26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қозоғистон халқи Ассамблеяси – бирлик ва тотувлик таянчи!

70 йилдан узоқроқ давом этган коммунистик мафкуранинг кучи Қозоғистонда, қозоқ халқи тарихида чуқур из қолдирди. Бепоён ўлкамизда юзлаб саноат корхоналари ташкил қилинди. Аҳолининг юз фоиз саводхонлигига эришилди. Бепул ва малакали тиббий ёрдам чекка қишлоқларгача етиб борди. Шу билан бирга бу давр оғир йўқотишлар, очарчилик, оммавий қатағон ва бутун бошли этник қатламларни мажбуран кўчириши хотирада қолди. Фақат бағрикенг қозоқ халқининг меҳмондўстлиги туфайли Совет Иттифоқининг турли қисмларидан бадарға қилиниб, бошпанасиз қолган юз минглаб одамлар очлик, муҳтожлик, хасталиклар туфайли қирилиб кетишдан сақлаб қолинди. Шунинг учун ҳам Қозоғистон халқи Ассамблеяси туғилган кун – 1 март Қозоғистонда Шукрона куни сифатида нишонланади. Қозоқ халқи бағрида такрор Ватан топган этнос вакилларининг таклифи билан белгиланган ушбу байрам ҳам Қозоғистонча бирлик ва тотувлик моделининг ўзига хос кўринишларидан бири.

1991 йилда мустақилликка эришган республикаларнинг ҳаммаси ҳам тенг улуш олди, дейиш қийин. Айниқса, деярли барча корхоналари бошқа республикалардан олиб келинадиган хомашёга қарам, чиқарган маҳсулотининг бозорлари ўзида бўлмаган Қозоғистоннинг бундан жуда кўп зарар кўргани сир эмас. Ўзида улкан газ захиралари бўлгани ҳолда пойтахт ва барча жанубий вилоятлар табиий газни Ўзбекистондан, нефтни қайта ишлаш корхоналари хомашёни Россиядан оларди. Ўзимизда металл эритилгани билан, уни қувурлар, бошқа буюмларга айлантирувчи заводлар йўқ эди. Пахтадан газмол олувчи ягона корхонамизда фақат қопламаларга мўлжалланган мато ишлаб чиқариларди. Кийим-кечак, пойафзал фабрикаларининг барчаси бошқа республикаларнинг маҳсулотидан фойдаланарди.

Муаммо оғир иқтисодий аҳволдагина эмасди. Майдони кенг, табиий захиралари мўл юртимизга кўз олайтираётганлар ҳар сафаргидек кўп бўлди. Рус миллатчиси А. Солженицин очиқдан-очиқ Қозоғистоннинг шимолий вилоятларини босиб олишга чақирди. Кун ора бизнинг элимизда сиёсий барқарорлик вақтинчалигини башорат қилган “сиёсатшунослар”нинг “тадқиқотлари” чоп этила бошлаганди. Тожикистон, Молдавия, Грузияда бўлган ички курашлар ҳам хавотирни кучайтирарди.

Эл бирлигига улкан хавф туғилган ана шундай кунларда Элбоши илк бора Қозоғистон халқи Ассамблеяси ғоясини кўтариб чиқди. Сони ва яшаш жойидан қатъиназар барча қозоғистонликларни ўзида жамловчи бу ташкилот даставвал Президент қошидаги маслаҳатчи орган сифатида тузилди. Бугунги кунда сиёсатдан юқори турувчи конституциявий орган сифатида унинг Парламентда ҳам ўз вакиллари бор. 

Қозоғистон халқи Ассамблеясининг илк сессияси 1995 йил 24 мартда ўтиб, унда 260 делегат иштирок этди. Улар қаторида 40 та миллий маданият маркази вакиллари ҳам бор эди. Давр тўнғич Президентнинг узоқни кўра билишини исботлади. Кўп ўтмай Конституциявий суд депутатларнинг ваколатларини бекор қилди. Қозоғистон халқи Ассамблеяси шундай мураккаб вазиятда бошланиши мумкин бўлган бўҳроннинг олдини олди: Президентнинг ваколатларини 2000 йилгача узайтириш орқали сиёсий барқарорликни сақлаб қолишни таклиф этди. Салдан кейин ўтган референдумда қозоғистонликлар 95,4 фоиз овоз билан бу таклифни қувватладилар. ҚХА 1995 йилги Конституция лойиҳасини қувватлади, у ҳам халқнинг мутлақ кўпчилиги томонидан ёқланди.

Жамиятнинг ўқ илдизи каби аҳолининг энг қуйи қатламларигача таъсирини ёйган Қозоғистон халқи Ассамблеяси бугунги кунда ҳам барқарорлик, тинчлик-тотувликка хизмат қилиб келмоқда. 

Асосий Қомусга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, Қозоғистон халқи Ассамблеясидан сайланган депутатлар Парламентдан ўрин олдилар. 2008 йилда эса унинг мақомини яққол кўрсатиб берувчи “Қозоғистон халқи Ассамблеяси тўғрисида” Қонуни қабулланди.

Қозоғистон халқи Ассамблеяси давлат ташкилоти мақомини олгач, унинг фаолият доираси кенгайди. Барча этномаданият бирлашмаларини қамраб олган ташкилот доирасида турли, баъзан жуда мураккаб муаммолар муҳокама қилинади ва ҳал этилади. Зеро, этнослараро тотувлик ўта нозик масала, элнинг тинчлиги эса бебаҳо қадриятдир.

ҚХАнинг фаолияти доирасида Қозоғистонни дунёвий ва халқчил мамлакат сифатида янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади, турли этнослар ва конфессияларнинг байрамлари, қадриятлари ўртоқлашилади, келажак авлодни ватанпарварлик ва элга садоқат руҳида тарбиялаш ишларига катта эътибор қаратилади. Бу эса, мазкур этник гуруҳлар, диний эътиқодлари турлича жамиятни умумий мақсадлар йўлида бирлаштириш учун қўйилган барча сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий қадамлар билан биргаликда Қозоғистон моделини ташкил этади.

Қозоғистон халқи Ассамблеясига илк кунлардан буён Нурсултан Назарбаев раислик қилиб келмоқда. Бу эса, ташкилот нуфузини янада оширди. Шуни ҳам айтиш жоизки, “Тўнғич Президент тўғрисида” Қонунига мувофиқ, бу лавозим ҳамиша Элбошининг зиммасида бўлади.

Президентимизнинг асарларида барқарорликни сақлаш, этнослар ва конфессиялараро мулоқотни мустаҳкамлашда ҚХАнинг ўрни алоҳида кўрсатилган. Унинг мақолалари, мактублари, китоблари, Қозоғистон халқи Ассамблеяси сессияларидаги нутқлари, этномаданият бирлашмалари раҳбарлари, миллий озчилик вакиллари, кичик ассамблеялардаги учрашувлари миллий тотувликнинг қозоғистонча моделини ўрганаётган тадқиқотчилар учун улкан манба бўлиб хизмат қилиши аниқ. Бугуннинг ўзида ушбу мавзуга хорижий мамлакатларда қизиқиш катталигини кўриб турибмиз. Таъкидланган ҳужжатлар Элбошининг мазкур соҳада мунтазам ва изчил ишлаётганидан далолат беради. Бунга мисол сифатида эса унинг қуйидаги сўзларини келтириш мумкин: “Фақат тоталитар мамлакатлардагина миллий муаммолар бирваракайига ҳал этилади. Шундай “ҳал этилади”ки, кейинчалик улар нафақат мамлакатлар, ҳатто бутун бошли қитъаларни ҳам парча-парча қилиб ташлайди”. 

Шуни ҳам айтиш керакки, Н. Назарбаев тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашни барча даражалардаги раҳбарлардан – корхона бошлиқларидан тортиб, ҳокимлар ва вазирларгача, талаб қилиб келмоқда. 

Мангу эл ғоясини оммалаштириш ва ҳаётга татбиқ этишда ҳам Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ҳиссаси беқиёс. 2014 йил 15 декабрда Қозоғистон Республикаси Президенти, Қозоғистон халқи Ассамблеяси раиси Нурсултан Назарбаев бошчилигида ўтган ҚХАнинг XXIV сессиясида қабулланган “Мангу эл” ватанпарварлик актига кўра унинг етти қадрияти қуйидаги тартибда берилган:

l Мангу эл, бу – Мустақиллик ва Астана.

l Мангу эл, бу – Умуммиллий бирлик, тинчлик ва тотувлик.

l Мангу эл, бу – Дунёвий давлат ва юксак маънавият.

l Мангу эл, бу – инновациялар асосида мунтазам иқтисодий ўсиш.

l Мангу эл, бу – Оммавий Меҳнат Жамияти.

l Мангу эл, бу – Тарих, Маданият ва Тилнинг умумийлиги.

l Мангу эл, бу – Миллий хавфсизлик ҳамда Қозоғистоннинг дунёвий ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда ҳар томонлама иштироки.

Уларнинг ҳар бирини рўёбга чиқаришда, ҚХАнинг ҳам ҳиссаси катта. Мунтазам ва изчил давом этаётган сиёсат туфайли дили ҳам, мақсадлари ҳам муштарак Қозоғистон халқининг шаклланишига шубҳа йўқ. Шу кунларда амалга оширилаётган маънавий янгиланиш, учинчи замонавийлашув дастурларини ҳам Қозоғистон халқи Ассамблеясининг иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Чунки, йигирма биринчи асрда мамлакатнинг асосий бойлиги – унинг халқидаги билим, шаклланган қадриятлар, муштарак мақсадлар сари интилиш, ўзаро тотувлик ва бағрикенгликдан иборат. 

Маҳаммадрасул Исоқов, Бахтиёр Қодирбеков, Рўзақул Холмуродов, Собиржон Юсуфалиев, Ғофур Қосимов, Раҳматжон Абдусатторов ва бошқа кўплаб ўзбек этномаданият бирлашмалари етакчилари ҳам мазкур ташкилотнинг оёққа туриши, самарали ишлашида улкан хизматлар қилдилар. Парламентдаги Қозоғистон халқи Ассамблеяси депутатлари гуруҳи аъзоси Фахриддин Қоратоев, “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов бепоён Қозоғистоннинг шаҳар ва вилоятларидаги ўзбек этномаданият бирлашмалари етакчилари Шерзод Пўлатов, Абдулла Исматуллаев, Бадриддин Нишонқулов ва бошқалар элимизнинг тараққиётига, халқнинг бирлиги, тотувлигига улкан ҳисса қўшиб келмоқдалар.

 

 

А. САРМОНОВ, 2017-06-06, 12:36
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.