26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Маслаҳатли тўй – тарқамас

Ҳар бир инсон фарзандимга тўй қилсам, ўғил уйлантирсам, қиз узатсам, набираларни хатна қилиб, эл-юртга ош берсам, деб ниятланади. Дарҳақиқат, тўй – халқимизнинг маънавиятини, қадриятини яққол ифодалаб берадиган удумларимиздан бири. Бу мавзуга ўтмишда ҳам, ҳозирги кунда ҳам жиддий эътибор берилаётгани бежиз эмас. Жойларда тўйларни исрофсиз, ортиқча дабдаба ва ҳашамсиз ўтказиш борасида самарали ишлар юритилмоқда.

Шимкент шаҳар Енбекши туманининг Қоратепа даҳасига қарашли Абдуллаобод, Бодом, Турдиобод мавзеларида бу борада олиб борилаётган ишларни ибрат қилиб кўрсатсак арзийди. Ушбу ҳудудда жамоатчилик асосида бажарилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Қоратепа даҳаси ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Абдумутал Исроилов, хотин-қизлар қўмитаси раисаси Лазокат Алҳамшиқова, ота-оналар қўмитаси раиси Абдураҳим Абдурашидов иштирокида уюштирилган суҳбат ана шу долзарб мавзуга бағишланди.

А. Исроилов: “Жанубий Қозоғистон” газетасида тўйлар мавзусига оид бир қанча мақолалар эълон қилинди. “Тўёна қарзми?”, “Қариялар уйидан хат”, “Тўйга чақириш маданияти” каби мақолаларда кўпчиликнинг кўнглидаги, жуда яхши гаплар айтилган. Юртдошларимиз уларни ўқиб, мулоҳаза юритиб, тўғри хулоса чиқаришяпти. Аммо ибратга арзигулик ишлар билан бир қаторда камчиликларимиз ҳам бор. 

Шу кунгача аҳоли орасида олиб борилган тадбирларга тўхталмоқчиман. “Бир пиёла чой устида суҳбат”, “Қизларга насиҳат”, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” каби мавзуларда учрашув, суҳбат, мунозаралар ўтказилди, маҳаллаларда хотин-қизлар қўмиталари раисаларини сайладик. Асосий эътибор қизларнинг турмушга нечоғлик тайёрлигига қаратилди. Бунда келиннинг ўз вазифасини тўлақонли бажара олмаётганлиги ҳақида гап бўлди. Ёки, йигитлар оила бошқаришга тайёрми, йўқми? 

Кўп жойда “Куёв салом”, “Куёв сотди” қабилидаги миллатимизга ёт удумларга чек қўйилди. Маъракаларда шахсан ўзимга: “Эшитяпмиз, хайрли ишларни бошлабсиз, бошқаларга ҳам намуна бўлинглар”, деб мурожаат қилишяпти. Демак, интилишимиз беҳуда кетмади, бинобарин, улар ўз натижасини беряпти. Бу масалалар кўпчилик билан, жамоатчлик иштирокида ҳал этилиши керак. 

А. АБДУРАШИДОВ: Тўйлардаги кераксиз ва ёт удумларни тўхтатадиганлар ота-оналардир. Ҳа, баъзи аёллар фарзандининг ёнини олиб: “Болам улфатлари орасида уялиб юрмасин”, дейди. Бундайларнинг ўз боласига сўзи ўтмайди. Фарзандлар орасида ота-онасига: “Ёшларнинг ишига аралашманг!” – дегувчилар ҳам йўқ эмас.

Баъзан улфат орасидан бир-икки тушунмаганлари чиқиб қолади. Яқинда шундай ҳолатга гувоҳ бўлдим. Куёв ва жўрабошига келиннинг янгаси “Куёв сотар” бўлмаслигини тушунтириб, айтди, улар кўнишди. Аммо ортда турган бир йигит: “Бу билан нимага гаплашиб ўтирибсанлар?” – деб ишкал чиқармоқчи бўлди.

Худога шукур, тўқчилик замонидамиз, аммо “Тўқликка шўхлик”, деганларидек, баъзилар чегарадан чиқиб кетишади. “Ёмон нарса – юқумлидир” деганларидек, уларга ёшлар тез эргашади. Ҳолбуки, тўғри йўлни биз – қариялар кўрсатишимиз керак. 

Ўзим невараларимга тўй қилганимда қуда томон билан келишиб, тўйхона харажатларини қисқартирдик. Катта ўғлим қизининг тўйини ҳам уйда ўтказдик. Қудалар мебелнинг кераги йўқ, дейишди. Бир музлатгич олиб бордик. Қариндош-уруғлар ҳам хурсанд бўлишди. 

Л. АЛҲАМШИҚОВА: Қуда бўлгандан бошлаб, қизга: “Сен ҳақиқий оилангга кетяпсан”, деб уни шу хонадонга сингиб кетадиган қилиб тарбиялашимиз керак. Гоҳида эшитиб қоламиз баъзи оналар: “Қизим, гўштли овқат еяпсанми, нима ичяпсан?” деб суриштиришар экан. Қизидан кайфиятини сўрайверса, унинг хатти-ҳаракатларини режалаб бераверса, ўша хонадондаги ҳар бир майда-чуйда гап бу уйга етаверса... Қизлар янги жойга қандай кўникиб кетишади?

Маъракаларда аёлларимиз ўзича янгилик яратиб, лозимандани ошириб юборишяпти. Бунинг олдини олиш учун оила бошлиқлари қаттиққўлроқ бўлишса, уларни назорат қилиб туришса, мақсадга мувофиқ бўлармиди? Қизларга сарпо, кийим-кечак қиламиз. Улар эса уч ойдан кейиноқ кийишга кўйлак топмайди. Кийимлар торлик қилиб, ёки урфдан қолган бўлади. Келин: “Мана шу уй менинг уйим, шу жойда ўсиб, унаман”, деб хизмат қилса, қайнона ҳам кийим-бош олиб беради-ку! Ҳозир ҳеч ким ночор аҳволда эмас.

Ҳозир айримлар қизини узатаётганда хонтахта, унинг атрофига солинадиган кўрпачагача қилиб беряпти. Табиийки, бу айрим қайноналарга оғир ботади. Янгилик яратишдан олдин чуқур ўйлаб кўриш керак, назаримда. Харажатларни қисқартирсак, бешик, тушовкесди тўйларини ихчам тарзда ўтказсак, яхши бўларди.

А. ИСРОИЛОВ: Бу нарсаларнинг олдини олишни аввалроқ бошлашимиз керак эди. Ҳозир қиладиган ишимиз кўпайган. Буни тўйларда ҳам айтяпмиз, тушунтиряпмиз. Биласизми, тўйга келаётган меҳмонлар таклифномага қарашмайди, назаримда. Соат еттига чақирилган бўлса-да, бир-икки соат кечикиб келади. Исрофгарчиликнинг асосий сабаби шу. Бир соатда нима еб, нима ичасиз? Яна бир муҳим нарса: дастурхонга ейиладиган таомларни қўйиш керак. Бу ҳақда тўйни очаётганда, тантана соҳибларидан узр сўраган ҳолда айтяпмиз. Ахир, ота-боболаримиз қилган дуолар ижобатидан шундай фаровонликда кун кечираётганимизни унутмаслигимиз керак-ку! 

Ёшлар орасидаги ажрашишнинг асосий сабаби, қизларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги. Ҳозирги кунда замоннинг талаби юқори. Илгариги ва ҳозирги ҳаётнинг сифат даражасида катта фарқ бор. Ёш ота-оналар пул топиш билан овора. Фарзанд тарбияси бир чеккада қоляпти. Жамоатчилик, қўни-қўшнилар нега бунга эътибор бермаймиз? Бир қизга етти қўшнидан таъқиқ, деб айтилганку! Ҳозир-чи? Ғийбатчи бўляпмиз. Қўшнингизнинг қизи қайтиб келдими, чиқиб, хабар олинг. Маслаҳатингизни беринг! Мана шундай ишларни режали равишда олиб бориш керак. “Алла айтиш” танлови, “Балли, келинлар!” каби тадбирларни кўпроқ ўтказишимиз керак. 

Ҳозирги тўйларда торт улашиш, келин-куёвнинг ўртада рақс тушиши одатга айланди. Тўйда келин-куёвга ФҲДЁ гувоҳномасининг берилиши ҳам ортиқча. Уни қисқартириш керак. Даврани катталар бошлаб берса, ярашади. Тўйда бир-бирига ўхшаш табрикларни айтиш, уни очишни мажлисга айлантириб юбориш каби салбий ҳолатлар кўпчиликнинг жонига теккан. Ҳамманинг микрофонни олиб сўзлаши шарт эмас, фақат узоқ жойдан келган меҳмонлар гапирса, яхши бўлади. 

Жорий йилда ўтган танловда уй бекаси, шифокор, тикувчи, муаллималар қатнашишди. Улар икки ой тайёргарлик кўришгач, ниҳоят, даҳадаги Е. Юсупов номли мактабда беллашув ўтди. Энг муҳими, тадбирдан юртдошларимиз миннатдор бўлди. 

Танловга тайёргарлик кўриш жараёнида келинлар билан суҳбатлашдик. Йигитлар орасида келинларга қарата: “Агар ғолиб чиқмасанг, мен ўзим ўртага чиқиб кетаман”, деганлари ҳам бўлди. Оловқалб, ёвқур ва мард йигитлар кўп экан. Қайноналар беллашуви ҳам худди шундай қизиқиш уйғотди. 

Даврани олиб боришда бошловчининг масъулияти каттадир. Зеро, тўйнинг файзли, тартибли ўтишига у жавобгар. Тўйхонада шовқин кучайса, сўзловчини ҳеч ким тингламайди. Тўй очилдими, аввало, катталар гапирсин. Лекин бунга баъзи улфатлар кўнмайди. Чунки, келин ҳамда куёвнинг дўсти ва дугонаси гапирса, бу – улфатнинг обрўйи эмиш. 

Ҳозирги тўйларда меҳмонлар кўп ўтирмайди. Нима учун тўйга келган одам дарҳол кетиб қоляпти? Ўйлаб кўрганмисиз? Чунки, мусиқанинг овози баланд. Мана шу масалани ҳам жамоатчилик эътиборига ҳавола қилмоқчимиз. Яқинда ўтадиган йиғилишда буни мусиқачиларга тушунтирамиз. Шу кунгача даҳадаги Е. Юсупов, А. Ақбаев, Муқимий номли мактабларда йигит-қизлар билан очиқ мулоқотлар ўтди. Эндиликда Теракзор, Гулистон маҳаллаларида ҳам оила, келажак мавзуида йиғилишлар ўтказамиз. 

Бир нарсани алоҳида таъкидлагим келади. Мазкур ишлар Енбекши тумани ҳокими девонининг Қоратепа округи бўйича аҳоли билан иш юритиш бўлими раҳбари Самат Жунусбаев раҳбарлигида амалга оширилмоқда. Режадаги ишларни юзага чиқаришда Қоратепа округи тўбе бийи Анормат Орзиқулов, Бозорқопқа даҳаси имоми Исмоил Эгамназаров, Турдиобод маҳалла қўмитаси раиси Рўзимат Ризаев, Е. Юсупов номидаги кўча қўмитаси раиси Раимқул Мавлонқулов, ёшлар қўмитаси раиси Саид Анорматов, унинг ўринбосари Камолиддин Тожихоновларнинг қўшаётган ҳиссаси катта...

Юқорида таъкидланганидек, тўй мавзуси кўпчиликнинг диққат-эътиборида. Билдирилган фикр-мулоҳазалар эътироз туғдириши ҳам мумкин. Халқимизда “Маслаҳатли тўй – тарқамас”, деган гап бор. Маслаҳатингиз бўлса, беринг! Нима бўлганда ҳам, тўйларни маданиятли ўтказиш ҳақида ҳозирдан ўйлашимиз ва баҳамжиҳат иш юритишимиз кераклиги равшан.

З. МЎМИНЖОНОВ суҳбатлашди, 2018-12-13, 14:05 180
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.