26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Тумор

Афғонистон. 1982 йилнинг ёзи. Жанг бормоқда. Отишма кучайди. Душманнинг сафи кенгаймоқда. Тоҳир сафдоши, грузин Рамаздан хавотирлана бошлади: у отишдан тўхтаб қолган эди. Ўн-ўн беш қадам жойга эмаклаб бориб, дўстининг қонга беланиб ётганини кўрди. Дарров уни пана жойга судради. 

– Ҳозир, оғайни, озгина чида, ҳандаққа олиб бораману, санитарни чақираман, – деди у.

– Фойдаси йўқ, кацо, – ингранди Маргиладзе. – Яхшиси, мени эшит. Куним битганини сезиб турибман. Сендан илтимос, жасадимни уйга ўзинг олиб бор. Бувамнинг ёнига дафн қилишсин. 

– Алжирама, дўстим, мана, санитар ҳам келиб қолди. Тузалиб кетасан, Тифлисга бирга борамиз. Сен шу ерда ётатур, мен бир оздан кейин келиб, хабар оламан. 

Тоҳир жойига бориб, отишмани давом эттирди. Рамазнинг ўрнини рота командири Ҳамидов эгаллаган эди. 

– Маргиладзега нима бўлди? – сўради у. 

– Оғир яраланибди...

– Кун ботяпти. Қош қорайса, душманлар уйларига қайтишади. Сен ҳам дам оласан. Озгина чидаб тур, – деб рота командири узоқлашди. 

Тоҳир ўрнидан туриб, Рамаз ётган жойга қараб юра бошлади. Бирданига қайдандир автомат кўтарган душман аскари чиқиб қолди. Ора 15 қадамча эди. Бир-бирига қараб, тўхтаб қолишди. Худди улар бир-бирига «мен сени ўлдирмоқчи эмасман», деяётгандай эди. Душман чўнтагига қўл солаётганини кўриб, Тоҳир автомат тепкисини босди. Душман йиқилди. «Ҳаётим қил устида экан-да», ўйлади у. Лекин қалбида шодликни сезмади, юрагига ғулғула тушгандай бўлаверди. Илгари ҳам кўп жангларда иштирок этган, лекин бундай аҳволга тушмаган эди. «Ёш йигит экан. Чамаси, менинг тенгдошим, – ўйлади у. – Ота-онаси қандай қилиб уни урушга юбориб қўйган экан? Агар мен уни отмаганимда, у мени ўлдириши мумкин эди”. 

Хаёллар гирдобида ўзини унинг ўрнига қўйиб кўрди. Тобут қошида отаси, онаси, ака-укалари йиғлашмоқда. 

«Сўнгги ой чўзилиб кетгандай бўлди, – ўйлади Тоҳир. – Тезроқ уйга юбориша қолса эди».

Қош қорайгач, душман чекинди. Қамалнинг бешинчи куни ўтди. 

Тоҳир Рамазнинг олдига келди. Боши ва кўкраги бинтланган, алаҳсираб ётарди. Кучли, тоғни урса талқон қиладиган йигит эди-я, деб кўзига ёш олди. 

– Йиғлаяпсанми, кацо? – сўради Рамаз.– Қўй, йиғлама. Тақдирга тан бериш керак. Лекин бир нарсани тушунмаяпман. Нега бу ерга келдик, мен нега бу дунёни тарк этяпман? Орзуларим, режаларим бир дунё эди. Отам милиционер эди, уч ёшимда жиноятчилар ўлдириб кетишган. Онам ёлғиз ўстирди. Ёлғиз ўғлидан вояга етган пайтида айрилган онанинг аҳволини тасаввур қила оласанми? Икки йил бўлди, кўрмаганимга. Бир марта кўриб, кейин ўлсам, армоним қолмасди, дўстим. Кацо, ҳеч бўлмаса, сен мени эслаб юр. Хизмат тугагандан кейин ойимнинг олдиларига бориб кел. Бечора онам ҳаётда ҳеч рўшнолик кўрмади. Бор умиди мендан эди. Мен ҳам бу дунёдан кетяпман. 

Рамаз ҳансираб, қисқа-қисқа нафас оларди. 

– Рамаз, дўстим, ўлма, ўлмагин, – деб Тоҳир унинг қўлини қисди.

Дўстининг қўли бўшашганини сезгач, уни қучоқлаб йиғлади. Елкасига кимнингдир қўли теккач, ўгирилиб қаради. Рота командири бир гуруҳ аскарлар билан келган экан. 

– Бардам бўл, ука, – деди у. – Бандамиз, қўлимиздан нима келарди. 

Аскарлар Рамазнинг жасадини олиб кетишди. Тоҳир кетаётиб, гимнастёркасининг ичида қаттиқ нарсани сезди. Олиб қараса – тумор. Боғичи узилиб кетибди. 

Армияга жўнатишаётганида бувиси Зуҳра ая тақиб қўйган эди. 

– Болагинам, узоққа кетяпсан, бу тумор доим бўйнингда бўлсин, сени бало-қазодан асрайди, – деган эди у. – Буни менинг бўйнимга бувим тақиб қўйган. Иккинчисини акам Ҳасаннинг бўйнига таққан. 

Зуҳра ая отаси ва Ҳасан акасини кўп эсларди: «Акам ҳаёт бўлса, бир кўрсам армоним қолмасди». 

Бувисининг ёши 70да. Демак, акаси ҳаёт бўлиши керак. Балки, унинг ҳам фарзандлари, неваралари бордир. Ҳали ҳам Афғонистонда яшаётгандир. 

Тоҳир Зуҳра бувисининг бир ҳикоясини эслади. 

– Биз дунёга келганимизда бувим олмос кўзли тумор ишлатиб, бирини менга, бирини акам Ҳасаннинг бўйнига тақиб қўйган экан. Кичкиналигимда мен шамоллаб қолганимда дадам ойимни қўшни қишлоққа, табибнинг уйига юборибди. «Кеч бўлиб кетса, ота-онангнинг уйида ётиб қолинглар, Ҳасанга ўзим қараб тураман», дебди. Эртасига ойим билан келсак, дадам ҳам, Ҳасан ҳам йўқ экан. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, уларнинг Афғонистонга кетиб қолгани ҳақида хабар келган. Отам бир бойнинг қўлида аравакашлик қиларди. Улар бир-бирига жуда яқин бўлгани учун бой отамни Афғонистонга кетишга кўндирибди. «Менинг оилам, болаларимни Афғонистонга олиб бориб ташлайсану, уйга қайтасан, эвазига бойлигимнинг бир қисмини сенга қолдираман», деган экан. Ойим кўп йиллар уларни кутди, лекин хабар бўлмаган. Сен қуйиб қўйгандай, бувангга ўхшайсан, Тоҳиржон ўғлим.

– Умаров, командир чақиряпти, – деб, унинг хаёлини бўлиб юборди кимдир. 

– Икки аскарни олиб, сувга бориб келинглар. Йўлда эҳтиёт бўлинглар. Душманлар сув бўйида пойлаб туришлари мумкин. Сезиб қолишса, сув олмай қайтаверинглар. 

Учовлон дарага қараб йўл олишди. Ойнинг нури борлиқни ёритиб турар эди. Қўрқув-ҳаяжон билан булоқ бўйига бориб, идишларни тўлдиришди. Қайтаётганларида кимнингдир инграган товуши эшитилди. У ёқ, бу ёққа қарайди. Икки аскар шоша-пиша тепага кўтариляпти. Тоҳир “ким бўлиши мумкин?», деб товуш чиқаётган тарафга юрди. Ўзи отган душман экан. У ҳам одамку, балки ёрдам керакдир, деб, унинг ёнига борди. 

Чўнтагидан бинт чиқариб, ярадорнинг бошини боғлай бошлади. Шу пайт ойнинг шуъласида ялтираган туморни кўрдию, ҳаяжондан қўллари қалтираб кетди. Унинг ҳам ипи узилган эди. 

– Оғайни, сен буни қаердан олдинг? Ўзбекмисан? Ҳасан отанинг невараси эмасмисан? – деб уни саволга кўмиб ташлади. 

– Қара, бундай тумор менда ҳам бор, – деб чўнтагидан туморини чиқарди. 

Ярадор йигит кўзини очиб, туморга қаради, бир нима демоқчи бўлдию, айтолмади. Узоқдан автомат овози янградию, Тоҳирнинг боши яраланган йигитнинг кўкрагига тушди. 

Тепадан ҳам автомат овози янгради. Рота командири Тоҳирнинг кечикаётганидан хавотир олиб, аскарлар билан сув бўйига қайтиб келаётган экан. 

Ҳамидов Тоҳирни авайлаб ерга ётқизди. У ўнг қўлида аллақандай боғични маҳкам ушлаб олган эди. Рота командири эҳтиёткорлик билан унинг кафтини очди. Ой нурида иккита бирдай, олмос кўзли тумор ялтираб кетди. Ҳамидов икки йигитни ёнма-ён ётқизди, уларга диққат билан тикилди ва ҳайратдан ёқасини ушлади. Улар худди ака-укадай бир-бирига ўхшарди. 

Командир ҳеч нарсани тушунмади... 

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2019-02-14, 10:13 239
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.