26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Виждонни ухлатган ўйин

25 ёшни қаршилашга улгурмаган Бахитжан осонгина даромад топиш илинжида танишларига эргашиб қиморга ружу қўйди. Ўйинхона иккинчи уйига айланди. Онаси раҳбарлик қилаётган дўконда сотувчи бўлиб ишласада, маошидан қониқмасди. Дастлаб беш-олти минг тенге ютиб, қилаётган ишидан кўнгли таскин топаётган Бахитжан, бу билан чекланиб қолмади. Бундай қараса, дўстлари, ҳамтовоқлари фалон минг тенге тикиб, ундан икки баравар ортиқ даромад кўриб юришибди-я. Шу фикр унинг миясида ғужғон ўйнарди. Юрса ҳам, турса ҳам, савдо ишлари билан банд бўлса ҳам шу ўй уни тарк этмади. Осонгина даромад олиш йўллари турганда машаққатга ўрин борми?

Бўш вақтини ўйинхоналарда ўтказаётган ўғлининг юриш-туриши онада хавотир уйғотсада, вақт ўтиши билан бу иллатни тарк этишига умид қиларди. Бироқ, бу тарки одат – амри маҳол, деганларидек, қизиқиши заррача сусаймади. Қиморхона бўш вақтини, тунларни ҳам бедор ўтказаётган ўғилнинг севимли масканига айланди. Натижада, онасининг сумкасидан пуллар ҳам йўқола бошлади. Ютуқ учун тикилаётган пуллар ҳар доим ҳам яхши фоиз олиб келавермаслигига гувоҳ бўлсада, нафси уни ўзига бўйсундира бошлади. Энди оила ҳам ўз жамғармасидаги пулларнинг камайиб бораётганлигидан ташвишга тушди. Бола банклардан насиялар ола бошлади. Биридан қутулиб улгурмай, иккинчисидан қарз оларди. Ўғилнинг танобини тортиб қўйишга ҳаракат қилишди. Бува ҳам набирасининг ножўя ишларидан ғазабга тўлиб, тартибга чақирди. У эса қариндошлардан катта-катта қарзлар олардию узолмасди, улар бундан умуман бехабар онадан пулларини сўраб келишарди. Банклардан олинган фалон минглик насияларнику, айтмай қўяверинг!

Эртаю кеч тиним билмай ишлаётган онанинг ташвишига ташвиш қўшилди. Буванинг пенсияси ҳам нафси ҳаккалак отган набира туфайли қўлига тегмайдиган бўлди. Қиморхоналар, ҳаром ўйинларга яқинлашмасликка ваъда берган ўғил оиласи билан муносабатларни ҳам ўйинга айлантириб юборди. Ўғил қарз сўрашдан, банклар эса интернет орқали насия беришдан тўхтамасди. 

...Шу куни тунда ҳам ўйинхонага бориб қимор ўйнашни ният қилган эди. Тонгги соат 4лар чамаси буваси набирасининг қаерга кетаётганини сезиб қолиб, бу йўлдан тўхтатишга уринди. Бироқ қайсар набира буни англайдиган ҳолатда эмасди. Унинг нафси ўйинхонага бориб тезроқ пул ютиб олса-ю, дўстларидан олган қарзларини узиб, маишатга чулғанса. Бобо набирасидан қимор учун олган 307 минг тенге қарзини қайтаришни талаб этди, Бахитжаннинг қайсарлигидан хафа бўлиб, қизига раҳми келди. Мана шу болага ҳам Яратган инсоф бериб, яқинларини қадрлашга ўрганса, қанийди!. Бироқ ади-бади айтишиб турган бола насиҳат тинглайдиган кайфиятда эмасди. Гаплари таъсир қилмаётганини кўрган бува аччиқ устида Бахитжаннинг бошига бир туширди. Ўзининг ҳаракатидан руҳан эзилган етмишлар чамасидаги бува ўз хонасига кириб, диванга чўзилди. Бундай муаммодан кейин кўзга уйқу келармиди? 

Ҳа, келиши мумкин экан. Бу кўзлар мана шу танбеҳдан сўнг мангу юмилишини қария тасаввурига ҳам сиғдирмаган бўлса керак...

Мушт еган, танбеҳ эшитган, аламзада набиранинг кўзига ҳеч нарса кўринмади. Ошхона пичоғи бутун муаммоларини ҳал этадиган восита сингари унга ёрдамга келди. Диванда ётган кекса бувасининг қорнига бир неча бор пичоқ санчди. Кейин эса қўли етган жойга пала-партиш пичоқни санчаверди. Оғриқдан қичқираётган чол жойидан қўзғалиб, қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди, бироқ кучи етмади... Бахитжаннинг онаси Зауре даҳшатли қичқириқлардан уйғониб, отасининг хонасига отилди. Боласини отасининг жонсиз танасидан ажратишга уринаётган она ўғлининг бундай хунрезликка боришини ақлига сиғдиролмасди. Қўрқувга тушган она пичоқ кўтариб, “Она, мени кечиринг, бехосдан шундай бўлиб қолди” деяётган қотилдан орқага тисарилиб, отасининг ётоқхонасига қоча бошлади. Ўғил кириб, онасини тинчлантиришга ҳаракат қилди. Қилмиши учун узр сўраётган жигаргўшасининг овози она қулоғига кирмасди. Кўз ўнгида фарзанди отасини аямай пичоқласа, қўли бобосининг қонига ботган бўлса. Кўзи қонга тўлган, ўзини идора қила олмаётган ўғил пичоқни энди онасига йўналтирди. Кўкрак қафасига аямай пичоқ ураётган ўғлидан қочиб шкаф томонга бурилди, белига ҳамда ўнг буйрагига урилган пичоқ зарбидан сўнг онанинг жонсиз танаси ерга қулади...

Бахитжан қилмишини англайдиган ҳолатда эмасди. Ўзига келгач, жиноят изларидан қутула бошлади. Қадрдонларининг умрига зомин бўлганини мушоҳада қилиб ўтирмади, аксинча пичоқни тозалаб ювди, ич кийимларигача қон ўтиб кетганлиги боис уларни янгилаб, душда чўмилди, сочиқ билан ердаги қон изларини суртиб, ҳожатхонага улоқтирди. Жасадлар устидан ҳатлаб ўтиб, тоза кийимларини кийиб, совуққонлик билан онасининг сумкасидан 341 минг тенгени олди. Эрталабки соат 05 лар атрофида А. исмли дўстининг уйига таксида келиб, 170 минг тенге қарзини берди. У ердан Шимкентнинг Ғ. Иляев кўчасидаги “Луна бар” ўйин автоматларига келди, бироқ қоровул ёпиқлигини айтди. Кейин таксида Туркистон кўчасидаги “PS-4” ўйин залига борди. 500 тенге таксига қолдирди-ю, бошқа пулини ҳам кўкка совурди. 

Пули тугагач, уйига қайтди. Кийимида қолган изларни йўқотишга ҳаракат қилди, бу қотилликка ҳеч алоқаси йўқдек, унга ҳужум қилган инсонлардан омон қолганини исботлаш мақсадида ўзини пичоқлашга уриниб кўрди... Жон ширинлик қилди. Буни уддалай олмагач, қўлини кесиб, хаёлидаги “жиноятчилар”га қарши курашган бўлди. Эрталаб соат 9да ётоғига кириб, диванга чўзилди. Шу куни 14.30да уйқудан уйғониб, содир этган жиноятининг мудҳишлигини англай бошлади... Даставвал ҳомиладор қайлиғи А.га қўнғироқ қилиб, “Онажон” деб йиғлашдан нарига ўтолмади. 

Экспертиза хулосалари Бахитжаннинг қарияга 26 марта, онасига эса 16 марта пичоқ санчганлигини аниқлади. Бахитжан бу қотилликни содир этмагани, балки терговчиларнинг унга тазйиқ ўтказаётгани ҳамда иқрор бўлишга мажбурлашаётганини айтиб, терговни анча чалғитишга ҳаракат қилди. Вақт ўтиши билан жиноят содир этганлигини тан олди ҳамда айбига иқрор бўлди. Шимкент шаҳар жиноий ишлар бўйича туманлараро ихтисослашган судининг раиси илк бор судланаётганлиги, фарзанди борлигини эътиборга олиб, қотилни 15 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Нафс, очкўзлик, оила олдидаги масъулиятсизлик, қиморга хуморлик ношукрликка олиб келди, ўғил қадрдонлари умрига зомин бўлди. Мудраётган виждон энди уйғонармикан?

М. САЪДУЛЛАЕВА. Шимкент шаҳар жиноий ишлар бўйича туманлараро ихтисослашган суди материаллари асосида тайёрланди, 2019-01-17, 10:36 257
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.