26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Сизга ҳавасим келди...

Албатта, инсон ҳаётини ёритиш учун катта қаламкаш бўлиш шартмас. Аммо ёзгинг келган нарсаларни баъзида тилга чиқара ол­­­­­майдиган онларим ҳам бўлади. Чунки она меҳрига тўймай, бир ма­ро­таба бўлса ҳам тушимга киришларини армон қилиб ўтаётган мен учун оналар ҳақида ёзиш бироз мушкулроқ. 

Аммо мақолам қаҳрамони тимсолида барча меҳнаткаш, фидойи оналар кўз олдимда гавдаланади.

“Оналар бор, болам дейди, уйим дер, 

Оналар бор, нур сочилар юзидан, 

Оналар бор, фарзандини қучганлар, 

Оналар бор, сабр қилиб юрганлар, 

Оналар бор, шукр, дейди борига, 

Оналар бор ўзбегимнинг юзидир, 

Оналар бор бахтимизнинг кўзидир, 

Оналар бор, узоқ ёнар чироқдир”. 

Шоирнинг ушбу таърифларини ўзида мужассам этган, чеҳра­­­­­­­­­­си кулиб турган Маълумой Шамши­метова хо­на­­­­донига кириб борар­канман, мен­­­га очиқ чеҳра билан пеш­воз чиққан онахон бағрига син­гиб кет­­­гандек бўлдим.

– Маълумой ая, бундай исм­ни биринчи мар­та эши­тиб ту­рибман. Ке­линг, ав­вало, ўзингиз ҳа­­­­­­­­­қингизда гапириб беринг.

– Раҳматли ота-онам Аҳмад­хўжа ва Гулжамол 14 фарзанд кўрган эканлар. Минг афсуски, уларнинг 11 нафари болалигида че­чак, қизамиқ хасталикларидан олам­дан ўтишган экан. Мен эса доя­ликдан озми-кўпми хабари бор қўшни аёл қўлида туғилган эканман. Шу аёлнинг ўзи “менинг доялигим ма­на энди маълум бўлди”, деб менга Маъ­лумой деб исм қўйган экан. Бундан анча йиллар муқаддам Тошкентда яшайдиган яна бир укамдан айрилиб қол­­­дим. Ҳозир Эргаш деган иним бор.

– Онажон, хонадонга тўнғич келин бўлиб тушган экансиз...

– Тўғри, фарзандларимнинг отаси билан мактабда бирга ўқидик, турмуш қурдик. 9 болали оилага катта келин бў­либ тушдим. Қайнонамга тортиб, мен ҳам 9 нафар фарзанд кўрдим. Қайн­отам ва қайнонам жуда яхши инсон­лар эди. Далада ишладим. Хамир қориб кетаман. Тушликда келиб нон ёпаман, кечга моллар учун даладан ўт олиб қайтамиз. Болаларимизга ойим раҳматли бош-қош бўлардилар. Тур­мушнинг борига ҳам, торига ҳам сабр қилганлар кам бўлмайди. Алоҳида уй бў­либ чиқдик. Ўғил-қизларимиз вояга етиб, қанотимизга киришди. Кейинчалик уйи­миз яқинидаги “Бакалейторг” кор­хонасига фаррош бўлиб ишга кирдим. Шу ердан фахрий ҳордиққа чиқдим.

– Ая, уч қизингизни узатиб, 6 ўғил­ни уйлантирибсиз, бугунги кунда улар ардоғида экансиз. Бу кунларга етиш осон бўлмагандир?

– Албатта, тўққиз фарзандни вояга етказиш осон иш эмас. Ўзим босиб ўтган умр китобини бирма-бир варақласам, нимагаки эришган бўлсак, ҳаммасига оилавий турмушимиздаги ўзаро то­тув­лик, ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик ва ишонч сабаб. Турмуш ўртоғим жуда меҳрибон, меҳнаткаш инсон эди­лар. Ўғилларим – Ваҳоббой, Баҳодир, Лут­фулла, Абдулла, Хайрулла, Ғай­бул­ла ота изидан боришди. Барчаси турли корхоналарда ҳайдовчилик қи­ли­ша­ди. Қизларим – Замира (ҳамшира)Тош­кент­­­­­­да яшайди. Гулмира ва Мунира ҳам ажойиб оила соҳибалари. Бизнинг ои­лани кўплар “ҳайдовчилар сулоласи”, дейи­шади. Илойим, ортимда қолишсин.

– Келин танлашда адашма­дин­гизми?

– Йўғе, келинларим менинг қизларим. Шоҳсанам, Карима, Муҳайё, Нилу­фар, Гулноза, Манзура шу кунгача бир гапимни икки қилишмаган. Кам бў­­­лмасинлар. Мени ёш боладек пар­­варишлаб, ҳурмат қилишади.  Улар­­га муносиб тарбия берган қуда­ларимга минг раҳмат! Вақтида уч ке­­лин қўлимда турди. Иморат со­либ, бирини чиқардик. Янги келин ола­ётганда иккинчи келиним кат­та овсини билан яшаб турди. Ана шундай қилиб, навбатма-навбат ян­ги уйлар қуриб, ҳаммаси “ватанли” бўл­ди. Фарзандларимнинг оилалари йил­дан-йилга мустаҳкамланиб, 32 не­­вара, 38 нафар эвара ҳаётимнинг маз­­мун-моҳиятига айланди. Бир афсусланар­лиси, бувалари дунёни эрта тарк эт­­­­ди-да. Ҳар тонг Яратганга шукрона келтираман, Аллоҳдан юртнинг тинч­лигини сўрайман. 

– Аяжон, машаққатли меҳнатдан бош тортмай, уйим-жойим деб, ўзин­­­гиз­ни ўтга-чўққа урдингиз, мана бу­­­­­гун роҳат-фароғатда умр­гузарон­­­­­­­­лик қиляпсиз. Менимча, ҳозирги ёш­ла­римиз турмушга жуда енгил қарашаётгандек. Сиз бунга нима дейсиз?

– Фикрингизга қўшиламан. Фар­занд­ларнинг сабр-қаноатли, меҳр-му­ҳаб­батли бўлишига, энг аввало, ота-она сабабчи. Ҳозирги ёшлар  оилада тез­­­­роқ бошқарув тизгинини ўз қўлига ол­гиси келади, мустақил, ҳеч кимнинг назо­ратисиз яшашни исташади. Шунинг учун бўлса керак, турмушлари тез бузилиб, бегуноҳ фарзандлари жабр кўришяпти. Сабр – энг яхши фазилат. Яратгандан сабр-қаноат сўрасак, ҳам­­­маси биз иста­гандек бўлади.

Маълумой ая бугунги ҳур замонга шукроналар айтиб, фарзандларини дуо қилишга одатланган. Бир-бир­ла­рига ғанимат бўлиб бораётган қа­рин­дош-уруғлари, қўни-қўшнилари, ма­ҳал­ладошлари билан бот-бот учра­шиб, тў­кин-сочин, тинч-фаровон, хотир­жам ҳаё­тидан мамнун эканлигини қайта-қай­та такрорлаб, Элбошимиз Нур­султан На­­­­зарбаевга узоқ умр ти­лайди.

Эҳ, соддагина, хокисоргина онажон! Қалбингиз бунчалар беғубор! Ило­ҳим, қалбингиздаги меҳр-оқибат ман­зилингизни нурли, толеингизни сао­дат­­ли қилсин. Умрингиз мазмунли, иб­ратли ўтаётганига гувоҳ бўлдим. Сиз­ни ардоқлаб, ширин каломию хуштаъм таоми билан кўнглингизни тоғдек юксал­тираётган Манзура келинингизга ҳава­сим келди. У ҳам ўғлингиз Ғайбулла би­лан қўша қариб, Самандар, Искандар,  Ҳабибулла, Муҳаббат, Марямнинг бах­ту­саодатини кўришсин. Фарзандлар, не­вара ва эваралар ардоғида омонат ва ғанимат кексалик гаштини суриш бар­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­чамизга насиб этсин!

Тасвирда: Маълумой ая набиралари билан. 

Мухтабар УСМОНОВА, 2019-03-05, 14:27 168
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.