­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­шимизга не кунлар тушмади! Ёдгорга тур­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­мушга чиқишга мажбур бўлдим...

– Ёдгор? – синглисининг бошқа сўз­лари Тахминанинг қулоғига кирмади. 

У тўрт йил давомида қаттиқ толиқ­қани энди сезила бошлади. Синглисига тикилди. Уни, қутқараман, деб, даҳшатли жиноятни бўйнига олган, ноҳақ жазо­ланган йиллар ортда қолди. Лекин синг­ли­сининг кўзларида нафрат, қўрқинч ва туш­кунликни кўра олди, холос.  Синглиси, қишлоғи, ҳатто, эндигина кириб келган баҳор ҳам бегонадай туюлди унга. 

– Сингилжоним, сен қўрқма, мен кета­ман, – дедию, темир йўл станциясига қараб йўл олди.   

***

Темир йўл станциясига етай деб қол­га­нида уни полиция ходимлари тўх­татишди ва машинасига ўтқазиб, ички ишлар бўлимига олиб боришди. 

– Ўртоқ капитан, фуқаро Ҳусановани олиб келдим, – деди полиция ходими унинг жиноий ишини судга тайёрлаган терговчига. 

– Фуқаро Ҳусанова, бизни алдаган экансизда, Валижон Азимбековни синг­лингиз Волида Ҳусанова ўлдирган экан.

– Нега ундай дейсиз? – сўради Тах­мина, – ахир...

– Жиноят юз берган куни жиянингиз Нозима воқеани қўл телефонига тушириб олган экан. Яқинда ижтимоий тармоққа чиқарди. Менимча, жиянингиз бу видеони ўзи билмаган ҳолда чиқариб юборган, ик­ки кундан кейин олиб ташлади. Мана, ўзингиз кўринг.

Тахмина телефонга қарадию, унда акс эттирилган даҳшатли воқеани кўриб, ҳушидан кетди. Ҳушига келганида тер­говчи сўради:

– Хўш, энди нима қиламиз? Энди, қонун бўйича, сизни оқлаб, синглингизни қамашимиз керак.

– Ундай қилманг. Яхшиси, видеони йўқотишга ёрдам беринг. Бир одамнинг ўлими учун икки одамни жазолаш ҳам инсофдан эмасдир. Синглимни мен ке­чирдим. Ёлғон гувоҳлик берганим учун мени ҳам кечиринглар. Менинг ўрнимда бўлганида ҳар қандай опа шундай йўл тутган бўларди. 

Авазхон АБДУФАТТОҲ. Материални тайёрлашда берган ёрдами учун терговчи, полиция капитани Ратбек Сабазовга миннатдорчилик билдирамиз., 2018-11-22, 09:55 1168
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.