26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Элбоши ва Туркистон

Қозоғистоннинг маънавий пойтахти, қадим шаҳар Туркистоннинг тарихи теран, келажаги порлоқ, бугуни ғаниматдир. 

Жорий йилда бу қадим ва навқирон шаҳар Жанубий Қозоғистон вилоятининг марказига айланди. Туркистон тасарруфидаги қишлоқ ва қишлоқ округлари тўлиқ Кентовга берилди. Аҳолиси 96 мингни ташкил этувчи Кентов эндиликда 200 минг одам яшовчи улкан шаҳарга айланади. Чегараси кенгайиб, ер майдони 774512 гектарга етди.

100 мингга яқин аҳоли ва ўз улушидан анчагина ерни Кентовга берган – Туркистон – мегаполис, яъни, азим шаҳарга айланиб, қанотини кенг ёйиб, парвоз қилишига ишончимиз комил. Вақти келиб, Туркистон ҳам Шимкент каби атрофидаги Кентов, Ўтрор, Сўзоқларни ўз ичига олган улкан марказга айланар, балки.

Туркистон шаҳри тарихи эрамиздан аввалга 500-йилларга бориб тақалади. Х асрда Шовгар (Шовагар) деб номланса, XII асрдан – Ясси деб аталган. XVI асрдан Ҳазрати Туркистон номи билан ҳам машҳур. XVI – XVIII асрда Қозоқ хонлиги марказига айланган ушбу маскан бутун туркий оламнинг ҳам маънавий, ҳам маданий пойтахти бўлган.

Замонавий Туркистон тарихида ХХ асрнинг иккинчи ярми ўчмас из қолдирди. Шаҳар йирик маданий-маърифий ва 

сайёҳлик марказига айланди. 13та саноат корхонаси барпо этилди. Булар – «Ясси» пахта заводи, «Қуат» машинасозлик заводи, «Туркистон Агрореммаш» ҲЖ, тикув-трикотаж заводи ва бошқалар. Ҳозирги кунда бу ерда «Антибиотик» заводи, «Парабе» Қозоғистон-Британ қўшма корхонаси ва бошқалар фаолият юритмоқда. «Оренбург – Тошкент» темир йўли ҳам ушбу шаҳардан ўтади. 

1991 йили шаҳарда 13 факультетга эга Туркистон университети очилди. 1993 йилда у Х. Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети деб номланди. Бу олий ўқув юртида 22 минг талаба таҳсил олмоқда ва талабалар сони бўйича  Марказий Осиёдаги энг йирик илм даргоҳи ҳисобланади.

Қадимий, навқирон ва шу билан бирга замонавий шаҳар бутун дунёдан келган кўплаб меҳмонлар ва сайёҳларда ўчмас таассурот қолдирмоқда. Туркистон – келажак авлодларга мерос қилиб қолдириш учун авайлаб сақланаётган муҳташам меъморчилик обидалари, мадрасалар, масжидлар, музейларга бой шаҳар.

Шаҳарда Қозоғистоннинг энг муқаддас тарихий ёдгорлиги – Амир Темур қурдирган Ҳазрат Аҳмад Яссавий мақбараси жойлашган. Бу тарихий ёдгорлик буюк саркарда қурдирган ва сақланиб қолган энг катта мажмуа ҳисобланади. Мақбара, масжид ва мадрасани ўз ичига олган мажмуани Амир Темурнинг шахсан лойиҳалаштиргани, тархини чизиб бергани манбаларда келтирилган. 1385 йили қурилиши бошланган мажмуа 1405 йили – Темур вафоти билан тўхтаб қолади. Мажмуанинг фақатгина кириш меҳроби тугалланмаган, холос. 

Мажмуанинг кириш қисми меҳроби баландлиги 37,5 метр, деворининг қалинлиги 2 метр. Хонақоҳ девори қалинлиги 3 метр. Асосий гумбазнинг баландлиги 44 метр, диаметри – 20 метр. Мажмуа ичида мақбара, масжид, кутубхона, катта ва кичик сарой, 35 та ҳужра, қудуқхона, ошхона мавжуд. Ҳазрат Аҳмад Яссавий мақбараси ЮНЕСКО томонидан “Жаҳон маданияти ёдгорликлари” рўйхатига киритилган.

Шаҳарга 1992-1993 йиллари Бахтиёр Қодирбеков ҳокимлик қилган. 1993-2003 йилларда – Кален Татибаев, Султанбек Суғурбаев, Уалихан Қайназаров, Ўмирзақ Аметули, Мухит Алиев, Али Бектаев ва бошқалар шаҳарни бошқаришган. 2017 йилдан бошлаб шаҳар ҳокими Тажибек Мусаев. 

Ҳозирги кунда Туркистонда кенг қамровли ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик, тарихий обидалар, ёдгорлик ва қадамжоларни таъмирлаш, шаҳарнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш ишлари режали равишда олиб бориляпти. Шаҳар катта бир бунёдкорлик майдонини эслатади.

Қозоғистон харитасидаги 13-ҳудуднинг келажаги порлоқ, чунки унинг тараққиётини Элбоши ўз назоратига олган. Давлат раҳбарининг топшириқларини бажариш мақсадида ҚР Бош вазирининг биринчи ўринбосари А. Мамин раислигида Туркистон шаҳрини туркий оламнинг маданий ва маънавий маркази сифатида ривожлантиришга таъсир кўрсатадиган Бош режасини ҳозирлаш билан шуғулланувчи Ҳукумат комиссияси тузилди. 

Мазкур тарихий шаҳар Элбошининг топшириғига мувофиқ, Қозоғистоннинг маънавий маркази йўналишида ривожлантирилади. Туркистонда қуриладиган уйлар осмонўпар бўлмайди. Сабаби, улар Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасининг баландлигидан ошмаслиги керак. Ҳамма томондан мақбара кўриниб туриши лозим. Шунингдек, бошпаналар Марказий Осиё услубида, яъни қадимий давр меъморий шаклида қурилиши лозим. Шунда элимиздаги, ҳеч бўлмаса, битта шаҳар бетакрор қиёфада қад кўтаради.

Туркистон шаҳрини сайёҳлар учун қулай ҳудудга айлантириш мақсадида бу ерда янги аэропорт, темирйўл, автовокзал ҳамда меҳмонхоналар, овқатланиш мажмуалари барпо этилади.

Шаҳарда Х. А. Яссавийга тегишли қимматбаҳо буюмларнинг кўплиги сабабли махсус Яссавий музейини бунёд этиш режаланган.

Шунингдек, Элбоши топшириғига кўра, республиканинг ҳар бир вилояти Туркистон шаҳрига биттадан бино қуриб, туҳфа қилади. Чунончи, Астана шаҳри ҳокими А. Исекешов “Астана” истироҳат боғини қуриб беришни таклиф қилган.

Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин Туркистон вилоятининг маркази – Туркистон шаҳрига хизмат сафари билан келиб, унинг ҳудудини ривожлантириш истиқболлари бўйича комиссиянинг биринчи мажлисида қатнашди.

Янгидан ишланган ва Элбоши шахсан тасдиқлаган Бош режага мувофиқ, шаҳар майдони 35 минг гектарга кенгайган. Туркистон шаҳрининг шарқий қисмида янги шаҳарча бунёд этиш учун 670 гектар ер ажратилган. Унинг 170 гектарида маъмурий-тадбиркорлик маркази қурилса, 300 гектарида кўп қаватли уйлар қад кўтаради. Мазкур шаҳарчада 65 мингга яқин одам истиқомат қилади. Режада инфратузилма тизимлари ва транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш ҳам кўзда тутилган.

“Кўҳна Туркистон” лойиҳаси ҳам эътиборга лойиқ. Унда Х. А. Яссавий мақбараси атрофидаги қўрғонларни реконструкция қилиш кўзланган. Умуман олганда, “Кўҳна Туркистон” лойиҳасининг ғоявий ташаббусини амалга оширишнинг иккита варианти тавсия қилинмоқда. Биринчиси, “Турксой” ташкилотига аъзо давлатларнинг маданий ўчоқларини айнан тарихий қиёфада, ўзига хос меъморий услубда гавдалантириш бўлса, иккинчиси, туркийзабон мамлакатлар томонидан сармоя жалб этиш масаласи назарда тутилган.

Шаҳарга ҚР Бош вазири Бақитжан Сағинтаев ва ҚР Президенти маъмурияти раҳбари Адилбек Жақсибеков ҳам хизмат сафари билан келиб, янгидан ташкил этилган Туркистон вилояти маслаҳати сессиясида қатнашдилар. 

Мажлис давомида Бош вазир 

Б. Сағинтаев Туркистон вилояти ҳокими лавозимига Жансейит Қансейитули Туймебаевни тайинлаш ҳақидаги таклифи ёзилган Давлат раҳбарининг вилоят маслаҳати депутатларига йўллаган мактубини ўқиб берди. Овоз бериш якунига кўра депутатлар Президент тавсия қилган номзодни бир овоздан қўлладилар. 

– Туркистон кўп асрлар бўйи нафақат Марказий Осиё, шунингдек, бутун туркий олам сиёсий ва маънавий ҳаётининг маркази бўлди. Давлат раҳбарининг муқаддас Туркистонни вилоят маркази сифатида белгилаш ҳақидаги қарори минтақани янада ривожлантиришга имкон беради. У маҳаллий халқнинг турмушини яхшилашга, шу билан бирга, бутун минтақанинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади, – деди Б. Сағинтаев.

Туркистоннинг вилоят марказига айлантирилиши – Мустақилликнинг, барқарорлик ва тинчликнинг меваси. Вақти келиб, Туркистон ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ютуқлари, заҳматкаш ва меҳмондўст одамлари, билимли йигит-қизлари билан тилларда достон бўлишига ишончимиз комил.

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2018-12-04, 09:41 845
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.