26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Маънавиятимизнинг олтин тожи

Севимли рўзномамиз – "Жану­­­­­­бий Қозоғистон" газетасида устозимиз, соҳир қалам­каш, Қозоғистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси Абду­раҳим  Пратовнинг "Қозоғистон ўзбек матбуотига – 100 йил" мақоласини ўқиб, бағоят мамнун бўлдик. Муаллифнинг кўпчилик ёдидан чиқаёзган улуғ сана ҳақида сўз юритиб, маърифат ва маънавият куйчиси бўлмиш ўзбекзабон газеталар тарихига эътибор қаратганлиги таҳсинга лойиқ.

Юртимиз ўзбек матбуоти ҳа­қида сўз юритарканмиз, беихтиёр 1932 йили дунёга келган «Пахта учун» ёки бугунги «Сайрам садо­си» туман газетасини тилга олмай илож йўқ. Бу нашрни том маънода бугунги Қозоғистоннинг дастлабки ўзбекзабон нашри десак, мубо­лаға бўлмас. Чунки «Пахта зарб­дори» номи билан Чимкентда чиққан рўзноманинг умри қисқа бўлди, 1936 йили 23 мартда сўнгги сони дунё юзини кўрди. Ундан сал илгари эса «Деҳқон товуши», кейинчалик 1927 йилда «Қизил қишлоқ» номини олган ўзбекзабон рўзнома эса Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг расмий газетасига айланди. 

Тўғри, элимиздаги илк ўзбек­забон газета 1918 йили 12 июнда Алмати шаҳрида Собиржон Шо­кир­жонов муҳаррирлигида чиқ­қан «Еттисув ишчи-халқ мухбири» газетасидир. Унда Октябрь инқи­лобидан сўнг юзага келган янги ҳокимиятнинг мақсадлари, ички ва ташқи сиёсати ҳақида Еттисув минтақаси халқига батафсил маълумот берилади. 1918 йилнинг 9 декабригача ушбу газетанинг 41та сони дунё юзини кўрди. Сўнг у «Учқун», 1919 йил июнь ойи­дан «Бухоро», кейинчалик «Кў­мак» номи билан ўзбек тилида чоп этилди. Турли ном билан бо­силган Еттисув минтақаси иж­роқўмининг ўзбекзабон рўз­номасига ўша йиллари юқо­рида номи тилга олинган С. Шо­киржонов муҳаррирлик қилди. «Еттисув ишчи-халқ мухбири», «Учқун», «Бухоро» ва «Кўмак» газеталари эски ўзбек ёзувида, араб алифбосида чоп этилган бўлиб, бугунги кунда ҚР Миллий кутубхонасининг нодир қўл­­­ёз­ма­лар жамғармасида сақ­лан­моқ­да. Аҳамиятлиси, ушбу ўзбек­забон газеталар билан бир қатор­да қо­зоқ ва рус тилларида Еттисув мин­тақаси ижроқўмининг расмий газе­талари ҳам чиққан. 

Қ. Абдуллин муҳаррирлиги дав­рида «Көмек» номи билан чиқ­қан газета кейинчалик «Кедей еркi», «Тiлшi» ва бугунги кунда «Жетiсу» номи билан чоп этил­моқда ҳамда Алмати вилояти ҳокимлигининг расмий нашри ҳи­соб­ланади. Бу маълумотларни кел­тиришимиздан мақсад, ўз дав­рида Еттисув минтақасида она тилимизнинг ўз ўрни ва мавқеи бўлган. Ҳатто Алмати шаҳрида ҳам ўзбек мактаби бўлганлиги ҳақида аниқ тарихий маълумотлар мавжуд.     

Хуллас, вилоятимизда 1932 йилдан буён фаолият юритиб келган  ўзбекзабон рўзнома – бу бугунги «Сайрам садоси»дир. Манкент-Сайрам туман партия қўмитаси ва Манкент МТСнинг сиёсий органи сифатида дунёга келган бу газетанинг илк му­ҳар­рири ва асосчиси Зуҳра Али­­мова эканлиги кўпчиликка маълум. Хўш, Зуҳра Алимова ким ўзи?! Вилоятимиздаги қатор ар­хив­ларни титкилаб, у ҳақда  тў­лиқ маълумот ололмадик. Фа­қат битта ҳужжатдагина Зуҳро (баъзи бир ҳужжатларда Заҳро дея кўрсатилган) Алиакбар қи­зи Алимова (баъзи жойларда Ялимова деб кўрсатилган) «Пах­та учун» газетасининг илк муҳар­рири бўлганлиги ва Сайрам ту­манига Коммунистик партиянинг Ўрта Осиё бюроси(Тошкент)дан партия ишларини жонлантириш учун махсус юборилганлиги кўр­сатилганди. 

Шунингдек, мазкур ҳужжатда унинг Сарқандда туғилганлиги, сўнгги иши Сайрам тумани ком­сомол қўмитаси котиби эканлиги қайд этилган. Тошкентдаги Ўз­бекистон Республикаси Прези­денти Девони архиви ва ЎР Дав­лат архивидан ҳам деярли аниқ маълумот тополмагач, Алматига қараб йўл олдик. Алматидаги қа­тор архивларни ўрганиб чиқдик ва ниҳоят, Зуҳра Алимовага тегишли ҳужжатни  қўлга киритдик. 

1907 йили Еттисув (ҳозирги Ал­мати) вилояти Лепсинск уез­ди Сарқанд волостига қарашли Сарқанд станциясида дунёга келган ўзбек қизи Зуҳра Али­мо­ванинг буваси Ҳусаин Алим ўғли Қўқон хонлиги даврида тижорат ишлари билан Еттисув диёрига  келиб қолган экан. З. Алимованинг отаси Алиакбар Ҳусаин ўғли ҳам ўз даврининг етук бойларидан бў­либ, ўз савдо нуқталарига эга бўлган. Шунингдек, «Совнархоз» Қапал уезд бошқармасининг Сарқанд станциясидаги махсус вакили бўлиб фаолият юритган. 1920 йили Сарқандни «қизиллар» босиб олиши чоғида жанг пайтида ҳалок бўлган. 

Сарқанд рус-тузем мактабининг 3-синфини эндигина тугатган Зуҳ­­­ра Алиакбар қизи учун бу оғир қайғу эди. 1921 йили 16 май­­­­да комсомол сафига қабул қи­­линган Зуҳра саводсизликни ту­гатиш жараёнида фаол иштирок эта­ди. 3 ойдан сўнг ВЛКСМ Сар­қанд бюроси таркибига сай­ла­на­ди ва масъул котибнинг ўрин­босари ҳамда «РОСТ»нинг мах­сус мухбири сифатида фаол пар­тиявий фаолият юритади. 1922 йили февраль ойида ўт­­­ган Лепсинск уезди съездида у ВЛКСМ уезд қўмитаси бюро аъзолигига сайланади ва у ерда  йўриқчи бўлиб ишлайди. Ер ис­лоҳотида фаол иштирок этган Зуҳра большевик акаси Шариф Алиакбар ўғлининг Қизил армия сафида Ўрта Осиёга кетиши са­бабли Алматида истиқомат қи­­лаётган опаси – вилоят ком­со­мол қўмитаси котиби Раъно Али­акбар қизининг олдига келади. Опасининг ёрдамида билимини оширган Зуҳра вилоят молия бўлимининг махфий қисмида ком­сомол қўмитаси котиби бўлиб фао­лият юритади. Партия уни 1923 йили Тошкентдаги Ўрта Осиё Ком­мунистик университети(САКУ – ҳозирги Мирзо Улуғбек номли Мил­лий университет)га  ўқишга юбо­ради. 

Ўқиши мобайнида у партия ва жамоат ишларида фаол иштирок этиб, университет комсомол қў­митаси бюроси аъзолигига сай­ланади. Бир вақтнинг ўзида уни­­верситетнинг «Байналмилал» газетаси таҳрир ҳайъати аъзо­лигига сайланиб, «Қизил Шарқ» 4-сонли интернатининг комсомол ячейкасини бошқаради, шаҳар комсомол қўмитаси таркибида тарбияси қийин болалар билан ишлаш бўйича йўриқчилик қилади. 1925 йили ёзги таътил чоғида уни хотин-қизлар билан иш олиб бориш учун Қирғизистонга йўриқчи этиб юборишади. Фарғона во­дий­­сида ўзбек аёлларининг са­во­дини чиқаришда ҳам Зуҳра Алиакбар қизининг роли беқиёс. 1926 йили олийгоҳни аълога битирган қиз Тошкент округи ком­сомол қў­­ми­тасида йўриқчи бў­либ ишлаш баробарида Тошкентдаги 7 йиллик мактабни бошқаради. 1930-1931 йиллари Ўз­бекистоннинг Ола-Гулчи туман таълим бўлимига раҳбарлик қи­лади. 1931-1932 йиллари Ком­мунистик партиянинг Ўрта Осиё бюроси Марказқўмида йўриқчи бўлиб ишлайди. 1932 йили уни Сайрам туман партия қўмитасига йўриқчи қилиб  юборишади. 

Маҳаллий халқнинг саводини ошириш, дунёқарашини ўзгар­­­тириш борасида бош қотирган Зуҳра Алиакбар қизи маҳаллий пар­тиявий амалдорлар олдига ўзбекзабон рўзнома очиш ма­са­­­­­­­­­­­­­ласини қўяди. Манкент МТС раҳ­бари Коломийцев ва Сай­рам ту­ман партия қўмитаси ходими Абдураим Қўшоқовлар бунга қарши бўлишади. Лекин Зуҳра Алиакбар қизи рўзнома очилишига бевосита раҳбарлик қилади ва илк муҳаррир сифа­тида тарихда қолди. Шу тари­қа Сайрамда «Пахта учун» рўз­номаси дунёга келди ва бугун­гача кўплаб истеъдод эга­ла­­­рини етиштирди. 1933 йили Зуҳ­ра Алимова Тошкентга партия буй­руғи билан ишга қайтаркан, ўз ўрнига ҳамкасби Сайрам туман партия қўмитасида йўриқчи бў­либ ишлаётган Худойберган Сол­метовни рўзномага бош муҳаррир этиб тайинлайди. 

1933-1935 йиллари Тошкент қишлоқ хўжалиги машиналари заводи партия қўмитаси маданий оқартув бўлимига раҳбарлик қи­­либ, Тошкент депосининг «Пер­вомаец» рўзномасида бош муҳар­рир бўлиб ишлаган Зуҳ­рани пар­тия 1935 йили яна Сай­рам ту­­манига ишга юборади. Сай­рам туман комсомол қўмитаси масъул котиби бўлиб тайинланган қиз НКВД ходимларига тушган «юмалоқ хат» туфайли «бой-қулоқ қизи» эканлигини яширганликда ва партиявий одоб меъёрларини бузганликда айбланиб, комсомол сафидан чиқарилади ҳамда Ал­­­­­­­­­матига олиб кетилади. 1936 йи­ли Қозоғистон ССР Олий Суди томонидан судланган Зуҳра Али­акбар қизининг кейинги тақ­ди­ри номаълум. Хуллас, архив ҳуж­жат­лари орқали «Пахта учун» («Сайрам садоси») газетасининг илк асос­чиси ҳақида аниқ маълу­мотга эга бўлдик. Бу биз учун муҳим янги­лик! 

***

Архив ҳужжатлари орқали кўп йиллар партия соҳасида иш­лаган инқилобчи, газетанинг иккинчи муҳаррири Худойберган Солметов ҳақида ҳам маълу­­­­­мотга эга бўл­дик. У 1894 йили Чимкентда туғилган, бо­лали­ги­­­­­­­­­­­дан бировлар қўлида қарол бў­­­­­­­­­­­либ ишлаб, Совет давлатини барпо қилишга баҳоли қудрат  ҳисса қўшган. Биринчилардан бўлиб яширин большевиклар таш­­­­­­килотига аъзо бўлиб, Улуғ Ок­­­тябрь инқилобида қатнашган. 1917-1919 йиллари Арис стан­ция­­сида жанговар дружина тар­ки­бида «оқлар»га қарши жанг олиб борган. 

1919 йилдан Арис станциясида мактаб директори бўлиб ишла­ган, кейинчалик Чимкент уезд (шаҳар) таълим бўлимини бош­қарган. 1921-1923 йиллари Чим­кент шаҳар ижроқўмига раислик қилган, шаҳар ва Сайрам туман партия қўмиталарида масъул лавозимларда ишлаган. «Пах­та учун» рўзномасининг ик­кинчи муҳаррири сифатида та­рих­да қолган. 1937-1940 йил­лари Сайрам туман партия қў­­ми­­таси бюро аъзоси сифатида партиявий курсларда лекция ўқиган. 

Юрак хуружига чалиниб, 10 йил мобайнида тўшакка мих­ланиб қолади. 1950 йили ноги­ронлик нафақасидан қарилик нафақасига чиқади. Унинг икки ўғли бўлиб, бири Алма-Ата-1 стан­цияси юк бўлими раҳбари, ик­кинчиси эса Арис станциясида ма­шинист бўлган экан. Бошқа ҳеч қандай маълумот ҳозирча йўқ. 

P.S. "Сайрам садоси" туман рўзномаси таҳририятини бошқарган ҳамюртларимиз: Зуҳра Алимова, Худойберган Солметов, Бобожон Мирзаев, Абдукарим Дониёров, Тешавой Жаҳонгиров, Боймурод Эрметов, Қулаҳмад Турсунов, Ҳайдарқул Эшонқулов, Худойберган Хўжанов, Раҳмонқул Исонов, Мақсад Алиқулов, Файзулла Акромов, Собиржон Юсуфалиев, Юсуфжон Сайдалиев. 2008 йилдан буён эса Абдусаттор Умаров муҳаррирлик қилмоқда. Газета 1932 йилдан "Пахта учун", 1962 йилдан "Меҳнат байроғи" номи билан чоп этилган, 1990 йилдан буён "Сайрам садоси" номи билан дунё юзини кўрмоқда. 

Саид ХАЙРУЛЛОҲ., 2019-01-24, 10:56 215
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.