26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Алвидо, болакай!..

Кам билсанг кўп яшайсан, деб халқимиз бежиз айтмас экан. Бу ерда гап умр узоқлиги ҳақида эмас, руҳий осойишталик ҳақида бораётганини англаб турибсиз. Оддий инсонлар тили билан изоҳласак, янгиликларнинг йўғи ҳам – яхшидир балки. Яқинда ижтимоий тармоқлардаги хабарлар билан танишар эканман, яна бир фавқулодда ҳодисага кўзим тушди. Испаниянинг Тоталан шаҳридаги Малага аҳоли манзили миллионлаб инсонлар эътиборини ўзига тортди. У ердаги эни 25 см, чуқурлиги 100 метрли қудуққа 2 ёшли болакайнинг тушиб кетганлиги ва неча юзлаб мутахассислардан иборат қутқарувчилар жамоасининг болакайни қутқариш устида ўнинчи кун олиб бораётган ишлари ёритилган эди. 

Ҳодиса тафсилотлари ҳар қандай инсон руҳиятини издан чиқариши шубҳасиз. Ўқиган хабарларим кўнглимга таскин бермайди. 2 яшар гўдакка Яратгандан паноҳ тилаб, унга раҳм кўрсатишини сўрайман, кўз ўнгимда унинг сиймоси гавдаланаверади. 

Мудҳиш ўн кун мобайнида яқин, қўшни давлатлардаги уруш оқибатларидан ҳалок бўлаётган ва катталар томонидан ўққа тутилаётган бегуноҳ болалар тақдири ҳам бу воқеага қўшилиб, юрагимни пора-пора қилгани рост. Осойишта кунларда ўйнаб-кулиб юрган соғлом болани кўз ўнгингда ер ютиб кетиши ва уни ҳимоя қилолмай, чўзилган қўлинг жигарпорангни тутолмай, ҳавода муаллақ қолишидек даҳшатдан Аллоҳ ўзи асрасин! 

Боланинг бегонаси бўлмайди. Нафақат ота-она, ҳар бир инсон бунинг аянчлилигини чуқур англаб, уларнинг ўрнида ўзини тасаввур этиб кўради, кўзига ёш келади. Мана шу кунлар мобайнида бутун дунё Яратгандан гўдакнинг омон қолишини тилаб, дуо қилди. Испаниялик болакайнинг тақдири куннинг бош мавзусига айланди. Энг яхши мутахассислар, муҳандислар, мушкул шароитда ишлаш тажрибасига эга бўлган 300дан зиёд қутқарувчи жажжи Юленнинг ҳаёти учун курашди. 

...Ниҳоят қутқарувчилар болага етиб боришди, минг афсуски, мўъжиза юз бермади. Болакайнинг жонсиз жасади унинг ота-онасига топширилди. Бу воқеани кузатиб борган, хушхабарни кутган инсон борки юракдан йиғлади. 

Янгиликларни кузатиб, ундаги воқеа ривожини кутиб ўтказаётган онлар барчамизни тарбиялади. Қайғу инсониятни бирлаштириб, жипслаштиришига шубҳа қолмади.

Умримиз шиддат билан ўтаётган бу дамларда инсон борки, бир-бирига янада ғанимат эканлигига амин бўлади. Айтилмаган бир оғиз ширин калом, кўрсатилмаган меҳр-мурувват, эҳтиром вақти келиб улкан афсус, надоматга айланиши мумкин экан. Хайрли сўз, меҳрли нигоҳ, мурувватли кўмак нияти пайдо бўлиши билан изҳор этилмай, кейинга қолдирилса, кеч бўлиши хаёлимизнинг кўчасига ҳам кириб чиқмайди. Вақтнинг тиғизлиги, ишдан ташқари оила юмушларининг кўплигини баҳона қилиб, фарзандларимизга етарли эътибор қаратишга ҳам вақтимизни қизғонамиз. Ўша куни ҳам ақлий, ҳам жисмоний чарчоққа қарамасдан фарзандларимнинг кўзларига тикилиброқ қарадим. Ҳар куни улар билан бирга дарс қилишга одатланган бўлсамда, бугун улар билан ачомлашиб ўйнадим, вақтимни фақат уларнинг қизиқишларига бағишладим. Бир ойлардан сўнг 25 см. диаметрли чуқурга тушиб ҳалок бўлган Юленнинг тенгдоши бўлмиш кенжа қизалоғимни алоҳида меҳр билан қучиб бағримга босдим... Ё Раб, наҳотки, мана шу ёшдаги болакай шундай чуқурликда, зулмат ичида жон берса-я?! Қизалоғимни суйиб эркалаяпману, Юлен ота-онасининг мана шу дамларга қанчалик ташна эканлигини тасаввур қиляпман...

“Биз ҳар куни одатланган ишимизни, кимдир ҳар куни Яратгандан кўз ёш ичра ёлвориб сўрайди..”.Кимнингдир юқоридаги фикрларини кундалигимга туртиб қўйган эканман. Уни ўқишим билан қалбимни шукроналик ҳисси чулғади, Яратганнинг иродасидан рози бўламан.

Кўз ёшларим бўғзимга тиқилади, худди мендан олиб қўйишадигандек, қизимни маҳкамроқ қучаман. Хаёлимда эса Юленнинг ота-онасига сабр-бардош тилайман. Ҳеч бир инсон болам, дея фарёд чекмасин, сўнгги сафарига фарзандлари кузатиб, қабрларига улар қўлидан тупроқ тушсин. Сени таниган-танимаган миллионлаб инсонлар учун тақдир тақозоси билан севимли, ардоқли, қадрли фарзандга айландинг, Юлен! Ҳатто оиламнинг бир аъзосига ҳам айланиб улгурдинг сен. Барчамиз сени турли тилларда дуо қилдик, Яратган лозим топган тақдир сен учун хайрлидир, балки. Алвидо, жаннат райҳонларидан бири бўлгин, болакай!...

Мунира ЖАМОЛИДДИН қизи, 2019-01-30, 18:48 195
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.