26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қариндошлар ўртасидаги никоҳ

ёхуд Тақиқланган ширин меванинг аччиқ данаклари

Инсоният наслини давом эттирувчи омиллардан бири, бу – соғлом авлоддир. Соғлом авлод – юрт бойлиги. Соғлом бола туғилиши учун, энг аввало, ота-она соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшаши керак. Мозийга назар солсак, XI асрда яшаб, ижод қилган машҳур мутафаккир Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг “Қутадғу билиг” асарида оиланинг шаклланиши ва мустаҳкамланишида эр-хотин муносабатларига алоҳида эътибор беради. 

Оила, деб уқтиради Юсуф Хос Ҳожиб, инсон зиммасига қатор ижтимоий ва ахлоқий вазифаларни юклайди, уларни бажариш эр-хотиннинг бурчидир”. Мутафаккир оила қуришда куёв-қайлиқларнинг насл-насабига эътибор бериш керак дер экан, бу нарса авлодлар қонининг покизалиги ва софлигига, соғлом фарзандларнинг дунёга келишига ишора эканлигини уқтиради.

Соҳибқирон Амир Темур ҳам ўғилларини уйлантиришдан олдин қизнинг насл-насабига алоҳида эътибор берган. У ўзининг «Темур тузуклари» асарида шундай ёзади: «Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насаби, етти пуштини суриштирдим...»

Қарияларимиз: “Ҳозирги ёшлар нозик, оғир меҳнат қилмаган, суяги қотмаган, бунинг устига, улардан туғилаётган чақалоқлар ҳам касал, ногирон, ярим жон бўлиб туғилади”, дейишади. Баъзилар эса болаларнинг касал бўлиб туғилишида ҳозирги экологияни, ривожланиб бораётган замонавий технологиялар даврини айбдор деб билишади. Тўғри, балки уларнинг гапида ҳам жон бордир, лекин муаммонинг бошқа томонини ҳам ўрганиб чиқсак. Бу – қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласи. Балки бировларга бундай никоҳлар одатий ҳолдек туюлар. Лекин мутахассислар фикрига қараганда, бегона эркак ва аёл ўртасидаги никоҳга қараганда қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болалар кўпроқ ақлан заиф, ногирон бўларкан. Бунга нима дейсиз?

Абдуқодир МАМЕДОВ, Шимкент шаҳридаги “Исомиддин бобо” масжидининг ноиб имоми:

– Авваламбор, никоҳнинг муқаддаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Динимизда яқин қариндошлар ўртасида оила қуриш қатъиян тақиқланади. Уларнинг никоҳлари буюрилмайди, яъни, бир онани эмган эмикдошлар, ака-ука, опа-сингил, эгизакларнинг ўзаро қудачилик қилишлари мумкин эмаслиги баён этилган. 

Бинобарин, қадимдан қариндошлар ўртасида қиз олиш, бериш борлиги рост. Бу никоҳдан ногирон фарзандлар туғилиши ҳам мумкин. Баъзан фарзандлар бенуқсон туғилади. Шундай ҳолларда одамлар: «Мана, қариндошга қуда бўлган эдим. Ҳеч нарса бўлмади-ку», дейишади. Бу нотўғри. Чунки биринчи авлод соғлом бўлса, бу ҳолат иккинчи авлодда кузатилиши мумкин.

Нисо сурасининг 23-оятида: “Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди”, дейилган.

Шунингдек, опа-сингиллар оталари бошқа, онаси бир бўлса, шариат бўйича уларнинг фарзандлари орасидаги никоҳнинг зарари йўқ. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадисида "қариндошлардан олмай, бегоналардан олинглар, қариндошлар кўпаяди", деган. 

Ҳабиба АБДУРАЗЗОҚОВА, блогер:

– Ногиронлар уйларида бўлганмисиз? У ердаги майиб-мажруҳ гўдакларни кўриб қалбингиз ларзага тушганми? Икки қўли йўқ чақалоқ, олти ёшга кирса ҳам хумдай бошини тутолмаётган болакайга, ўзи ширингина, лекин бир қўли, бир оёғи орқа томонида жонсиз осилиб турган қизалоққа ич-ичингиздан ачиниб қараганмисиз? Бу ногирон гўдаклар айрим қариндошларнинг «Қўйнидан тўкилса, қўнжига» қабилида иш тутиб, бир-бири билан қудачилик қилганларининг аянчли оқибати эканлигини биласизми?

Назгул БАЛХИБЕКОВА, вилоят перинаталь маркази тиббий генетика бўлими мудираси:

– Ирсият қонунларига кўра, баъзи ирсий, руҳий касалликлар келгуси авлодда такрорланиши мумкин. Олимларнинг аниқлашича, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болаларда ирсий хасталиклар уйғониш эҳтимоли катта. Ногиронликнинг бир неча тури ҳам айнан яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли пайдо бўлади. Оилада тиббий маданиятни ошириш, она ва бола соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни комил инсон қилиб тарбиялаш жамиятимизнинг устувор вазифаларидан бири. Насл бенуқсонлиги ҳақида қайғурган одам қариндошдан қиз олмайди ва уларга қиз бермайди. 

Афсуски, қариндошлар ўртасидаги қуда-андачиликларга кўп маротаба гувоҳ бўляпмиз. Бу эса наслнинг бузилишига олиб келади. Шундай экан, биз етти отасини суриштирмай туриб қиз бериб, қиз олмайдиган қозоқ қардошларимиздан ўрнак олсак, мақсадга мувофиқ бўлармиди? Бунга сиз нима дейсиз?

***

Тоға-жиян суҳбати:

– Жиян, набирамнинг сенда кўнгли бор экан. Тўйингларни қилсак, нима дейсан?

– Тоға, нималар деяпсиз, ахир у менга сингил бўладику!

– Нима қилибди синглинг бўлса, қариндошлар яна ҳам яқинлашардик-да.

Бу ҳам катталарнинг ўзлари билмаган ҳолда қилаётган хатоси.

***

Яна бир воқеа: бир куни таксида ёнимга эр-хотин ёш боласи билан ўтирди. Бола икки кўзининг рангги икки хил экани аниқ кўриниб турарди. Савол назари билан қараган эдим, боланинг онаси дарров тушунди, сабабини қариндошлар ўртасидаги никоҳдан деб ўйлаётган экан.

М. ЭЛТОЕВА., 2018-12-10, 09:54 186
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.