26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Икки халқ фарзанди

Жорий йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили. Туби бир, қон-қардош ўзбек-қозоқ халқларининг дўстлиги қанча-қанча авлодлар оша, тарих синовларидан ўтиб, яшаб келмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Н. Назарбаев ва Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёевларнинг дўстона учрашувлари, самимий мулоқотлари натижасида мамлакатлар­аро алоқалар янги поғонага кўтарилди. Ҳамкорлик муносабатлари иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда кенг кўламда амалга оширилмоқда. 

Халқларимизнинг бир-бирига яқинлигини тилимиз, динимиз, ҳаёт тарзимиз, урф-одатларимизнинг ўхшашлиги ва ҳамоҳанглигида ҳам кўриш мумкин. Мустақиллик йилларида тарихга янгича ёндашиш, ўтмишга теран нигоҳ ташлаш орқали миллий қадриятлар тикланиб, халқимизнинг ноёб меросини ўрганиш борасида кўп ишлар қилинди. Бу борада адабиёт, маданият ва санъат вакилларининг ўрни ўзгачадир. Элбоши Н. Назарбаев “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” дастурий мақоласида бунга алоҳида эътибор бериб: “Миллий урф-одатларимиз, тилимиз ва мусиқамиз, адабиётимиз, удумларимиз, бир сўз билан айтганда, миллий руҳимиз жисмимизда мангу қолиши керак. Абайнинг донолиги, Ауезовнинг уламолиги, Жамбилнинг қўшиқлари ва Қурманғазининг куйлари, асрлар қаъридан келаётган боболар саси – бу бизнинг маънавий маданиятимизнинг бир парчасигина”, деб ёзади. Зеро, адабиёт халқнинг тарихи, маънавиятини сақлаб, келажак авлодларга етказади. Жумладан, адабиёт вакиллари ўртасидаги ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга, бундай алоқалар тарихини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ғафур Ғулом ва Ғабит Мусрепов, Ойбек ва Сабит Муқанов, Абдулла Қаҳҳор ва Мухтар Ауезов каби атоқли ижодкорларнинг ўзаро дўстлиги, бир-бирига меҳр-муҳаббати барчамизга ўрнакдир. Бундай алоқалар ҳеч қачон узилмаган, аксинча, ривожланиб, янада мустаҳкамланмоқда. 

Мана шундай дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга баракали ҳисса қўшган, ўзбек адабиётида муносиб ўрин олган ижодкорлардан бири – жорий йилда 70 йиллиги нишонланадиган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ҳамюртимиз Мирпўлат Мирзо эди.

Қозоғистонда туғилиб, Ўзбекистонда танилган Миртемир, Туроб Тўла, Одил Ёқубов, Носир Фозилов, Саъдулла Сиёев, Ҳамза Имонбердиев каби ардоқли шоиру ёзувчилар қаторида унинг ҳам ўз ўрни бор...

Мирпўлат ака серқирра ва сермаҳсул ижодкор эди. Унинг “Тонг жилваси”, “Ишқ фасли”, “Сурур”, “Най”, “Ўзбекистон Ватаним маним!” каби 20дан зиёд назмий ва насрий китоблари жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди. Айниқса, мустақиллик йилларида баракали ижод қилиб, драматург, таржимон ва публицист сифатида танилди. 2010 йилда нашр қилинган 50 нафар қозоқ шоирининг шеърлари жамланган “Сайра, дўмбирам!”, рус шоирлари ижодидан ўгирилган “Сомон йўли чечаклари” тўпламлари катта қизиқиш уйғотди. Унинг таржимасидаги Шекспирнинг “Ёз туни ғаройиботлари” комедияси Ўзбекистон Миллий академик театри, “Қачон тонг отади?”, “Ёрилтош” пьесалари эса Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек драма театри томонидан саҳналаштирилди.

Мирпўлат аканинг ҳазил-мутойибаси ўзига ярашар, шеърни қироат билан, ширали ўқирди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик: “Унинг юмори беғараз – ҳамманинг кўнглига нур таратадиган, ундаги ғуборни ювиб ташлайдиган юмордир”, деб ёзган эди. Мирпўлат аканинг ҳозиржавоблиги, заковати, самимий ҳазиллари, фавқулодда луқмалари ҳақида ёзувчи Шодмонбек Отабек “Мирпўлат Мирзо бир куни...” китобида батафсил ёзган.

Таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев ижодий учрашувда “Юсуф Сарёмийдан кейин бу заминдан чиқиб, танилган Мирпўлат Мирзодан бошқа ҳеч кимни билмаймиз”, деганди. Бу – айни ҳақиқат! Ўзбек шеъриятида, хусусан, адабиётида ўз ўрни, ўз овозига эга Мирпўлат Мирзодек забардаст шоирнинг ижодини янада чуқур ўрганиш ва тарғиб қилишга бурчлимиз. Зеро, бу мерос халқимизнинг келажакка хизмат қиладиган маънавий мулкидир.

Шунинг учун ҳам жорий йилда икки халқ адабиёти вакиллари иштирокида юбилей тадбирини ўтказиш, қолаверса, ижодкорнинг хотирасини абадийлаштириш учун Сайрамдаги кўчалардан бирига унинг номини бериш мақсадга мувофиқдир. 

Мирпўлат Мирзо ўзбек ва қозоқ адабиётлари ривожига улкан ҳисса қўшган ёрқин намоянда сифатида доимо қадрланади.

З. МЎМИНЖОНОВ, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 2019-02-07, 09:56 104
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.