26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ибрат соҳиллари

ДИЙДАСИ ҚАТТИҚ ОДАМ – ЗИЙНАТСИЗ БЕФАЙЗ ОДАМ

Хаста гўдакни касалхонага келтиришди. Унинг иситмаси баланд, аҳволи оғир. Дўхтирлар ташҳис қўйгандай бўлиб, гўдакнинг у ёқ бу ёғидан ўтишади-ю аммо жиддий ёрдам чорасини кўришмасди. 

Норасида жон талвасасида тўлғанар, бундан ота-онанинг юрак-бағри доғланиб, шифокорлардан нажот истар, шифокорлар эса беморнинг ота-онасидан таъма кўзлар эди. Пичоқ бориб суякка қадалди. Саросимадаги ота-она миясига дўхтирга пора бериш фикри келди. Улар чўнтакларини ағдаришиб бор-йўғини дўхтирнинг олдига тўкишди. Шундан сўнг у гўдакнинг дардига муолажа қилди. Сал ўтмай боланинг жони ором олди, кўзларини очиб, атрофга тийраклик билан боқди-да ширин уйқуга кетди.

Ночорлардан таъма кўзласа гар нокас,

Жаҳаннам ўтида ёнгай гўё бир хас.

САВОБ – ҲАЛОЛЛИКДА 

Ҳаётда шундай одамлар ҳам борки, улар инсонларнинг қийинчилиги, муҳтожлиги, ҳатто кулфатларидан ҳам манфаат кўзлайди ва шунинг ҳисобига бойлик орттиради. Шундайлардан бири ўйланиб қолди: «Умримнинг кўп қисмини халқ ҳисобидан яшадим. Етим демадим, есир демадим, ҳар кимдан мумкин қадар кўпроқ юлиб олишга ҳаракат қилдим. Ҳаёт сафарининг ҳам поёни кўриниб қолди. Кўзим очиқлигида ҳеч бўлмаса бир марта халқнинг савобини олай», – деган ўйга келибди.

Аммо теварак-атрофидаги гадо-ю фақирларга садақа инъом этиш ўрнига, эл-юртга дабдабали тўй беришни мақсад қилди. Дастурхони ноз-неъматларнинг барча турларидан тўкин-сочин бўлди. Базму жамшиднинг авж олаётганидан тўй соҳибининг қувончи терисига сиғмай, хаёл қиларди: «Мана энди шунча одамнинг кўнглини олмоқдаман. Шояд улар миннатдор бўлишиб, бир умр мени алқаб ўтишса». 

Тўй интиҳосида ичкилик кўплиги боис аксарият кишиларининг кайфи ошиб, ўзларини тутолмай қолишди. Маст-аластлар орасида жанжал чиқди. Муштлашиш шу даражага бориб етдики, кўпчилик майиб-мажруҳ бўлди. Одамлар бундай тўй қилганни умр бўйи лаънатлаб ўтишди.

Савоб истасанг ҳалол яша,

Кўп емасангда ҳалол оша.

ДУНЁНИНГ ИШЛАРИ

Қайсидир бир ўлкада шундай ҳашарот яшаркан. У кўпайиш учун тухум қўйиб, тухумини ширин модда билан ўраб чумолилар уяси олдида қолдираркан. Тухум атрофидаги моддани чумолилар хуш кўриб ейишаркан ва ундан холи бўлган тухумни эса ўзларининг тухумларига қўшиб қўйишаркан. Маълум вақт ўтгач, тухумда пайдо бўлган ҳашарот боласи тухумни ёриб, бошини чиқарарканда, атрофидаги чумоли тухумлари ва улардан чиққан личинкаларни яширинча еб кун кечира бошларкан. Куч-қувватга мингач, ҳашаротча сир ошкор бўлмасидан бу масканни дарҳол тарк этаркан. 

Мана сизга онгсиз аталмиш ҳайвонот дунёсининг ишлари, ҳийла-найрангу макрлари, лақмаликлари ва чув тушишлари…

НОДОНДАН ЗАВОЛ

 Бир одам шундай разил ишга қўл урдиким, унинг тавсифин қилмаган маъқулроқ. У қилмишига яраша эл орасида сазойи бўлди. Сув бир лойқалангач, ортидан қанчадан-қанча тоза сувлар булғаниб оққанидек, бу калтабин отадан сўнг бир неча авлод унинг нодонлиги туфайли одамлар орасида юзлари шувит бўлиб яшадилар.

Инсонийлик шаънини муқаддас билмаган нодон,

Мерос айлар юзқароликни авлодига мудом.

НИЯТ МУҚАДДАС

Эл оғзига тушган полвон навбатдаги курашда: «Агар ғолиб бўлиб, совринга қўйилган автомашинани қўлга киритсам уни халқ кори учун касалхонага тез ёрдам машинаси сифатида инъом этаман», деб ният қилибди. Омад кулиб, ғалабага эришибди ва тикилган совринга эга бўлибди. Ялтироқ, бежирим машина қўлга киргач, полвон уни шифохонага, халқ хизматига топширишга шошилмабди. Тўғрироғи, кўзи қиймабди, машина янгилигида ўғлим миниб яйрасин, кейин бир гап бўлар, деб машинани унинг ихтиёрига топширибди.

Аммо полвоннинг хурсандчилиги узоққа чўзилмабди. Бахтсиз ҳодиса рўй бериб, машина фалокатга йўлиқибди ва ёлғиз ўғил оламдан бевақт кўз юмибди.

Муқаддасликла ёндашиб, қилсанг ният,

Муқаддас билиб, айла уни ижобат.

БАХТ ШУКРОНАЛИКДА

Икки оёғидан айрилган мажруҳ киши қўллари билан дастакка таяниб юрар, меҳнат қилар, турмушини таъминларди. Тўрт мучаси соғ нотавон киши эса ўзини боқолмай, нолигани нолиган, яшаш учун ҳар кимдан садақа тиларкан. Улар бир куни рўпара келишибди. Мажруҳга қараб:

– Сен бечоранинг ҳолинг жуда хароб бўлса керак? Тўрт мучалим соғ бўла туриб, ҳаётда қанчалар азобу уқубатларга дучор бўлмоқдаман. Оёқсиз фақат қўллар билан нималарга ҳам эришардинг, – дебди тиланчи.

– Оёқларим бўлмаса ҳам, қўлларим борлиги учун Яратганга шукроналар айтаман. Қўлларим билан ҳаётим учун зарур бўлган юмушларни амаллаб куним ўтмоқда. Агар қўлларим ҳам бўлмаганида нима қилардим, – дебди ногирон ҳеч бир нолимай.

Соппа-соғ одам унинг гапларини эшитиб, ҳамма нарсаси бору аммо сабр-қаноат ва меҳнатга иштиёқи йўқлигидан омади юришмаётганини тушунибди. 

Сабрга йўқ тоқат, эмиш инсон,

Силтар қўл фақат, турмуш вайрон.

ХАСИСЛИК – БАДБАХТЛИК

Шундай бир хасис киши бор эканки, бировга нафи тегиб қолишидан ўзини тийиб юраркан. Унинг улкан боғи бўлиб, сархил мевалар ғарқ пишиб ётар экан. Меваларга одамларнинг қўли етмасин, деб боғ атрофини баланд девор билан ўраб олган бўлиб, боғ ўртасидан эса катта анҳор оқиб ўтаркан. Бир куни хасис дарахтлардан тўкилган мевалар сувда оқиб, улардан бошқалар ҳам баҳам кўраётганини пайқаб қолибди. У меваларни тутиб қолиш учун сувнинг олдига сим тўр тўқиб қўйибди. Сувда оққан мевалар шу тўрга илиниб, хасис вақти-вақти билан уларни йиғиб оларкан. Бир куни эрталаб бозорга кетиб, кеч қайтса, бутун уйини сув босибди. Анҳорда оқиб келган хас-чўплар ва мевалар тўрда тўпланиб, сув йўлини тўсиб қўйибди. Натижада сув тошиб, бутун деворлар захдан ивиб, бундан хасис катта талофат кўрибди.

Тутсанг, соянг ўзгалар ҳожатидан дариғ,

Топмайсан, ҳеч ўзгалар нажотидан дариғ.

Ҳаёт ҳам феълга яраша

Икки дўст узоқ юртларда орттирган бойликлари – олтину жавоҳирларини оғир машаққатлар билан олиб қайтишмоқда эди. Олис йўл, жазирама саҳро уларни ҳолдан тойдирибди. Кундан-кунга егуликлари, айниқса, сувлари тугаб борарди. Бу уларни қаттиқ ташвишга соларди. Ҳориб-чарчаб бир масканда тўхташганида, йўловчилардан бири ёнбошлабди-ю, кўзи уйқуга кетибди. Иккинчиси эса фурсатдан фойдаланиб, барча бойлик ва кўзадаги сувни олибди-да жуфтакни ростлаб қолибди. Ухлаб қолган йигит бир маҳал кўзини очиб қараса, шериги йўқ эмиш. Теварак-атрофни кузатиб, бор овози билан чақириб, шеригини тополмабди. Шундан сўнг ҳамроҳи бутунлай кетиб қолганлигига ишонч ҳосил қилибди. Нима қилиш керак? Белидаги идишда бир ҳўпламгина сув қолган, холос. Танг аҳволда йўлини давом эттирибди, чанқоқликдан томоқлари қақраса-да, бардош бериб, сувини асраб олдинга интилибди. Боши айланиб, кўнгли беҳузур бўлсада, умидсизликка тушмабди, фақат ўз манзилига соғ-омон етиб олишни кўзлабди. Кета туриб чеккада ётган бир одамга кўзи тушибди. Бориб қараса, бир кекса одам зўрға нафас олиб ётар, ранг рўйи, қақраган лабларидан сувсизликдан мадори қуриб йиқилганлиги кўриниб турарди. Йигит идишидаги сўнгги ҳўплам сувини чолнинг лабига тутқазибди. Сувни ичгач, у кўзини очиб, йигитга миннатдорчилик изҳор қилибди.

– Шу яқинда бир қудуқ бор. Мен шунга ета олмай йиқилибман. Юр, шу қудуқнинг сувидан қонгунча ичиб, йўлга ҳам ғамлаб оламиз, – дебди у.

Дарҳақиқат, тўрт қадам наридаги хилват жойда қудуқ бўлиб, бу ерда унинг борлигини ҳатто олдига бориб ҳам пайқаш қийин экан. Улар қудуқ сувидан чанқоқлари қонгунча ичишибди, йўлга ҳам ғамлаб олишибди. Йигит билан қария ҳамроҳликда қанчадан-қанча йўлларни ортда қолдиришиб, бир ерга етиб боришганида, қум устида ётган яна бир одамга кўзлари тушибди. Бориб қарашса, бир йигит беҳол ётар, ёнида кўза, олтинлари тўкилиб-сочилиб кетганмиш… Йигит собиқ йўлдошини дарҳол танибди. Улар беҳуш ётган йигитгга тезда сув бериб ўзига келтиришибди. Кўзини очгач у дўстининг оёғига бош уриб кечирим сўрабди. Ҳамма олтину жавоҳирлар сенга бўлсин, деб тавалло ҳам қилибди.

Шунда дўсти: – Менга олтинлар эмас, ҳақиқий дўст керак, – деб, бойликни олишдан бош тортибди. Ўзига келган йигит дўстининг ёнидаги қариядан ҳам хижолат чекибди. Чунки йўлда унга дуч келиб, бир қултум сув сўраганида бермаган экан-да.

Улар учовлон бир-бирига эш бўлишиб, ниҳоят ўз юртларига эсон-омон етиб келишибди. Икки дўст юртида қолибди, чол эса улар билан хайрлашиб, йўлида давом этибди.

Дўстига хиёнат қилган нопок йигитнинг бойлиги баракасиз бўлибди, у тезда совурилиб, хору зорликка йўлиқибди. Ҳалол, сахий ва одамшаванда йигит эса кундан-кунга бойиб, мартабаси ортиб, эл-юрт олдида обрў-эътибор қозонибди.

Кейинчалик аён бўлишича, уларга йўлиққан мўйсафид Хизр алайҳиссалом бўлиб, ҳар бирига феълига яраша ҳаётни белгилаб кетган экан.

Дўст учун заҳар ютмоқ – асал яламоқ,

Дўстдан асал кўзламоқ – заҳар ямламоқ.

Абдулла МАДАЛИЕВ, 2019-02-05, 09:42 104
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.