26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Жодуга йўғрилган алдов...

Тадбиркорлик билан шуғулланаётганига бир йил бўлса ҳам Ғафурнинг иши юришмади. Руҳан эзилиб юрган кунларидан бирида хотини Тамара юпатди:

– Дадаси, бизнесингизни ёпиб қўяқолинг. Корхонада бинойидай ишлаб юрган эдингиз, ойлик маошингизни мен бозорда икки баравар кўпайтириб юрган эдим. Нима кераги бор эди сизга қурилиш материаллари дўконини очиб? Ҳар қадамда дорихона, ҳар қадамда дўкон... 

– Нималар деяпсан, хотин, ўғил уйлантириш, икки қизни ўқитиш, учинчисига тўй қилиш осон дейсанми?

– Унда мен фолбинга бораман, оиламизга кўз текканга ўхшайди.

– Фолбинга бориш – катта гуноҳлардан бири. Иккинчи бу гапни эшитмай, – деб, гапни калта қилди эри.

Эртасига Тамара унга билдирмай, шаҳардаги таниқли фолбинга борди. 

Аёлнинг ёши қирқлардан ошган, лекин сочларига оқ оралаганди.

– Хўш, қандай муаммо билан келдинг? – сўради фолбин.

– Эримнинг бизнеси юришмаяпти... Қўшнилар сизни мақтагани учун олдингизга келавердим.

Фолбин Тамаранинг гапига эътибор бермай, шамларни ёқди ва алланималар деб пичирлади. Сўнг:

– “Сeн жоду қилингансан. Сeни кимдир ўқияпти ва сeҳрлаб қўйяпти. Яқин вақтда сенга фалон-фалон кўнгилсизликлар келади, – деди. – Бизнесга эмас, оилангга кўз теккан.

– Қаёқдан билдингиз?

– Шамнинг алангаси сенинг оилангга қилинган дуога чидай олмай, эгилиб, букилиб кетяпти. Бу касб менга момоларимдан ўтган. Олдимга одам келиб, ўз муаммоларини айтаётганида, мен у ҳақда ахборот тўплашни бошлайман. Ахборот қандай келишини тушунтириб беролмайман, ўз-ўзидан келаверади, мен фақат уни тилимда айта оламан. Кўп одамнинг йўлини очганман, лекин сенинг аҳволинг жуда оғир. 

Қўрқувдан Тамарани совуқ тер босди. 

– Наҳотки бир амали бўлмаса? – ялинганнамо сўради.

– Ҳаракат қилиб кўрай. Лекин ҳозирча сендан пул ололмайман. Пулларинг ҳам жоду қилинган. 

– Унда...

– Лекин бриллиант узугингни оламан. Чунки жавоҳирга сеҳр-жоду ўтмайди. Бундай узук таққан одамни ҳатто қопағон ит ҳам қопмайди. 

Тамара узугини қандай ечиб берганини билмай қолди. 

Анорхоннинг фолбинлик билан шуғулланаётганига ўн йилдан ошган. Бунга жаҳон молиявий бўҳрони сабаб бўлгандир. Қийинчиликка дуч келган одамлар ҳар қандай мўъжизага ишонишга тайёр эди.

Қанча одамни алдаб, чўнтагини қоқди. Фараз қилинг, у мижозига ҳар-хил бўлмағур нарсаларни гапиради. Нажот истаб келган ҳомиладор аёлни чўчитади, “фарзандингиз ўлик туғилади”, дейди. Келиннинг қандай ҳолга тушганини тасаввур қилиш қийин эмас. Лекин Сафаровлар оиласига у аёл келганда қаттиқ янглишди. 

Эртасига Тамара фолбинга мактабда ўқийдиган икки қизи Маъсуда ва Мавлудани олиб борди. Фолбин қизларнинг қўлига биттадан товуқ тухумини берди. Сўнг қайтариб олиб, бошқа хонага чиқиб кетди. Бир оздан кейин тухумларни Тамарага ушлатди. 

– Кўрдингми, қандай қизиб кетди. Бунинг сабаби – оилангизга теккан кўз. Агар икки соат ичидан менга икки минг доллар олиб келмасанг, икки қизингга ҳам «қора касал» юқади. Иложини топсанг, уч минг доллар олиб кел.

– Билмадим, гипноз ҳолатига тушиб қолдим, шекилли, икки соат ичида фолбинга уч минг доллар кредит олиб бердим. Бир ҳафтадан кейин қизларим тумов бўлиб қолди. Яна фолбинга бордим. “Қизларимга офат ёпишганга ўхшайди. Қўлингиздан келади, ёрдам беринг”, дедим. 

– Қўлимдан келади, – деди у. – Лекин хизмат ҳақимни тўлай олармикансан?

– Машинам бор, сотиб бераман!

– Сотиб нима қиласан, яхшиси, менинг номимга ўтказиб берақол.

Иши юришмаётганидан боши қотиб юрган Ғафур хотинининг муаммоларидан бехабар эди. Чунки, Тамара фолбинга бораётганини ва анчадан бери  унинг қоидалари асосида яшаётганини эрига айтмаганди. Машинасини сўраган эди, «бузилиб қолди, таъмирлашга қолдирдим», деди. Тамаранинг қармоққа илинганини сезган фолбин иш ҳақини оширгандан ошира борди. Лекин эри бир куни уйида қимматбаҳо буюмларнинг йўқолаётганини сезиб қолди. 

– Компьютер нега жойида йўқ? – сўради у хотинидан. 

Тамара аввал бузилиб қолди, таъмирлашга бериб юбордим, демоқчи бўлди. “Кир ювиш машинаси, телевизор қани”, деб сўраб қолса, нима дейман, деб, ростини – фолбинга бериб юборганини айтақолди. 

– Ақлдан оздингми, хотин, – дедию эрининг юрак хуружи тутиб, йиқилди. Уни «тез ёрдам олиб кетди. Эртасига вилоят юрак касалликлари шифохонасига ётқизишди. 

Эрини кўришга борганда Тамара айтиб улгармаган гапларини унга айтди:

– Биз унга ҳайкал қўйсак арзийди. Оиламизни ғаму кулфатдан сақлаб келяпти.

Ўн кун даволанган Ғафур касалхонадан чиқиб, фолбиннинг олдига борди.

– Оиламиздан нари юрмасанг, полицияга арз қиламан, қаматиб юбораман, – деди. 

– Сен ким бўлибсанки, мени қаматсанг, – деди фолбин. – Полиция бошлиғи яқин қариндошим бўлади.

Ғафур яна касалхонага тушиб қолди. Бир ҳафта ётиб, ўзига келганида, хотини қандайдир ҳужжатлар кўтариб келди.

– Қизларимиз яна оғриб қолишди. Сиз ҳам, мана, касалдан бошингиз чиқмаяпти. Бунинг бари сеҳр-жодунинг таъсири экан. Фолбин шу сеҳрни оиламиздан олиб ташламоқчи. Фақат, ҳақига уйни унинг номига ўтказиш керак экан. Сизнинг рухсатингиз керак.

– Онаси, кўзингни оч, оиламизда ҳеч қандай сеҳр ҳам, жоду ҳам йўқ. Мени ҳам, қизларни ҳам тузатишади. Уйни унга бериб юбориб, қаерда яшаймиз?

– Бош омон бўлса, уй топилади. Ижарада яшаймиз. 

Ғафур касалхона кийимида фолбиннинг уйига қараб югурди. Назарида, агар кучи борича югурмаса, хотини уйни Анорхонга совға қилиб юборадигандай туюлди. 

Аёл чой ичиб ўтирган экан. 

– Хотинимнинг бошини айлантирма, – деди у . – Бўлмаса, ҳозироқ полицияга бораман.

– Боравер! Агар уйни менинг номимга ўтказмасанг, шундай сеҳр-жоду қилайки, ўғил-қизларинг ўтирган жойида жон таслим қилишади. 

Ғазабдан Ғафурнинг юзи оқариб кетди. Кўзига фолбин жодугарга ўхшаб кўринди.

– Жодугар! – деди у. – Сен ҳақиқий жодугар экансан! 

Ғафур қўлига ошхона пичоғини олиб, аёлнинг кўксига урди. 

  ***

Ғафурнинг суди бўлди. Уни 8 йилга озодликдан маҳрум қилишди. 

Суд тугагач, одамлар залдан ғамгин бўлиб чиқишди. Бир нуроний аёл: «Жодугарни ўлдиргани учун Ғафурни қамамай, унга раҳмат айтишлари керак эди», деди. 

Я. ҒАНИЕВА, 2019-01-18, 16:55 212
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.