26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Д. Шукурова: “Боқимандаликдан қачон халос бўламиз?”

Эндигина 40 ёшдан ҳатлаётган 9 фарзанднинг онаси Дилбар Шукурова Шимкентдаги икки хонали ижара уйда истиқомат қилишига қарамай, ўзини бахтиёр аёл деб билади. 

Унинг хонадонида кун тартиби қатъий белгиланган. Она ошхонада овқат тайёрлаётган пайтда мактаб ёшидаги қизлар дарс тайёрлашади. Боғча ёшидаги ва 9 ойлик ўғли уларга халақит бермаслиги керак. Ишини тугатар тугатмас, Дилбарнинг улар билан шуғулланишига тўғри келади. Чунки, ошхона тор, катта оила бир дастурхон атрофига сиғмайди, иккига бўлиниб, овқатланишга кўникиб қолишган. Ётоқхона икки хонали ижара уйдаги энг катта хона, унинг вазифаси ҳам кўп. Болаларнинг ўйинхонаси ҳам, меҳмонхона, қисман дарсхона ҳам шу ер. Она ишининг кўплиги, юмушларининг адоғи кўринмаслигига қарамасдан бурчини шараф билан адо этади. Болалар ораста, хоналар саранжом-саришта. 

Куни билан гавжум оиланинг кундалик тирикчилигини бир кўз олдингизга келтириб кўринг...

Суҳроб ва Дилбар Шукуровлар ижара уйда Зуҳра, Санжар, Маҳаммаджон, Диана, Сабина, Амина, Ратмир, Амир исмли фарзандлари билан бир неча йилдан буён истиқомат қилишяпти. Бу ер оиланинг кўп қувончли кунларига гувоҳ бўлди. Катта фарзандлари мактабни тамомлашди. Айтганча, улар Шимкентдаги 12-сонли мактабда таълим олишган. Зуҳра Шимкентдаги ўқув юртлардан бирида таҳсил оляпти, жорий йилда “педагог-психолог” ихтисослигини олади. Санжар Астанада, армия сафида. Маҳаммаджон – коллеж талабаси, келажакда ошпаз бўлмоқчи. 

– Кўп болали оила саналсак ҳам, ҳеч қачон давлатдан ёрдам сўрамаганман. Тўғри, 14 йилдан буён бошпана учун навбатда турибман. 10 кишилик оилага “Нурсат”дан тор квартира ажратишибди. Йил охирида менга уй ордерини топширишяпти. Олмадим. Балки менинг ўрнимда бошқа одам бўлганида хурсанд бўлиб рози бўлармиди. Элбошимиз айтганидек ҳар бир одам учун белгиланган меъёрга қараб уй беришса, бундан фақат хурсанд бўлардим. Ваҳоланки, бизга беришмоқчи бўлган уй тўрт-беш болали оилаларга мўлжалланган. Энди, билмадим, Энбекши туман ҳокимининг ўринбосари келгуси йили оилангизга “ШимкентСити”дан уй ажратамиз, деб ваъда берди. Унинг қанчалик ҳақиқат эканлигини вақт кўрсатади, – дейди мен билан суҳбатда Дилбар.

– Ҳозир кўп болали оила сифатида давлатдан қанча нафақа оласиз?

– Кенжатойим Амирни парваришлаганлик учун ойига 20 минг тенге ва кўп болали она бўлганлигим боис ой сайин 16 минг тенге оламан. Қизларимдан бири мактаб ошхонасида бепул овқатланади. Тўнғич қизим “Wok-Wok”, “Моцарелла” ресторанларида маъмур. Зуҳранинг даромадини оилага ишлатмаймиз, чунки унинг ўқиши пуллик, йилига 200минг тенгедан зиёд тўлаймиз. Қисқаси, қизимнинг ўзини таъминлаб юргани биз учун катта ёрдам. Умр йўлдошим жуда меҳнаткаш, тиним билмайди, жиҳоз устаси. Ҳозир давлатдан моддий ёрдам сўраётган аёллар ҳақидаги лавҳаларни кўриб, лол қоляпман. Ахир шу кўп болали оналарнинг ёнларида эрлари – оила бошлиқлари борку. Оила шундай чорасиз қолгунга қадар улар қаерда бўлишган, нима қилишган? Ё шундай оилаларга бепул уйлар, яшаш учун шароитлар яратилиши учун ҳокимият масъул деб ўйлашадими? Ҳар бир фарзанд, аввало, ўша оиланики, уни тарбиялаб, вояга етказиш эса ота-онанинг бурчи-ку!

– Рўзғор тебратишда қандай ҳисса қўшяпсиз?

– Катта савдо расталарида фаррошлик қилдим, хонадон эгаларига таом тайёрладим, қурилишларда меҳнат қилдим, бетон қорган кунларим ҳам бўлди. Хуллас, меҳнатдан қочмадим. Суҳроб акам билан 23 йилдан бери биргамиз, қувончни ҳам, ташвишларни ҳам бирга баҳам кўряпмиз. Мактабда ота-оналар қўмитаси бизга ёрдам беришларини айтишганида бундан бош тортдик. Кўп оилалар бизга ўхшаган шароитларда яшашяпти. Улардан йиғиб, менга ёрдам беришларидан ор қиламан. Ўтган йили олти фарзандли оилага синфимиз номидан моддий ёрдам бердик. Кейин билсак, бу “кўп болали оила”нинг давлат ёрдам пулидан ташқари даромад оладиган иккита “КамАЗ”и бўлиб, оила қўшимча кўмакка муҳтож эмас экан. Мени бир савол кўп ўйлантиради. Боқимандалик туйғусидан қачон халос бўламиз? Ахир меҳнат қилсак, ҳамма нарсага эришишимиз мумкин-ку. Яшаётган кунимизга, Яратганга нега шукр қилмаймиз? Яширмайман, бизга ҳам осон эмас. Буни катта рўзғор соҳиблари яхши билишади. Шундай бўлса-да, аҳволи меникидан ночор оилаларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Болаларимдан ортган кийимлар, егуликларни 8 фарзандли бева эркак оиласига бераман. Айнан мана шундай оилалар ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож. 

Мусиқа мактабини тамомлаб, ўз вақтида шу фандан дарс берган Дилбарнинг оиласига хотиржамлик, иқбол, сабр тиладим. 

М. САЪДУЛЛАЕВА. С. ИСАМАТОВ суратга олган, 2019-03-04, 18:48 569
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.