26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Бу гулшан соз экан, соз!

“Ҳар қандай давлат ёки миллат таназзули ўша эл-улус мусиқасининг бузилишидан бошланади”, дейишади хитой донишмандлари. Шукрки, муаззам мусиқий меросимиз, уни эъзозлаб келаётган забардаст санъаткорларимиз ва уларнинг муносиб ворислари бор. Шулардан бири – ҳамюртимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, истеъдодли санъаткор Ғиёс Бойтоев. Янги йил арафасида мухбиримиз эл севган соҳирнафас хонанда билан унинг хонадонида учрашиб, суҳбат қурди.

Қуйида шу мусоҳабани эътиборингизга ҳавола қиламиз.– Туғилган масканим – Қизилқишлоғимни ҳар лаҳзада соғинаман. Унинг гўзаллиги ва суюклигини ундан олис юрганда чуқурроқ туяман. Қишлоғимиз бошидаги булоқ сувидан тошкентлик дўстларим ҳам баҳраманд бўлишган, уларни ҳар йили меҳмонга чақирардим. Жумладан, Муҳриддин Ҳолиқов, Нуриддин Ҳайдаров, Ҳожибой Тожибоевлар келиб, ҳордиқ чиқариб, футбол ўйнаб кетишган. Ота уйимнинг таъмирига алоҳида эътибор бераман. Унга одамлар Ғиёс Бойтоевнинг уйи деб қарашлари учун эмас, отамнинг чироғини ўчирмаслик учун. 1977 йилдан бери Тошкентда яшайман. 

– Назаримда, мен ўйлагандан ҳам камтарроқ экансиз. Лекин, бу фазилат дўстларингиздан ажратиб қўймадими?

– Асло. Синфдошларим, курсдошларим билан деярли ҳар ойда бир марта кўришиб турамиз. Телефонимни эса эсдаликлар архиви дейишим мумкин. Улар билан ўтган ҳар бир учрашувни видео ва суратларга ўзим тушириб, йиғиб юраман. Ҳалигача биргаликда ёш болалардек ўйинлар уюштирамиз, пародиялар кўрсатамиз, ашулалар айтамиз. Битта отахон мени, «120га киринг», деб дуо қилди. Мен эса «Ҳаммамиз биргаликда!» дедим. Ўйлаб кўрайлик-чи, мен 120га кирдиму, атрофимдагилар дунёни олдинроқ тарк этди. У пайтда мен ким билан суҳбат қураман, кимга керагим бўлади? Шу сабабли, барча қизиқларни тенгдошларимиз, синфдош дўстларимиз билан баҳам кўрганимиз яхши. Мени Ғиёс Бойтоев қилган ҳам атрофимдаги одамлар. 

– Қўшиқларингиз матнига қанчалар эътибор берасиз?

– Матн асосини баъзан ўз ғоям билан ёздираман. Ҳатто, эсдалик қилиб, қайси ашулани нечанчи йил айтганлигимни дафтарга ёзиб юраман. Илк қўшиқларимдан бири «Алда мени»ни айтгач, шеър муаллифи М. Юсуф билан танишдим. Улар менга шеър тарихини айтиб, кўзи ожиз ошиқнинг тилидан айтилган нидо эканлигини таъкидлагач, бу қўшиқни қайта ишладим. Биласизми, тўйларда ҳиргойи қилиб, одамларни рақсга тушириб юрган қўшиғимнинг матни аслида мунгли муҳаббатдан туғилган экан. Кўп қўшиқларим шеърининг муаллифи ҳам нозиктаъб шоир, раҳматли Мухаммад Юсуф эдилар. Қолаверса, Рустам Турсунов, Сайёра Тўйчиева, Акбарали Асқаров, Зиёвуддин Мансуровларнинг ижодидан ҳам фойдаланаман. Аслида, шеърий китобларни мутолаа қилишни яхши кўраман. Ҳар бир китобдан бир янгилик олсам, дейман. Шеърни ёзганда қойилмақом қилиб ёзиш керак-да! 

– Нега ҳозир қозоғистонлик ўзбек қўшиқчилари орасидан сизнинг даражангиздаги машҳур чиқмаяпти?

– Ҳеч қачон ўзимни қорабулоқлик ёки туркистонлик қўшиқчилардан зўрман, демайман. Тахминан 13-14 ёшимдан бошлаб мусиқа чалиб, кейинчалик, ашула айтишни бошлаган бўлсам, ўзимдан катта барча ватандошларимнинг санъатини ҳурмат қилдим ва уларни ўзимга устоз, деб билдим. «Ўрта Осиёга қандай танилдингиз?» – деб сўрасангиз, Аллоҳга беадад шукур! Чунки, мен ижод қилганман, кашф қилганман. Ғиёс Бойтоев муаллифлигида ёзилган куй-қўшиқлар бор. Халққа танилиш учун машҳурликка интилиш ва овоз камлик қилади, кибру ҳавасга, манманликка берилган хонанда тез эл назаридан тушади. Одамлар унинг ўзини ҳам, қўшиқларини ҳам соғинмай қўяди. Бундан ёмони йўқ. Ижро этган қўшиқларим деярли ҳаммасининг куйини ўзим басталаганман. Саволингизга аниқроқ жавобим эса, аслидан воз кечаётганлар, яъни қўшиқ яратишга эриниб, бировникини ўғирлаб айтаётганлар ёки санъатни тижоратга айлантириб, ундан пул топаётганлар ҳеч қачон ижоднинг машаққати-ю моҳиятини тушунмайди ва халқдан раҳмат эшитмайди. Бу гап билан кимнингдир шахсиятига тегмоқчи эмасман. Аксинча, халқ таниб улгурмаган, лекин овозлари булбулмисол санъаткорларга маслаҳатим, ўз куйларини яратишса, ўзлари устида тинмай меҳнат қилишса, дейман. 

– Қозоғистонда Ғиёс Бойтоев номидаги миллий мусиқа мактаби очилса, ташкилотчиларга ёрдам берган бўлармидингиз?

– Бундай имкон туғилса, бош устига. У мактабга номим берилгани билан мен унга эгалик қилолмайман, албатта. Лекин устозлик қилиб, у ёқда шогирд тайёрлаш керак бўлса, албатта бораман. Ўзбекистоннинг фуқароси бўлсам ҳам, ота юртим – Қозоғистон. Мен доим унинг хизматига тайёрман. Негаки, Ватанимдан ҳам яхши санъаткорлар чиқишини хоҳлайман.

– Раққоса танлашда нималарга эътибор берасиз?

– Рақс – қўшиққа берилган сайқал. Қўшиқчилар раққосанинг кўзига, қўлига қараб эмас, ўйинига, мусиқага мос ҳаракатларига қараб танлайди. Мен ҳам шулар қаторидаман. Баъзи мусиқанинг қудратини тушунмаган инсонлар уларнинг фақат ташқи кўринишига эътибор беришади. Тўғри, ҳар кимнинг эстетикаси ва тарбиясига боғлиқ-да. Масалан, Муаззам Ғофурова – оддий раққоса эмас, касбий қўшиқни маромида тушунган истеъдод соҳибаси. Қўшиқнинг ҳар нотасини ҳис қилувчи раққосалар қаторида яна Паризодани ҳам намуна қилиб айтишим мумкин. 

– Нега камнамосиз?

– Санъат кўз-кўз қиладиган ёки жар солиб мақтанадиган нарса эмас. Бир тарафдан инсон зоти сал сирлироқ бўлгани ҳам яхши! Менман, деб ўз-ўзини кўрсатаверишнинг ҳожати йўқ. Ёшлигимда машҳур ижодкор бўлиш, ҳатто тушимга ҳам кирмаган. Санъатни эса, омадим, деб биламан. Мана шу йўналишда меҳнат қилиб, санъатнинг нонини ейиш, шу билан бола-чақа боқиш насиб қилган экан, мен бундан миннатдорман. Оёқ-қўлим бутун, кўзим кўради, қулоғим эшитади, бундан ортиқ яна қандай бахт бўлиши мумкин. Ижодим ҳам давом этмоқда, уни овоза қилиш эса ортиқча. Чунки, мени халқ таниса, бас, шунинг ўзи қўшиқчи учун жуда катта бахт. 

– Санъаткор нигоҳи билан баҳоласак, сиз учун қўшиқ нима, қўшиқчи ким?

– Менинг назаримда, қўшиқчи – яхши ниятда йўлга чиққан йўловчи. Йўл эса унинг қўшиғи. Йўловчи собитқадам, узоқни кўра биладиган бўлса, йўл уни мақсадига етказади.

– 2018 йилни Президентимиз Нурсултан Назарбаев Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилди. Бу қарорнинг санъатингизга таъсири бўлдими? 

– 2018 йили Қозоғистондаги «Офарин – 2018» кўрик-танловида ҳакам сифатида иштирок этдим. Она юртимда шу қадар иқтидорли хофизларнинг борлигидан дилим шодланди. Яна амин бўлдим-ки, қозоғистонлик ёш санъаткорларда ўсиш бор. Танловнинг Шимкент шаҳрида уюштирилганидан жудаям хурсандман. Ҳакамлар ҳайъати берган баҳодан ҳамма ўзига хулоса чиқариб олади, деган ниятдаман. 

– Шогирдларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Шогирдлар ҳақида аниқ айтиш қийин. Ўзим мендан бир кун олдин санъатга кирган бўлса ҳам, шу санъаткорни ҳурмат қиламан. Ортиқ Отажонов, Шерали Жўраев, Дадахон Ҳасанов, Бобомурод Ҳамдамов, Олмахон Ҳайитова, Нуриддин Ҳайдаров, Қодиржон Мирашуров ва ўзимдан катта барча хонандаларни ўзимга устоз деб биламан. Зеро, мен уларнинг қўшиқларини эшитиб, ҳиргойи қилиб юриб, овозимни, маҳоратимни чархладим, десам, муболаға бўлмайди. Шу каби, мени ҳам устоз деб биладиган барча шогирдларимдан мамнунман. Атрофимдагилардан эса Зокиржон Қамбаров, Баҳодир Зикриллаев, Абдулҳай, Мурод Убаевларни ўзимга шогирд деб биламан. 

– «Жанубий Қозоғистон» газетаси жамоаси ва муштарийларига тилакларингиз...

– Қозоғистонлик барча мухлисларим ва ватандошларимга, газетхонларга омад, бахт, оилаларига файзу барака тилайман. Шундай эзгу ишларга раҳнамолик қилиб, халқнинг ахборот манбаига айланган «Жанубий Қозоғистон» газетасидан миннатдорман. Элни маънавият сарчашмасидан баҳраманд қилиб, қозоғистондаги ўзбеклар ойнаси бўлиб қолишига тилакдошман.

Майсара САФАРОВА суҳбатлашди, 2019-01-14, 10:09 411
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.