26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қиз бола рақси билан гўзал

(Ота-оналар, ўқитувчилар учун)

Мамлакатимиз раҳбари Н. А. Назарбаевнинг “Маънавий янгиланиш” дастури дои­ра­­­­­­­­­сида ўтказилаётган қа­тор тадбирлар азалий қад­риятларимизнинг жа­мия­тимизда янги тусда ўрин олишига асос бўл­моқда. 

Шу муносабат билан “То­жинисо она” болалар боғ­­­­­­­­­­­­­часи мудираси, “Настарин” рақс дастаси раҳба­ри, ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳам­жамияти қоши­да­ги “Ижод­­­­­кор” адабий уюш­ма­си аъзо­­­­­­си Иродахон Му­­­­­ҳам­маджонова билан суҳ­бат­лаш­дик.

– Ирода опа, ота-она ёки пе­дагог фарзанд тарбиясида, уни баркамол, етук инсон қилиб етиш­тиришда кўпроқ нималарга эътибор бериши керак?

– Ҳар бир ота-она ва ус­тознинг фарзанд тарбия­сидаги энг асосий мақсади болани соғ­лом, етук, маънавий баркамол этиб ўстиришдир. Агар эътибор қилган бўлсангиз, шаҳар шаро­итида тарбияланаётган бола­ларни, албатта, гимнас­тика тўгарагига, рақс мактабларига, болалар ижодиёти уйларига бе­ришади. Лекин шунга қара­масдан айрим ота-оналар қиз­ларининг рақс, ритмика тўга­ракларига бўлган истагига қар­шилик бил­диришади. Ваҳо­лан­ки рақс би­лан шуғулланган болаларнинг ҳаммаси ҳам келажакда раққоса бўлиб етиш­­майди. Одатда, қуйи синфдан кейин болаларда касбга қизи­қиш кузатилади, бирорта фан­га иштиёқ кучаяди. Айнан ма­на шу ёшда қизлар рақс машғу­лотидан ўз ихтиёрлари билан чиқиб кетишади. Таъкидлаш жоизки, рақс ҳам ўқиш, ёзиш каби ақл-фаросатни, эсда сақ­лаш қобилиятини талаб эта­ди. Кўп ҳолларда ўқишга лаё­қатли ўқувчилар рақс тех­ни­каси, схемаси, ҳаракатлар кет­ма-кетлигини осон илғаб оли­шади. Натижада бундай иқ­тидорли болалар рақс ўр­га­нишда қийналишмайди. Дар­сини ҳам қолдиришмайди. Рақс терапиясининг дарсни ўз­лаш­тиришга фойдаси бўлмаса, зиёни йўқ. Рақс ёки севимли машғулот билан шуғулланиш боланинг дарсдан толиқишини енгиллаштириб, қизиқишини янгилаб, илҳом бағишлайди. Де­мак, бу иккиси бир-бирини тўл­диради.  

– Демак, рақс бола ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Унинг фойдали томонларига тўхтал­сангиз?

– Рақс машғулотлари ту­файли фарзандингизнинг имму­нитети мустаҳкамланади, юқум­ли касалликлар, ви­­­­рус­ли хасталиклар ва брон­­­­хитга чи­дам­ли бўлади. Рақс билан шуғул­­­ланиш, ҳатто бўғма хуружи­нинг ен­гиллашишига ҳам ёр­дам беради. Машғулотлар на­тижасида болалар транс­портда чайқалишдан, кўнгил айнишидан қутулади. Рақс ҳам спорт турлари каби юрак, асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиб, мия­га кислород етказиб бери­­­­­ли­­­­­шини таъминлайди, хоти­ра­­­­ни яхшилайди, фикрлаш қо­би­лияти, саҳна маҳоратини ри­­­­вож­лантиради. Машғулотлар пайтида барча мушаклар ҳа­ракатга келади, натижада бо­лада бир умрга чиройли қад-қомат шаклланади. Қадам таш­лаши енгиллашиб, нафис­лик ва нозиклик касб эта­ди. Му­­­­тахассисларнинг таъкид­­­­ла­­­­шича, ғарб рақслари ортиқча вазндан халос бўлишга ёр­дам берса, миллий рақслар кай­фи­ятни яхшилаб, танадаги салбий энергиядан қутулишга сабаб бўлар экан. Умуман олганда, рақслар болаларнинг руҳий ҳо­латига ижобий таъсир кўр­сатади. Уларнинг ўзига бўлган ишончи кучайиб, бошқалар билан мулоқот қилишни ўрганади. Балоғат ёшига ўтишдай мурак­каб даврдан осон ўтади.

Айниқса, турли миллат рақс­­­­ларини ўрганаётган қиз­лар рақс билан биргаликда мил­­­­латларнинг урф-одатлари, тили, дини, санъати ва ҳат­­то тарихидан ҳам хабар­дор бўлишади. Кийиниш санъати, кийимдаги ранглар мутано­­­­сиблиги, тикиш, кийимлар учун дўппилар тайёрлаш, ўз кийимларига безак бериш чевар­лигидан бо­­­­хабар бўлишади. Ўз­­­­бек миллий қадриятларини ил­­­­­­­ғаб олади. Айнан урф-одат­лар таъсирида соч ўстиришга, мил­­лий кийимлар кийишга қизи­қиш ортган, “Ўтган кунлар”, “Лайли ва Мажнун” каби асар­ларни ўқиган, Заҳириддин Му­ҳаммад Бобур, Амир Темур сал­танатидаги аёлларга тақлид қила бошлаган қизлар кўп куза­тилган. Миллий рақслар ту­файли қизларимиз ЎЗЛИГИНИ анг­лаб етади ва ҳоказо...

– Рақс турлари...?

– Барча ёшдаги болалар учун ҳам рақс тури бир хил тан­ланмайди. Маълумки, рақслар дунё халқлари рақслари, сюжетли рақслар, мумтоз рақслар, ба­лет, спорт рақслари, хип-хоп, болалар рақслари, эстрада рақс­лари, шарқ рақслари бўлиб бир неча турларга бўлинади. Ма­са­лан, етти ёшга тўлмаган бола  мувозанатни тўлиқ сақлай ол­маслигини ҳисобга олсак (кам ҳо­латда наслдан ўтган бўл­маса), миллат рақсларини ўз ма­ромида етказиб беролмайди. 

Бу ёшдаги болаларга, энг ях­шиси, гимнастика, ритмика, бо­лалар рақслари турларини тан­лаш керак (“Қўғирчоқ” рақслари, бошланғич балет, спорт ҳа­­­ра­катлари, шунингдек, ҳар хил ҳай­вонлар, ҳашаротлар ёки ўсим­ликлар, гуллар тим­­­­солини иж­ро этадиган рақс­­­­лар). Бундай танлов бо­ла учун ҳам, педагог учун ҳам қулай ҳисобланиб, бо­ла ижро давомида ўзини эр­кин ва қувноқ ҳис этади. Ат­роф-муҳитга муносабати шакл­ланиб, қизиқиши ортади. Агар педагог фаолияти даво­мида шу рақс сюжетининг мо­ҳиятини тушунтириб, очиб бера олса, боланинг ҳара­кат­ларни илғаб олиши ва эс­да сақлаб қо­­лиши бирмунча енгил­лашади. Ўзини гул ёки қуш­ча ижросида ҳис қилаётган боланинг юзида қизиқиш ва қувноқлик сезилади. Етти ёш­дан юқори болалар тў­лиқ рақс тўгаракларига бери­лиши мум­кин. 

Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз­ки, миллий рақслар танлови де­­­­­­ганда эстрада қўшиқлари тан­лан­майди, айниқса, якка рақс­ларда. Миллий рақсларни намо­­йиш қилиш пайтида, ҳар бир миллатнинг чолғу асбоби билан ижро этилган миллий куйлари танланса, мақсадга мувофиқ бў­лади. Эстрада қўшиғига ижро этилган рақсга қараганда, мум­тоз мусиқага ижро этилган рақс­нинг таъсирчанлик кучи юқо­ри бўлади. Шу билан бирга, бай­рамга бағишланган қўшиқ-рақслар ва ҳар бир рақснинг ўзига мос либослари тўғри тан­лангандагина томошабин наза­­рига яқин бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. 

Масалан, янги йил арча бай­­­­­­­­­­­­рамларида афсонавий Қор­­­­­­­­­­­бобо ва Қорқиз бўли­ши­­дан келиб чиқиб, асосан рус мил­­лати рақслари, эртак қаҳ­­­­­ра­монларининг сюжетли рақс­лари, 12 мучал эгаларининг ҳа­ракатли қувноқ рақслари, балл рақслари танланса, Ғалаба бай­рамида аскарий рақслар, ватан­­парварлик руҳини ўзида му­жас­­­­самлаштирган рақслар тан­ланади. Наврўз – баҳор байрам­­­ларида эса туркий халқ­лар­нинг миллий рақслари, гуллар ва ло­лалар рақси, урф-одатларга боғлиқ бўлган ҳамда фольклор қўшиқларга ижро этиладиган рақсларни танлаш мақсадга мувофиқдир. 

– Ота-оналарга, педагогларга маслаҳат ва тилакларингиз.

– Азиз ота-оналар, педа­­гог­лар ва бола тарбияси би­лан шуғулланувчи шахслар. Мил­ла­тимиз – қадимдан санъат­севар. Бешикдаги фарзандлари алла билан, кўҳна қўшиқлар билан ка­мол топган эл. Болаларимизга миллий қадриятларимизни, рақс­­­ларимизни туб-томирини сақ­­­­­­­­лаган ҳолда ва бошқа мил­лат рақс турларининг ҳам мо­ҳия­тини тушунтира олган ҳолда ўргата олсак, келажагимиз пой­деворларини шунчаки эмас, чи­ройли нақшлар билан бе­за­тил­ган ҳолда қурган бўлардик. 

Рақс сабоғи, унга танла­наётган муси­қанинг таъсир­чанлиги ҳамда у учун кийилиши лозим бўлган ли­­боснинг му­таносиблиги биз, пе­­дагоглардан чуқур тажриба, юк­сак дид ва ҳафсала талаб қи­­лади. Зеро, рақс – азалий қад­риятларимизнинг ажралмас бир қис­мидир.    

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

М. ЭЛТОЕВА, 2019-01-31, 10:34 2135
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.