26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Элпарвар инсон

Касбим тақозосига кўра, кундаликда кўп инсонлар билан мулоқотда бўламан ва ҳар гал ўзим учун биронта янгилик кашф қиламан. Чунки, ҳар бир кишининг севимли касб-кори, ёқтирган ишидан ташқари, яна биз билмаган қизиқишлари ҳам бўладики усиз ҳаётини тасаввур қилолмайди. Айтайлик, кимдир чавандозликни хуш кўрса, бошқа биров гул ўстиришни ёқтиради, яна бошқаси балиқ овига ишқибоз... Аммо камина яна бир кишини биламанки, унинг қизиқишлари чегараланмаган. Бутун умр яқинларию нотаниш кимсаларга фақат яхшилик улашишни, кўпчиликка нафи тегадиган биронта эзгу ишга бош-қош бўлишни канда қилмайди. 

У, асли касби зоотехник бўлишига қарамай, чорва молларини парваришлашдан ташқари жажжи ўғил-қизларнинг тарбияли, билимли-илмли бўлиб камол топишлари учун жон койитиб, “Балапан” дастури доирасида ўзи истиқомат қилаётган Сайрам туманидаги Орис ва Кўлкент қишлоқ округларида бир қанча болалар боғчаси ташкил қилди. Туман маслаҳати депутати, қолаверса, тадбиркор сифатида жамоат ишларида фаол қатнашиб, шу ҳудуддаги таълим муассасаларини таъмирлашга, йўлларни созлашга, аҳоли учун энг зарур неъмат – ичимли сув таъминотини яхшилашга жиддий эътибор қаратди. Санайверсанг, у кишининг амалга оширган ишларининг адоғига етолмайсан. Бу инсон Сайрам туман маслаҳатининг депутати, орислик тадбиркор ва меценат Равшанбек Ҳайтеновдир. Буни қарангки, сахий ва дилкаш, камтарин Равшанбек шу кунларда ўзининг муборак 60 ёшини қаршилаётган экан. Ушбу қутлуғ сана баҳона, фурсат топиб, юбиляр билан дилдан суҳбат қурдик. 

 Р. Ҳайтенов 1957 йил 6 июнда сўлим Орис қишлоғида дунёга келди. Қишлоқдаги ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, илк иш фаолиятини киномеханикликдан бошлади. Кейинчалик Тошкент қишлоқ хўжалик институтини сиртдан тамомлаб, Навоий номли хўжаликда омбор мудири, кассир, зоотехник, ферма мудири, янги ташкил этилган “Орис” хўжалигида бош зоотехник, раис лавозимларида меҳнат қилди. 1997-1998 йилларда “Шимкент шина ремонт” ҲЖ президентининг муовини, сўнг туман сув хўжалигига қарашли ёрдамчи хўжалик раҳбари бўлиб ишлади. 2000 йилдан эътиборан тадбиркорлик қилмоқда. Равшанбек Худойберган ўғли, мана, уч чақириқдан бери туман маслаҳати депутати сифатида сайловчиларга берган ваъдасининг устидан чиқиш мақсадида тиним билмайди. Ўтган вақт ичида қишлоқ округи ҳудудидаги Анортоев номли, ”Қайнарбулоқ“ мактабларининг эски биноси ўрнига янги, замонавий иморатлар барпо этилишида, деҳқонларга “оби-ҳаёт” улашаётган Бўканбой, Сассиқбулоқ каби ариқларни тозалашда қўлидан келган ёрдамини аямаган бўлса, ўз сармояси ҳисобидан “Ирисли она”, “Ширин”, “Чарос” ва бошқа болалар боғчаларини очиб, мингга яқин қичкинтойларнинг ҳам тўлақонли тарбияланишига, ҳам қанча-қанча оналарнинг хотиржам ишлашларига имконият яратиб берди. Яна, спорт мажмуаси барпо этиб, ҳамқишлоқларини соғлом турмуш тарзига чорламоқда. 

У маънавияти юксак инсон. Бир қанча вақт Орис қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмасига етакчилик қилгани бежиз эмас. Ўзгаларга фақат яхшилик улашишни афзал кўрадиган депутат-тадбиркорнинг холис хизматлари маҳаллий ҳокимлик, қолаверса, Ҳукумат томонидан муносиб баҳоланди. Унинг бисотидаги “Астананинг 10 йиллиги”, “Мустақилликнинг 20 йиллиги” юбилей медаллари, “Жамоат фидойиси”, Афғон уруши фахрийларига кўрсатган ғамхўрлиги учун “Сауап” медаллари, Элбошимиз ўз қўли билан берган “Алғис хат” ва бошқа бир қанча миннатдорчилик мактублари самарали хизматларига берилган муносиб баҳодир.

Айтганча, турмуш ўртоғи Хоной билан ширин турмуш қуриб, Ирисмат, Барно, Дилноза, Дилафрўз каби қобил фарзандларни тарбиялашди. Айни пайтда ўғил-қизларининг ҳаммаси олий маълумотга эга, ҳаётда ўз ўринларини топишган. Ирисмат мактабда ёшларга таълим-тарбия бериш билан бирга боғчалар фаолиятини мувофиқлаштириб келмоқда. Қизлари ҳам педагог, шифокор касбларини улуғлашмоқда. 16 невара бувасининг ҳақиқий овунчоқлари.

 Бир сўз билан айтганда, “Яхшилик қил, дарёга ташла, балиқ билар, балиқ билмаса, Ҳолиқ билар” деган ибратомуз нақл айнан Равшанбекка қарата айтилгандай. У кишининг ҳаётдаги шиори атрофида яшаётган инсонларга фақат яхшилик қилиш, савоб ва эзгу ишларга бош-қош бўлиш. Том маънодаги халқ хизматкори, хокисор бу инсонни муборак 60 ёши билан чин дилдан қутлаб, эл эзгулиги йўлидаги савоб ишларида омад доимо ёр бўлишини тилаб қоламиз.

 

 

Суратда: Р. Ҳайтенов оила аъзолари билан.

И. КАРИМОВ., 2017-06-06, 12:21 686
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.