26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
''Йўқолган'' кампир

Бир куни, кечки пайт, Жибек жўли божхона бекати орқали Тошкентга бориб қайтаётиб, чегарадан ўтгач, нафас ростлаб олиш мақсадида, ўриндиқ топиб ўтирдик. Олдимизга ўрта ёшлардаги бир киши келиб: 

– Шимкентга барасиздарма, журиниздер, мен алип кетейин, – деди.

– Қиммат олмасанг, борамиз! – деди аёлим.

– Апа, мен сиз сияқти қарияларди тасип, дуғасин алип журемин, бергенингизди аламин, – деб жавоб берди ҳайдовчи.

Бошқалардан арзонроққа келишиб, шаҳримизга йўл олдик. Йўлнинг четида қирликлар кўрингач, рафиқамнинг ёшлиги эсига тушиб: 

– Бир пайтлар анави йўл бўйидаги қирликлар апрель, май ойлари алвон лолаларга бурканарди-я, – деди.

Ҳайдовчимиз бу гапни қувватлади: 

– Бизнинг овул атрофида ҳам бундай қирлар бор. Менинг исмим Серик, Қоплонбек овулида яшайман. Нафақага чиққач, машинамда Жибек Жўли билан Шимкент оралиғида йўловчиларни ташиш билан шуғулланяпман. Йўлимиз анча узоқ, суҳбатлашиб борсак, масофа қисқаради. Яхшиси, мен бошимдан ўтган бир воқеани гапириб берай, – деди-ю, ҳангомасини бошлади:

– Тошкентдан бир йигит, бундан бир йилча илгари, мана шу чегарадан ўтиш жойида оналарини машинамга ўтқазди. Қўлимга бир уяли телефон рақамини бериб: «Шимкентга етиш олдидан шу рақамга қўнғироқ қиласиз, ўзлари келиб олиб кетишади», деди. Шаҳарга яқинлашгач, қўнғироқ қилдим ва улар келиб, опани олиб кетишди. Орадан ярим йилча ўтганда ўша йигит яна менга учради. Хотиржамлик билан яна уяли телефон рақамини бериб, опани машинамга ўтқазди. Одам тўлгунча яна бироз кутиб қолдик. Шунинг учун манзилимизга етганимизда кун кеч бўлганди. Берилган рақамга сим қоқдим, ҳеч ким олмади. Қайта-қайта қилган ҳаракатларим ҳам зое кетди.

– Опа, кўчангизнинг отини, уй рақамини биласизми? – деб сўрасам, билмайди.

– Бу ердан боришни билмайман, Булоқбоши маҳалласида тураман, – деди.

Уйини топиш умидида Эски шаҳардаги Булоқбошига олиб бордим. Маҳаллаларни ораладик, одамлардан опанинг уйини сўрадик. Учраган одамларнинг кўпчилиги бу ерга яқинда келишган экан, таниш одам чиқмади. Бир, полиция бўлимига олиб борай, деб ўйладим, кейин фикримдан қайтдим. Опага айтмай, овулга қараб йўл олдим. Йўлнинг ярмига келганимизда:

– Қаёққа кетяпмиз? – деб сўради у.

– Қўноққа, – дедим ҳазил-чини аралаш.

Опа менинг нима деганимни англамади, шекилли, жимгина ўтираверди.

Овулдаги уйга етиб келгач, меҳмонга:

– Келинингизнинг телефони жавоб бермади, уйингизни излаб, топмадик. Мен сизни ўзимнинг уйимга олиб келдим, эртага чегара бекатига бораман, ҳойнаҳой, ўғлингиз сизни излаб келса керак, – дедим. 

Йиғлай-йиғлай уйга кирди. Бизни кутиб олган онамга:

– Ойи, сизга меҳмон олиб келдим, – деб унга ишора қилдим.

Онам таҳорат олиб, хуфтон намозига бораётган экан.

– Келинг, тенгдошмисиз, каттамисиз, менинг исмим Айша, сизники-чи?

– Бўстон, – паст овозда мулойимгина жавоб берди опа. 

Меҳмонни ўтқазиб, онам намозга кириб кетди. Мен Бўстон опанинг ёнига ўтириб:

– Бугун бизникида тунайсиз, эртага болангиз келиб, сизни олиб кетади, – дедим тинчлантириш мақсадида. 

Бироқ опа кўзига ёш олиб:

– Мен энди йўқолдига чиқдимми? – дея онам келгунча тинчимади. 

Онам кириб келаётганда, ўрнидан туриб, салом берди: 

– Ассалому алайкум!

Ойим алик қайтарди. Биргаликда кечки овқатга ўтирдик. Онам тортиниб ўтирган меҳмонимизни овқатга ундади, сўнг: 

– Намозхон кўринасиз, сўзларингиз майин. Бугун менинг азиз меҳмоним бўласиз, сизни ҳеч қаёққа юбормайман, – деди жилмайиб, кейин жиддий оҳангда қўшимча қилди, – яқин-атрофимизда биз қатори аёллар қолмаган...

Суҳбат давомида Бўстон опанинг ёши онамникидан каттароқлигини билиб олдик. Ўзича, уй эгаларини безовта қилиб қўйдим, деб ўйлаган Бўстон опа бу гаплардан кейин сал тинчлангандай бўлди. Бироз гурунглашиб ўтирдик. 

Меҳмоннинг гапига қараганда ўғли Чимкентда яшаб, Иттифоқ бўлинган даврда Тошкентга кўчиб борган, олийгоҳда дарс бераркан. Бу ёқда Бўстон опа невара келини билан қолган. Кичик невараларини соғинганда Тошкентга бориб келади. Бориш-келиш учун Жибек жўли чегара бекати орқали ўтишга, кўпинча ёлғиз қайтишига тўғри келади: болаларнинг барчаси ўз ишлари билан банд. Бу гал ҳам шундай бўлибди. Шу бугунги кунгача ҳеч чалкашлик бўлмаганди, бу сафар нега бундай бўлиб қолди, Бўстон опа ҳайрон.

– Ташвиш тортманг, ўз уйингизда юргандай юраверинг, – хаёлини бўлди онам. – Сиз ҳам намозхон экансиз, бирга Аллоҳнинг қулчилигини бажарамиз, мана, эрта саҳарда бомдод намозини бирга ўқиймиз, кўриб турибсиз, келин хизматда.

Оналарининг ҳангомаси алламаҳалгача давом этди. Эрталаб саҳарда онам меҳмонни уйғотиб, бирга бомдод намозини ўқидилар. Намознинг фарзида Бўстон опа онам билмайдиган икки сурани ўқиган эканлар, намоздан кейин ёздириб олди. Эрталабки нонушта пайтида суҳбат яна давом этди. 

Кампирларнинг ўзаро муносабатларидан хотиржам бўлгач, чегара бекати сари отландим.

Опа, "сен билан бирга кетаман", деб туриб олди. Апрель ойи эмасми, кун анча салқин эди, балки кўпроқ кутишга тўғри келиб қолар. Опани қолишга аранг кўндирдик. Чегарага борсам, одамлар у ёқдан кўплаб келаётган экан, тўхташим билан тўрт киши келиб, машинамга ўтириб олди. Бировни кутишим кераклигини айтсам ҳам кўнишмади. Уларни Шимкентга ташлаб, яна йўловчиларни олиб келгунимча анча вақт ўтиб кетди. Келгач, автотураргоҳда яна бир соатча кутдим, ҳеч ким олдимга келмади. Ўтказиш пунктидан Бўстон опанинг ўғлини изладим, аммо тополмадим. Кеч бўлди. Бўстон опага нима дейман? Ноилож уйга қайтдим. Ёлғиз келганимни кўриб, опа йиғлаб юборди:

– Қариган чоғимда бу нима кўргилик бўлди, бирорта давлат корхоналарига хабар берсанглар, топиб беришар, – деди мўлтираб.

Мен эрталаб кутмай, одамларни олиб, йўлга равона бўлганим учун ўзимни ўзим койир эдим. 

– Опажон, бирор жойга хабар бериш қийин эмас, Худога шукур қилинг, сизга ўзингизга ўхшаган инсонни учратди. Яна бир кеча тунанг, эрта яна ўша ерга бориб, албатта, топиб келаман, – деб кампирни зўрға кўндирдим. 

Икки кампир ўзаро тил топишгани яхши бўлди, лекин меҳмоннинг болалари қандай аҳволда экан? Ҳаяжон билан тонг оттирдим. Бир пиёла чойни шоша-пиша ичиб, божхона бекатига йўл олдим. Пешингача шу ерда Бўстон опанинг ўғлини кутишга қарор қилдим. Орадан бир соатларча ўтгач, ўша йигит кўринди, ҳаллослаб машина томон келаётган экан.

–  Кечадан бери сизни қидираман, – авзойи бузилган ҳолда деди менга қараб. 

Тинчлантиришга қанча уринмай: 

– Онам икки кундан бери йўқ, – деб кўзига ёш олди.

– Ҳозир онангизнинг олдига олиб бораман, – деб қучоқлаб олдим.

– Қани, қаерда? – дея менга тик қаради. 

Мен бўлган воқеани айта бошлаган эдим, гапимни бўлиб:

– Сизда айб йўқ, мен сизга фақат битта уяли телефон рақамини бериб, унга ишонибман, келиним қурғур ўша куни қўл телефонини йўқотиб, ҳалиям тополмай юрган экан.

Гапларимни охиригача эшитгач, менга қайта-қайта раҳматлар айтиб, онасининг олдига тезроқ олиб боришимни сўранди. Уйга келсак, онахонларим дастурхон атрофида ўтиришган экан. Она-бола қучоқлашиб кўришишди, она аччиғидан тушиб: 

– Агар Серикдай инсоннинг уйига келиб қолмаганимда, сени роса койиган бўлардим, мана шу йўқолишим сабаб Айша опангдай сингил топиб олдим. Мана, уч кундирки, мени ўз эгачисидан ҳам зиёда кутиб олиб, меҳмон қиляпти. Бир-биримизни жуда яхши тушундик. Энди тоабад опа-сингил бўлиб қоламиз. Ҳа, айтгандай, телефонинг ишласа, болаларга хабар бер, мени топилди, деб.

Сайдиғани ака онасининг бундай иззат-икромда эканлигини кўриб, қувониб кетди:

– Бундай олижаноблигингиз учун сизларга, оилангизга мингдан-минг раҳмат! Мана, оналаримиз опа-сингил бўлишибди, бундан кейин сен билан мен қиёматли ака-ука бўламиз, борди-келди қиламиз. Аввал бизникига бориб, бир меҳмон бўлинглар, – деб иккала уйининг манзилларини ёзиб бердилар. 

– Биринчи қайси уйга борайлик? – ҳазил аралаш гап қотдим.

– Энди хабарлашиб, мен ўзим сизларни олиб кетаман, дастлаб катта келиннинг уйига, Тошкентга.

Орадан анча ўтди, онам билан ҳеч вақт топиб, уларникига боролмадик. Бир куни кечки пайт уйга келсам, Сайдиғани акам оналари билан ўтиришган экан. Қучоқлашиб кўришдик.

– Қарасам, сизлар келавермадинглар, мана, биз келдик, – деди. 

Дастурхонда янги пишган ўрик-шафтоли, обиноввот, қовуну қулупнайлар уйилиб кетибди. Онамнинг елкасида араби шол рўмол.

Бирга анчагача чақ-чақлашиб ўтирдик. Кейин бизнинг, албатта, бориш ҳақидаги ваъдаларимизни олиб, хайрлашиб, жўнадилар.

Ўшандан бери борди-келди узилмайди. Мен Тошкентга борсам, уларникига кирмай, қайтмайман. Сайдиғани аканинг болалари мени “амаки” дейишади. Шимкентдаги уйларида ҳам бўлдик, Қорасувнинг бўйида экан. Невара келин мени кўрганда бироз хижолат тортди. Кейинчалик бўлган воқеани эслаб, кулиб юрадиган бўлдик.

Таксидаги йўловчилар сув қуйгандек жимиб қолишди. Ҳайдовчининг ҳикояси ҳаммамизни ўйга чўмдириб қўйган эди. Худди келишгандек, баримиз: 

– Э, яшанг, кам бўлманг! – деб юбордик бараварига. 

Файзулла ИКРОМОВ. Шимкент шаҳри, 2019-02-19, 10:44 197
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.