26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ер олмоқчимисиз? марҳамат!

Сизга ер беришади ёки навбатга қўйишади

Қозоғистонда якка тартибда уй-жой қуриш учун 10 сўтих ерни қандай олиш мумкин? Tengrinews.kz мухбири худди шу саволга ер масалалари бўйича эксперт Бақитжан БАЗАРБЕКдан жавоб олибди. Бизнинг минтақада ҳам ушбу масала ўта долзарб бўлиб турганлиги учун уни таржима қилиб, босишни лозим кўрдик. Қозоғистоннинг ҳар бир фуқароси якка тартибда уй қуриш учун 10 сўтих(0,10 гектар) ерни бепул олиш ҳуқуқига эга. Бунда даъвогарнинг кўчмас мулки бор-йўқлиги умуман аҳамиятга эга эмас.

Якка тартибда уй қуриш учун ўзининг 10 сўтих ерини олишга оиланинг барча аъзолари, ҳатто бундай участкани унинг бошқа аъзолари олиб қўйишган бўлса ҳам, даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Битта мақсадга мўлжалланган ерни олиш ҳуқуқи атиги бир марта берилади. Шунинг учун, агар даъвогар, бошқа бирор жойдан илгари бепул ер участкаси олиб қўйган бўлса, қайтадан 10 сўтих ерни ололмайди.

Шуни эътиборга олиш керакки, сиз ер участкасини ўзлаштиргандан сўнггина, яъни яшайдиган уйингизнинг фойдаланишга топширилгани тўғрисидаги давлат акти имзолангани ва рўйхатга олинганидан кейингина ер участкасининг эгаси бўлишингиз мумкин.

Ариза ёзиш тартиби

Ариза ер участкаси жойлашган ҳудуддаги идорага топширилади. Яъни аризани аниқ аҳоли манзилининг ҳокимлигига ёзиш керак. Участка шаҳар ҳудудида бўлса – шаҳар ҳокимлигига, поселкада бўлса – поселка ҳокимлигига, қишлоқда бўлса – қишлоқ ёки қишлоқ округи ҳокимлигига.

Ариза эркин равишда тўлдирилади. Унда ариза берувчининг бепул ер участкаси олиш истаги кўрсатилиши керак. Кўзланган мақсад: хусусий уй қуриш(ХУҚ) учун ер участкаси олиш.

Аризада, шунингдек, аниқ аҳоли манзили ва ернинг тахминий жойлашган ўрни, майдони 0,10 гектар деб кўрсатилиши лозим. Аризага иккита ҳужжат илова қилинади – шахсий гувоҳнома кўчирмаси ва бошқа ер участкаси бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотнома.

Ҳокимликнинг бошқа ҳужжатларни талаб қилишга ҳаққи йўқ. Агар ҳокимликдаги бирорта амалдор бошқа ҳужжатларни талаб қиладиган бўлса, у жавобгарликка тортилиши мумкин, деб ишонтирди Бақитжан Базарбек.

Ариза-илтимоснома 60 тақвим(календарь) кунида кўриб чиқилади. Ер комиссияси тузилади, агар бўш участкалар бўлса, комиссия аризани қаноатлантиради ва ижобий қарор чиқариб беради. Илтимосни ўринлаш имконияти бўлмаса, бўш участкалар йўқ бўлса, фуқаро махсус ҳисоб(навбат)га қўйилади.

7 иш куни ичида, комиссия қарори чиққандан сўнг сизни ер участкаси олиш учун навбатга қўйишади. Қўлингизга ер участкасини олишга турган навбатингизни кузатиб боришингиз учун сайт кўрсатилган билдириш(уведомление)-маълумотнома беришади. Билдиришни эҳтиётлаб сақлашингиз керак.

Навбатга турамиз

Махсус ҳисоб – ХУҚ учун бепул ер участкалари олишни хоҳловчилар рўйхати деганидир. Ушбу рўйхатда қандайдир аломатларига қараб ҳеч кимга устунлик берилмайди. Яъни бу рўйхатда ҳатто серфарзанд оналар ёки турли тоифадаги ногиронлар ҳам имтиёзларга эга бўлолмайдилар.

Рўйхатда ер олувчининг исми шарифи, ИИН, яшаш жойи, манзили ҳақидаги маълумотлар қайд этилади. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатимизда давлатдан 10 сўтих ер олиш учун навбатда жами 1456379 одам турибди. 

Қандай ҳолатларда ариза рад этилиши мумкин?

1. Агар фуқаро мамлакат ҳудудида илгари ХУҚ учун бепул ер участкаси олган, лекин буни яширган бўлса. Ер кодексининг 50-модда 2-бандига кўра, битта мақсад учун ер участкасини такроран бериш тақиқланади.

2. Агар ер олувчи балоғат ёшига етмаган бўлса.

3. Ер олувчи Қозоғистон фуқароси ёки ўролман ҳисобланмаса. 

Қозоғистонда ҳозирги кунгача навбатда турганларнинг ягона рўйхати йўқ, у Ер ресурсларини бошқариш қўмитаси билан “Фуқаролар учун ҳукумат” давлат корпорацияси томонидан ишлаб чиқилмоқда. Ер участкасига навбат келганда масала комиссия муҳокамасига ҳавола этилади. У илтимосномани яна кўриб чиқади ва ер участкасини бериш ҳақида хулоса чиқаради.

“Агар одам илгари аукционда ер ёки ер участкасига эга уй сотиб олган бўлса, бу ҳолат бепул ер участкаси берилмаслигига асос бўлолмайди”, – деб тушунтирди эксперт.

Ер участкаларини навбатга қараб ҳокимлик тақсимлаб беради, участкани ер олувчининг ўзи танлаб ололмайди. Агар таклиф қилинган участка ер олувчига ёқмаса, у ҳолда олишдан бош тортганлигини ёзма турда баён этиши керак. Шу тариқа у ўз навбатидан ҳам воз кечади.

Комиссиянинг ижобий хулосасидан сўнг ер участкаси жойлашган ҳокимлик ернинг берилиши ҳақида қарор чиқаради. Ҳокимнинг қарорини олгандан сўнг фуқаро тегишли туман ёки шаҳар ер муносабатлари бўлими(бошқармаси) билан ижара шартномасини тузади.

Сўнг фуқаро мазкур участкани ўзлаштириши, яъни унга уй қуриши керак. Агар икки йил ичида ер участкасидан ўз мақсадида фойдаланилмаса – қурилиш қилинмаса ёки хусусий уй-жойдан фойдаланилмаса, давлат ерни қайтариб олиш ва кейинги навбатда турган бошқа фуқароларга бериш ҳуқуқига эгадир. Шундай қилиб, давлатдан ер участкасини олгач, уйни қуриб, “топширганингиз”дан сўнггина сиз ернинг тўла ҳуқуқли хўжайини бўла оласиз.

Участкани шахсий мулк қилиб олиш

“Меъморчилик-шаҳарсозлик фаолияти тўғрисида” Қонунига мувофиқ сиз қурган уйингизни қабул акти бўйича мустақил қабуллаб олишингиз мумкин.

Уй эгаси акт тузади: белгиланган шаклдаги актни олиб, тўлдиргач, унга уйнинг суратини ёпиштириб, уйни қабул қилиш ҳақидаги актни рўйхатга қўйиш учун меъморчилик-шаҳарсозлик бўлими(бошқармаси)га юборади. У ерда ҳужжат рўйхатга олинади ва давлат рўйхатига киритилиши учун жўнатилади. 2018 йил июль ойидан бошлаб давлат рўйхати билан “Фуқаролар учун ҳукумат” корпорацияси шуғулланмоқда.

Рўйхатга олингандан сўнг энди шахсий мулкка эгалик ҳуқуқини олиш учун ер комиссиясига ариза топширилади. Ер комиссияси фойдаланишга қабул қилиш актини, қурилган уйни, ер участкаси ўзлаштирилганини кўргандан сўнг ижобий хулоса чиқариб беради.

Ана шу хулосага асосан ҳоким қарор чиқаради. Шундан кейингина уй эгаси ер қурилиш ишларига буюртма бера олади – чегарани, майдонни аниқлайди. Унга ер учун кадастр рақамини беришади ва хусусий мулкка эгалик ҳуқуқини берувчи давлат актини тайёрлашади.

Ерни расмийлаштиришдаги найранглар ҳақида

– Фуқаролар бу борада ҳам турли найрангларни ўйлаб топишади. Масалан, баъзилар кичкинагина уйчалар қуришади, эскиз лойиҳасида эса икки қаватли коттеж кўрсатилган бўлади. Бундай уйчаларни улар ерга эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш учунгина қуришади, яъни фойдаланишга қабул қилингач, ер участкасини сотиб юборишади. Минтақаларда шундай ҳолатлар ҳам учради: ерга ҳеч нарса қуришмаган, фойдаланишга қабул қилиш ҳақида акт тузиб, уни тўлдиришган, бошқа бир уйни суратга олиб, уни актга ёпиштиришган ва комиссияга топширишган, – дейди Б. Базарбек. “Ҳокимлик ходимлари эса шу жойга бориб, уй ҳақиқатан ҳам қурилганини текшириш ҳуқуқига эга эмас. Қонунда бундай вазифа кўрсатилмаган, шунинг учун ҳокимликнинг ҳужжатларга ишонишига тўғри келади. Ҳозир биз тузатиш киритаяпмиз, унга кўра ҳокимлик ходимлари жойларга бориб, текшира оладилар. Назоратсизликдан фойдаланиб, баъзи кишилар ерни хусусий мулкка айлантириб олмоқдалар ва учинчи шахсларга сотмоқдалар”, дея қўшимча қилди эксперт.

Яна бир муаммо – 10 сўтих ер олиш учун навбатда турганлар рўйхатида “ўлик жонлар” борлиги. Шунингдек, ҳокимликлар сайтларида навбатда турганларнинг тўлиқ рўйхатини ҳамма вақт ҳам эълон қилавермайди.

Ислом АБДУНАБИЕВ тайёрлади, 2019-01-22, 10:58 1651
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.