26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
"Үздік эссе" танловининг ғолиблари ижодлари

«Жанубий Қозоғистон» вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ҳамда вилоят таълим бошқар­масининг услубият кабинети томонидан ўтказилган эсселар танлови кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Зеро, мактаб битирувчиларининг жорий йилда илк бора ўз тилидаги эсселари билан миллий имтиҳонларга киришлари сир эмас. Шунинг учун ҳам намуна сифатида фойдаланилиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу тадбир ғолибларининг ижодини чоп этмоқдамиз.

Халқ  достонларига  хос бўлган асосий хусусиятлар ҳақида қандай хулоса чиқара оласиз?

Достонлар – инсонларнинг азалий ор­зу­лари, кураши, қаҳрамонларнинг саргу­заштлари, ички кечинмалари, ҳатти-ҳара­катлари акс этган асар. 

Назаримда, болалигимда  адабиётга, сўз санъатига илк муҳаббат менда шу достонлар туфайли пайдо бўлган. Болалик йилларимни эсласам, қўлимдан туширмай ўқийдиган китоб қаҳрамонлари гавдаланади. “Гўрўғлининг туғилиши” достонини ўқигач, бу афсонавий қаҳрамонга алоқадор барча достонлар менда қизиқиш уйғотди. Излаб юриб, топсам севиниб, тунни кунга улаб ўқирдим.

Йиллар ўтди, ақлим тўлишди. Лекин ҳануз достонлар ўқишни яхши кўраман. Гарчи достонда бадиий тўқима кучли бўлиб, айрим жойлар реал ҳаёт ҳақиқатидан узоқлигини сезсам ҳам, улар мени ўзига тортиб туради. Бунинг сабаблари устида бош қотираман... Нега шундай? 

Тил бойлиги, бадиий ифода қудратининг кучли бўлганлиги учунми? 

Биринчидан, мени ўзига мафтун қилган нарса достонлардаги севимли қаҳрамонимиз тенгсиз жангларда доимо ғолиб чиққанлиги бўлса керак. Халқ унга барча ушалмаган орзу-умидларини сингдирган. Шу сабабли асар каҳрамонининг доимо қўли баланд бўлиши лозим. Биз эса, ғойибона меҳр қўйган қаҳрамонимиз учун жон куйдириб турамиз. 

Иккинчидан, достонлардаги қизиқарли саргузаштлар бизни ўзига ром этади. Тил­симли олам эшигини очади, хаёлотнинг учқур отида девлар макони, парилар базми, Кўҳи Қоф, Боғи Эрамларда юрамиз. Қанотли учар отларга мингандек бўламиз.

Учинчидан эса, достонларнинг тили. Бе­такрор сўзлар, образли ўхшатишлар воқе­ликни аниқ тасаввур этишга ёрдам берувчи тасвирлар – ҳамма ҳаммаси бизни ўзига мафтун этади.

Хулоса қилиб айтганда, достонлар се­вимли, ўқишли бўлишининг сабаби юқорида санаб ўтган сифатлардан ташқари, уларда кўпгина қаҳрамонлар уч ойлик йўлни йигирма кунда босиб ўтади, сулув қизларга ошиқ бўл­ган йигит, албатта, азобли синовлардан ўта­ди. Сон-саноқсиз душманларга қарши тура олади. 

Достонлардаги воқеалар кутилмаган сар­гузаштларга тўлалиги ва муҳаббат тари­хига бағишланганлиги билан бизни ўзига ром этади.   

Зулфия Аҳмедова. 

21-сонли  умумий ўрта мактаб.

 

Шимкент шаҳри.

 

Меҳр-муҳаббат боқий туйғуми?

(Муҳаммад Юсуфнинг “Меҳр қолур” шеъри асосида)

Таниқли адиба Турсуной Содиқованинг Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб ёзилган “Юракка қадалган байроқ ёки шоир билан юрагимнинг суҳбати” бадиасини ўқир эканман, халқимизда “Меҳр кўзда”, “Кўздан нари – кўнгилдан нари” иборалари бежиз айтил­маганлигининг гувоҳи бўламан. 

Шоира шундай деб ёзади: “Ҳамшаҳарлигимиз учунми, қўйнимдаги ўз гавҳарим-ку, ҳали обдан кўражакман, дебман-да! Тошкентнинг Дархонида ёнма-ён маҳаллаларда яшадик. Шунда ҳам ухлаб яшабман, жигарим!... Киприкларим остида турганда тўйиб олмаган, ғаниматим-а!”

Ҳаёт югурик. Тонг отади, кун ботади, умр ўтади. Кундалик иш-режалар, ташвишлар билан банд шоира овқат қилса, совумай етгудай жойда турадиган шоир укасининг  меҳрига, сўзига, суҳбатига тўймай қолганидан қаттиқ изтироб чекиб ёзади. Ўша хотираларини ўқир эканман, ҳар бир инсонга “Яқинларингизга меҳрибон бўлинг!”, – дегим келади. Меҳр-мурувватимизни аямаслигимиз лозим, деб ҳисоблайман. Чунки, “юрагини қўнғироқ қилиб... бизни уйғотиб, ойнинг айвонига кўчиб кетган” шоир Муҳаммад Юсуф “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” деб бекорга бонг урмаган. 

Меҳр нима? Назаримда, меҳр сўзи қуёш, иссиқлик, ёруғлик деган сўзлар билан эгизакдек. Чунки, меҳрибон ота-она бағри фарзанд учун энг бехавотир, иссиқ жой. Меҳрли кўзлар инсонга қанот, умид, ишонч бағишлайди, кўнглини тўлқинлантиради. Меҳр, назаримда, муҳаббатнинг онаси. Чунки, ўзига аталган кучли меҳрни туйган одамда шу меҳр таратувчига нисбатан муҳаббат пайдо бўлади. Меҳрига меҳр, муҳаббатига муҳаббат билан жавоб беради.        

Аммо юрагимда, негадир, меҳр-муҳаббат боқий туйғу эканлигига шубҳа уйғонади. Агар ота-она муҳаббатидан пайдо бўлган меҳр туйғуси боқий бўлганида турли хил сабаблар билан ака – укадан, опа – сингилдан  воз кечиб кетмас эди. Агар бу инсоний туйғу Одам Атодан инсон қонига абадий сингдирилган бўлса, ажрашган ота орқасида қолган бегуноҳ фарзандини ташлаб қўймас эди. 

Балки, бу  халқ  орасидаги «Кўздан нари – кўнгилдан нари» деган мақол­нинг исботи бўлса керак. Аммо ҳозирги замонда «Меҳр-муҳаббат абадий туйғуми?» – деган саволга мен бу инсоннинг тарбияси, маънавияти билан боғлиқ масала, деб жавоб берган бўлардим.

Хулоса қилиб айтсам, шоир Муҳаммад Юсуф айтганидек: 

«Ўтар инсон яхши ёмони, 

Меҳр қолур, муҳаббат қолур».  

Оқибатли инсонлар меҳр-муҳаббатни суиистеъмол қилмайдилар. Яхшиликни унутмайдилар. Ўзларининг меҳрибонларини дунёга, давлатга алмашмайдилар. Майда-чуйда гап-сўзлар деб жигарларидан кечмайдилар.    

Зулфия Аҳмедова.

21-сонли  умумий ўрта мактаб.

Шимкент шаҳри.

 

Инсон ўз элидан узоқда бахтли яшай оладими?

Ўз элинг бу сенинг туғилиб ўсган, киндик қонинг тўкилган, она алласи таралган, бешигинг излари чизилган замин. Такрорланмас, бебаҳо хазинанг. Бахтли яшаш дегани – инсон ўзига қимматли бўлган нарсаларнинг ёки кимсаларнинг ёнида бўлишидир. Мени “инсон ўз элидан узоқда бахтли ҳаёт кечира оладими?” – деган савол чуқур ўйлантирди. 

Инсон ҳаётда ўз юртидан узоқда ҳечам бахтли яшай олмайди. Чунки бунга ўзбек адабиётида Навоийдан кейинги буюк такрорланмас шахс Заҳириддин Муҳаммад Бобурни мисол қилиб айтсам бўлади. 

У ўзга элда шоҳ бўлса-да, ўзининг юртини соғиниб яшади. У ерда Бобурга керак бўлган ҳамма нарса мужассам эди-ю, лекин ўз Ватанининг тоза ҳавосини, ширин-шакар қовунларини, тупроғини қўмсаб яшади. Ҳеч бир нарса унга тенг келолмасди.  

Баъзи бир инсонлар борки, ўз юртида қариндошлари, ота-онаси ёнида бахтли яшайди. Кейин бошига бир мушкулот тушиб қолса, шу заҳоти ташвишлардан қутуламан, дея бошқа юртга кетиб қолади. Бу, умуман хато тушунча, деб ўйлайман. Чунки, инсоннинг бахти ўз эли, оиласи, қариндошларидир. Агар одам чидамли бўлса, шу яқинлари орқали бу ташвишларни енга олади. Агар элидан узоққа кетиб қолса, ташвиши устига ташвиш қўшилиб, элини, ота-онасини соғиниб, ёлғизликдан қўрқиб яшайди.

Ўз Ватанидан олисда юрган инсон уни албатта, соғинади. Агар соғинмаса, уни инсон дейиш хато ҳисобланади. Инсон туғилиб ўсган жойи, шу бебаҳо заминни қадрлаши, соғиниши, улуғлаши билан инсондир. Чунки, инсонни инсон қиладиган, онадек ардоқлаб ўстирадиган, оёғига кирган тиконни кипригида суғурадиган, кўзларида мунгни кўриб юпатадиган, қувончга қувонадиган шу ватан, туғилган юрт, она заминдир.       

Дарахт нечоғлик гуллаб-яшнаши, ўсиб мева бериши унинг илдизига боғлиқ.  Инсон шундай. Ватан туйғусисиз, унинг такрорланмас гўзаллигисиз, гуллари ва ўт-ўланларисиз, унинг ўтмиши ва келажагисиз инсон яшай олмайди. Инсон ўзга юртда қанчалик юқори чўққилардан кўринса-да, у учун қувонадиган ўзга юрт эмас, ўз юрти, туғилиб ўсган Ватанидир. Шунинг учун бизнинг қувончимизга қувонадиган, қайғумизга қайғуриб, юпатадиган она юртни улуғлаб яшайлик.

Оллоҳга шукур, бизга тўрт фасл ўтгувчи, тупроғида зар унгувчи, жаннатмакон ўлка насиб этган. Шундай ўлкани севиб, ардоқлаб яшайлик! Инсон ҳаётда ўз юртидан узоқда асло бахтли яшай олмайди, деган фикримга хулоса қилиб, баъзи бир ўз юртидан узоқда юрган инсонларга қарата “Ўзга юртда султон бўлгунча, ўз юртингда ултон бўл”, деган халқ мақолини келтирган ҳолда, маслаҳат берган бўлардим.

Бону ЖаббОрова,

Э. Иззатуллаев номли умумий ўрта мактаб. 

 

Туркистон шаҳри.

 

 

Улуғларнинг ҳаёти биз учун ибрат

Дунёда инсондан улуғ хилқат йўқ. Инсон жуда азиз. Одам гўзал, бу олам ҳам одам билан гўзал.

Ўз-ўзимдан сўрайман: “Одам нимаси билан бунчалар гўзал?” Одамнинг гўзаллиги хислату фазилатлари билан боғлиқми?

Улуғ донишмандларнинг фикрича, инсон одоби билан гўзал. Ўша донишмандларнинг яшаш тарзи, ҳар бир қилган иши, айтган гапи, тажрибаю сабоқлари инсоният ҳаётида намуна бўла олади. Мунаввар йўлга бошлайди.

Биз яшаб турган Туркистон ўлкаси дунёнинг инсон бино бўлган энг қадим тарихий бешикларидандир. Кўриняптики, кўп мингйиллик тарихга эга. Бу кўҳна тарихий заминдан не-не донишмандлар ўтмади, дейсиз? Уларнинг ҳаёт йўли, донолиги инсонни ўзаро хайрихоҳлик ва қардошликка, комил инсон бўлиб яшашга ундайди.

Туркий халқлар фахрланадиган, ўзларининг ўзлигини англатиб турувчи қомусий олимлари бисёр. Улар нафақат туркий халқлар орасида, балки жаҳонда довруғ қозонди.

Имом Бухорий ўн бир ёшидан ўз зеҳни, фавқулодда кучли хотираси билан эл оғзига тушган. 600 минг ҳадисни ёддан билган. Машҳур ва буюк муҳаддис олимдир.

Ал Хоразмий – буюк математик. Табиий фан­ларни, айниқса, математикани жиддий ўрганиб, математик, астроном даражасига етди. 

Бир қатор илмий китоблари билан дунё илмини бойитди. Ер меридиани узунлигини ўлчашда иштирок этди. 

Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби улуғларимиз ҳам жуда кичик ёшларидан илм билан шуғулланиб, жаҳон илм-фанининг бармоқ билан саналадиган даҳоларига айланишди. Аҳмад Югнакий, Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Яссавий, Юсуф Хос Ҳожиб каби алломаларимиз ахлоқий-панднома асарлари билан адабиётимизни бойитдилар.

Хулоса қилиб шуни айтаманки, қомусий олимларимизнинг ҳаёт йўли, яратган ҳар бир асари халқ бойлиги, бебаҳо хазинаси. Улуғларнинг асрлар давомида инсонга хизмат қилиб келаётган ҳаётий донишмандлиги биз, ёшлар учун ибрат мактабидир.

Феруза Маҳмудова, 

2-сонли Ҳамза номли умумий ўрта мактаб.

Туркистон шаҳри.

 

Адолат учун курашган инсон эъзозга лойиқ

Инсоният яралгандан бери адолатни қадрлаб яшаган. Адолат деганимиз нима? Адолат ҳақида динда нима дейилади? Адолатли инсон нимаси билан қадрли?

 Адолат сўзининг мазмунида поклик, тўғрилик, ҳақиқат мужассамдир. Адолатли, ҳақгўй инсон ўз манфаатини эмас, балки, юрт манфаатини кўзлайди, ҳақни қарор топтиради. Адолат билан қилинган ҳар бир иш, адолат билан айтилган ҳар бир тўғри сўз баҳоланмай қолмайди.

Алишер Навоий адолатнинг буюк қудратини кўрсатиб, “давлат бошқарувчиси адолатли бўлса, мамлакат обод, халқ турмуши фаровон бўлади”, дейди ва фикрини Ҳадиси Шариф билан исботлайди.

Қолур куфр аро қолса обод мулк,

Бўлур зулм агар бўлса барбод мулк.

Адолатли инсон ҳамиша улуғланган, қадр топган. Улуғ аллома Суқротнинг: “Олам адолат билан пайдор, зулм билан хору зор”, - деган га­пи айни ҳақиқатдир. Одам боласи адолат бўстонининг боғбони бўлса, борлиқ нурланади.

Адолатли бўлиш – одобнинг устуни. Ҳар бир киши одоб ва инсонийликка эришаман деса, адолатли бўлишни ўзига касб қилиши лозим. Адолат билан иш юритган ҳар қандай инсон қадрланади. Эл орасида эъзоз-икром топади. Ана шундай ўз иши сўзи билан, адолатпарварлиги билан эл дидидан чиққан зот бу – Ҳазрат Алишер Навоий. 

Хондамирнинг таърифича, “Мир Алишер адолат ва инсоф эшикларини инсоният юзига очиб қўйди...” Навоий донишмандлигининг, тафаккур дунёсининг бош мезони ҳам худди шу адолат бўлган. Навоийнинг адолати инсонпарварликнинг энг юқори намунаси эди ва эл эъзозининг гарови бўлди. 

Юртбошимиз Н. Назарбаев адолат машъа­ласини баланд кўтариб, ундан ўз халқини баҳраманд этмоқда. Унинг мунаввар ёғду­ларидан, адолат нуридан баҳра топган халқимиз Ватан боғини обод қилиб, тинч ва осуда ҳаёт кечирмоқда. Қозоғистоннинг довруғи жаҳонга ёйилмоқда. Бу эса Элбошимиз обрўсини, иззатини эл орасида юксакларга кўтармоқда, деб ўйлайман.

Диёра Мамадраимова, 

2-сонли Ҳамза номли умумий ўрта мактаб. 

Туркистон шаҳри.

, 2017-06-05, 11:44 536
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.