26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Барака''нинг тотли қуртлари

Қозоғистоннинг барча шаҳарларида истеъмол қилинади

Кичик ва ўрта тадбиркорлик ҳар қандай мамлакатда ўз иқтисодиётининг драйвери ҳисобланади. Президент ёшларнинг бугуни ва келажаги ҳақида ғамхўрликни ўз сиёсатининг асосий мазмуни деб ҳисоблайди. У Мактубларида ёшлар сиёсатини такомиллаштиришга доир муҳим топшириқлар берётгани барчамизга маълум, чунки, ёшлар жамиятнинг бир қисми сифатида давлатимизда муҳим ўрин тутади. 

Яқинда хусусий тадбиркор Ғайрат Ниёзҳожиевнинг қурт чиқарадиган “Барака” кичик корхонаси фаолияти билан танишиб қайтдим. Шу куни Ғайратни учрата олмадим, бироқ, унинг дўсти, ҳамкори, корхона директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Шоумид Шораҳимов билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим.

– Шоумид, корхонангизнинг фаолияти билан таништирсангиз... 

– 2014 йилда дўстим билан бамаслаҳат шу ишни бошлаганмиз. Бугунги кунда 30дан зиёд ёшларни иш билан таъминладик. Маҳсулотимизнинг тури, сифати ва кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўрни келганда айтиш жоизки, 5 йил давомида эришган озми-кўпми ютуқларимизда корхона бош директори Ғайрат Ниёзҳожиевнинг ҳиссаси катта. У олий маълумотли, меҳнатсевар, изланувчан, янгиликка ўч мутахассис ўзи устида ишлабгина қолмай, балки жамоа барча аъзоларини ортидан эргаштира билади, улардан изланиш ва кўп ўқишни талаб қилади. Ўзи эса, турли шаҳарларда ўтадиган бизнес-форумлар, семинар-тренингларда қатнашиб, малакасини ошириб қайтади. Ўзбек, қозоқ, рус тилидан ташқари инглиз ва турк тилларини ҳам яхши ўзлаштирган.

– Нима учун айнан қурт ишлаб чиқаришга бел боғладингиз? 

– Қурт – Марказий Осиёда сутдан тайёрланадиган миллий таом ҳисобланади. У 260к/Кал га эга бўлиб, таркибида оқсил, ёғ, углевод, минерал ва витаминлар мавжуд. Қурт инсон саломатлигига жуда фойдали. Барчамизга маълум, узоқ йўлга отланган киши, албатта, кўнгил айнишини қурт билан бартараф этади. Маҳсулот ичаклардаги микрофлорани қайта тиклайди, тез ва осон ҳазм бўлади. Таркибидаги А дармондориси кўриш қобилиятини яхшилайди, иммунитетни кучайтиради, модда алмашинувини барқарорлаштиради. Е витамини эса, организмнинг қартайиш жараёнига қарши туради ва уни кислород билан тўйинтиради. Қуртда катта миқдорда Д витамини ҳам мавжуд бўлиб, саратон ва астеопороз хасталиги хавфини пасайтиради, аскорбин кислотаси организмнинг ҳимоя функцияларини кучайтиради. Хуллас, соғлик учун кони фойда.

– Эшитишимча, маҳсулотингиз довруғи баланд, истеъмолчилар, буюртмачилар жуда кўп. Хомашёни қаердан оласизлар?

– “Барака”нинг маҳсулотлари бугунги кунда Қозоғистоннинг барча шаҳарларига етказилади. Яқинда Россиянинг Красноярск шаҳридан ҳам буюртма олдик. Бундан ташқари вилоятимизнинг кўплаб туманларидан келиб олиб кетишади. Хомашёни маҳаллий аҳолидан оламиз. “Сонга эмас, сифатга эътибор” шиори остида ишлаймиз. Шунинг учун бўлса керак, маҳсулотимизга талаб юқори.

– Қуртнинг қандай турлари тайёрланади?

– Қуртнинг 50га яқин турини 15 хил шаклда қадоқлаймиз. Буюртмачилар таъбига қараб, ширинроқ, нордон, ўткир хушбўй таъмли, аччиқ, райҳонли, мурчли, гармдорили, дудланган қуртлар тайёрланади. Бугунги кунда нафақат, килоли, балки вакуумли халтачаларда, катта-кичик ҳажмдаги пақирчаларда ҳам сотувга чиқаряпмиз. Энг сўнгги янгилигимиз – “BARAKA Premium” брендли А тоифадаги сузмали қуртлар тайёрлашни йўлга қўйдик. 

– Қуртдан ташқари яна нималар чиқаряпсизлар?

– Ўтган йили яна битта кичик цех очиб, сут маҳсулотларидан – қатиқ, сузма, қаймоқ, дудланган пишлоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Корхонамиз қошида очилган дистрибюторлик фирмаси Шимкент шаҳрида фаолият юритиб, маҳсулотларимизни сотувга чиқаради. 

– Жамоангиз ҳақида икки оғиз айтиб ўтсангиз...

– Жамоамиз аъзоларининг аксарияти ёш қиз-келинлардан иборат. Ўртача маош 45-70 минг тенге оралиғида. Меҳнатсевар ҳамкасбларимиздан директорнинг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари А. Шералиев, цех бошлиғи Ш. Ниёзҳожиева, О. Бўртаев, З. Усмонова, Г. Эргашева, Н. Файзуллаева, З. Бегматова, М. Алиқулова, М. Маҳмудова ва бошқалар ўз касбининг чинакам фидойилари. Илғор ишчиларимизни моддий рағбатлантириб турамиз.

– Келгуси режаларингиз...

– Албатта, режаларимиз катта. Бугунги кунда цехдаги ишларнинг 80-90 фоизи қўлда бажарилади. Келгусида корхонани кенгайтириб, замонавий ускуналар билан жиҳозлашни, шунингдек, чорвачилик фермаси қуришни режалаштириб қўйганмиз. Маҳсулотларимизни Қозоғистоннинг миллий бренди сифатида дунё бозорига чиқариш устида ишлаяпмиз.

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

Мухтабар УСМОНОВА, 2019-02-19, 11:15 890
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.