26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Аслнинг синиғи

Раҳматли Саукенг, Сауирбек Бақберганов айтарди: “Урушгача Туркистонга “Қизил Ўзбекистон” деган газета узлуксиз ке­либ турарди, ҳеч қандай таржимасиз ўқий­­­­­­верардик, Ғофур Ғуломнинг “Турксиб йўл­­­ларида” номли шеърини мактабда қозоқ, ўзбек демай баримиз ёд олдик. 

Урушдан келгандан сўнг ҳалиги газетани ўқиб кўрган эдим, тушуна олмадим, бу ўзбекларга нима бўлганини билмайман, оғиз очса икки сўзининг бири тожикча, форсча бўлибди, тавба” .

Тошкентга борсам Ғофур Ғуломнинг Беш­ёғочдаги уй музейига кираман. Ҳар сафар! Дарё бўйлаб келаётиб доимо Сау­­кенгнинг шу сўзларини эслайман. Мана шу соҳилни ёқалаб бир пайтлар Сабенг, Сабит Муқанов юрдику, деб яна ўйлайман. Балки анави бир туп катта жўка(липа дарахти)нинг остида Мухтар Ўмархон ўғли ўтиргандир, мумкин Роза Боғланова илк бор Бешёғоч гулзорида туни билан сайраган булбулга қизиқиб қўшиқ куйладимикин? Манави чинор Ўрол Тансиқбоевнинг суратларидаги дарахтларга қанчалик ўхшайди-я? Қозоқнинг сўнгги хони Кенесарининг зурриёти, олим Натай Кенесарин ёт ерда жон таслим қилар чоғида нималарни ўйлади экан, деган ўй яна келади...

Ғофур Ғуломнинг уй-музейига йилнинг ҳар қандай фаслида ҳам келувчилар кўп. Ҳаётлик даврида чоп этилган «Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим»  шеърида: 

«Ғофур Ғулом кимлигини биласиз,

Адресимдир Ўзбекистон шубҳасиз,

Қисталанг гап, бизникига келасиз,

Ташриф этиб мени хурсанд қиласиз,

Бахт уйида тунаб ўтинг, дўстларим», дейди. 

Бу шеър ўз вақтида жуда машҳур бўлган. Йўқчилик вақти, Тошкентга ҳар томондан оқиб келадиган оч-юпунлар ҳалиги шеърни ёдлаб олиб, кундуз демай тун демай келавераркан.  Шунда Ғофур аканг афсусланиб “мен нима топсам ҳам тилимдан топаман” деб чиқарган ҳазил шеъри:

“Бу Ғофур кеча ҳам маст, бугун ҳам маст,

Шоирнинг мастликдаги ҳолин қара,

Бўйнимдан осма мени осар бўлсанг,

Ё Роббим, осар бўлсанг тилимдан ос!” 

“Тилимдан топаман” дегани рост. Халқ орасида Ғофур Ғулом айтган экан деган ҳангомалар ҳали ҳам кўп. Марҳамат: Мана мисол: Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ғофур Ғулом бир гуруҳ ёзувчилар билан Москвага боради. Адабиётшунослар уйидан қизариб-бўзариб чиқиб келаётса, кўчада ёш ёзувчи Комил Яшин учраб қолибди. Комил оға паканаданда пакана, ўта озғин, нимжонгина одам эди, раҳматли. Узун шинелининг этаги ер супуриб, оёғидаги икки-уч ўлчам катта этиги лопиллаб, осиниб олган милтиғи ўзи­дан катта, бу ҳам етмаганидай қуролини қайта-қайта ўқталиб қўярмиш. Секин сўраса, “Ватан ҳимоясига отландим, Ғофур ака”, дебди керилиб. У узоқлашиб кетгач ортидан қараб туриб Ғофур ака айтибди: “Йигитлар, кўрдингларку, Комил шер урушга кирди. У энди Гитлернинг пачақ-пачағини чиқаради!”. “Совет солдатини калака қилди” деган бу гап махсус идораларга етиб, орти улкан жанжалга айланганда орага Константин Симонов тушиб, омон қолган экан. Ойбекнинг Ғофур Ғулом ҳақидаги “У тегирмонга тушса, бутун чиқади. Қуруқ чиқмай, етти қоп ун олиб чиқади!” – деган сўзларини ёзувчи аҳли унутмайди. 

Шоирнинг меҳмондўстлиги, қозоқларни ўзгача қадрлаши ва дафн маросимига Сабит Муқановнинг атайин келганини қизи, бугунги кунда уй--музейининг директори Олмос опа (Олмос Ғофур қизи) тонгни тонгга улаб айтиб бера олади. Опа ҳамиша Сабит Муқановнинг оиласи ҳақида сўрайди. “Сабенг бор даврда қозоқлар тез-тез келишарди, сўнгги йилларда йўқламай қўйдинглар”, деб гина қилади. Музейдаги Сабит оға тортиқ қилган қозоқи чопон кўзга ўтдай босилади. Мухангнинг дастхати ҳам энг кўзга кўринарли жойда турибди. Ғофур аканинг авлодлари деганда, аввало, суюкли ўғли, таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академияси ядровий физика институтининг директори бўлган раҳматли Улуғбек ва иккинчи ўғли Мирзо Абдул Қодир Ғуломовларнинг исмлари тилга олинади. Кенжа ўғли Хондамир тарихчи эди. Қодир ака сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Мудофаа вазири бўлди. Халқ бугунги кунгача “Ота кўрган ўқ йўнар, она кўрган тўн бичар”, деб унинг ҳар бир фарзанди  ўз она тилида тоза сўзлаганини достон қилади. Ўзбекча бил­майдиган ўзбек йўқ деярли. Бироқ, шоир ўзгага тақдирли қизи Олмосни бошқача яхши кўрган экан. Отага қиз фарзанд яқинроқ бўлади деганлари ростга ўхшайди. Бугунги кунда дадасининг уй-музейида мингдан ортиқ эспонатларни кўзининг қорачиғидай асраб, ижодини тарғиб қилишдан чарчамай келаётган Олмос опанинг ҳаёти бутун ўзбек халқига ибратдир.

“Қозоқда Тойир Жароков деган оқин бўлганини биласизлар. Шу киши вафот этиб,  қирқи куни отам Алматига борибди. 1965 йил эди. Шунда сўзга чиққанида: “Агар мен ўлсам Сабит кўмсин, Сабит мендан олдин кетса, ўзим ювиб-кафанлайман!” – дебди. Тақдир экан, 1966 йили, Сабенгдан олдин дадам кетди. Алматидан Сабит оға келмагунча маййитга ҳеч кимнинг қўли тегмади. Оғани кутдик. “Қани? Менинг бовурим қаерда? Мени нега ўзи кутиб олмайди, оғайинларим-ов?!” деб, самолёт трапидан чайқалиб тушиб келаётган Сабенгни кўрганда Тошкент аэропорти инграб юборди гўё. Оддий халқни, шоир-ёзувчиларни айтмаганда кутиб олишга чиққан Ўзбекистон Хукумати аъзоларининг ҳаммаси йиғлади”, – дейди опа.

Шу куни Ғофур Ғуломнинг уйига Бухоро яҳудийларининг раввини бошлаган гуруҳ “О, падар! О, падар!” (Эй, отамиз!) деб овози борича йиғлаб келиб: “Бу бизнинг халқимизнинг одами эди. Шунинг учун ўз удумларимиз билан кўмсак”, деб илтимос қилишганмиш. Бироқ мен Олмос опадан бу ҳақда сўрамадим. Сўрайман, деб ўйла­магандим ҳам. Миш-мишлар нима демайди?! Биз Ғофур Ғуломни буюк ўзбек халқининг буюк фарзанди, улуғ шоири сифатида та­ниймиз. Шунинг ўзи етарли. Ортиқча сўзнинг нима кераги бор? Лекин, ўзбек зиёлилари орасидаги баъзи бир узун қулоқ гаплардан хабардор эдим.

“Бизнинг авлодда илгаридан қозоқларга ҳурмат юқори бўлди”, – деб сўзида давом этди Олмос опа. – “Дадамиз Сабит Му­қа­­­­­новни тилидан қўймасди. Сабит оға да­дамни “Молда Ғапыр” дерди. Бундай аташининг сабаби бор: Мир Алишер Навоий ҳазратларининг манави байти бор-ку?! “Ибрию, Юно­нию, суряни ҳам, ҳинди, агар сўрса билиб они ҳам”, демак “Яҳудий тили, юнон тили, арабча, керак бўлса ҳинд тилини ҳам билади у”. Дадам бир неча тилни, айниқса араб ва форс тилларини она тилидай биларди. Бунинг ҳаммаси эски мактабда олган таълими эди. У менга “Сафарга чиқсанг йўлдошинг қозоқ бўлсин, йўлда адашмайсан” деган мақол бор-ку, қозоқ билан қуда бўлгим келади, вояга етсанг, сени  қозоқларга узатаман  дерди ҳазиллашиб. Худо кўнглига солдими, мени чиндан ҳам шимкентлик йигитга узатди. Унинг узи бир ҳикоя. Шимкентнинг ёнида Қўш тегирмон деган ўзбек қишлоғи бўлган. Кейинчалик “Коммунизм” деб номланди. Бугун шаҳарга қўшилиб кетган. Шу қишлоқда Қудрат Аҳмедов исмли бола дунёга келган куни менинг дадам машҳур “Турксиб йўл­­­ларида” шеърини ёзиб, халқ олдида ўқиб берибди. Бу 1936 йили бўлган. Сибирь билан Ўрта Осиёни бирлаштирадиган темирйўлнинг очилиш маросимидан қайтган Аҳмад ака янги туғилган норасидага “Ғофур Ғуломдай қудратли бўлсин!” деб Қудрат исмини қўйибди. 

Мен классик адибнинг ёлғиз қизи бўл­ганим боис, қийинчилик кўрмай ўсдим. Қиз бўй етгандан кейин сўз кўпая бошлайди. Тошкентда “Ғофур Ғуломнинг қизи жуда сулув бўлиб бўй етибди, у анавинга ундай депти, бунисига бундай дебди” қабилидаги гаплар оралаб қолгандан кейин отамнинг тинчи бузилди. Шеър бағишлаган шоирлар кўп бўлди... Ўзбеклар қизни эртароқ узатади, лекин дадам совчиликка келганларнинг ҳаммасини ғижиниб қувиб чиқарарди. Ай­тадиган баҳонаси: “Қизим ҳали ёш!”. Қудрат ака (одатда, ўзбек аёллари куёвининг исмини атамайди, “ака” деб ҳурматлайди) Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг агрономия факультетини тамомласада бирданига комсомол, партия соҳасига ўтиб, хизмат пиллапоясидан тез кўтарилди. Аввалига дадам уни ҳам йўлатмади. Бир куни пар­тиянинг навбатдаги бир йиғилишида маъру­за қилганини кўриб, уни фойега алоҳида чақириб олибди. “Қудрат деган сенмисан?” “Менман, дада”. “Сен бўлсанг оёқ олишингни кўрайин, у ёқ бу ёққа, ўнгга-чапга юр!” – дебди дадам. Худди қозоқлар пойгага чопадиган отни синагандай, у ёққа бир югуртириб, бу ёққа бир югуртириб, бир оз сарсон қилибдида “Энди боравер!” деб кетказиб юборибди. Дадамнинг афанди қилиқларини буткул халқ билади. Бунинг на ҳазил на чин эканини билолмай Қудрат ака анқайиб қолаверади. Бу пайтда бўлғуси хўжайинимиз Тошкент вилояти Бекобод туман партия қўмитасининг котиби эди. Да­дам уйга келиши билан мени чақирдида “Мен сенга манавиндай куёв топиб келдим, исми шарифи Қудрат Аҳмадий, унга тегсанг ҳам тегасан, тегмасанг ҳам тегасан. Агар тегмайман десанг, товуққа ўхшатиб қўл-оё­­­ғингни боғлаб бервораман”, деди. Балки, зукко одам бизнинг ахдлашиб юрганимизни билган ҳамдир...” – деб сўзида давом этди Олмос опа.

Бу сафар менинг ҳамроҳим таниқли ўз­­­бек ёзувчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюш­масининг масъул ходими Меҳмонқул ака Исломқулов бўлди. Меҳмон ака Олмос опанинг хаётига бағишлаб “Садоқат са­боқлари” номли эссе ёзган. Шоирнинг оиласи билан азалдан аралашиб юрган қадрли одам. Марҳум академик Бек Сулейменовнинг туғишган жияни. Қозоқчадан бевосита таржима қила оладиган ягона мутахассис.

Уччовимиз шоирнинг бой кутубхонасини ораламоқдамиз. Олмос опа жавондан катта китобни олди. Америка Қўшма Штат­­­ла­рида чоп этилган альбом экан. Эски, янги суратлар. Ўзбекистондан кетган жуҳудлар (яҳудийлар) ҳаётига бағишланиб, Жаҳон яҳудийлари ҳамжамияти қўллови билан АҚШ-да босилибди. Ғофур Ғуломга ва оиласига аталган бетлари алоҳида безатилган. Биринчи суратда шоирнинг Исроилнинг Кирьят Гат шаҳ­­­­ридаги ёдгорлик тахтаси тасвир­­­ланган. Ундаги “Еврей халқидан чиққан буюк сиймолар” майдонига ҳусн бағишлаб турган ушбу ёдгорлик пойидаги янги узилган гулларга қараб, Ғафекенгнинг жуҳуд халқи учун нечоғлик ҳурматли шахс бўлганини билиб олиш мумкин. Кейинги суратда Нью-Йоркда ўтган (ва ҳар доим ўтадиган) жаҳон еврейлари қурултойи меҳмонлари орасида фарзандлари билан Олмос опа турибди. “Жуда ҳам яхши сафар бўлганга ўхшайди-ку?” – дейди Меҳмон ака ҳайратланиб. “Бир-икки ой меҳмон бўлдик” – дейди опа. – Ажо­йиб шаҳар экан, Худо хоҳласа ке­ла­си қурултойга ҳам борамиз. Аслида биз то­за ўзбеклармиз”, – деб сўзини давом эт­тиради опа. – Боя айтдимку, биз қадимдан Тошкентнинг Бешёғоч маҳалласида турдик. Жуҳуд болалари билан бирга ўсдик. Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, фашистлар жуҳуд­­ларни қира бошлаганда дадам “Мен ев­рейман” деган машҳур шеърини ёзди. Шеърни рус тилига Константин Симонов тар­жима қилди. 1944 йили Тошкентга атоқли дав­лат арбоби Л. Каганович келганда да­дам шу таржимани ўқибди. Шундан буён яҳу­дийлар биз билан яқиндан мулоқотда бўла бошлади. 

Дадам вафот этганда жанозадан олдин дин вакилларининг келгани ҳам шу сабабли бўлса керак. Сабит Муқанов бошлиқ оқсо­қоллар уларга “Ғофур Ғулом ўзбек халқининг фарзанди”, дейишсада раввин кетмай ту­риб олади. Пировардида “Осмонда қуёш ҳаммага ўртоқ, одамнинг яхшиси ўртоқ де­ган, сизлар уни ўз фарзандимиз десангиз, маййитини кўриб, хайрлашишингиз мумкин”, дедик биз. Раввин қошига бир-икки одам олиб, дадамнинг жасадини айланиб кўрди. Яҳудийларнинг ирим-сиримларини бажариб, сочини кесди, тирноғини олди. Биз қаршилик қилмадик” – дейди Олмос опа.

Олмос опа ҳақиқатан ҳам байналмилалчи аёл. “Ўзбек адабиёти намояндаларининг орасида ўзга миллат вакллари жуда ҳам кўп бўлди. Масалан, классигимиз Садриддин Айний билан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийлар асл тожиклар, яна бир ажойиб классигимиз Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё хонимнинг ҳам миллати тожик, донгдор шоир Назомад ҳам, академиклар Қори Ниёзий, Мухтор Ашрафий, Тошмуҳаммад Саримсоқовлар ҳам тожиклар эди, кинорежиссёрлар Шукур Бурҳонов ва Комил Ёрматов ҳам тожик эди-ку, Тамара хоним арман эди, классик адиб Мақсуд Шайхзода кавказлик, Сергей Бородин ва Райим Фарҳодий татар, Миртемир ва Уйғун қозоғистонликлар эди. Мен фақат адабиёт ва санъат теварагини айтаяпман, давлат, жамоат арбобларининг орасида қанчадан қанча ўзга миллат вакиллари бўлди, уларнинг бирортасини ҳам айтмай, нега бизни ажратиб, еврейлар деб қайта-қайта ёзаверишганидан таажжубланаман”, – дейди опа кулиб. 

Биз қозоқнинг бошқа миллатларга сингиб кетганлари оз эмас, бошқа миллат вакилларининг қозоққа сингиб кетиши мум­кинми? Менинг ўйимни уқиб олгандай Меҳ­­монқул ака “Қайдамов”, – деди. – Сиз­­­­­­­­­­­­ларда уруғ борку, етти ота, туб (тег) деган­­­­­­­­­­­­­­­­­лари бор. Бошқанинг қозоқ бўлиши қийиндиров”. Бу яхшими, ё ёмонми? Энди мен шу ҳақда ўй­лана бошладим. Ўзбекистонда нариги ота­миз қозоқ бўлган экан деган талай ўзбекни кўрдим. “Тубимиз ўзбек экан” деб бемалол айтадиган қозоқни кўрдингизми?

“1963 йил қишда янгидан Сирдарё вилояти очилиб, Қудрат ака партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимига тайинланди. Бир қатор туманлар Қозоғистондан олингани маълум. Қозоқлар билан тўннинг ички риш­таларидай яқин бўлдик, овулларимиз аралаш оға-инилар эдик. Ўзбекистонга янгидан қў­шилган Мирзачўл томонда асосан қозоқлар яшарди, Фориш, Самарқанд ҳудудларида ҳам қозоқ овуллари кўп бўлди. Маҳаллий педагогика институтида улар учун қозоқча ўқитадиган факультетлар очилди. Унутмасам, институт раҳбарлигида ҳам қозоқлар эди. Қозоғистоннинг жану­бидан олий тоифали педагоглар ва олим мутахассислар кўплаб жалб қилинди. Партия, совет, комсомол таш­килотларида қозоқ кадрлари кўп эди. Қудрат ака ҳамма билан туғишган бовур­лардай сий­лашди. Ажойиб кунлар эди. Бироқ менинг бахтли кунларим узоққа чўзилмади. 

Бир куни янги олган уйимизда газ қувури тўсатдан ишдан чиқиб, таъмирчилар келиб, узилган жойини пайвандлашга киришишди. Иш қизиган вақтда Иван исмли пайвандловчи эҳтиётсизлик қилиб, олов ёқибди. Менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ, ошхонада чой дамлаш ғамида юргандим, кутилмаганда ловуллаган олов танамни ўраб олди. Мени қутқариш ўрнига Иван ташқарига қочибди. Шундан... шундан уйқусиз тунлар билан кулгусиз кунларнинг қанчага чўзилганини айтмай қўя қолай, бу азобни Аллоҳ таоло одам боласининг бошига солмасин. 

Аёл, энг аввало гўзалликни ўйлайди-ку, қанча операция қилдирсакда илгариги чирой йўқ, Худо олган нарсасини қайтармас экан.  “Қуд­рат ака мен сингари тасқарани нима қи­лади, ёш қизга уйланади-да энди”, – де­дим ичимда ўкиниб. Юрт ҳам шундай ўйлади. Юпатганлар кўп бўлди. Ғийбат қилганлар ҳам бўлган экан, у ҳақда онам оғиз очмаган. Бир куни эрим касалхонага келиб, ёнимга ўтирди. Оқшом тушиб қолган. Афти-башарам дока билан ўралган ҳолда мен ётибман. Кўзларимгина ялтирайди. Унинг соясигина кўриниб турарди. Нега илгари пайқамаганман, у дунёдага энг улкан одам эканку, дейман соясига маҳлиё бўлиб. “Олмосхон”, – деб бошлади сўзини оҳистагина. “Айтаверинг, нима дейишингизни биламан” – дейман ичимда ўксиб. Сўзини тингламасдан шартта, “Рухсат Оллоҳдан!” – дегим келади, бироқ тилим буралмайди. “Ол­мосхон (одатда, ўзбеклар қиз-келин­чак­ларнинг исмига “хон” деган сўзни қўшиб ай­тиб, ҳурматлайди. Бу, “Сен мен учун хонсан, жуда ҳурматлисан” дегани) кеча мени додам (у менинг дадамни Дода ёки дада дерди) чақиртирди”  – деб сўзида давом этди у.  – Ғо­­фур аканинг сўзи бундай бўлди: “Гап қисқа, Қудрат! Қизимни ташлайдиган бўлсанг, бу­гун ташлаб кет, хафагарчилик йўқ. Агарда ке­йинчалик юз-кўзини мазах қилиб бир оғиз, бир оғиз эмас, ярим оғиз сўз айтар бўлсанг, сени ўз қўлим билан отиб ташлайман. Ўлиб қолсам, у дунёдан келиб, бўғиб ўлдираман”. “Мен шунда – деди Қудрат ака сўзида давом этаркан, – додамнинг қўлини ўпиб туриб, “Қан­ча умрим қолганини билмайман, бироқ қан­ча умрим қолсада Олмосхон билан ўтка­за­ман”, – деб қасам ичдим. Сиз менинг бу қа­роримга қандай қарайсиз, Олмосхон?”.

Бошим айланиб кетди.

Бу энди қайтиб келмайдиган даврлар эди-да, иним... Шундан кейин Қудрат ака вафот эт­гунча бирга яшадик”.

...Меҳмонқул ака икковимиз Арпапоя кў­часини оралаб келаётиб, иқтидорли одам­ларни Шарқда нега “Катта одам” дейишини эсга олдик. Фарзандга бўлган оталик муҳаб­батининг қандай бўлишини Ғофур ака ка­би одамлардан ўрганиш жоиздир. Катта одам­лар вафотидан кейин ҳам катта бўлиб қолавераркан.

Ҳа, Тошкентда қозоқ халқини ўз мил­ла­тидай севган Катта одамнинг уй-музейи бор. Хосиятли жойларни зиёрат қилиб, дуо ўқиш суннат. Буни менсиз ҳам биласизлар.

Аммо мен, мана шу мўъжазгина сафар­номада авваламбор, негадир Олмос хоним Ғофур қизини ўзимнинг туғишган опамдай кўриб кетганимни айтгим келди.

Есенғали РАВШАНОВ. “Қазақ әдебиеті” газетаси, №48-49, 7.12.2018 йил. Алишер СОТВОЛДИЕВ таржима қилди, 2018-12-25, 10:51 1179
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.