26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ароқхўр қариялар – жамият иллати

Ишга кетаётиб кўпинча полициячиларнинг маст-аласт кишиларни зўрлаб машинадан тушираётганига гувоҳ бўлиб қоламан. Айниқса, эрталабдан аёлларнинг жиғибийрон бўлиб сўкингани, полиция ходимлари билан баланд овозда баҳслашаётгани нохуш манзара. Кейин билсам, шу яқин-атрофда Шимкент шаҳрининг Майлиқўжа кўчасида ҳушёрхонанинг бир бўлими фаолият юритар экан. Маст эркаклар ҳам, аёллар ҳам махсус хоналарда ҳушига келгунига қадар жамиятимизнинг ҳушёр аъзоларидан олисда сақланаркан. Ушбу даргоҳ раҳбарияти билан учрашиб, мусоҳаба олиш ниятида қоровулга йўлиқдим. Барвақт бориб қўйдим шекилли мени кўргач “Эрингизни олиб кетгани келдингизми?”, деган савол билан қарши олди у. Демак, бу ерга аёллар жуфтларини излаб тез-тез келиб туришар экан-да.

Таъкидланган муассаса шаҳардаги “Руҳий саломатлик маркази”га қарашли экан, унинг бош шифокори вазифасини бажарувчи Бўлат Медетовдан маълумотлар олдим. Шимкентда 10261 киши муассаса рўйхатида тураркан. Уларнинг 8358 нафари ароқхўрлик (1081 аёл), 1889 нафари гиёҳвандлик (140 аёл), 1054 нафар эса токсикомания дардига мубтало экан. 28 кунлик даволаш курсидан сўнг 2 ойдан 2 йилга қадар реабилитация муддатида бемор ўз касали билан яккама якка курашади. Бунда унга ирода, ўзига бўлган ишонч, орзу-умидлари куч беради. Бу даргоҳда кўпи даволанади, бироқ, айнан реабилитация муддатидан ўтишда айримларининг иродаси панд беради. Ва касалхонага, яна қайтади.

– Кунига 20-30 киши ҳушёрхонага келтирилади. Байрам кунлари эса мастлар сони 40дан ошиб кетади. Уларни олиб келаётган соқчилик хизмати ходимларига ҳам осон эмас. Кўчада маст-аласт ағанаб ётган одамни суяб, уларнинг хархаша ва тўпалонларига чидаб, ҳушёрхонага етказиш асабни толиқтиради, – дейди биз билан суҳбатда касалхонанинг эркаклар бўлими шифокори М. Ўдаман. – Васвос ҳолатига келганлар (халқ тилида “белая горячка” дейишади) ҳам, асосан, кўча-кўйдан тутиб келтирилади, баъзида оила аъзолари мажбуран даволаш учун бизга олиб келишади. Таассуфки, ичкиликбозлик ҳолатлари кун сайин ўсиб бормоқда. Қизиғи шундаки, ичкиликка ружу қўйганлар орасида нафақа ёшидаги кишилар кўпайяпти. Энди улар аввалгидек эрталабдан кечгача ишлашмайди, масъулият йўқ, ишга бормаса ҳам давлат нафақани тўлаяпти. Ёшларга ибрат бўладиган пайтда баъзи кексаларнинг қилаётган иши, кишида нафрат уйғотади. Инсонийлик бурчини унутиб, муаммоларни ҳал этишдаги озгина қийинчиликлардан чекиниш мақсадида танланадиган бу йўл умр заволи эканлигини гиёҳванд ҳам, майхўр ҳам яхши билади, бироқ иродаси сустлик қилади. Бахтга қарши улар орасида истеъдод эгалари ҳам талайгина.

– Сизларда рўйхатда турган беморларнинг аксарияти қайси туманлардан?

– Ичкиликбозлик рўйхатида турганлар сони бўйича 1-ўринда Мақтаарал, 2-ўринда Сайрам, 3-ўринда Сариоғоч туманлари. Гиёҳвандликда ҳам Мақтаарал, Сайрам туманлари етакчи, Тўлебий тумани учинчи.

– Тажрибангизда кам учрайдиган воқеалардан гапириб берсангиз?

– Яқинда қўшни республикадан келаётган йўловчи поездда васвосга чалиниб, уни касалхонамизга олиб келишди. Ҳужжатлари бор, қизиғи, бунинг қандай юз берганлигини ўзи ҳам билмайди. Даволаб, эсон-омон мамлакатига кузатдик. 

Яна бир мисол, ичкиликка муккасидан кетган аёл фарзанд кўргач, бир ҳафтадан сўнг яна эски одатини бошлади. У шу даражада маст бўлганки, она эканлигини, туғилган гўдагини парваришлаши зарурлигини ҳам тамомила унутган. Ачинарлиси, аёлни шифохонада даволашди, бола ҳақида маълумот бера олмайман. Буни қарангки, авлоди учун масъулият ҳиссини туймайдиган аёллар билан яшаётган эркаклар ҳам йўқ эмас орамизда. Шу боис, ароқхўр деганда фақат эркакларни эмас, уларнинг сафини кенгайтириб бораётган хотин-қизларни ҳам назарда тутишимиз жоиз. Биз айни дамда фақат рўйхатга олинганлар ҳақида фикр юритяпмиз. Хонадонларда оилавий зулм, зўравонликка сабр қилиб келаётганлар ҳам бор. Бу дардга чалинганлар орасида болалар ҳам учрайди. Уларни, афсуски, ота-оналар яширишади ва махфий равишда хусусий клиникаларда даволатишади.

– Бу хасталикнинг олдини олиш учун, ҳамюртларимизга нимани маслаҳат берган бўлардингиз?

– Эс-ҳушини йўқотадиган даражада ичиб, кайф қилиб юришнинг ҳожати йўқ. Байрамларда болалар билан ҳордиқ масканларига бориш оилани янада жипслаштиради. Кўпроқ оила аъзоларингиз даврасида бўлинг. Катталар ёшларга доимо ибрат эканликларини унутмасинлар. Зеро, қуш уясида кўрганини қилади. Афсуски, бизга “меҳмон” бўлаётган қарияларни нуроний деб бўлмайди. Аллоҳ кексаларимизнинг қалбларини ҳам имон билан нурлантирсин.

– Раҳмат!

М. САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, 2019-01-10, 10:18 797
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.