26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Эзгулик ҳамюртимизни бошпанали қилди

Меҳнаткаш болакай тиришқоқлиги туфайли саноқли кунларда Интернет юлдузига айланди ва оиласини бошпанали қилди. Унинг меҳнатсеварлиги туфайли 22 йилдан буён ижарада ҳаёт кечирган оила шинам ва файзли уй соҳиби бўлди.

Дарсдан бўш пайтларида Шимкентдаги қўрғошин заводи атрофида темир-терсак йиғиб, онасига рўзғор тебратишда ёрдам берадиган Оғабек қиш ҳавосига қарамасдан одатий ишига отланди. Касалманд она бунга қадар унга кўмаклашиб юрган бўлсада, энди бу иш билан шуғулланолмайди. Чунки буйраги шамоллаб, ўрнидан туролмай қолган. Кун изғиринли, бироқ, болакай мўлжалдаги темирларни жамлашга улгурди, энди бир амаллаб темир харид қиладиган акаларига етказиб берса, бўлди. Кунлик рўзғорга етадиган 4-5 минг тенгегача иш ҳақини олиб, уйига шошилади. Уйда бемор онасидан ташқари Гулбаҳор опаси, Меҳробод, Амина, Гўзал исмли сингиллари ва укаси Ғофур уни кутишяпти. Топган даромадига қараб оилага егулик харид қилади, ижара ҳақини тўлайди, бу ёқда ҳали коммунал хизмат ҳақи ҳам бор. 

...Ўша ёмғирли, аёзли кун унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди. Йиққан темир-терсагини қабул пунктига элтиш учун машина тўхтатди. Йўл ёқасида об-ҳавонинг совуқлигига қарамасдан юпун кийинган, боз устига каттагина халта кўтариб турган бола ҳайдовчи эътиборини ўзига жалб этди. Тўхтаб боланинг юкини манзилига элтиб берди. Кейин уйига етказиб қўйди, унинг шароити билан танишди. Беш боланинг изғиринли кунда ҳатто пайпоқлари ҳам йўқлиги, кўзга яққол ташланадиган шароитнинг оғирлиги ҳайдовчини бефарқ қолдирмади. 

Ўтган якшанбада Оғабекнинг оиласи янги уйга кўчиб ўтди. Қарилаевлар оиласига Шимкентнинг Мартўбе аҳоли манзилидаги янги уйни харид қилишда кўмаклашган ҳамюртларимиз ушбу хонадонда эҳсон беришди. 

 Тадбирда иштирок этиш менга ҳам насиб этди, унда сахий ва савобталаб ташаббускорлар, хонадон соҳибаси билан танишиб, суҳбатлашдим.

– Оғабекни йўлда тасодифан учратиб қолдим, – дейди мен билан суҳбатда тадбиркор Бахтиёр Бўтаев. – Унинг уйига келиб, шароитларини кўрдим. Тўрт фарзанднинг отаси сифатида бу аҳволдан қаттиқ таъсирландим. Болалигини рўзғор ташвишлари билан ўтказаётган болага раҳмим келди. Онасини “тез ёрдам” олиб кетибди. Болалар уйда ёлғиз экан. Егуликлар олиб келиб, болаларга тушлик тайёрладим. Уларнинг аҳволидан таъсирланиб, телефонимга тасвирга туширдим ва WhatsАpp тармоғи орқали дўсту-биродарларимга юбордим, ёрдам беришларини сўрадим. Бир куннинг ўзида 10дан зиёд машина озиқ-овқат, етказиб беришди. Ижарада яшайдиган оилага уй олиб бериш учун тармоқларда ҳаракат бошланиб кетди. Бир ҳафта мобайнида Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия, Португалия, Корея, ҳатто Дубайдан менга қўнғироқлар бўлди. Саховатли инсонлар ёрдамида 5 млн. тенгедан зиёд маблағ жамланди. Ёрдам нияти билан очилган банк карточкасига ҳалиям пул тушяпти. Мартўбе аҳоли манзилидаги барча шароитли шинам ҳовлидаги тўрт хонали уйни 7 миллион тенгега сотган биродаримизга ҳам катта раҳмат. 30 январда бошланган савоб ишимиз 10 февраль куни уй тўйи билан якунланганидан беҳад мамнунмиз.

 Меҳмонларни қувониб қарши олаётган хонадон соҳибаси Муҳаббат Боевага ҳам юзландим

– Янги уйлар муборак, хонадонингизда яхши тўйлар бўлсин! 

– Раҳмат, сизлар ҳам тўй кўринглар, яхши кунларимизга сабабчи бўлган мурувватли ҳамюртларимиздан Яратган эзгуликларини аямасин. Шимкентнинг Хотинкўприк даҳасиданман, 1997 йили оила қурган бўлсак, шундан буён ижара уйда истиқомат қиламиз. Етти фарзанднинг онаси, “Күміс алқа” соҳибасиман. Уч йил аввал умр йўлдошим билан расман ажрашдик. Катта ўғлим у киши билан қолиб, мен олти фарзандни ёлғиз тарбиялашга киришдим. Ўғлим Оғабек менга қанот бўлди. Бахтли тасодиф сабаб, Бахтиёр укамиз ижтимоий тармоқларга хабар тарқатиб, мана, саноқли кунларда бошпанали бўлдик. 

Албатта, мен ҳақимда ҳар хил бўлмағур гаплар айтганлар ҳам бўлди. Шаҳримиздаги Ҳасан ота номли, “Керемет 777” тўйхоналарида идиш-товоқ ювардим. Жамоамиз билан бирга Янги йил байрами шарафига дастурхон атрофига жамландик. Атрофимдагилар спиртли ичимликларни ичиб, чекиб, кўнгилхушлик қилишса, бу менинг ҳам шундай инсон эканлигимни англатмайди. Ичмайман ҳам, чекмайман ҳам, етти фарзандимнинг тақдири учун жавобгарман. Бироқ ҳаётимда қувончли кунлар ҳам бўлганку. Шунга қарамай Бахтиёр раҳбарлигидаги йигитлар савобли ниятларидан қайтишмади.

 – Кўп болали она сифатида қандай имтиёзларга эгасиз?

– Ой сайин 15500 тенге оламан, Буйрагим оғрий бошлаганидан буён Оғабек билан бирга завод атрофидан темир йиғиб сотадиган бўлдик. Шимкентнинг “Сауле” мавзесида яшаймиз. 2 йил бўлди шунинг орқасида тирикчилик қилаётганимизга, касаллик хуруж қилганидан буён фақат ўғлим шуғулланяпти. Кунига 3-4 минг тенге топиб келади. Ўзига шукр, Бахтиёр укамизни бизга йўлиқтирди. Бу ишда савоб умидида иштирок этган ҳамюртларимдан Оллоҳ рози бўлсин, эҳсонлари қабул бўлсин. 

 Бу савоб ишда фаоллик кўрсатган, мени маросимга таклиф этган тадбиркор Аягўз Тўреқуловадан ижтимоий тармоқларнинг бу ишдаги ҳиссаси ҳақида сўрадим.

– Facebook тармоғидаги саҳифамда 5 минг обуначим бор, 7 минг киши менинг хабарларимни ўқийди, – дейди А. Тўреқулова. – Бахтиёрдан олган ахборотни саҳифамга жойладим. Бир куннинг ўзида менинг саҳифамдан 200 минг тенге ёрдам пули йиғилди. Бундай тармоқлардан қанчаси яна самара берди. Бирники мингга, мингники туманга деганлари рост. Кўплашиб кўтарган юк енгил бўлади. Мана, ўн кун ичида янги уй насиб этди. Ўзбек биродарларимизнинг ташаббускорлиги, фаоллигига тан бердим. 

Маросим ниҳоясида имом Қуръон тиловат қилиб, дуо қилди: “Янги уйларда тўйлар бўлсин, Яратган бу хонадонга осойишталик, барака ато қилсин”. 

Ўз бошпанасига эга бўлган оиланинг хурсандчилигига шерик бўлиб, яхши ниятда бу уйни тарк этдим.

Мунира ЖАМОЛИДДИН қизи, 2019-02-12, 11:19 684
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.