26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Абулқосим устани хотирлаб

Таҳририятдаги журналистлар турли даражадаги мажлисларда қатнашиб, уни халққа тўлақонли етказиб беришдан ташқари, таржималар билан ҳам мунатазам шуғулланади. Мухбирлар ҳаётидаги қизиқарли ишлардан бири – режа тузиб, шу асосда ишлаш. Негаки, режа биринчидан раҳбарият томонидан “элак”дан ўтказилиб, шундан кейингина расмий тус олади. Унда сиз жойларга чиқиб, жонли мулоқот қиласиз. Таҳририятда диққинафас бўлиб кетган мухбирларга одамлар орасида ишлаш жуда ёқишини ўзларидан сўраб билишингиз ҳам мумкин. Хуллас, ноябрь ойи режасида Сайрамнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган Абулқосим уста ҳақида мақола ёзиш белгиланган эди. Тўғрисини айтишим керак, унгача уста ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим. У яшаган хонадонда бир аср аввал қурилган уйнинг асл ҳолида сақланиб қолгани мени ёзишга ундади. 

Ахийри Сайрамдаги Мингўрик даҳасидан эски уйни топишга муваффақ бўлдим. 

Хуллас, кўҳна уйнинг “гавдаси анча букилиб қолибди”. Бироқ оддий уйнинг бир аср хонадон эгаларига хизмат қилгани, “тўрт девор” ичида қанчадан-қанча яхши ва ёмон воқеаларга гувоҳ бўлгани ҳам, муштипар онадек мунғайиб қолгани ҳам қизиқишимни асло сусайтира олмади.

Хонадон эшигини тақиллатганимда, Абулқосим устанинг набираси Муроджон пешвоз чиқиб, уй тасавурларимни тасдиқлади, ўтган йили унинг бир қисмини бузишга мажбур бўлганликларини айтди. Келаси йил бутунлай бузишлари мумкинлигига ишора қилганида, зап вақтида келганлигимдан қувониб кетдим. 

Бобосининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўлиқроқ маълумотни дадаси – Эшмуҳаммад Абулқосим ўғлидан олдим. Эшмуҳаммад ота билан суҳбатимиз анча вақтга чўзилди. 

– Отам ёшлик даврида Сайрамда кўзга кўринган, катта уста бўлган экан. Дадам колхозда арава ясаб, хўжаликнинг оёққа туришида катта хизмат қилган. У пайтда техника йўқ, барча ишлар можор (арава)да бажарилган. Шунинг учун қишлоқ кенгашидагилар адамни урушдан “брон” билан олиб қолишган экан. У 1931 йилдан 1942 йилгача қишлоқ кенгашида котиб ҳам бўлган. Чунки, хат-саводи бўлган, араб тилини ҳам яхши биларди, қорилигини ҳам алоҳида айтган бўлардим. Одамларнинг айтишича, унинг котиблиги қишлоғимиздаги бой-бадавлат одамларнинг, кўп оилаларнинг бахти бутлигини сақлаб қолган. У бир кун аввал НКВД “нигоҳи тушган” хонадонга бориб, шу бугуноқ қочиб кетишни маслаҳат берар экан. НКВДчилар ким сотганини билса, ким бўлишидан қатъиназар, уни тирик қўймасликларини билса ҳам, ўз ишидан мамнун, “сотиш”ни давом эттираверган экан. Адам бизга бу ҳақда лом-мим демаган, ҳатто ойим ҳам бундан бехабар бўлган. Орадан ўнлаб йиллар ўтиб, ҳамқишлоқларнинг уйимизга келиб раҳматларини айтиши падари бузрукворимга меҳримни юз чандон оширганини фахр билан эсга оламан. 

Қори бўлган, дедим, арабча китобларни беркитиб, беш вақт намозиниям яширинча ўқиб юрган. 

Калинин номли мактабнинг кираверишдаги эшигини, колхоз идораси эшигини адам ишлаб берган. Саккизта устун ҳам ясаб берганди идорага. Улардан биттаси Сайрам музейида турган бўлиши керак. У пайтда ёғоч тиладиган арра (плорама) бўлмаган, тутларни кесиб, иссиқ сувда эгиб, турли шаклларга келтиришган. 

1950 йилгача солиқларни тўлаш жуда қийин эди. Ейишга қаттиқ нонлари ҳам бўлмай қоларкан. Сталин вафотидан кейин аҳвол яхшиланиб борган экан. Лекин Хрушчёв даврида ҳам сиёсат яхши бўлмаган. Иккита моли борлар биттасини беркитиб сўйиб ейишган экан. У пайтда битта мол, иккита қўй боқишга рухсат берилганди-да. Қўрқиб, сиёсатга қарши бормаганмиз, деб эсларди адам. 

Уйда биз уста ишлатмаганмиз. Қурилишнинг барча юмушларини ўзимиз бажарганмиз. Қизларим ҳам ғишт тера олади. Бойтеша чопишни, бошқа ишларни адамнинг ёнида юриб ўрганганмиз. Кўп йиллар темирчилик билан ҳам шуғулланганман. Бу ҳунарларнинг ҳаммаси адамдан бизга мерос бўлиб қолган, деб ҳисоблайман. 

Балогардон бобнинг ёнида катта масжид бўларди. Адам, Эшхўжа ва Ниёзали усталар бошчилигида ана шу масжидни икки қават қилишибди. Бу 1966 йиллар эди. Деворини Эшхўжа ака кўтарган, адам эса ёғоч ишларини бажарган. Бир жойлардан тут, қайрағочлар олиб келишиб, одамларга ёмғир-қорда бемалол намоз ўқишларига шароит яратиб беришган. Сувоғидан эса Ниёзали ака чиқарган. У лойни бир ҳафта пишитиб, ойнадек суварди. Шундан кейин отамнинг бошида қора кунлар пайдо бўлди. Қишлоқ кенгашидагилар уч устани “халқ душмани”, деб таъқиб қилишган. Партия уларга кўп чоралар кўрган, бир куни обкомга чақирса, эртаси райкомда пўстагини қоқишарди. Ойим нима учун шу ишларга аралашиб қолдингиз, деса, халқим учун қилдим-ку ахир, дерди. Сиёсат ёмон бўлгани учун менга араб тилини ўргатмади. Қанча хархаша қилмай, адам рўйхушлик бермаган. Бечора отам мени қамаб қўйишларидан қўрққан экан ўшанда. Хуллас, масжиднинг иккинчи қавати бузиб ташланди. Шунда адам кўзига ёш олиб, бундай ишларга аралашмасликка сўз берганди. Жума намозини ҳам уйда ўқиб юрарди. Ўша пайтда жуда кўп қорилар бўлган экан Сайрамда, лекин сиёсат оқибатида “тилини тийиб” юришган экан.

     КИТОБ УЧУН КЎЗ ЁШ 

12 ёшда эдим чамамда, адам Лангар бобо қабристонига олиб чиқди. У ёқдан бу ёққа юриб, қайта-қайта ўлчаб, ковлашимни буюрди. Икки метрча ковладим, ҳеч нарса чиқмади. Нарироғини ковлашимни айтди, ахийри белкурагим бир нимага тиқ этиб тегди. Катта бир сандиқ чиқди. Унинг усти, ҳатто ошиқ-мошиқлари чириб кетган эди. Қулфига қўлини теккизган ҳам эдики, у тўкилиб тушди. Адам китобларим бешикаст турган экан, деб хурсанд бўлиб кетди. Бир китобни қўлига оламан деганди уқаланиб кетди. Кўриниши яхши бўлгани билан қипиққа айланиб қолган экан. Адам шунда росмана йиғлаганди. Бу китобни бировнинг уйини қуриб, пулига олгандим, мана бунисини бир сигирнинг пулига сотиб олгандим, мана буниси эса 20 бош қўйнинг пулига тенг эди, деб хўрсиниб йиғлаганида, 12 ёшли бола эмасманми, қандай юпатишни билмай қолган эдим. Ана шундан кейин адам анча чўкиб қолди.

ОМОНАТГА САДОҚАТ

1978 йилнинг 12 март куни эди. Адам 92 ёшда бўлишига қарамай, буюртмага эшик ишлаётган эди. Унда ҳамма ишлар қўлда бажарилар эди. Адам менга уйдаги китобларни одамларга тарқатиб беришимни айтди. Уларнинг ўзи қандай китоблигини айтишади, сен араб тилини билмайсан, шунинг учун уларни фойдаси тегадиганларга берасан, фақат Қуръони Каримни олиб қоласан, деди. Қарзларини ҳам бирма-бир санаб ўтди. Агар ўлсам, барини қайтарасан, деди. Шу пайтда англамаган эканман, адам менга васият қилган экан. Адам ўзи айтганидек, 13 март куни вафот этди.

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ, 2018-12-11, 16:14 208
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.