26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ғ. Ташқараев: Эртанги тараққиётни бугунимиз белгилайди

Жорий йил нафақат шимкентликлар, балки таниқли ишбилармон, Шимкент шаҳар маслаҳатининг депутати Ғани Абдиғаниули Ташқараев учун ҳам муваффақиятли, баракали, сиёсий янгиликларга бой келди. У кичик ва ўрта тадбиркорликда ўз ўрнига эга, юртимизни ёнилғи билан таъминловчи «Мунай Инвестмент Груп» ҲЖ ва сайёҳлик соҳасида ажойиб лойиҳалари билан танилган «Ecovillage Kaskasu» МЧБ компаниялари раҳбари минтақамизда аҳоли бандлигини оширишга баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда. Депутатлик фаолиятини ҳам самарали юритаётган Ғ. Ташқараев жорий йилда ярим асрлик ёшини қаршилади, бундан бир ярим ой муқаддам эса шаҳар маслаҳатининг навбатдан ташқари сессиясида маслаҳат котиби этиб сайланди. 

Мустақиллик байрами арафасида халқ ноиби, миллионли аҳолига эга, республикадаги учинчи шаҳар Шимкент депутатлари сардори билан учрашиб, келгуси режалари ҳақида суҳбатлашдик.– Ғани Абдиғаниули, сизни янги лавозим билан табриклайман. Республика аҳамиятидаги шаҳарга улкан сармоялар жалб этиляпти, залворли лойиҳалар амалга ошириляпти. Маслаҳатда, депутатларнинг иш услубларида ҳам шунга монанд ўзгаришлар борми?

– Раҳмат! Жорий йил мен учун омадли бўлди. Шимкентнинг мамлакатимиз шаҳарлари ўртасидаги ўрни ва мавқеи янада равшан бўлди. Халқ ноиблари эндиликда мамлакатда учинчи шаҳар аҳолисининг вакиллари эканликларини дилдан ҳис қилиш­япти ва шунга мувофиқ фаолият юритишяпти. 28 нафар депутат билан турли йўналишлар бўйича ишлаяпмиз. Бинобарин, бир ярим ой ҳали натижаларни саралайдиган давр эмас.

– Сизни ҳар бир ишда ибрат кўрсатувчи раҳбар сифатида таърифлашади. Бу сизнинг ҳаётий шиорингиздан кўриниб турибди – “Сўздан ишга – ишдан натижага”. Котибликка сайлангач, шиорга ўзгариш киритилмадими?

– Ҳаётий шиоримни 2007 йили сайловга тушмасдан аввал дастуримга киритгандим. Унга, асосан, янада залворли ишларни амалга оширишимиз керак. Бизни халқ сайлаган, демак сайловчилар ишончини қозониш лозим. Фаолиятимда доимо натижага асосланиб келганман. У ижобий бўлмаса, қилган ишинг беҳуда кетди, дегани. Халқимизга яратилаётган шароитлар эса ўша бажараётган ишимизнинг маҳсулидир. 

– Шаҳримиз кенгайиб, аҳоли сони ўсди, табиийки, ундаги ечимини кутаётган масалалар ҳам кўпайди. Шаҳар муаммолари қандай ҳал этиляпти?

– Муаммолар – аҳолини ичимли сув, электр қуввати билан таъминлаш. Шунингдек жойларда трансформатор ўрнатиш, йўлларни таъмирлаш ҳам кун тартибидан тушмайди. Бироқ буларнинг барчаси кўз очиб-юмгунча ҳал бўлмайди, буларга бюджет маблағи ҳамда вақт керак. Депутатларимиз эса қўл қовуштириб ўтиришмаяпти. Баҳоли қудрат савоб ишларни амалга оширишяпти. Бизнеснинг ижтимоий масъулияти доирасида аҳолига саховат кўрсатишяпти.

– Сиз оқил тадбиркорсиз. Ишбилармонлик қобилиятингизга кўпларнинг ҳаваси келади. Бу жабҳадаги фаол ишингиз билан бирга хайрия тадбирларига ҳам улгуряпсиз. Бу соҳада омадли бўлишнинг формуласи сизнингча қандай?

– ҚозХТИ (ҳозирги ЖҚДУ)да муҳандис-қурувчилик бўлимида кундузи ўқиб, кечаси ўз корхонамга ишга борардим. Талабалик чоғимдаёқ кичик бўлсада бизнесим бор эди. Ўзимнинг устимда ишлашим кераклиги, кўпроқ билим олсам, истиқболим порлоқ бўлишини билардим. Бизнес оламида катта авлод вакиллари ўрнига ёшлар келаётгани учун уларга ҳозирги имкониятлардан кенгроқ фойдаланишни тавсия қиламан. Куни кеча ёшлар форумини ўтказдик. Замон зайлига мос фикрлайдиган Шимкент ҳокими ёшларни кўпроқ ишлашга даъват этди. Инсон ҳар бир кунини сарҳисоб қилиб бориши керак. Бугун мен нимани бажардим, деган савол ҳаммани ўйлантириши керак. Кам маош бўлса ҳам бу даромад. Оиламиз билан пиёз экардик. 4 ёшимдан пиёз ўтаганман, молга қараганман. Талабаликдан сўнг ғишт заводида ғишт қуйдим. Оғир ишни обдан кўрдим. Ҳар бир инсонда бирор бир йўналишда қобилият бўлади, фақат уни оча билиш зарур. Яратган ҳеч кимни истеъдоддан, қобилиятдан қисмаган. Уни меҳнат билан юзага чиқариш керак. Ҳозир эса ёшларимизга курсида ўтириб, пул топадиган иш керак. Ҳолбуки бунга меҳнат билан эришилади. Заҳматнинг ризқи ҳам тотли бўлади. Бугунги ютуқларим, ёшликдаги тинимсиз меҳнат, изланишлар самараси. Бувим раҳматли Тошкент ва Самарқанддаги мадрасаларда таҳсил олган. Кейин Қозоғистонга келин бўлиб тушган. Жуда ақлли аёл эдилар, менинг юриш-туришимга, қўлларимга қараб, “сен пианиночи бўлмайсан, ё созанда бўлмайсан, бармоқларинг калта, қўлинг оғир меҳнатга мослашмаган, шу.. қоғоз-қалам билан ишлайдиган инсон бўласан, деб башорат қилган эдилар. Инсондаги лаёқат унинг касбу корига ҳам бевосита таъсир ўтказаркан. 

– Жорий йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили ўтмоқда. Вилоятимиз чегара ҳудудида жойлашган. Бундан қандай афзалликлар кутиш мумкин?

– Қўшни Ўзбекистон билан деярли 27 йиллик муносабатларимизга янги руҳ бағишланди, десам ўринли бўлади. Қўшни давлатдан талай марта делегациялар бизга ташриф буюрди, залворли лойиҳалар амалга оширилиши кутиляпти, анчагина меморандумлар имзоланди. Қўшниларимиз ўзларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасини ўтказишди. Муносабатларимиз янада юксак поғонага кўтарилди. Алоқаларимиз кун сайин ривожланиб бормоқда. Айниқса, сайёҳлик борасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантиришимиз керак. Ўзбекистонлик бизнес доиралар билан борди-келди йўлга қўйиляпти. Иқтисодий, ижтимоий, таълим соҳаларида икки томонлама лойиҳалар ишга туширилади. Бунга президентларимиз ташаббус кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаш керак.

– 10 йилдан кейинги Шимкентни қандай тасаввур қиласиз?

– 2008 йилда бугунги кунимизни хаёлимизга сиғдиролмасдик. Бироқ 2018 йил бутун борлиғича тароватию маҳобати, қўлга киритган ютуқларимизни намоён қилди. Бу – чинакам тараққиёт, аксинча бўлиши мумкин эмас. Инсоният фақат олға ҳаракат қилади, давр талаби бу. 2028 йилгача, истиқболли режалар тузиб қўйганмиз, ишонаманки, улар барчамизни ҳайратлантириб, технологиялар ривожланган давр бўлади. Ҳар соҳада рақамлаштириш, роботлар фаолияти, сунъий ақлнинг амалдаги фаолияти – буларнинг барчасида яқин келажак, келгуси ўн йилликнинг нафаси сезиляпти. 

– Мустақиллик арафасида муштарийларга, сайловчиларга қандай тилаклар билдирасиз?

– Давлат сиёсатини амалга оширишда “Жанубий Қозоғистон”нинг ўз ўрни бор. Газеталарни севиб ўқийдиган муштарийларингиз сафи ортаверсин. Олди-қочди, сафсаталардан кўра жиддий сиёсий мавзулар ҳозирги кунда жуда долзарблигини замон исботлаяпти. Истиқлолимизнинг 27 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

–Суҳбатингиз учун раҳмат!

Мунира САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, 2018-12-19, 10:09 206
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.