26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Лола, Лолажоним, Лолақизғалдоқ!

Лола, Лолажоним, қизил юзлигим, баҳоримнинг эрка қизи, ёзу куз, қиш бўйи сенга муштоқ бўлдим-ку! Қон бағримнинг сирдоши – асл гулим, келақол, бағримга босай, ҳидларингга бир тўйиб олай. 

Сариқ тожлигим, яшил чопонлигим, мунчоқ қора кўзлигим, нозик қоматинг суюк бунчалар, сенга етишолмай интизор қанча-қанчалар. Сен Она Табиатнинг эрка малаги, адирлар узра ёйилган алвон гиламу беғубор осмонга нақш берган кўклам камалаги. Ифорингни борлиққа сочиб, ошиқлар қалбига ишқ ўтин солиб, нуроний момолар дуосин олиб, кел, сени соғиндим. 

Дала-қирлару тоғ ёнбағирларини макон айлаган гўзал гулим, Лола, Лолажоним! Сен муқаддас гулсан, аждодлар қалбидан жой олган, Сен рўёсан, шўх қизалоқлар кулгичида ўйнаган, Сен тимсолсан, одамзодга ҳаёт нашидасин туйдирган. Кел, йўлларингга чиқай пешвоз, ҳатто қушлар чуғурлашиб, айтишар дил роз, кўргач сени, таскин топар балки, кўнглим бир оз.

Баҳоримнинг кўркам гули, сен даракчи гўё кузда ўтган отамдан, кўкламимда жудо бўлган онамдан, айрилиқнинг азобини қувгин энди, менинг жону танамдан! Қабрларин қопла Лолам, Лолажоним менинг, бағри қоним, меҳрибоним, бағирларим юмшат маним.

Лола, Лолажоним, аттиги икки ҳафта ўлкамда меҳмонсан, кўролмаганлар учун мангу армонсан, етишганлар учун дардга дармонсан, барчани мафтун қилиб, термултирган қоши камонсан. Муштоқ қилмай келақол, Баҳор даракчиси, алвон гулим, элчи гулим! 

Кел, энди, йўлингга пояндоз тўшай, нозик қўлларингдан оҳиста ўпай, анор юзлигим, хуш ислигим, бағримда бир эркалай! Қанийди Она замин сени йил ўн икки ой ер юзида қўйсаю, мен девона ошиғинг, ишқингда бир умр ёнсам, сўзларим рост, жувонмарг бўлай мен ундан тонсам.

Яшил Баҳоримнинг асл рамзисан, ой юзлигим, сени онам дейми, ё синглим, қизим дейми ё опам, одамлардан меҳрин дариғ тутмаган гул-чечагим, Лола, Лолажоним! Атрофингда яхшилар кўпроқ бўлсину, тоза қалбинга ғубор қўнмасин! Ёмондан йироқ, ғофилдан узоқ, ғаламислардан олисроқ юр, нозиккинам, кулфатлардан, бўронлардан, дўлу ёмғирлардан Аллоҳимнинг ўзи асрасин! Токи сенинг хуш бўйларинг, гўзаллигингу латофатинг башариятни тинчликка, яхшиликка, эзгуликка чорласин.

Саодат МЎМИНБОЙ қизи. Собиржон ШУКУРАЛИ ўғли сурати, 2019-03-12, 11:32 1332
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.