26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Азалий дўстлик – абадий дўстлик

Янги геосиёсий ва геоиқтисодий шароитларда Қозоғистон билан Ўзбекистон ҳамкорлигининг истиқболи хусусида

Қозоғистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 26 йил тўлмоқда. Тарихий нуқтаи назардан олиб қараганда ана шу нисбатан қисқа вақт ичида икки мамлакат ўртасидаги иттифоқдошлик салмоқли натижалар берди. 2020 йилга бориб товар айланмасини 5 млрд. долларга етказишдек улкан вазифа қўйилмоқда. Шу муносабат билан мамлакатлар Ҳукуматларига ўзаро ҳамкорликни жонлантириш ва мавжуд барча имкониятлардан фойдаланиш топширилди.

Қозоқ ва ўзбек халқлари алоқаларининг илдизи асрлар қаърига кетган. Икки қардош давлат – Қозоғистон ва Ўзбекистон халқларини минглаб йиллар мобайнида ишончли дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш, чуқур тарихий илдизлар, умумий маданий мерос ҳамда мустаҳкам яхши қўшничилик муносабатлари бирлаштириб туради.

Қозоғистон билан Ўзбекистонни маънавий қадриятлар, тил, дин, тарих, урф-одатлар ва анъаналар яқинлигига асосланган бирлик боғлайди. Қозоқлар ва ўзбеклар – Буюк Дашт халқлари, уларнинг томирида битта туркийлар қони оқади, уларнинг қалбидаги меҳрнинг чеки йўқ. Қозоқ ва ўзбеклар оға-ини халқлар, шунинг учун уларга таржимон ҳам керак эмас.

Икки қардош халқ битта илдизга, ўхшаш удумлар ва русумларга, маиший таянчларга эга. Ватанпарварлик ёш авлодни тарбиялашда устувор йўналиш бўлиши керак, уни эса Қозоғистон билан ҳам маданият, ҳам умумий чегара боғлаб турган қардош давлатга ҳурмат ҳиссисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан шунинг учун Қозоғистон ватанпарварлиги ҳамда миллатлараро тотувликни тарғиб қилиш, турли этнослар вакилларининг тилини ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳамма соҳаларида иштирокини фаоллаштириш, Қозоғистонда яшовчи халқ маданиятини қайта тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган оммавий-маданий ҳамда бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, маънавий ва бошқа ижтимоий эҳтиёжларини тўла-тўкис қаноатлантириш Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва унинг ячейкалари – этномаданият бирлашмалари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади. Қозоғистон халқи Ассамблеяси бунга қодирлигини исботлай олди. Ўтган вақт ичида мамлакатимизда халқаро аҳамиятга эга яхлит субъект – Қозоғистон халқи таркиб топди.

Шундай қилиб, биз улкан ўзгаришлар йўлини босиб ўтдик ва бугун ўзимизни қудратли ва муваффақиятли давлатнинг, мустақил Қозоғистоннинг фуқароларимиз дея фахр билан айта оламиз. Шуни таъкидламоқ лозимки, ҚХАнинг 24-сессиясида “Мангу Эл” тарихий ватанпарварлик акти қабул қилинган, унда бизнинг оилаларимиз фаровонлиги, барқарорлик ва эртаги кунга ишонч тарафдори эканлигимиз ҳақидаги асл сўзлар битилган.

Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий ҳамкорлиги ривожланишнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Тарихчилар, одатда, бизнинг муштараклигимиз мингйиллик бирлик, тил, маданий хилма-хиллик, динимиз билан белгиланишини таъкидлашади. Сиёсатшунослар давом эттиришади: айнан шу негизда бугун иккала мамлакат давлат бошқарувининг дунёвий шаклини барпо этди. Бизнинг мақсадимиз ҳам бир – халқларимизнинг турмушини яхшилаш. Айнан шунинг учун Марказий Осиё минтақасидаги иккита етакчи давлат, Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам барча йўналишларда фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Бугунги кунда қозоқ-ўзбек муносабатлари 1998 йил 31 октябрдаги Абадий дўстлик ҳақидаги шартнома ва 2013 йил 14 июндаги Стратегик шерикчилик тўғрисидаги шартномага мувофиқ ривожлантирилмоқда. Иккитомонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасида давлатлараро ўзаро ҳаракатларнинг деярли барча соҳаларини қамраб олувчи 100дан зиёд ҳужжат бор.

Парламентлараро алоқаларнинг янги босқичга кўтарилганига ҳам гувоҳмиз. Куни кеча Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг раиси Нурдинжон Исмоиловни қабул қилиб, учрашув чоғида икки давлат парламентларининг имзоланган ҳужжатлар ва эришилган битимларни амалга оширишда муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлаганининг ўзи ўзаро муносабатлардаги ижобий жўшқинликдан далолат беради. 

Н. Исмоилов билан ҚР Паламенти Сенати Раиси Қ. Тўқаевнинг музокараларида эса Марказий Осиёнинг муваффақиятли иқтисодий ривожланиши, барқарорлиги ва хавфсизлиги Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг халқаро саҳнадаги ўзаро ҳаракатларига боғлиқлиги ҳақида сўз юритилди. Томонлар Президент Н. Назарбаевнинг “Буюк Даштнинг етти қирраси” мақоласи бўйича фикр алмашдилар, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга бор куч-ғайратларини сафарбар этишга тайёр эканликларини етказдилар. 

Икки мамлакат ички ишлар вазирликлари ва божхона хизматлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ҳақида ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги Маданият соҳасида ҳамкорлик дастурини қабул қилди. Бундан ташқари президентлар Тошкентдаги Қозоғистон Республикаси элчихонасининг янги биноси ва буюк қозоқ шоири, мутафаккири Абай Қунанбаев ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этдилар.

Ўзбек йўналиши Қозоғистон ташқи сиёсатининг энг муҳим устувори бўлиб қолмоқда. Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши улкан сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон билан ҳамкорлик даражаси ва сифатига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Расмий Тошкент 2017-2018 йилларга БМТ Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзолигига Қозоғистоннинг номзодини ёқлади, Астанадаги ЭКСПО-2017 Халқаро кўргазмасининг ишида қатнашишга қарор қилди ва БМТ Бош Ассамблеясининг 70-юбилей сессиясида Қозоғистоннинг “Ядровий қуролдан холи оламга эришиш бўйича умумий декларация” резолюциясининг биргаликда олға сурилишини таъминлади. 

Битта денгизга қуйиладиган дарёлардан сув ичган, қадим замонлардан бери дўст ва иноқ бўлиб яшаб келаётган ўзбек ҳамда қозоқ халқларининг қардошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, давлатлараро муносабатларини кенгайтиришда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга иш сафари давомида имзоланган қатор ҳужжатлар, Ўзбекистон йили доирасида Қозоғистонда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар, Қозоғистон маданият арбобларининг Ўзбекистонга ташрифи муҳим роль ўйнади.

Савдо-иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик – ўзаро қардошлик муносабатлари даражасининг муҳим кўрсаткичидир. Мазкур соҳада 50дан кўпроқ давлатлараро, ҳукуматлараро ва маҳкамалараро ҳужжатларни ўз ичига олган салмоқли шартномавий-ҳуқуқий база барпо этилган. Қозоғистон билан Ўзбекистон ўзаро савдосининг умумий шартлари томонлар ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2011 йил 18 октябрдаги МДҲ Эркин савдо минтақаси тўғрисидаги Шартномани қўллаш тартиби ҳақидаги Баённома (2013 йил 31 майда Минскда имзоланган) қоидалари билан созлаб турилади.

Иккитомонлама ҳамкорлик бўйича Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг мунтазам ўтказиб туриладиган мажлислари савдо-иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг муҳим омилидир. Уларда савдо-иқтисодий, молиявий, божхона, сув, транспорт-логистика ва ташқи сиёсат соҳаларидаги иккитомонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади. Икки давлат бизнесменлари иштирокида Қозоғистонда 151та, Ўзбекистонда 206та, шу жумладан, 170тадан кўпроқ қўшма корхона ишлаб турибди.

Шунингдек, “Қазақстан темір жолы” Миллий компанияси билан “Ўзбекистон темир йўллари” ҳиссадорлик жамияти, Қозоғистоннинг Туркистон ва Қизилўрда вилоятлари билан Ўзбекистоннинг Тошкент ва Навоий вилоятлари Ҳамкорлик ҳақида меморандумлар имзолади. 

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорлик, айниқса, ўтган асрнинг сўнгги чорагида янаям мустаҳкамланди. Икки мамлакат орасидаги маданий алоқалар кенгайиб, ривожланди. 2018 йилнинг Қозоғистонда Ўзбекистон йили, 2019 йилнинг Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилиниши тарихий воқеа бўлди. Бу – икки мамлакатнинг, икки халқнинг ўзаро ҳурмати рамзидир.

Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ривожланиши Марказий Осиёдаги халқаро муносабатларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири.

Маданият, таълим, туризм биргаликдаги эзгу ва улуғвор ишларга замин бўлди. Ўзбекистон Республикаси расмий идораларининг маълумотларига кўра, мамлакатда 1 миллионга яқин қозоқлар яшайди. Ўзбекистондаги қозоқларнинг маданий-маънавий талабларини таъминлаш учун кўп йиллардан бери 30та вилоят ва туман филиалини ўз ичига олган Республика қозоқ маданий маркази фаолият юритмоқда. 

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, қозоқ тилидаги таълимни ривожлантириш аҳволи ҳам кўнгилдагидек, расмий ҳокимият томонидан 441та қозоқ-ўзбек аралаш мактаблари ҳамда 192та қозоқ ўрта мактабининг фаолияти таъминланмоқда. Ўзбекистондаги олий таълим тизими доирасида республика олий ўқув юртларида қозоқ тили бакалаврларини тайёрлаш йўлга қўйилган. Бундай муносабатлар кишини қувонтиради ва икки давлат ҳамда халқларнинг дўстлигини мустаҳкамлашга кўмаклашишига шак-шубҳа йўқ. Зеро Қозоғистонда ҳам ўзбек аҳолиси кам эмас. У ҳам она тилини ўрганиш ва миллий маданиятини сақлашга интилади. Бунинг учун Шимкентда ўзбек драма театри ишлаб турибди, даврий нашрлар адади ошиб бормоқда, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси самарали фаолият юритмоқда. Айни пайтда ўзбекистонлик қозоқларни Қозоғистондаги олий ўқув юртларида ва шунингдек, юртимиздаги ўзбекларни Ўзбекистонда ўқитишни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.

Тарихий-маданий мерос икки қардош халқнинг ўзаро муносабатларида алоҳида аҳамият касб этади. Чунки қозоқ халқи буюк ўғлонларининг мақбаралари ўзбек заминида жойлашган, маҳаллий аҳоли ва туркий халқларнинг зиёратгоҳига айланган. Қозоқ халқининг уч буюк бийидан бири – Тўле бий Тошкентда дафн этилган, Нурота шаҳридаги тарихий жойлардан бири Айтеке бийнинг мақбараси ҳисобланади. Унинг маънавий меросини асраш учун Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ушбу муқаддас жойга олимларнинг туркум экспедицияларини уюштиришни таклиф қилмоқда. Қўли остида 20 минг лашкари бўлган Ялангтўш Баҳодир ҳам ерларимизни душмандан ҳимоя қилган, унинг армияси асосан икки қардош халқ вакилларидан таркиб топган. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг дўстлик алоқалари ҳақида гап юритар экан Элбоши, мустақиллик йилларида бундай муносабатлар нафақат сақланиб қолди, балки давлатларимизни янада яқинлаштирди, дейди.

“Мустақиллик йилларида биз бу алоқаларни сақлабгина қолмай, давлатларимизни яқинлаштирдик. Шу муносабат билан бизнинг қўшнилар сифатидаги ортиқча расмиятчиликларсиз учрашувларимиз амалиёти муҳим аҳамият касб этади. Мен сиз билан дўстлигимдан ва қозоқ ҳамда ўзбек халқларининг дўстлигидан фахрланаман. Эндиги мақсадимиз ана шу муносабатларни, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва кейинги авлодларга ўтказишдан иборат. Барча қозоғистонликлар номидан ўзбек халқига равнақ ва муваффақиятлар тилайман”, – деди Қозоғистон Раҳбари Ўзбекистон Президенти билан учрашувларидан бирида.

Жўғрофия бизни қўшни, тарих – оға-ини, замон – стратегик иттифоқдош, иқтисодиёт эса – ҳамкор қилгани тасодиф эмас. Ҳамиша шундай бўлади, чунки бошқача бўлиши мумкин эмас.

Фахриддин ҚОРАТОЕВ, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси депутати, 2018-12-04, 09:38 758
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.