26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ибрат соҳиллари

МЕҲРИБОНГА – МЕҲР, ЗОЛИМГА – ЗУЛМ

Қадим замонда бир юрт подшоси ўтган бўлиб, хасислигу золимликда ном чиқарган экан. Подшо мол-дунёсидан мағрурланиб, кибру ҳавоси ортиб, кайф-сафога берилиб, фуқароларнинг ҳолидан хабар олмас экан. Уларга меҳр-мурувват ва ғамхўрлик кўрсатишни ўзига эп кўрмас, аксинча, хазинасини янада бойитиш мақсадида ночор ҳаёт кечираётган фуқароларнинг арзимас мол-мулкига кўз олайтириб, бот-бот солиқ йиғиштириб олишга одатланган экан. У фақат ўзини ўйлар, фуқароларнинг оғир қисмати, азоб-уқубати уни бир зум ҳам ташвишга солмас экан.

Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу, деганларидек, шундай бир кун келиб, подшо ўз тахти ва бойликларидан ажраб, инқирозга юз тутибди. Аста-секин муҳтожлик уни ўз комига тортибди ва оқибатда шоҳ гадога айланибди. 

Тожу тахтда чўмиб шоҳ чуқур ўйга,

Хазина тўлиб тошсада дону зарга.

Маъюс хазин, қил, сиғмас кўнглига,

Тикар кўзин камбағал, етим молига,

Дерлар, интилган етар муродига

Етибди ул, камбағал, етим ҳолига.

Одамлардан мадад сўрай деса, ҳаётида ҳеч кимга яхшилик қилмаган, аксинча, ўзгалар дилини оғритиб, кўнглини қолдирган экан, холос! Шунга қарамай, атрофидаги кишилар ундан ўз марҳаматларини дариғ тутишмабди. Лекин ҳеч бир киши сидқидилдан эмас, балки у очликдан ўлиб қолмасин, дея садақа қилар, буни шоҳ-гадо яхши фаҳмлар, егани ўзига татимай, ич-ичидан зил кетар экан. У тирик қолиш учун дарбадарликни бўйнига олиб, насиба илинжида юрт кезибди. Шундай сафарларнинг бирида узоқ юртда бир кишига дуч келибди. Воажаб, бу киши собиқ шоҳни учратганидан боши осмонга етиб, унга беадад илтифот кўрсатибди. Уни уйига таклиф этиб, бошидан-оёқ сарупо кийдирибди, ўз отасидек қабул қилибди. Бундан дарбадарнинг ақли лол қолибди. Мезбон унга ўз даврида кўрсатган муруввати учун самимий миннатдорчилик изҳор этибди. Бу нарса собиқ шоҳга тушдай туюлиб, қандайдир англашилмовчилик содир бўлаётир, деб ўйлабди.

Йигит ўз қисматидан сўз очгач, масала ойдинлашибди. Собиқ шоҳ хотирини жамлаб, бўлиб ўтган воқеани хаёлидан ўтказибди. Шоҳ ўз лашкарлари билан сафарга бораётиб, қоқ чўлда беҳуш ётган йигитга дуч келган, шунда шоҳ лашкарларидан бири отдан тушиб, унинг оғзига сув томизган экан.

Шундан буён у шоҳнинг қилган яхшилигини юрагида эъзозлаб, номига доимо дуои фотиҳа ўқиб юрар экан. Бу гапдан собиқ шоҳ қаттиқ таъсирланибди ва соҳиби тахт бўлган, қўлини қаерга узатса етадиган даврида одамларга кўпроқ яхшилик қилиб қолмаганидан астойдил афсусланибди.

Айлама кибрдин ит табиатин намоён,

Сайлама феълингдин ит тақдирин ногаҳон.

***

Бор экан қўлингда ихтиёринг ва имконинг,

Ғанимат билиб бул неъматинг, қил хайринг.

ТОЖУ ТАХТНИНГ БАХТИ ҲАМ, КУЛФАТИ ҲАМ – ТОЖУ ТАХТЧАЛИК

Бир мамлакат подшосининг довруғи оламга ёйилган бўлиб, бойлиги, қудрати ва имкониятининг чеки йўқ экан. Истаган нарсасини амалга оширар, кўзлаган мамлакатни қўлга киритишга қодир экан.

Бир кам дунё, деганларидек, шундай соҳиби салтанатнинг ягона армони бўлиб, зурриёти, валиаҳди йўқ экан. У бундан тушкунликка тушар, кечаю-кундуз Яратгандан фарзанд тилар, ҳатто фарзанд учун бутун тахти-ю бойликларидан ажраб, гадо бўлишга ҳам рози экан.

Ёши ўтиб, қариган чоғида толеи ярақлаб фарзанд кўрибди, орзуси ушалибди. Шоҳ бундан олам-олам қувончга тўлиб, фарзандини ҳеч кимга ишонмай, ўзи папалаб, авайлаб парваришлабди: «Меросхўрим, ўлганда чироғимнинг ёқувчиси», деб уни еру-кўкка ишонмас экан.

Бола ўсиб, ақлини таниганда подшо ўғлига салтанат сирларини ўргата бошлабди, турли сафарларга, овга ўзи билан бирга олиб борадиган бўлибди. Шаҳзода ҳам давлатни бошқариш сирларини қунт билан ўрганар, тожу-тахт нашидаси уни мафтун этар экан. Бир кун улар овдан қайтишаётиб, катта дарёдан кечиб ўтишаётганида подшонинг оти сувда оқиб кетиб, ўзи сувга чўка бошлабди. Шаҳзода зудлик билан отасига арқон ташлаб, уни сувдан тортиб чиқара бошлабди. Машаққат билан отасини қирғоққа яқинлаштираётган шаҳзоданинг кўзи олдига тожу-тахтни эгаллаш орзуси келибди. Даставвал у бунга эътибор бермай, янада бор ғайратини ишга солибди, лекин тожу тахт хаёлидан кетмай, шаштидан қайтибди. Гўё қўли толиб, куч-қуввати қолмагандек, арқонни бўшатибди. Отанинг «Ўғлим, жигарбандим, мени қутқариб қол!», деб ёлворишлари унинг қулоғига кирмабди. Шоҳнинг ўлими бутун оламга ёйилибди. Бундан хабар топган ўзга подшоликлар бой ва қудратли мамлакатни қўлга киритиш имконияти туғилганидан фойдаланиб, унга ҳужум бошлашибди. Бу урушда ёш ва тажрибасиз шоҳ мағлубиятга учраб, салтанат ер билан яксон бўлибди.

Кимнингки нияти бузуқ экан,

У шаксиз бахтига тўсиқ экан.

***

Нодонликла мансабга эришган киши,

Бой берилгани аниқ ўчган кечмиши.

НАСИБАНГ ТОҒ БЎЛСАДА, МИСҚОЛ НАҚДДАН ҚОЛМА

Овга чиққан подшонинг омади юришибди. Турли паррандаю-даррандаларни овлаб, кўнгли чоғ бўлибди. Лекин ёлғиз ўзи зерикиб қолибди. Шунда ўтин териб юрган бир камбағалга дуч келиб, уни суҳбатга чорлабди. Бироз суҳбатдан сўнг ўтинчи чол узр-маъзур айтиб, вақти зиқлиги, ўтин териб, бозорга олиб бориб сотиши ва пулига уйида оч ўтирган болаларига егулик харид қилиши зарурлигини айтибди. Подшо эса уни қўйиб юборгиси келмас, ўлжаларни қандай отиб тушираётганлиги, яъни овчиликдаги мерганлик маҳорати билан ғурурлангиси келарди. Шу сабабдан у камбағалга: «Бугун сен мен билан юр, эртага қароргоҳимга келсанг, истаганингча пул, озиқ-овқат ва кийим-кечак бериб юбораман», – дебди. 

Камбағал бу сўзларга ишониб, кун бўйи подшо билан бирга бўлибди, у отган ўлжаларни елкасида кўтариб юрибди.

Кеч кириб, қош қорайгач, уйига қуруқ қайтибди. Оч болаларига эртага яхшигина даромад келтиришини айтиб, уларни тинчлантирибди.

Эртаси давлат ишларидаги бош-бошдоқликдан хабар топган шоҳ сарой аъёнларини йиғиб, уларга ғазабини сочаётганида ваъдага мувофиқ ўтинчи йигит инъом учун шоҳ саройига ташриф буюрибди. Бу ҳақда подшога хабар етказишибди. Дарғазаб шоҳ: «Камбағални уриб ҳайданглар!» – дея амр этибди.

Чарақласада, юлдуз самодан,

На ёғду, на тафт бор ундан.

Милтилласада, чироқ кулбадан,

Ёруғлигу тафт бор ундан.

***

Бекор ўтган кунингдан суюниб,

Қолма, ўтган умрингдан куюниб.

Абдулла МАДАЛИЕВ, 2018-11-27, 10:51 190
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.