26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
“Арофат” – янги қиёфадаги мактаб

Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасида 900 ўқувчига мўлжалланган “Арофат” хусусий ўрта мактаби очилди. Мазкур тадбирда шаҳар таълим бошқармаси раҳбари Ақерке Абилайхан иштирок этиб, ота-оналар, устозлар, ўқувчилар ва турли ташкилот вакиллари иштирокида рамзий тасмани қирқар экан, республикада биринчилар қаторида бундай хайрли ишга қўл урган мактаб муассиси, таниқли тадбиркор, Қозоғистонда хизмат кўрсатган қурувчи Низомхон Сулаймоновга миннатдорчилик билдирди. У тадбиркорларни Низомхон акадан ўрнак олишга чақириб, келгуси ўқув йилидан бошлаб барча мактабларда жон бошига молиялаштириш жорий этилишини эслатди.

Дарҳақиқат, Элбоши Н. Назарбаевнинг “Қозоғистонликлар фаровонлигининг ўсиши: даромад ва турмуш сифатини ошириш” Мактубида ҳам давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш зарурияти алоҳида таъкидланган. Эндиликда кўп жойларда бу борада сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. 

Ҳозирги кунда савоб учун масжид қураётган сахий инсонлар кўп, улар орасида турли хайрия тадбирларига маблағ сарфлаётганлари ҳам оз эмас. Бундай шахслар томонидан бунёд этилган меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, савдо марказлари, супермаркет, тамаддихона ва ресторанлар, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари халқимизнинг оғирини енгил қилмоқда. Чунончи, бундан бир неча йил муқаддам мактабгача таълим муассасаларини кўпайтиришни кўзлаган “Балапан” давлат дастури туфайли тадбиркорлар анчагина қулайликларга эга бўлишган эди. Айниқса, 2015 йил 31 октябрда “Давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисида” Қозоғистон Республикаси Қонунининг қабулланиши ишбилармонларга янада катта имкониятлар эшигини очди. “Балапан” давлат дастури доирасида тадбиркорлар томонидан қурилган боғчаларнинг бугунги кундаги самарали фаолияти бунга ёрқин далил.

Масалан, биргина Н. Сулаймоновнинг саъй-ҳаракати билан қисқа вақт давомида Сайрам даҳасида 6та болалар боғчаси қад ростлаб, бу муаммо тўла ҳал этилди. Кўп ўтмай, замон билан ҳамнафас тадбиркор илк хусусий мактаб қурилишини режалади ва жорий ўқув йили бошида 300 ўқувчига мўлжалланган “Арофат” хусусий бошланғич мактабини очди. Сўнг Низомхон ака уни ўрта мактабга айлантириш тараддудига тушганди...

Тўққиз юз ўринга мўлжалланган, 3 қаватли, жуда қисқа муддат – 3 ойда қад кўтарган мазкур таълим масканининг очилиш маросимига йиғилган меҳмонлар уни кўздан кечириб, бу жойда ўқувчиларнинг чуқур ва пухта билим олиши учун ҳамма шароитлар яратилганига гувоҳ бўлишди. Жумладан, ҳар бир синф хонаси телевизор, компьютер, интерфаол доскалар билан жиҳозланган, шунингдек, ўқитувчиларнинг ишлаши ва дам олишига мўлжалланган хона, тиббиёт бўлими, руҳшунос ва логопед хоналари, ёзги бассейн, спорт ва мажлис заллари, муҳташам ошхона мавжуд.

– Мактабда таълим рус, ўзбек, қозоқ тилида олиб борилади, – дейди Низомхон ака. – Ўқиш бепул. Шу билан бирга инглиз тили чуқур ўргатилади. Узайтирилган кун гуруҳларида ўқувчилар уй вазифаларини тайёрлашади, шунингдек, тилларни ўрганиш, шаҳмат, шашка, хореография ва мусиқа тўгаракларига қатнашадилар. 

Тадбирда сўзга чиққан ўзбекистонлик меҳмон, Низомхон аканинг оғаси Оловхон Сулаймонов, Шимкент шаҳар маслаҳати депутати Ҳусанхон Аҳмадхонов, Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов, меҳнат фахрийлари Турсунхўжа Хонхўжаев, Қувониш Абдураҳмонов, Махамбет Сапарбаев, Клара Тошматова, Хонимбуви Абдуқодирова, Абдужамил Абдураҳмонов, 104-сонли мактаб директори Ҳулкар Жамолова, А. Яссавий номли ИЧШ раиси Сайдазимхон Эралиев, Ю. Сарёмий номли лицей мактаби директори Баҳодир Нуралиев ва бошқалар 

Н. Сулаймоновнинг эзгу ишларига тасанно айтиб, келгуси фаолиятида омад тилашди. 

Меҳмонлар ушбу даргоҳда ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун яратилган шароитлардан, шунингдек, ўқув-тарбия ишларининг юқори савияда ташкил этилганидан мамнун бўлишди.

Н. Сулаймонов бу билан тўхтаб қолиш ниятида эмас. Унинг ташаббуси билан ҳозирги кунда Шимкент шаҳрининг “Мирас” кичик мавзесида еттинчи болалар боғчаси ва яна бир – 900 ўринли мактаб қуриляпти. 

Узоқ йиллар Шимкент шаҳридаги 45-сонли мактабга раҳбарлик қилиб, нафақага чиққан фахрий устоз, “Арофат” мактабига директорликка тайинланган Роза Пакнинг номи кўпчиликка яхши таниш. У тадбир якунида сўз олиб, янги мактаб жамоасининг эл равнақи учун хизмат қиладиган ҳар томонлама билимли ва тарбияли ёшларни етиштиришини таъкидлади ва юксак ишонч билдиргани учун Н. Сулаймоновга ташаккур изҳор этди. 

– Президентимиз Нурсултан Назарбаев билан бир неча марта учрашиш ва суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман, – деди у. – Биздаги фаровонлик мамлакатимиздаги сиёсий барқарорлик, этнослараро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва осойишталик туфайлидир. Албатта, бу неъматларнинг қадрига етишимиз, Элбошимизнинг доно сиёсатини қўллаб-қувватлашимиз даркор. Шундай экан, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшайлик! 

“Арофат” бошланғич мактаби ва “Гул Астана”, “Жамолой она”, “Жон болажон” болалар боғчалари тарбияланувчиларининг тадбир давомида ижро этган куй, қўшиқ ва рақслари барчанинг кўнглини шод қилди.

З. МЎМИНЖОНОВ, 2018-12-24, 11:18 317
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.