26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Уланбекнинг тозилари

Элбоши Нурсултан Назарбаевнинг “Буюк Даштнинг етти қирраси” мақоласида от миниш маданияти, унинг тарихи атрофлича талқин этилди. Тарихчилар отнинг қўлга ўргатилиши от миниш маданиятига асос бўлганини қайд қилишди. Сўнгги йилларда топилган археологик буюмлар отни қўлга ўргатган дастлабки одамлар бизнинг заминда яшаб ўтганини исботлаб берди.

Дарҳақиқат, кенг ва бепоён юртимиз халқининг бағри кенг, самимий, меҳмондўст ва меҳнаткаш. Минг дардга шифо қимизи, дастурхонга тортиладиган мўл гўшти, қази-қартаси, овга олиб чиқадиган тозиси, лочинию бургути, кўнгилларни яйратувчи дўмбираси ва қўбизи бор. Буларни ҳалқимизнинг миллий ўзгачалиги, миллий бренди дейиш мумкин. 

Афсусланарлиси шундаки, бугунги кунда миллий қадриятларимизга эга бўлиш қийин кечмоқда. Масалан, қимизни немислар патентлаб олмоқчи. Яна бир давлат Гиннеслар китобига киритилган қазини “Хитойнинг миллий таоми сифатида рўйхатдан ўтказайлик” деб ҳаракат қилмоқда.

Бугунги кунда табиат посбонлари ҳам, этнографлар ҳам ота-боболаримиз қадрлаб келган қозоқи тозиларнинг камайиб кетаётгани ҳақида бонг урмоқдалар. 

Миллий ифтихоримиз саналиб келган този итларни парваришлаб келаётган Уланбек Сейилбек 11 ёшда. У Қазиғурт туманига қарашли Майлиўшақ овулида яшайди.

– Бизга аждодлардан ўтиб келаётган касб. Бувам ҳам, отам ҳам този ўстириб, кўпайтириб, улар билан овга чиқишган. Ҳозир сизлар кўриб турган Олапар 3, Тайсон 1 ёшда. Булар бувам ўргатган итларнинг болалари. Уйда яна биттаси бор – Аққу, – дейди у.

– Уланбек, бу итларни қандай парваришлаш лозим?

– Улар гўштни яхши кўради. Ҳовлида эмин-эркин юришади. Одамларни қопмайди. Овга чиққанда эса тулки, қуён, қирғовулларни жуда эпчиллик билан ушлаб олади. Отам отга миниб, қўлига ов милтиғини олиб, тозиларни эргаштириб, овга тез-тез чиқиб туради. Мен укам билан мактабга кетганда уларга отам қарайди. Итларим жуда ақлли, уларни яхши кўраман, – дейди Уланбек.

Уланбекнинг укаси ҳам овчиликка бениҳоя қизиқади. Кучукларга харидор кўп, дейди у. Айниқса, баъзи овчилар уларнинг болалашини кутиб, буюртма ҳам бериб кетишаркан. Сейилбеклар авлодининг кенжатойидан келажакда ким бўлишини сўраганимда, “отам каби мол дўхтири бўлгим келади”, деб жавоб берди.

Този – эгасидан ҳайиқсада, ёвдан тап тортмайдиган қайсар ит. Унда шамол тезлиги, йиртқичнинг кучи бор. Қарши келган ҳар қандай йиртқичга бас келиб, улоқтириб ташлаши мумкин. Мутахассислар бугунги кунда тоза қонли ов итлари жуда камёб эканлигини айтишади. Шунинг учун бўлса керак, улар жуда қиммат баҳоланади. 

Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 30-йилларида 7 мингга яқин този бўлса, бугунги кунда улар бармоқ билан санарли. Тозиларнинг икки тури мавжуд бўлиб, иссиқ ўлкаларда тақир, совуқ иқлимли ерда майин жунли тозилар учрайди. Бизда энг қимматли саналадигани – бўрибосар тозилар. Улар жуда кучли ва шамолдан тез ҳаракатланишади. Қашқирни бўғзидан олиб, қорнини ёриб ташлашади. Яна бир тури эса бўрининг бошини босиб, эгаси келгунча бўшатмай туради. Бугунги кунда улар ҳақида қанча айтмайлик, ота-боболаримиз каби ов ити, лочин ва тозини парваришловчиларни учратиш қийин. Фақат Уланбеклар оиласи каби миллий қадриятларни қайта тиклашга ҳисса қўшаётган ва уларни авлоддан-авлодга етказиб келаётган кишиларни қўллаб-қувватлаш лозим. Бор умидимиз – улардан.

Одамларнинг айтишича, Қоратол ўзани бўйида истиқомат қиладиган халқ қизларининг қалин молига бериладиган қирқ еттидан бош тортиб, биргина тозига бериб юборган экан. Бу – боболаримиз тозини қандай эъзозлаганини билдиради.

Хуллас, орамизда ота мерос касбни давом эттираётган ёшлар борлигидан мамнунмиз ва улар сафининг ортишига умидвормиз.

, 2019-01-15, 12:25 179
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.