26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Матонатга йўғрилган нафосат

Қозоғистон бозоридаги тропик меваларнинг 90 фоизи хориждан келтирилади. Уларнинг қандай шароитда етиштирилганлигидан юртдошларимиз, албатта, бехабар. Дастурхонларимизга тортиқ қилинаётган меваларнинг сифати билан кўп ҳолларда қизиқиб ҳам кўрмаймиз. Хориждан келтирилган маҳсулотларнинг ҳаммаси ҳам сифатли деб бўлмайди. Шундай экан, сифатли маҳсулотни ўзимизда етиштиришни йўлга қўйиш мумкин эмасми? Ҳа, уларни бизнинг Жанубда етиштиришнинг имкони бор экан. Бунга йиллар давомида гувоҳ бўляпмиз. Цитрус мевали дарахтлардан хуштаъм ҳосил олиняпти. Ўша лимон, апельсин, мандаринларни етиштираётган ҳамюртларимиз орамизда.

Қаҳрамонимиз божхона соҳасида кўп йиллик меҳнати билан танилган, бўш вақтларида эса бизда камёб бўлган мева ҳамда ўсимликларни етиштиришга ишқибоз Бахтияр оға Тўлеш билан унинг ерости томорқасида учрашдик. Иссиқхона эмас, айни ертўланинг ўзи. Фақат қуёшранг меваларни аранг кўтариб турган шохлар гуллар ифори бу ерни жаннатга ўхшатади. 

Журналистларнинг кетма-кет ташрифидан безор бўлган боғбон дастлаб мулоқотни унча хушламасада, суратчимиз С. Исаматов билан Шимкентнинг Самал-3 даҳасига айтилган пайтда етиб келганимизни кўриб, ноилож бизни лимонзорга бошлади. Ертўла услубида барпо этилган иссиқхонада аёллар лимон кўчатларини тувакларга ўтқазишаётган экан.

– Боғдаги асосий ишни синглим ҳамда келиним бажаради. Давлат ишидан бўшашим билан лимонларим ҳузурига ошиқаман. Бу ерда одам меҳнат қилиш баробарида дам олади, гўзалликдан дили яйрайди, – дейди Бахтияр оға фаолияти билан таништирар экан.

– Қачондан бошлаб цитрус меваларини етиштирасиз?

– Болалигимдан бизда тақчил мевалар, манзарали дарахтларни етиштиришга қизиқардим. Бу машғулот бутун бўш вақтимни банд этса-да, ҳечам зерикмасдим. Мана, 3 йилдирки, шу иш билан жиддий шуғулланяпман. Чин дилдан қилинган меҳнат натижасини кўп куттирмади. Кўриб турганингиздек, камтарона цитрус боғига айланди.

Уч метрча чуқурликдаги ертўла зиналаридан пастга тушар эканмиз, ундаги ҳароратнинг ташқаридагидан анча юқори эканлиги сезилди.

– Бу ерда ҳаво ҳарорати 0 даражадан паст бўлмаслиги керак. Шундагина ўсимликларни совуқ урмайди, устини эса икки қаватли полиэтилен плёнка билан ёпиб, қишда табиий иссиқни сақлайдиган қилдик. Дарахтларни  томчилатиш усулида суғорамиз. Худди шу сувни тепадан ёмғирлатиш усулида ҳам сепамиз. Қудуқ ёки ариқ суви бу даҳада йўқ. 6 сўтих ер учта ертўлага ажратилган, иккитасида мева ғарқ пишди, учинчисида эса манзарали балиқлар етиштириш учун махсус ҳовуз барпо этганман, – дейди завқ билан суҳбатдошим. 

Боғ эгаси хориждан келтирган грейпфрут, мандарин, апельсинлар бу йил шиғил мевага кирибди. Майда мандаринлар ҳам, бизнинг заминимизда етиштирилгани учунми, роса ширин.

– Банандан жуда кўнглим қолди, мевасри тропик мамлакатлардаги сингари йирик бўлади, деб умид қилгандим, ҳосилга кирди, бироқ мевасининг катталиги 10 смдан ошмади. Барибир, бизда ўстириш жуда мушкул экан. Бу ердаги кўп ниҳолларни чет элдан келтирганман. Буларни Тайланддан олиб келдим. Биласизми, бу давлатда, айниқса шаҳар марказларида кокос дарахти ҳамда бананларни бизнинг сайёҳларимизга кўргазма сифатида намойиш этиб, юқори нархда пуллашар экан. Шаҳар ташқарисида эса маҳаллий аҳоли улардан моллар озуқаси сифатида фойдаланишаркан. Меванинг аҳолига берган фойдасидан зарари кўпроқ. Чунки вазни 1-2 килоли мевалар, айниқса, кокос ёнғоқлари кўпинча одам бошига қўққисдан тушиб, унинг ўлимига сабаб бўлар экан. Шу боис уларнинг мевасини ейиш у ёқда турсин, унинг ёнидан ўтишга ҳам қўрқишади. “Қотил” кокос дарахтларини шунинг учун ҳам чопиб ташлаётганларини кўрдим. Бананимиз, ҳар қалай унчалик иқлимимизга мослашолмади, – дейди боғбон.

Хуштаъм меваларни кўтариб турган шохлар остидаги аввал ҳеч илғамаган ўсимликларга кўзим тушиб, ҳайратим янада ортди. Суҳбатдошим барчасининг номларини ёддан билар экан, уларни бирма бир санай бошлади.

– Биласизми, бу хитой анори, бу эса лавр дарахти, мана, марҳамат ҳидлаб кўринг, – дея ҳовучини менга тутди боғбон.

– Ҳа, чиндан ҳам овқатимизни усиз тасаввур қилолмаймиз. 

– Буниси барбарис, зайтун ҳам экдик, олеандр бор. Гуаява, мазаси анжирга ўхшаркан. Фундук кўчатини экдим. Уларда ҳам жуфтлар бўлиб, қарши жуфтлар билан экилсагина ҳосилга кирар экан. Бу ерда эса манзарали, бироқ бизда жуда камёб гуллар – глициния, альбиция, магнолия, спиреянинг уч турини етиштиряпман. Манавиниси форзиция, бу гул уруғдан кўпаяр экан, будлея, муқаддас витекс, катальпа. Қизиқишим фақат ўсимликлар дунёси билан чекланмаган – манзарали балиқларим учун ҳам денгиз муҳитини яратишга ҳаракат қилдим. Нилуфаргуллар, сув ости ўсимликларининг турфа хилидан келтирганман. Кўп манзарали ўсимликларга Интернет тармоғи орқали буюртма бераман. Асосий даромадимни қизиқишим учун сарфлашимга оиламдагилар ўрганиб қолишган.

– Лимоннинг қайси навларини экдингиз, ҳосилдорлиги қандай? – сўрайман суҳбатдошимни асосий мавзуга қайтариш мақсадида.

– “Тошкент” нави совуққа чидамли, меваси мазали ҳам териси юпқа, кейин кўпчиликка яхши таниш “Мейер” нави ҳам бор. Бу йил бир кўчат 50-60 дона мева берди. Ҳосилимиз баракали бўлди. Синглим ҳамда келиним харидорларга етказиб беришяпти. Буюртмачилар кўп. Умуман, бу мевага эҳтиёж катта экан. Интилган, ҳаракат қилган инсон борки, меҳнати самарасиз қолмас экан. Турмушдаги қийинчиликларни ҳадеб ишсизликка йўйиб ҳам, уни оқлаб ҳам бўлмайди. Мамлакатимиз ҳудуди улкан, заминимиз бой, иқлими қулай. Четдан келтирмасдан барча меваларни ўзимизда етиштириш учун ҳамма имкониятлар бор. Мақсадим – боғимиз майдонини 1,5 гектаргача кенгайтириб, ишчиларни кўпайтириш. Меҳнат қилганнинг, албатта, даромади ошади. Бунда эса нафақат меҳнат қиласиз, гўзалликдан, бу ажойиб неъмат парваришидан баҳра оласиз. 

“Қиш меваси” деб эъзозланадиган бу шифобахш мевани уй шароитида етиштириш ҳадисини олган соҳибкорнинг хонадонидаги ноёб балиқлар – япон зоғорабалиғининг хилма-хилини ва бошқа манзарали жониворларни ҳам мириқиб томоша қилдик. Лимонзордан таралаётган ёқимли ифордан эса ишдаги чарчоқлар унутилди, асаблар бўшашди, танада майин қувват пайдо бўлди, гўё. Оқшом кирганлиги, оила аъзоларимнинг мени кутишаётгани ҳам бу ажиб неъматлар ҳадя этаётган нафосат туфайли унутилганди... Шу топда ўзбек олими, академик, халқ селекционери, ўзбек боғдорчилиги довруғини дунёга ёйишга муносиб ҳисса қўшган ва ҳозирги кунгача севиб истеъмол қилинадиган мева навлари кашфиётчиси Зайниддин Фахриддиновнинг лимонзорида ёзиб қолдирилган дил сўзларидан иқтибос келтиргим келди: “Бу покиза боққа кирсанг, баҳри дилинг равшан бўлур”. Ҳа, бундай боғлар покизадир, унда диллар равшан бўлур. Боғбоннинг миришкорлигига тасанно! Орамиздаги шундай одамларнинг яратувчанлиги, бунёдкорлиги фаровон турмушимиз гарови эмасми?!

М. САЪДУЛЛАЕВА. С. ИСАМАТОВ сурати, 2018-11-29, 09:26
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.