26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тилло сандиқ очилди-ё...

Бизнинг маълумот: Абдураззоқ Шокиров 1934 йилда Шимкент шаҳрида туғилган. 

1958 йилдан то нафақага чиққунга қадар Улуғбек номидаги 3-сонли, 42-сонли умумий мактабларда чизмачилик ва технология фанларидан дарс берган, директорнинг тарбиявий ишлар бўйича муовини бўлган. 

Умр йўлдоши Асолат ая билан уч қиз, бир ўғилни тарбиялаб, ўстиришган. Айни пайтда 13 набира ва 15 эваранинг бува ва бувижонлари. Икки қизи: Феруза ва Дилфуза ота касбини давом эттириб, мактабда устозлик қилишмоқда. Ўғли Собиржон – тадбиркор. Кичик қизи Шаҳло – тикувчи.

Қишлоқдан энди кўчиб келган пайтларимиз. Ён қўшнимизнинг уйидан “тақ-туқ”, “тақ-туқ” деган товушлар эшитилиб турарди. 

– Ойи, улар нима иш қилади? – дедим шу томонга ишора қилиб.

– Уй эгаси мактабда чизмачилик фанидан дарс беради, бўш вақтларида сандиқ ясайди. Бу устоз-устани маҳаллада ҳамма Муллака деб чақиришади – дея жавоб берди онам. 

Ўшанда олий маълумотли ўқитувчи ҳам сандиқчилик қиладими, деб ҳайрон бўлгандим.

Орадан йиллар ўтди. Таҳририятга ишга жойлашгач, ана шу кўҳна касбни эъзозлаб келаётган меҳрибон муаллимим, моҳир сандиқсоз, Мулла акам – Абдураззоқ Шокиров ҳақида мақола тайёрлашни дилимга тугиб қўйган эдим.

Мавриди энди келди. Устозни мулоқотга чорладим.

– Мулла ака, мактабда ёшларга сабоқ беришдан ташқари уйда сандиқчилик қилиш оғирмасми?

– Болалигим Улуғ Ватан уруши даврига тўғри келди. Отам урушнинг дастлабки кунларидаёқ Ватан ҳимоясига отланганди. Онам уч бола билан қолди. Кичкина бўлишимга қарамай онамга ёрдамлашардим. Колхозда машоқ тердик, катталар билан бирга пахта чопиқ қилдик. Қанча кўп ишласак, уруш шунчалик тез тугайди, дейишарди бизга. Шу боисданми, ҳаётимда ҳеч қачон меҳнатдан, қийинчиликдан қўрқмаганман. 

– Сандиқ ясашни кимдан ўргангансиз? 

– Улғайиб, турмуш қургач, оилада бирин-кетин фарзандлар туғилди. Эркак киши бир маошга қараб ўтиролмас экан. Тоғамнинг маслаҳати билан сандиқ ясашга киришдим. Политехника институтини тамомлаб, чизмачилик соҳасини яхши ўзлаштирганим сабабли бу иш жараёни менга осон кечди. 

– Сандиқ ўзи қачон пайдо бўлган? 

– Қадим аждодларимиз кийим-кечак, идиш-товоқ ва қимматбаҳо буюмларини бирорта жойда сақлаши керак бўлган. Айниқса, сафарларда, бир жойдан иккинчи жойга кўчишда сандиқ жуда асқотган. Ҳозирги кунда унинг бир неча вариантлари бор. Шкаф, сейф, чемодан. Аммо булар бир ярим-икки аср муқаддамгина пайдо бўлган. Бунга қадар уларнинг ўрнини сандиқ босган. 

Сандиқнинг келиб чиқиш тарихига келадиган бўлсак, у эрамиздан аввалги неолит даврида пайдо бўлган экан. Ундан, даставвал қадимги мисрликлар фойдаланишган. Сўнг Юнонистон, Рим ҳамда ўрта асрларга келиб дунёнинг ярмига, Европа ва Осиёга тарқалган. Сандиқнинг тузилиши, бичими ва нақшлари мукаммаллашиб, ҳар бир миллат уни ўз тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатларига мослаштириб борди. Бугунги кунда ўзбек сандиқлари ҳам ўзининг бетакрор услубига, шаклига ва нақшларига эга. Масалан, бўй етган қизларнинг сарполари солинадиган сандиққа асосан иккита Оққуш расми ишланади. Бўёқлар ҳам очиқ рангда бўлиб, "Бахтли бўлинг" деб ёзиб қўйилади. Оққушдан ташқари Товус, шохда қўниб турган булбул ва гул расмини ҳам чизиш мумкин. Аслида ушбу жуфт қушларнинг тимсолида ёшларга бахт, омад ва чиройли ҳаёт кечириш рамзи ифодаланади. 

– Демак, сандиқ фақат янги келин-куёвларга мўлжалланган эканда?

– Йўғ-е, илгарилари суннат тўйларида ҳам сандиққа буюртма бериларди. Унга тўй болага атаб олинган кийим-кечак солиниб, момолар тиккан бахмал, атлас ва чит кўрпа-кўрпачалар сандиқ устига тахлаб қўйиларди. Хатна қилинган боланинг онаси шу кўрпа-кўрпачаларидан бўй етган қизлар сарпосига иккита-иккитадан қўшарди. Бунинг маъноси: қизининг ҳам бахтли турмуш қуриб, ўзининг фарзанди каби паҳловон ўғиллар дунёга келтиришини ният қиларди. 

– Умрингизнинг ўттиз йилдан кўпроғини мактабга бағишлагансиз, ҳозирги таълим-тарбиядан кўнглингиз тўладими?

– Бизнинг давримизда ўқитувчининг дарс бериши, мавзуни ёритиб, ўқувчиларга тушунтириши бош мақсад эди. Кўргазмали қуролларни, байрамларга бағишланган деворий газеталарни ўқувчиларнинг ўзлари тайёрлашарди. Ҳозирги кунда буларнинг ҳаммаси тайёр баннерларда акс эттирилади. Устоз зиммасидаги мажбурият анча катта, болалар эса тайёр нарсани ҳазм қилолмаяпти, бирмунча ялқовлашиб кетишган. Устига-устак компьютер, ноутбук, планшет, телефондаги турли тармоқлар болаларни китоб ўқишдан, ижодий машқлардан, спорт билан шуғулланишдан бирмунча чалғитиб қўйяпти, деб ўйлайман.

– Суҳбат учун раҳмат!

Саодат МЎМИНБОЙ қизи, 2018-12-06, 09:28 750
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.