26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Аввалгиларга ўхшамас

Қимматчиликнинг илдизи 

Шўро замонидаги исрофгарчиликни ҳали кўплар унутишмаган. Ҳайдовчиларга машина юрган масофасига қараб эмас, балки, сарфлаган ёқилғидан келиб чиқиб, маош тўланганлигини биламиз. Қандай қилиб, дейсизми? Ҳайдовчилар бензин баки тагидаги бир мурватчани очиб қўяр, бензин ерга тўкилиб, қанча кўпроқ сарфланса, режа шунча ортиғи билан бажариларди. Колхозларга бензин шунчалик кўп берилганидан, уни бензовозларда олиб бориб, дарёга оқизиб юборишарди. Нон арзон бўлгани учун одамлар бу азиз неъмат билан сигир, қўй ва чўчқаларини боқишарди. Бу эслатишлар билан ўтмишимизга тош отмоқчи эмасман. Фақат мустақилликка эришганимиздан кейин биринчи йилларда халқимиз қийналишининг сабабларини аниқлаштирмоқчиман, холос. Бир серобчиликнинг бир камёбчилиги бор, дейди доно халқимиз.

 Нарх – навонинг ўсишига гоҳо ўзимиз ҳам сабабчи бўлиб қоламиз.

– Ҳа, энди 100 тенге учун талашиб ўтираманми?

 Бир хил қадоқланган чой иккита озиқ-овқат дўконида икки хил нархда сотиляпти. Бирида 400 тенге, бошқасида 500. Ана шу фарқни англаган бир онамиз харид қилган молини кайтариб, бошқа дўкондан оляпти. Буни бир қўшниси билиб қолиб, «энди арзимаган 100 тенге учун нари-бери югурадиган бўлиб қолдингизми?» – деб уялтирмоқчи бўлади. Айнан шунақанги фикрлаш фаровонлигимизга болта урадиган жиҳатлардан бири. Хўш, бу ҳақда мулоҳаза юритиб кўрдингизми? Бозор иқтисодиётининг қатъий ва беаёв қонуни бор: талабга қараб баҳо белгиланади. Яъни, сотилаётган маҳсулот аввал 400 тенгедан сотилади. 500 тенгедан ҳам олаверишса, маҳсулот чиқараётган корхонанинг ўзи унинг баҳосини 500 тенгега кўтаради. Олибсотарлар бу маҳсулотнинг устига яна ўз фоизини қўшади. Натижада, 400 тенгелик маҳсулот ўз ёрдамимиз билан 600 тенгелик маҳсулотга айланади. Гўшт 1600 тенгегача кўтарилди, деб нолишмоқда ва шундай бўлса ҳам унинг савдоси қизиб турибди. Агар шу гўштни харидорлар сотиб олишмаса, эгаси, албатта, баҳосини туширади. Чунки, кун ўтган сайин унинг сифати ҳам кетади, суви ҳам қочиб, вазни йўқолади. Дабдабали тўйлар сабаб бўлиб, бу гўштнинг баҳоси 2000 тенгега кўтарилиб кетса ҳам ажабланадиган жойи йўқ. 

Тежаб-тергайдиган, асраб-авайлайдиган янги замонда яшаяпмиз. Ҳали-ҳануз тўю маъракаларда юз килолаб ош дамлаб, ўзимизни кўз-кўз қилишни бас қилмаяпмиз. Ҳаммамизнинг ҳам тўй қилиб, элга ош беришга қурбимиз етади. Лекин тўйдаги исрофгарчиликлар давом этаётгани юракка ғашлик солади-да.

Пул топиш – жасорат, уни сақлай билиш – донишмандлик, сарфлаш эса – санъат, деган экан ота-боболаримиз.

Сизу бизга ана шу учинчиси – сарфлаш санъати етишмайроқ турибди чоғи?

Маънавият – ҳаётнинг гултожи!

Юқорида келтирилган мисолларда шўро даврининг камчиликларини айтган бўлсам, энди яхши томонини эслатиб ўтишни жоиз деб топдим. Шўро замонида катта-катта китоб дўконлари, ҳатто кичик қишлоқларда ҳам, бўларди. Шўролар давлати ер юзида энг кўп китоб ўқийдиган халқи билан фахрланарди. Минглаб газета ва журналлар чиқариларди. Ҳар кимнинг ўз тилида газета ва журналлар ўқишга имконияти бор эди. Ўзбеклар Ўзбекистоннинг юзлаб газета ва журналларини олиб ўқирди. Масалан, «Шарқ юлдузи», «Гулистон», «Муштум», «Саодат», «Гулхан», «Ғунча», «Ёшлик» журналлари, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси кириб бормаган хонадон деярли йўқ эди. Бу нашрлар ёшларимизни юксак маънавият асносида тарбиялашга катта ҳисса қўшарди. Истаган одам чўнтагига 10 сўмни солиб олиб, Тошкентга борар ва оиласига совға-саломлар олиб қайтар, улар орасида, албатта, камёб китоблар ҳам бўларди. Чегарада эса ҳеч ким «кимсан, қаёққа, нима олиб кетяпсан?» – деб сўрамасди. Мактабни тугатиб, Тошкентга ўқишга борадиганларнинг саноғига етолмас эдингиз. Ҳозир эса китоб ноширларининг ҳам мазаси йўқ. Ўзбек тилида Жанубий Қозоғистонда чиқаётган «Жанубий Қозоғистон» газетасига обуна бўлишни ўзига эп кўрмайдиганларнинг кўпаяётгани сир эмас, улар туфайли нашр адади 15000 нусхага кўтарилмаяпти. Бу ёшларимиз маънавиятини шакллантиришда ҳам кўп нарсани бой бериб қўяётганимиздан далолат эмасми?

Мустақил юртимизда ҳар бир миллат вакили ўз маданияти, урф-одатларини сақлаб қолиши учун барча имкониятлар яратилган. Лекин, халқимиз ҳануз бир ёқадан бош чиқариш, деган сўзнинг маъносини чуқур англаб етмаяпти. Орамизда «мен ўзбекча газета ўқимайман, мен учун русчаси яхши» деб кўкрагига урадиганларга нима дейсиз? Навоий бобомиз:

Эл нетиб топгай мениким,

Мен ўзимни топмасам, 

деган сатрларида нимани назарда тутган?

Биз ўзимизни топмасак, ўзини топган кишини тополмаслигимизни айтган. Киши ўзгалардан истайдиганини даставвал ўзидан изламоғи кераклигини айтган. Бу хусусда Навоий дейди:

Ўз вужудингга тафаккур айлагил,

Ҳар не истарсен, ўзингдан истагил.

“Ёшлик” журналида шундай фикрлар битилибди: “Шоир Эркин Воҳидовнинг гувоҳлик беришича, домла Миртемирдек закий шоир Навоийни тўлиқ билмагани учун ул онҳазратнинг ҳайкалларидан уялар экан. Бугун пойтахтимизда савлат тўкиб турган бобомиз ҳайкали қошига ҳар куни ўнлаб келин-куёвлар боради. Ана шу ташриф этаётганлар кимнинг пойига келганини англайдиларми? Шу ҳайкал соҳибининг жиллақурса битта ғазалини ёд биладиларми? Агар билмаса, ҳеч бўлмаганда ўзларида уялиш ҳиссини туядиларми?

Ҳа, ана шундай оғриқли саволлар қаршисида қолар экансан, беихтиёр улуғ бобомиз олдида қанчалик уятли ҳолда эканимизга иқрор бўласан, киши”.

Келажак авлод олдида барчамиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Тилнинг йўқолиши – халқнинг йўқолиши. Навоий бобомиз давридан бери ривожланиб, юксак чўққиларни забт этган тилимизнинг йўқолишига йўл қўйишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. 

Отабой РАҲИМҒОЗИЕВ, жамоатчи мухбиримиз, 2019-01-22, 10:54 696
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.