26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
“Камтарликни кореяликлардан ўрганайлик”

Юртимизга таниқли санъаткор Ҳ. Қулабдуллаев кўпгина хайрли тад­бир­ларга бош-қош бўляпти. Навбатдаги шундай тадбирлардан бири 2-сонли Тўлебий болалар уйи тарбияланувчилари учун Шимкентнинг Тўғис даҳасидаги “Paris” тўйхонасида уюштирилди. Тўкин дастурхон атрофида концерт дастурини томоша қилаётган болалар учун кутилмаган совғалар билан бирга дастурхоннинг шоҳона ширинлиги – байрам торти олиб кирилди. 

Ҳозиргина саҳнада шўх қўшиқлар куйлаб, болаларга мусиқий сало­мини йўллаган Ферузахон исмли хонанда бир вақт ошхонага саҳна ки­йи­­мида кирдию, тезда тортларга безак бера бошлади. Кейинроқ бу аёл­ни ажойиб пишириқлари билан халқимизни хурсанд қилиб келаётган та­ниқ­ли қандолатчи ҳамда мана шу тадбирнинг ҳомийларидан бири деб та­ништиришди. Ҳам қандолатчи, ҳам  хонанда, хулласи калом замонавий аёл ўзида жам этиши керак бўлган ижобий фазилатлар соҳибаси Феруза опа Басуова билан саховат кечасида ана шундай танишдик. Имкон туғилиши билан  газетага суҳбат беришга келишиб ҳам олдик.

Байрамлар арафасида буюртмалари кўп бўлишига қарамай қаҳрамоним билан унинг корхонасида учрашишга муваффақ бўлдим.– Феруза опа, нега айнан қандолат­­­­чи­ликни танладингиз?

– 4-синфда ўқиётган чоғимдаёқ энг се­­вимли фан меҳнат дарси эди. Унда ўр­ган­­­­­ганларим – қуймоқ, “Зебра” пироги, ичи­­­­­­­­­­га қуюлтирилган сут тўлдирилган ёнғоқ шак­­­­­лидаги печеньени уйга тезроқ етиб, пишириш орзусида ўтказган қизалоқдан, ал­­батта, қандолатчи чиқадида, – дейди  ку­­либ Феруза опа. – Оиламиз ўзига тўқ эди, онам новвойхонада ишлайди, отам уй жи­ҳозларини ишлаб чиқарадиган ҳу­нар­манд. Уйимизда пишириқлар учун керакли маҳ­­­­­­­­­­­­­­­­­сулотлар доим тайёр, зарур асбоб-ан­­­­жомларнинг ҳаммаси бор эди. Шундай бўл­гач, ширинликларни бор меҳ­римни бериб тай­ёрлашга ҳаракат қилардим. Хамир билан дўст бўлганим учунми, хамир ҳам мени яхши кўр­ди (кулади). 

Суҳбатдошим Ленгердаги 3-сонли мак­табни тамомлагач, Шимкентдаги 9-сонли ҳунар-техника билим юртига ўқишга кириб, карамель қайнатувчилар бўлимини тамомлайди. Қўстанай қандолатчилик фаб­рикасида амалиётини ўтайди. Оила қуради, умр йўлдоши билан 3 ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказишади. Мустақилликнинг дастлабки йиллари осон кечмади. Мактаб ошхоналарини ишга тушириб, ўқувчиларни сифатли иссиқ овқат билан таъминлаш йўлга қўйилди. Ана ўшанда ижарага олган ошхоналарини таъмирлаб, пардозлашди. Дид билан бе­за­тилган ошхонада тайёрланган таом иш­­­­та­ҳа билан тановул қилинади, де­­­ган ус­тоз­ларининг ўгитларига қатъий амал қилди. У йилларда ҳозиргидек таъмир­ланган, за­монавий ускуналар билан жи­ҳозланган мак­таб ошхоналари фақат орзу эди, холос. Ўз корхонасини очиш ния­ти қатъийлашди. Ўзи ҳам малакали му­тахассис даражасига етди. Кўникмалари ҳамда тажрибасини ошириш, зарур даст­гоҳларни келтириш учун Кореяга отланди.

– Уч йил мобайнида Кореяда ҳамкасб­ларимдан иш ўргандим, ҳам улар билан бир­га ишлаб, даромад орттирдим. Корхонам учун зарур  жиҳозлар харид қилдим, бир қис­мини Хитойдан келтирдик.

– Улардан нималарни ўргандингиз? Уларда маҳсулотлар сифати  қандай?

– Корейслардан биринчи навбатда кам­тарликни ўргандим! Ҳа, ҳа камтарликни, – такрорлади суҳбатдошим. – У ёқда ҳам ош­хона, тамаддихоналар, қандолатчилик кор­хоналарида ишладим. Мижозлар кўп, ай­ниқса, одам гавжум пайтларда қўлинг қў­лингга тегмайди. Тушлик вақтимиз эса, та­биийки, кечикади. Ходимлари банд­лигини кўр­ган мамлакатдаги таниқли тамадди­хо­налар тармоғи миллиардер раҳбарининг олдимга келиб, ҳол-аҳволимни сўраб, ис­сиқ қаҳва қўйиб кетиши, одатий ҳол, раҳ­­бар хонадаги чангни суртиб юбориш, тоза­­­­­­­­­­­­­­лашдан ҳам ор қилмайди. Бундай ҳо­лат­ни талай марта кўрганман. Юриш-ту­ри­ши, яшашида камтарлик сезилиб тур­ган раҳбаримиздан кўп яхшилик кўрдим. Ма­ош олган кунимиз, ўз ҳисобидан бизни рес­то­­­­­­­ранга олиб борар, бу ҳатто анъанага ай­­­­­­­­­­ланганди. Бизда-чи?.. Ҳамёнимиз сал қап­­­­­­­­пайса юриш, туришимиз у ёқда турсин, дунё­­­қарашимиз ҳам ўзгариб кетади. Гўё умр­бод давлатманд бўлиб қоладигандек атро­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­фимиздагиларни танимай кетамиз. 

Нафақат даромад олишни, балки хайр-саховат қилишни ҳам билайлик. Шундагина Яратгандан  эзгулик учун  савоблар оламиз.  Иш услуби, маҳсулотларига келсак, улар­даги озиқ-овқатларнинг витаминлар билан бойитилганлиги менга ёқди. Юқори навли ундан тайёрланган пишириқлар ҳам ма­зали, ҳам кўзни қувонтиради. Бизда удум бўлган "chicken", яъни товуқни териси билан куврак қилиб қовуришни ҳам улардан ўр­гандим. Одамлар доимо иш билан банд бўлганлиги боис, тамаддихоналар, аксари ҳолларда тез еб кетишга  мўлжалланган егуликларни тавсия этишади.

– Кореядан ўрганиб келганларингизни амалга жорий этдингизми?

– 2013 йил Тўлебий тумани Дўстиқ аҳо­ли манзилида “Ханшайим Есфирь” хусусий кор­хонасини очдик. Оилавий қандолатчилик цехи фаолиятини йўлга қўйдик. Халқи­миз­нинг қувончли кунларида доим хизмат­­да­­­­миз. Турли пишириқлар, шоҳона торт­лар, шакароблар, балиқ, товуқларни қо­ву­риб, тўй дастурхонларини безаймиз. Мижозларимиз дидига қараб, меваларга бадиий безак бе­рамиз. Фақат ширин таом тайёрлаш эмас, уни дастурхонга бежирим қилиб қў­йиш ҳам пазандалик санъатининг муҳим қирра­ла­ридан бири. 

– Хайрли тадбирларда фаоллик кўр­сатиб келмоқдасиз. Ҳам ширин­лик­ла­рингиз, ҳам қўшиқларингиз билан “Соҳир овоз қандолатчи” номини ол­гансиз. Кел­гусида нималарни режа­лаяпсиз?

– Кичик бўлсада, жамоам хайрли иш­ларга бош-қош бўлишмоқда. “Paris” тўйхонаси қошидаги тамаддихонани ижа­рага олиб, иш юритяпмиз, байрамлар, оилавий тад­бирларга буюртмалар қабул қиляпмиз. Кор­хонамизда 10 киши доимий иш билан банд. Ўтган йил мен учун баракали келди, келинлик бўлдим. Элнора ҳам  корхонамизда ишга киришиб кетди. «Бизнес леди Казахс­тан» ҳамжамияти уюштирган «Леди очаро­вание» номи­нациясида ғолиб бўлдим. Шо­­­­­ҳона тортни ҳакамлар эътиборига ҳавола қилдим. 

Ҳамюртларимизга сифатли ҳамда за­мон талабларига жавоб берадиган маҳ­сулотларни таклиф этишимиз керак. Зе­ро, рақобатбардош маҳсулотларгина ха­­­­­­­­­­­­­­­­ри­дор­гир бўлади. Яқинда эса қўзини бу­­­­­­­­­­­­­­­­­­тун ҳолида пишириш бўйича ма­ҳо­­­рат са­­­­­боғини ўтдим, ўйлайманки, ми­жоз­­­­­­­­­­­­­ла­­ри­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­мизни яна бир янги таом би­лан қувон­­ти­рамиз. Корхонамизни кен­гай­тириб, иш­сиз ҳамюртларимни иш би­­лан таъмин­ла­сам, уларнинг оилалари фа­ровонлигига ҳиссамни қўшсам, дейман.

– Тадбиркорликни бошлаётган ёшларга қандай тилакларингиз бор?

 – Мақсадни аниқ белгилаб олиш керак. Ҳеч бир лойиҳа, ҳар қанча уринманг, тез­да даромад келтирмайди. Тақдиримда шун­дай кунлар бўлганки, оёғимга пийма кийиб, тузланган карам сотганман, ижара уйда яшаб, фарзандларни вояга етказдим. Бир тў­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­сиқдан ошиб ўтдим, бўлди, деб ўй­ламанг. Ҳа­ёт тўсиқлардан иборат. Тў­сиқлардан ошиб ўтиш учун кетган вақтни умр дейдилар. Пу­­лингизни йўқотсангиз, ачинманг. Изланиш, саъй-ҳаракат, шижоат, энг муҳими, эзгуликка чоғ­ланган ният баракани чорлайверади. Уму­ман олганда отган ҳар бир  тонг шижоат кўр­сатиш учун имконият.

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

Мунира ЖАМОЛИДДИН қизи суҳбатлашди, 2018-12-10, 10:01 202
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.