26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
МАНКЕНТ – Қозоғистон гавҳари

Кейинги пайтда аксари ҳамюртларимиз ўз саломатлигини тиклаш учун чет элларга, хусусан, Туркиядаги сиҳатгоҳларга боришга одатланишди. Камина ўтган йили “Биркўлик” санаторийсида даволанган чоғимда Қозоғистоннинг турли бурчакларидан келган инсонлар билан яқиндан танишиб, гурунглашдим. Суҳбат асносида “қаерликсиз?” деган саволга, “Оқсувкентданман” деб жавоб берсам, билишмади, ўшанда “Манкент” санаторийси қошида яшайман, эшитганмисиз,” десам, бирдан суҳбатдошларимнинг чеҳрасига табассум балқийди. “Ие, ие, шунақа денг, зап ажойиб жойларда, бултур ўша ерда дам олгандим. Насиб қилса, яна бориш ниятидаман!,” дейишади мамнуният билан.

Хўш, олис минтақаларда яшаётган каттаю кичикни оҳанрабодек ўзига тортаётган сиҳатгоҳнинг бошқа жойлардан фарқи нимада? Такрорланмас, гўзал табиатими ёки инсонларга саломатлик улашишда ўзгача, ноанъанавий усуллари борми ёхуд шифокорлари шу даражада билимлими?! Қишин-ёзин “Манкент” санаторийси дам олувчилар билан гавжум бўлишини ҳисобга олсак, бу ер чиндан ҳам “мўъжазгина Швейцария”. Яқинда санаторийга ташриф буюриб, аввал бош директор, кўплаб ибратли ғоялар муаллифи Ҳамроқул Қўрғонов, сўнг бош шифокор вазифасини бажарувчи Наримон Эргашев ҳамда катта шифокор Талғат Байдалиев билан суҳбат қурдим.

– Санаторийда кейинги уч-тўрт йил ичида катта ўзгаришлар юз берди. Мақтовга йўймангу, Ҳамроқул Озод ўғлини чин маънода санаторий ишининг ислоҳотчиси, десак бўлади. У кишининг ташаббуси билан даволаш бўлимларига Россия, Германия, Туркия давлатларидан энг сўнгги андазадаги даволаш ускуналари келтириб ўрнатилди. Натижада урология, ошқозон-ичак, саратон, сил, асаб хасталикларини нафақат даволаш, балки, олдини олиш имкони яратилди, — дейди Талғат Қурманалиули.  

Россиядан олиб келинган “Андрогин” ускунаси сийдик йўли хасталикларига чалинганларга яқиндан ёрдам берса, “Полимак” бош оғриғи, суяк сирқираши, нафас олиш йўллари шамоллаши сингари касалликлардан халос этишда кўмакка келади. Булардан ташқари, қўл-оёқ сирқирашини даволаш, ошқозон, ўт, ичакларни ювиш, асабни тинчлантиришда ҳам янги ускуналардан кенг фойдаланилади. Таъкидлаш жоизки, бу ерда азалдан малакали шифокорлар фаолият кўрсатишади. Улар қаторига ҳеч иккиланмай, олий тоифали невропатолог Қодир Жумабеков, кардиолог-шифокор Азизбек Комилов, УЗИ мутахассиси Бекзод Азизов ва бошқаларни қўшиш мумкин.

Энг муҳими, авваллари бўлмаган турли доривор гиёҳлар, ультрабинафша нурлари билан даволайдиган қишки бассейн, сув ости массажи, туз ва малҳамли буғ билан даволайдиган хона, маъданли сув, гиёҳ, мой кўмагида ҳуқна(микроклизма), малҳамли фитобочка, ёзги чўмилиш ҳавзаси, спорт майдончаси, тренажер зали, “Думан” кўнгилочар мажмуаси дам олувчилар хизматида. Бу ерда шифобахш гиёҳлардан тайёрланган чой ичиб, ҳордиқ чиқарадиган махсус хоналар ҳам бор. Марказий даволаш бўлимида ташқарига чиқмай, барча тиббий муолажаларни олиш мумкин. 1,2,3 ўринли хоналарда дам олувчилар учун исталган шароит яратилган. Чиройли, алоҳида бўлимлардан ташқари фақат сибир қарағайидан ишланган бинода яшаб, ҳордиқ чиқаришни истовчилар ҳам етарли. Айниқса, ям-яшил арчазор, турли манзарали дарахтлар, буталар, чиройли гуллар билан бурканган санаторий ҳудудида сайр қилиб, мусаффо ҳаводан нафас олиш кишига ўзгача кайфият бағишлайди.

Мавриди келганда, бошқа жойларда учрамайдиган, фақат ушбу сиҳатгоҳ ҳудудидаги 1210 метр чуқурликдан чиқадиган маъданли сув курортология институти хулосасига кўра, инсон организми учун фойдали элементларга ўта бой эканини таъкидлаш жоиз. Шу боисдан “Манкент”га нафақат элимизнинг турли бурчакларидан, балки, чел эллардан, хусусан, Россия шаҳарларидан ҳам дам олувчилар келмоқда. 

– Ўзим кўп болали онаман. Ёшим 70дан ошди. Охирги кезларда ўтим оғрир, икки қўлим ва оёғим зирқирарди. Шифохоналарда ётиб даволанишга ҳам тўғри келди. Танишларимдан бу санаторий ҳақида эшитганимдан сўнг шу ерга келдим. Муолажа олаётганимга бир ҳафта бўлди. Буни қарангки, ҳозир оғриқлар босилди. Шифокорлар малакали, хушмуомала экан. Бу ерда инсон саломатлигини тиклаб олиши учун етарли шарт-шароитлар яратган раҳбариятга ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди тарозлик Жумакул Абдиқахарова.

Мухтасар қилиб айтганда, мўътадил иқлим шароитига эга, чор-атрофи турфа дарахтлар билан бурканган, ҳавоси мусаффо, қатнаш учун қулай манзилда жойлашган мазкур санаторийнинг шуҳрати олис-олисларга етиб бораётганида ўзига хос сир бор. У ҳам бўлса, “Манкент” санаторийсига тажрибали, уддабуро раҳбар, олий тоифали шифокор Ҳамроқул Озод ўғлининг етакчилик қилаётгани. Зеро, фақат фидойи ва ватанпарвар инсонларгина зиммасидаги вазифани виждонан бажариб, ўз манфаатини эмас, балки кўпчилик манфаатини ўйлайди. Акс ҳолда, бу ер аллақачон ҳозиргидек одамларга саломатлик улашадиган хушманзара маскан эмас, аксинча, ташландиқ иншоотга айланармиди? Бу – нафақат ходимлар ёки дам олувчиларнинг, балки барча манкентликларнинг ҳам фикридир.

И. КАРИМОВ, 2019-02-18, 09:47 222
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.