26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Соғлом ва билимли авлод – эл келажаги

Яқинда ижтимоий ҳаётимиз даражасига ҳал қилувчи таъсир кўрсатадиган омилларнинг бирига оид тадқиқот натижаларини акс эттирувчи статистик маълумотларга кўзим тушиб қолди:

Бугунги кунда олий ўқув юртларига грант асосида ўқишга кирган ёшларнинг 5 фоизи машғулотлар бошланмай туриб, ўқишдан бош тортар экан. 15 фоизи машғулотларнинг биринчи ярим йили якунига кўра ўзлаштиролмаслиги туфайли ўқишдан чиқарилар, 50 фоизи эса ўзи хоҳлаган касб, мутахассисликка ўқимаётган бўлса ҳам, грант учунгина, бир амаллаб ОЎЮни тугатар, аммо бу соҳада ишламас экан. Олий маълумот олган мутахассисларнинг атиги 30 фоизигина ўзи танлаган касб эгаси бўлар экан. 

Бу муаммоли мисолни келтиришдан мақсад – таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, муаммо, қийинчилик ва уларни ҳал этишнинг айрим йўллари ҳақида мулоҳаза юритиш. Биз хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам жаҳон миқёсидаги ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар ўз таъсири ва тазйиқини бизга ҳам ўтказади, ўтказмоқда ҳам. Шундай давр келдики, оламнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий қиёфаси кун сайин турланмоқда, ўзгараверади ҳам. Шундай экан, биз, ҳар бир қозоғистонликка, ўз дунёқарашимизни Ватанимизнинг ривожланиши ва тараққиёти учун хизмат қиладиган даражада ўзгартирмоғимиз керак бўлади. Чунки, инсоннинг ўй-хаёли қаергача етса, унинг оёғи ҳам шу ерга етади, деб бежиз айтилмаган. 

Элбошимиз Н. Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” дастурий мақоласида белгиланган вазифаларнинг амалга ошиши ҳозирги давр талабига ўзига хос жавобдир. Ундаги олтита йўналишнинг бири – “Таълимнинг тантанаси” деб аталади. Бу бежиз эмас. Тезкор замонимиз талабига кўра таълимнинг етакчи ролига тобора юқори аҳамият қаратилмоқда. Билимли инсонлар, етук мутахассислар муваффақиятга эришадилар. Шунинг учун жаҳонда юз бераётган оламшумул ўзгаришларга жавобан деярли барча давлатлар ўз таълим тизимларини ислоҳ қилмоқдалар. Хўш, Қозоғистонда олиб борилаётган бу ислоҳотлардан кутиладиган натижа қандай? Уларнинг муқаррар кафолатланган бўлиши учун бу соҳада қандай ҳал қилувчи масалалар ўз ечимини топмоғи керак?

Келажак дастури “Тафаккурнинг тикланиши” концептуал ҳужжатида таъкидланганидек, “яқин ўн йилларда ҳозирги мавжуд кўпгина мутахассисликлар эҳтиёж бўлмаганлиги сабабли йўқ бўлиб кетиши мумкин. Аксинча, ҳозирга ноъмалум янги касблар пайдо бўлиб, уларни эркин ўзлаштириб оладиганлар муваффақият қозонади. 

 Яқин 20-25 йил муқаддам таълимнинг вазифаси “ўқувчилар олган билимларини ҳаёт билан боғлай олиш”, 10 йил муқаддам “ўқувчига функционал, ҳаётда асқотадиган билим бериш” асосий мақсад бўлган бўлса, бугун фақат буларнинг ўзи камлик қилади. Асосий масала ўқувчи билимининг ҳажми эмас, балки улар ўзларида бор билимдан ҳаётда фойдалана олишлари, уни мунтазам такомиллаштириб боришларидадир.

 Бу нима дегани? Мавжуд муаммони ҳал қилиш, масаланинг ечимини топиш, борлиққа инкорни инкор нуқтаи назаридан қарашга (бу азалдан инсоният тараққиётига таъсир қилувчи омил ҳисобланиб келган) боғлиқ бўлади, дегани.

 Энди мақоламизнинг бошида келтирилган икки фикр ва муаммо, уларнинг ечими бўйича айрим ўйлар, тизимдаги ислоҳотлар муваффақиятли амалга ошиши учун зарур шарт-шароитлар ҳақидаги мулоҳазаларни айтиб ўтмоқчи эдим: 

1. Шаҳар ва қишлоқ мактаби ўқувчиларининг бўш вақтини ташкил қилишдаги тафовут сақланар экан, уларнинг билим сифатида ҳам фарқ қолаверади. Бу муаммонинг маълум қисмини яқинда Таълим ва фан вазирлиги томонидан эълон қилинган, сифатли билим олишда ўқувчиларга хизмат қиладиган ресурсларнинг ҳамма мактабларда баробарлаштирилиши дастури учун 75 млн. АҚШ доллари кўламида маблағ ажратиш орқали ҳал қилиши мумкин. Ресурслар ҳақида гап борганда, биринчи навбатда дарсликлар масаласини ҳал қилиш керак, деб ўйлайман. Дарсликка қўйиладиган бугунги талаб, фандаги янгиликлар ҳамда ўзгаришлар кескин ва тез юз бераётган объектив сабабларга кўра тўлақонли билим олиш манбаи бўла олмайди. Шунинг учун дарслик мазмунидан ўқувчи қўшимча янги ахборотни қай йўналишда ва қай тариқа излаши кераклиги ҳақида маълумотлар оладиган бўлиши ҳам керак. 

2. Мактаб ўқувчиси интилиши учун энг юқори рағбат – “Олтин белги”нинг бугунги кунда битирувчи учун ҳеч қандай имтиёзи йўқ. Бунинг сабаби, кўплаб қўлбола сохта медалистларни “ясадик”. Ана шу даражага етказган сабаб ва оқибатларни таг-томири билан йўқ қилиш ўрнига, осонгина йўл танланди. Машаққатли меҳнати эвазига муваффақиятга эришган ўқувчи ва устоз ҳам қалбаки натижани қўлдан ясаганлар билан бир қаторга тушиб, “айбдор”га айланиб, жафо чекди. Бу сохталик билан курашнинг энг самарасиз ва шу билан бирга, зарарли йўли деб ўйлайман. Деҳқон экин эккан ернинг ёввойи ўтини тозалаб ташлаш ўрнига, умуман экин экмай қўяқолинг, дейишдек гап бу, менинг наздимда.

3. Кўплаб мактаб битирувчиларининг бор ўйи тестда яхши натижа кўрсатиш бўлиб қолгандек, гўё. Шу муносабат билан баъзи мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар ҳам давлат андазасига асосан тасдиқланган ўқув режасини “тестда натижа берса бўлди”га мослаб, қайта бичиб олдик. Ўқувчини мантиқан ўйлашга, шахс сифатида шаклланишга, бошқаларга касри тегмайдиган тарбия ва билим олиши учун аҳамиятли фанлар борлигини “унутдик”, фарзандларимиз жамият олдидаги бурчи ва ўзининг олдида турган вазифа ҳамда талабларни унута бошлади. 

4. Умуминсоний ва миллий қадриятларга асосланган тарбия жараёни тизими ишлаб чиқилиши керак. Тарбия элементларининг дарс мавзулари мазмунига киритилиб юборилгани, аниқ мақсадга йўналтирилган синфдан ва мактабдан ташқари ўтказилиши керак бўлган тадбирларни қисқартириш дегани эмас. Бунинг учун Элбошимизнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш”, “Буюк Даштнинг етти қирраси” дастурий мақолаларидан келиб чиқадиган вазифалар ва имкониятлардан самарали фойдаланишимиз керак. Шундагина ўқувчиларимиз бошқани алдамайдиган, ўзганинг ҳақига хиёнат қилмайдиган, муттаҳамликдан холи, билимли, меҳнатсевар, соғлом ва пок инсон бўлиб етишишлари мумкин.

5. Ўқувчи билими сифатини давлат томонидан назорат қилиш такомиллаштирилиши даркор. Унинг асосини боланинг прагматиклиги ташкил этиши, ўзгаришларни тез қабул қилиб, унга мослашиб ҳаёт кечира оладиган даражада тарбиялаш керак. Келажакда жамиятимизда рақобатбардош ўрта махсус билим ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкинлигини унутмаслигимиз лозим. Турмушимиз фаровон бўлиши яхши электрчи, чилангар, дурадгор, сантехник, қурувчи, пардозловчи, токарь, тикувчи, моҳир ошпазлар каби “олий маълумоти йўқ” мутахассисларга боғлиқ бўлмайди, деб, ким айта олади?! Элбошимизнинг бу йилги Мактубида “Иш топиш, ишга жойлашиш имконини бермайдиган дипломнинг кераги йўқлиги” таъкидланди. Миллатнинг йўқ бўлиши учун таълим сифатини сусайтириб, ўқувчиларни имтиҳонларда алдашларига йўл қўйилса, шунинг ўзи етарли экан. Шундай қилинса, бемор саводсиз шифокор қўлидан жон таслим қилар, муҳандис қурган иморат вайронага айланар, иқтисодчининг қўлидаги халқ мулки талон-торож, ҳуқуқшуноснинг қўлида адолат поймол бўлар экан.

Президентимиз Н. Назарбаев томонидан эълон қилинган Қозоғистоннинг тараққиётини таъминловчи қатор стратегик дастур ва режалар муваффақиятли амалга ошиши учун илғор таълим тизимининг бўлиши жуда ҳам муҳим. Шунинг учун ҳам Элбоши таълим мазмунини янгилашга оид ислоҳотларнинг асосий қисмини 2021 йилгача тўлиқ якунлаш вазифасини қўйди. Келтирилган фикрларда акс этган айрим масалалар ечимини топиши учун изчиллик ва вақт, айримларига маблағ, бошқаларига сабот ва машаққатли меҳнат керак бўлади. Албатта, ҳал қилувчи ҳаракатлантирувчи куч – бу ўқитувчи бўлиб қолаверади. 

Ўсмонали ҚОДИРОВ, ҚР халқ таълими аълочиси, Тўлебий туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, 2018-11-29, 09:34 838
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.