26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мустафо Чўқай

Сўнгги йилларда Мустафо Чўқай ҳаёти ва ижодига оид материаллар қайта кўздан кечирила бошлади. 

«Буюк Туркистоннинг инқирози» деб номланган ва ўша давр мафкуравий ҳаётини ёритувчи китоб кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, деб ўйлайман. Шунингдек, мазкур масалага бағишланган С. Адилбоевнинг «Мустафо Чўқай қаҳрамонми ёки сотқин?» номли мақоласи босилиб чиқди.

Шукрки, эл-юртнинг орзуси бўлмиш мустақиллик Ватани учун жонидан кечган, ноҳақликка учраб, армонда кетган улуғ шахсларнинг руҳини ўз халқи билан қайтадан учраштирди. Улар оқланди. Мерослари ёруғликка чиқди. Ўз вақтида ушбу эзгу ишларга бош-қош бўлганимни, ота-боболар ва ёру биродарларнинг руҳини шод этишга бел боғлаб хизмат қилганимни ўзим учун буюк бир бахт деб биламан.

Афсуски, Мустафо Чўқай шахси ҳалигача сояда қолиб келмоқда. Ҳасрати ва хосияти мўл тақдир зерикканнинг эрмагига, аллакимларнинг истеҳзоларига, айланаётир. М. Чўқай тақдирига қозоқ халқи бефарқ қарай олмайди. Эл-юртидан бош олиб чиқиб кетишга мажбур қилган сабаблар ёруғликка чиқиши, аянчли аҳволи қайта кўздан кечирилиши, миллат тарихида эгаллайдиган ўрни аниқланиши, қилган хизмати ва бой меросига ҳукумат томонидан баҳо берилиши зарур.

Ҳеч бир улуғ шахс ўз халқига ёв ҳам, душман ҳам бўлган эмас, бўлмайди ҳам. Она халқининг даҳо фарзандига қасд қилинган бундай золимлик: элини – йўлбошчисидан, карвонини – сарбонидан, ерини – посбонидан, келажак авлодини – доно бобосидан, келажагини – шууридан айириш учун атайин амалга оширилганини биз яхши биламиз. Шу боис, энди қозоқ халқининг душманини ўз ичидан, зиёлилари орасидан излашни тўхтатган маъқул.

Ўтган йили хизмат юзасидан Германияга қилган сафаримда Берлинда ётган Мустафо Чўқайнинг мозори бошига бориб, зиёрат қилган эдим. Ёнимда мюнхенлик Қабий, берлинлик Аҳмад мирзолар бирга эди.

Мустафо Чўқай Ғарбий Берлиндаги “Турк шаҳидлари мажмуаси” зиёратгоҳида ётибди. Унинг мозор бошига ўрнатилган қабртошида: “Мустафо Чўқай. 1941 йилнинг йигирма еттинчи декабрида 52 ёшида оламдан ўтди. Бутун умрини Ватан учун қурбон қилган”, деб ёзиб қўйилган.

Ушбу қабртошни ватандош биродарлари, шогирдлари ўрнатишган. Кейинроқ турмуш ўртоғи Мария Яковлевна қабртошга Мустафонинг расмини чиздирган экан, шариатга тўғри келмайди, деб диндорлар уни олдириб ташлашибди. Расмда кўрсатилган қабртош турибди, бироқ бугунги кунда ундаги тасвир йўқ.

Зиёратгоҳда йигирмага яқин қозоқ фарзанди ётибди. Қабртошлардаги ёзувлар ўчиб кетган, кўпчилигини ўқиб бўлмайди. Фақат: Чинтемир Қадиев, Туркистон Ақман, Ўрасиманов Сапар (1903 – 1941), Рискелдиева Рахима (5.01.1921 – 23.02.1945), Рискелдиева Рая (3.02.1927 – 9.02.1945) сингари ёзувларнигина аниқлай олдим. Фитна қурбони бўлган опа-сингил икки қозоқ қизининг тақдири юрак-бағрингни ўртаб, суякларингни сирқиратади.

Мустафо Чўқайнинг ўлими тўғрисида олди-қочди гап-сўзлар кўп. Қабий билан Аҳмаддан бу борада аниқ бир маълумот олишга ҳаракат қилдим. Қабий мирзо:

– Кўрган-билганларнинг кўпчилиги бугунги кунда орамизда йўқ. Бу воқеадан яхши хабардор Қарис Қанатбай (муаллим, тоғ-кон инженери, қизилўрдалик) яқинда дунёдан ўтди. Аёли немис қизи, “немисдан туғилган бола барибир немис бўлади” деб фарзандсиз ўтди бечора. Вали Қаюмхон эса 1993 йили Дюссельдорфда 87 ёшида оламдан ўтди. Унинг ҳам аёли немис, Сабира деган қизи қолди, Гамбургда туради. Чўқай тўғрисида биладиганлардан бири Боймирза Ҳайит Кёльнда яшайди, унинг уйини Идрис ҳожи яхши билади, – деди.

Эртаси куни Идрис ҳожини ёнимга олиб, Боймирза Ҳайитнинг уйига келдим. 

У Кёльннинг ташқарисида, ўрмонзор ичида, тинч жойда яшар экан. Гавдали, бўйдор, мўйловли, турк кўринишли киши ўта хушмуомалалик билан кўп йиллардан бери учрашмаган қариндошдай сўрашди. Аёли немис миллатидан, шифокор. Икки ўғли бор. Уйи жўнгина, кичик. Кутубхонасининг тўрида Мустафо Чўқайнинг сурати илиниб турибди. 1937 йилда тушган экан. 

Икки кўзи ўтдай ёниб, ўткир боқади, ойдай пешонаси ярқираб, ақлдан ёрилиб кетадигандай, сўз бошлашга оғиз жуфтлагандай кўринишдаги, эл-юртга йўлбошчи бўладигандай келбатли киши экан.

Китоб жавонларидан Қозоқ энциклопедиясининг барча жилдларини, А. Марғулан нашр қилган Чўқон Уалихановнинг беш жилдлик танланган асарлари тўпламини, Боймирза Ҳайитнинг ўзининг китобларига, бошқа тилларда ёзилган кўплаб асарларга кўзим тушди.

Китоблар орасидан менга Мустафо Чўқайнинг Парижда чиқарган “Ёш Туркистон” журналининг 119-сони, бирмунча газеталари, мақолалари, Боймирза Ҳайитнинг ўзи нашр қилдирган “Туркистон”, “Туркистонда рус империализм сиёсати”, “Туркистон – Евроосиёнинг юраги”, “Туркистон халқларининг урф-одатлари”, “Босмачи”, “Қўқон ҳукумати ва Алаш-ўрда” каби йирик монографияларини, яна бошқа катта-кичик тадқиқотларини кўрсатди. Шулардан бир нечтасини ва ўз ижоди ҳақидаги библиографияни менга совға қилди. Ўз вақтида коммунистик мафкура таъсиридан узоқ бўлиб, империя тазйиқига учрамаган, эмин-эркин, тарихий ҳақиқатлар асосида ёзилган ушбу асарларнинг қозоқ, ўзбек, қирғиз, уйғур, қорақалпоқ, тожик халқларининг чин тарихини ёзишда фойдаси катта бўлиши шубҳасиз. Уларнинг ичида биз билмайдиган дунёнинг бой кутубхоналаридан йиғилган қимматли материаллар, муҳим хулосалар қанча?

Биз бўлсак, бири келаётган, бири кетаётган “йўлбошчилар”нинг кўнглини қолдирмай, уларнинг қош-қовоғига қараб, оғзини пойлаб, теран тарихимизни кун сайин ўчириб, супуриб-сидираётганимиз рост. Шу туфайли бори-йўғимиздан, қадримиздан айрилдик, тарихни тарк этдик, миллий маданият, миллий ғурурни янчиб, оёқ ости қилдик. Энди тарихни қайта тафтиш қилиб, такрор ёзганда ҳам, ўша тарихнинг қора доғларидан ҳеч қачон ҳатлаб ўта олмайсан, ҳеч бир жойга беркитиб қўя олмайсан. Тоза кийимнинг йиртиқ ямоғидай бўлиб юраверади.

Боймирза Ҳайит – умр бўйи Туркистонда ижод қилиб келаётган йирик олимлардан бири. 1917 йили Наманган шаҳрининг ёнгинасидаги Ёриққўрғон деган қишлоқда кўп болали деҳқон оиласида дунёга келади. “Мен туғилганда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон” деган номлар йўқ эди. Биз “туркистонлик бўлиб туғилдик. У пайтларда бизни қипчоқ дейишарди”, дея таъкидлади у.

Қишлоқ мактабини битириб, Тошкентдаги Ўрта Осиё университетининг тарих факультетига ўқишга киради. Учинчи курсда ўқиб юрганида “халқ душмани” айбловлари бошланиб, элнинг зиёлилари ушланиб, мактабда дарс берадиган одам топилмаганидан кейин, педагогика институтининг уч ойлик тайёрлов курсини ўқиб, университетдаги ўқишини сиртқига алмаштириб, ўзи униб-ўсган қишлоққа ўқитувчи бўлиб келади. Эл эъзозида, халқ ташвишлари билан юрган зиёлиларнинг бир кунда “душман” бўлиб чиқиши ёш йигитнинг қанотини қайириб, орзуларини саробга айлантиради. Шу тариқа унинг ҳаёт ва ҳақиқатга муносабати бутунлай ўзгаради.

Боймирза 1939 йили аскарга олингач ҳам “халқ душманининг кўзи, қулоғи, думи-қуйруғи” деган тамғадан халос бўла олмай, охири 1941 йили уруш бошланганда миллатини, туққан ерини севувчи кишилар билан бирикиб, Туркистон учун курашувчилар қаторига қўшилади.

Уруш тугагач, Германияда университетни битириб, “Қўқон ҳукумати ва Алаш-ўрда” мавзуида диссертация ҳимоя қилади. Шундан бери илм билан шуғулланади. Тадқиқотларини немис, инглиз, турк, ўзбек тилларида ёзади. Қўлида ер юзининг турли бурчакларидан йиғилган Туркистонга оид материаллар бор. Мен билан турк, ўзбек тилларида аралаштириб сўзлашиб ўтирди, рус тилида сўзлашувни ҳам эплайди.

Мен Боймирза Ҳайитдан Мустафо Чўқай тўғрисида айтиб беришини ўтиндим. Бироз ўйланиб ўтириб, қизғин ҳангомани бошлаб кетди:

– Улуғ давлатчилик шовинизми камсонли халқларнинг, айниқса, қон-қариндош миллатларнинг бирлашишига йўл бермайди. Сабаби, пировард натижада куч-қудратли янги эл пайдо бўлиши мумкин. Рус империясининг Туркистон халқларини ажратиб, улар орасига ўт-олов ёқиши шунинг сабабларидан бири эди.

Бир мақсадда бирлашган Германиядаги туркистонликларнинг сони бир миллион бир юз мингча эди. Мақсад – бир бутун Туркистон мамлакатини яратиш. «Бўлинганни бўри ер», деганларидек, бўлинган, майдаланган эл кўринганга қул бўлади, ушлаганнинг қўлида, тишлаганнинг оғзида, тортганнинг этагида юради. Бир ёқадан бош чиқариб, элнинг боши қўшилгандагина халқ халқ бўлади, тарих, тил, урф-одат сақланади.

Шунинг учун биз бўлинишни эмас, бирикишни, миллатларга ажралишни эмас, бирдамликни, бир бутун бўлишни ёқладик. Бу курашни онасидан доно, табиатан йўлбошчи бўлиб туғилган Мустафо Чўқай бошлади. Унга Қаюмхон ва бошқа ўзбек, қозоқ, қирғиз, татар миллатпарварлари елкадош бўлди. Орамизда уч юз мингга яқин ёқут ҳам бор эди.

Энди, бир оғиз сўз Мустафонинг қисқача ҳаёти тўғрисида. Туркистоннинг атоқли миллатпарвари Чўқайўғли Мустафо – бутун Туркистонга донғи кетган Тўрғай додҳоҳнинг набираси, яъни, Чўқай бийнинг меросхўридир. 1890 йили январ ойининг еттинчи куни Оқмасжидда, ҳозирги Қизилўрда шаҳрида дунёга келади. Зоти-зурриёти Туркистоннинг қозоқ уруғидан эди. 

Ота-онасидан истеъдодли туғилган Мустафо қишлоқ мактабида она тилида ўқиб, Тошкентдаги гимназияни рус тилида аъло даражада тугатгач, Петербург университетининг ҳуқуқ факультетини ҳам муваффақиятли равишда битиради. Ўша йиллари бир неча чет тилини эгаллайди.

Мустафонинг илк сиёсий фаолияти Петербургда бошланади. Ватанига, миллатига муҳаббати чексиз бўлган тараққийпарвар эзгу ниятли зиёли кишилар билан бирлашиб, оқ подшонинг мустамлакачилик, зулм сиёсатига қарши курашади. Табиат томонидан берилган иқтидорлилиги натижасида кўпчиликнинг назарига тушиб, ёш донишманд сифатида танилади. Сиёсий курашларда қатнашиб юриб, Петербург кутубхоналарида китоб ўқишни ҳам канда қилмайди ва сиёсат соҳасидаги билимларини орттиради. Қозоқ халқининг орзуси Туркистоннинг буюк мақсади учун курашда унга Алихон Бўкейханов каби кўплаб туркистонлик ватанпарварлар ёрдам қўлини чўзади.

1916 йили Мустафо Чўқай Қўқонда «Туркистон халқ ҳукумати»нинг ўрнатилишида жонбозлик кўрсатади, халқ уни ушбу ҳукуматнинг бошлиғи қилиб сайлайди. «Миллий мухторият» ҳукуматининг бошлиғига айлангач, водийга саросима сола бошлаган большевиклар билан муросасиз курашга бел боғлайди. Шундан кейин Мустафо бошлаган миллатпарварларнинг кураши янгича сифат касб эта бошлайди.

1918 йили большевиклар Қўқон шаҳрини қамал қилиб, Қўқон ҳукуматининг бошлиғи Мустафо Чўқайнинг уларга топширилишини талаб қилиб, ультиматум юборади. Унда шундай дейилганди: «Биринчидан, большевиклар Қўқон ҳукуматини танимайди; иккинчидан, Қўқон ҳукумати большевикларга тобемиз, деб ариза топширсин; учинчидан, туркистонликларнинг қурол-яроғлари бутунлай большевикларга ўтказилсин; тўртинчидан, миллий Туркистон қўшини тарқатиб юборилсин».

Бу талабга миллий ҳукумат номидан Мустафо Чўқай шундай жавоб беради: “Куч – сизда. Халқимизнинг тан олинмаганликдан бошқа хатоси йўқ. Сизнинг бундан фойдаланиб қолишингизга бизнинг гумонимиз йўқ. Биз большевик ҳукуматини эмас, Туркистон халқ ҳукуматини таниймиз”.

Ушбу хабарни олгач, большевиклар миллий ҳукуматнинг маҳкамаларини қуршовга олади. Шу тариқа Туркистон халқ ҳукумати ағдарилади.

Шу воқеалардан кейин Мустафо курашни ташқарида олиб бориш учун қочиб, 1918 йили Тбилисига келади. Кавказда большевикларга қарши кучлар билан бирлашиб, большевизмнинг зарарли эканлигини далиллаб, кўплаб газеталарда мақолаларини эълон қилиб, китоблар бостириб чиқаради.

1920 йили Истамбулга келиб, у ердаги қондошларни сафарбарликка чорлайди. Туркия ҳукумати илиқ муносабат билдирмагач, Туркистоннинг бошидан кечаётган қийинчиликларини дунёнинг озод халқларига етқазиш учун М. Чўқай 1921 йили Парижга келади. Бу ердаги чет эл муҳожирлари билан тез тил топишиб, сиёсат соҳасидаги билими юқори чет эл миллатпарварларининг бошини бириктириб, уларга бошчилик қилади. Туркистоннинг оғир аҳволи, миллий масаласи бўйича турли тилларда мақолалар ёзиб, Европа халқининг диққатини жалб қилади. Парижда ўз номидан бир неча газеталар, «Ёш Туркистон» (1939) номли журнал чиқаради. Ҳар сонида ўзининг бир қатор мақолаларини турли тахаллуслар билан эълон қилиб боради.

 «Ёш Туркистон» журналининг бир юз ўн тўққиз сонини Боймирза Ҳайитдан тўлиғича олиб, Қозоғистоннинг Германиядаги элчиси жаноб Сағинбек Турсиновнинг ёрдами билан Боннда ўзимга кўчирма нусха қилдирдим. Ҳозир менинг қўлимда.

Бу бебаҳо мероснинг бугунги кунга қандай етиб келганига ҳайрон қоласан. Ушбу журналларни Боймирза Ҳайит урушдан кейинги йилларда Пешоварда (Покистон) Маҳмуд Ойқорли деган кишидан 500 ёки 600 рупига сотиб олади.

Ойқорли – Шўролар иттифоқининг қаҳрамони, ўз вақтида СССРнинг Ўрта Шарқдаги разведка хизматини бошқарган киши экан. Қандайдир сабаблар билан шу ерда қолиб кетган. Боймирза Ҳайит уни эшак миниб, мол боқиб юрган жойида таниб қолибди. Ҳар кимнинг тақдири турлича бўлади деганлари шу бўлса керак!

Иккинчи жаҳон уруши бошланган пайтларда М. Чўқай Францияда эди. Немислар Францияни босиб олиб, М. Чўқайни ҳам қўлга тушириб, ингилизпарастлик йўналишида айблаб, уни французларнинг «Компон» деган лагерига олиб бориб, қамашади.

Тутқунликда ҳам Мустафо Чўқай танлаган йўлидан ортга қайтмайди. Туркистоннинг оғир аҳволини, миллий масаласини немис амалдордарига яхшилаб тушунтиради. Шунинг натижасида ўзаро келишув ясаб, немис ҳукумати уни июль ойининг сўнгида тутқунликдан бўшатиб, Берлинга олиб келадилар. Шу тариқа у киши шунчалик қийинчиликни бошидан кечириб, Германия ҳукумати билан келишган ҳолда чет элда Туркистон ҳукуматини қуради. Боймирза Ҳайитнинг айтишича, уни Германия тан олиши ва ўз эркидан ажралган халқларини тан олишини ўтиниб, хат ёзади.

Мустафо Чўқай Германияда Туркистонга кадр тайёрлаш борасида, жанг майдонининг олд сафларига туркистонликларни юбормаслик масаласида битим тузади. Шунга қарамай турли лагерларда тутқунликда турган туркистонликлар жанг офатлари-ю, очарчилик сабабли келиб чиқаётган юқумли касалликлардан қирила бошлайди. Уларга ғамхўрлик қилиш учун Мустафо Чўқай расмий идорадан рухсат олиб, лагерларни бориб кўради. Шу аснода ўзи ҳам ичтерлама касалига чалиниб, 1941 йил декабрь ойининг йигирма еттисида Берлин шаҳрида шифохонада оламдан ўтади. У кишини билган, унга ишонган туркистонликлар, ер юзидаги барча дўстлари бу хабарни эшитиб, аза тутишади.

М. Чўқайнинг ортидан бой мерос қолади.

М. Чўқай вафотидан сўнг турмуш ўртоғи Мария кўплаб қийинчиликлар кўриб, азоб чекади. Йўқчиликдан, муҳтожликдан эрининг бой кутубхонасини, мол-мулкини рус, турк бой муҳожирларига сотиб юборади. Улардан бироз қисми Мустафанинг яқин дўсти, Туркияда яшовчи Тоҳир Чиғатойнинг қўлига тушади. Бу мерос бугунги кунда Отатурк номидаги маданий марказнинг хазинасида бўлиши мумкин. Бир қисми Сорбон университетининг Шарқшунослик факультети кутубхонасига ўтказилган.

Ота-бобосидан мерос қолган ипак белбоғини, кумуш соатини Боймирза Ҳайит билан Далилхон (Туркияда яшайди) иккови Қаюмхонга олиб бориб беради. Ушбу ашёлар бугунги кунда Қаюмхоннинг Дюссельдорфда турадиган немис хотинининг қўлида. Эшитишимча, энди уни ҳеч кимга бермайди, Европада бировдан қолган ашёни бировга бериш одати йўқ. Ўкинчлиси, М. Чўқайдан қолган озгина ашё, зарур бўлган пайтда қўлимизга тегмаслиги ҳам мумкин.

Мен Боймирза Ҳайит билан икки кун гаплашиб ўтирдим. Мустафо Чўқайнинг донолиги, фаҳм-фаросатлилиги, маданияти, одамгарчилиги, ғамхўрлиги, тинловчисини ишонтира олувчанлиги, сўзлаганда халқни ўзига қарата олиш қобилиятига эга киши бўлганини айтди. Мен эринмай диктофонга ёзиб олдим, видеокассетага туширдим, кўп китобларини олдим. Кўнгли алағда бўлиб, зорини кимга айтишини билмай юрган оқсоқол бироз хумори ёзилиб, чиройи ёришгандай бўлди. Ора-орада эл-юрти эсга тушиб кетганида Мустафо оғаси тўғрисида сўз борганида, ҳаяжонланган сайин бурнидан қон кетиб ўтирди.

Сўз сўнггида:

– Биз Туркистон учун курашдик, қўлимиздан келганини қилдик. Аччиқ бўлсин, чучук бўлсин, буюк миллатимизнинг чин ҳақиқатларини айтдик, бошимиздан кечган қийинчиликларни ўтказдик. Мустафо бугунни кўра олмади. Биз кўрмасак-да, туйдик. Бугунги учрашувимиз шунинг далили. Совет даврида халқ чет эл билан боғлана олмади, ижод намуналарини ташқарига чиқара олмади, ўзаро борди-келдига имконият бўлмади. Турк миллати, турк дунёси энди уйғонди. Турк ўғлонларининг кўзи очилди, елкаси шамол кўрди. Озодлик мангу бўлсин. Ўраб турган аждарҳодан сақласин. Отаси бир, онаси бир туркийларнинг орасига оғу солиб, бўлиб ташлашга уринадиганлар оз эмас. Оллоҳ бирлик берсин. Бўлинмай, бир-бирингизга яқин бўлинглар. Буюк Туркистон халқлари бир-бири учун керак. Устунлик эмас, тенглик, бутунлик, қон-қариндошчилик зарур. Жириновский, Солженицинларнинг алаҳсирашларидан, Ғарбда «Қозоғистон ўлкаси руснинг ери» деган сиёсат юритилаяпти, шундан чўчийман. Эгаменликнинг, эркинликнинг қадрини, қимматини билишимиз керак. Маданиятли эл ўз муҳожирларидан юз ўгирмайди, сизлар ҳам қочмангизлар. Халққа ёмонлигимиз, келтирган зииёнимиз, юқадиган қоракуямиз йўқ. Олтин бешикдан, униб-ўсган уясидан, туққан еридан одам боласи нега безади, бовурларимиз бунинг сабабини бугунги кунда тушуниб етди, деб биламиз. Барча қийинчиликларни етмиш йил сизлар тортдингизлар, бизлар хавотирда бўлдик. Энди Оллоҳ ўнгдан келтирсин, ёрлақасин, ризқингиз – бирлик бўлсин. Қозоғистонни бир кўриш – орзуим. Абайнинг тўйига чақиришса, борар эдим. 

Мен берилиб тингладим. У кишидан Мустафо Чўқайнинг кечмиши, ижоди, улуғ шахс сифатида босиб ўтган йўлини китоб қилиб ёзишини ўтиндим ва уни босиб чиқаришни ўз бўйнимга олдим. Меросини, тегишли ашёларини йиғиб қўйишини ҳам ўтиниб сўрадим. У киши сўз берди. 

Ўзининг қўлида ҳам тарихимизга керакли кенг мерос, бой кутубхона бор. Қозоғистон Миллий академияси билан шартнома тузиб, унинг кутубхонасига ворислик қилишни ўтиндим. Ёзишган олтмиш папка мактублардан бошқасига қарши эмаслигини билдирди.

Кимса шайтон эмас, ўлмайдиган банда йўқ, академияни бошқараётган бовурларим шуни тушуниб, қўлдан чиқариб қўймаса, тузук бўларди.

1990 йили М. Чўқайнинг руҳини ардоқлайдиган кишилар Америкада у кишининг юз йиллигини нишонлашди. Бу тўй бизники сингари ароқ ичиб, қадаҳ кўтариш эмас, унинг руҳига, турк дунёсига, унинг тарихий ўрнига алоқадор зиёкор, теран сўзлар билан ўтибди. Бунга ҳам ташкилотчи бўлган Боймирза Ҳайит экан.

Унинг таклифи билан 1974 йили Туркистонни севувчилар клуби тузилибди. Ташкилотчиси ўзи экан.. Таркибида америкалик, инглиз, япон, немис, француз, аргентина, турк олимлари бор. Ушбу клубда Туркистон бўйича манбалар ўрганилиб, тарихий изланишлар олиб борилар экан.

Якунлаб айтганда: биз тарихдан қоча олмаймиз. Янглишсак, уни тарихнинг ўзи тузатади. Бир неча асрлар бўйи оғир замонларни бошдан кечириб келамиз. Оғайнини ёт қилган, бор-йўғимизга зиён етказган кезларимиз ҳам оз бўлгани йўқ. Юрак-бағри эзилиб, томири ўйнаб турадиган меҳрибон қозоқнинг тўсатдан бир-бирига оёқ остидан ёв бўлиб чиқиши ҳам чин гап.

Биз бугун мустақиллик олдик, эл бўлдик, деймиз. Илоҳим, бу қувончимиз мангу бўлсин. Умрбоқий бўлишини тилайлик, бироқ ўз майлича кенг умр суриб, бировга қўшилмаган халқ бўлганига тарих шоҳид эмас. Биз шуни унутмаслигимиз керак. Қозоқни ажратиб, енгил-елпи бошқарадиган “эпчиллар”ҳали-ҳануз етиб ортади. Бизга алоҳида ҳушёрлик керак, зийраклик керак. Ўзимизни ўзимиз сийлашимиз, қадрлай олишимиз керак.

Мустафо Чўқай ҳам қозоқнинг қонидан, қозоқнинг тупроғидан яралган фарзанди. Жиддий, нуфузли бир комиссия тузиб, у киши тўғрисидаги турли гап-сўзларнинг аниғини, чин ҳақиқатини халққа етказадиган вақт обдон келиб етди.

Мирзатай ЖЎЛДАСБЕКОВ, олим, давлат ва жамоат арбоби., 2017-06-01, 11:58 963
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.