26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Онамнинг атиргуллари

Мана, ҳаммамиз орзиқиб кутган Наврўз байрами ҳам ташриф буюрди. Қушларнинг сайраши, дарахтларнинг куртак ёзиши, куннинг узайиб, туннинг қисқариши шундан дарак бермоқда. Яна қалбларда ширин туйғулар, ширин орзиқишлар. Янгиланиш фаслида табиат гўзаллашиб, атроф яшил либосга бурканмоқда. Менинг вужудимда эса дилгирлик, соғинч азоби юрагимни қиймалайди. Атрофга аланглаб, кимнидир излайман. Кекса онасини етаклаб олган аёлларни, кишиларни кўрсам, ҳавас билан уларга термуламан. Бир сония бўлсада ўша инсонларнинг ўрнида бўлишни, онамни улардай етаклаб юришни, қошида ўтириб ширин-ширин суҳбат қуришни истайман. Аммо...

Онам раҳматли гулларни жуда севарди. Кузда ҳар бир гулнинг уруғини алоҳида қоғоз қутиларга солиб, устига номини ёздириб қўярдилар. Эрта баҳордан кафтдек ҳовлимизни юмшатиб, ариқ тортиб, энг аввал садарайҳон, сўнгра ош райҳон, ўрис гул, картошка гул ва ҳоказоларни экиб бўлгач, навбат кўк пиёз, редиска, укроп, помидор, бодринг, бақлажон ва қовоққа келарди. 

Онажоним атиргулни яхши кўрар, гулларнинг маликаси, дерди. Ҳар йили кузда қаламчаларини кўмиб, эрта кўкламда уларни парвариш қилишни бошларди. Бир куни эрталаб қарасам, онам ана шу оқ атиргуллар билан суҳбатлашиб ўтирибди. Волидамнинг юзини соғинч ёшлари ювар, қалбини эса дард кемираётгани сезилиб турарди. Дадамни эслаган бўлсалар керак. 

Онамнинг эзилиб ўтирганини кўриб, секин ёнига бориб чўккаладим. Онам атиргуллар қошида Қуръон тиловат қилди ва:

– Атиргул ҳақида ривоятни эшитганмисан? – деб сўради.

Мен бош чайқадим.

– Кел, ўтир, диққат билан тингла, – деди ойижоним. – Қадим-қадим замонда етти иқлимга номи кетган подшоҳ бўлган экан. Унинг оқила, доно аёли бўлиб, подшоҳнинг энг яқин ёрдамчиси ҳамда маслаҳатгўйи экан. Лекин улар фарзандга зор бўлибди. Бундан эр-хотин қаттиқ қайғуришар, лекин дардларини билдирмай, сабр билан бир-бирларини жуда эҳтиёт қилиб яшашар экан.

Орадан йиллар ўтиб, малика ҳомиладор бўлибди. Тўққиз ойу тўққиз кун деганда қиз болани дунёга келтирибди. Подошоҳ ғоят хурсанд бўлиб, қирқ кечаю қирқ кундуз тўй берибди. Қарздорларнинг қарзидан кечиб, ҳалойиққа озиқ-овқат, ширинликлар улашибди. Чақалоққа Атиргул деб исм қўйишибди. Шаҳар аҳли қизалоқнинг умрини тилаб, подшоҳга оқил ва жасур ўғил тилашибди. Подшоҳ ва маликанинг қувончи чексиз экан. Орадан тўрт йил ўтиб, подшоҳ саройида ўғил фарзанд дунёга келибди. Унга Жасур деб исм қўйишибди. Шунда сарой фолбинларидан бири подшоҳга: “Сенинг пешанангга битта фарзанд ёзилган, эртами кечми ё ўғлингни, ё қизингни, ё хотинингни ажал олади”, дебди. 

Унинг башорати подшоҳнинг қаҳрини келтирибди, фолбинни ўлим жазосига ҳукм қилибди. 

Кунлар, ойлар, йиллар ўтибди, сарой аҳли ва подшоҳ бу воқеани унутиб ҳам юборишибди. Лекин маликанинг чиройи ҳеч очилмасмиш. Қизининг хуш қомати, гўзал чеҳраси, ақл-заковатини кўриб, хурсанд бўлар экану, фолбиннинг башорати ёдига тушса, бутун танаси жимирлаб кетар экан. Аммо бу ҳақда подшоҳга айтишга тили бормас экан. 

Атиргул ҳуснда, ақл-заковатда тенги йўқ қиз бўлиб вояга етибди. Уни келин қилиш мақсадида дунёнинг етти иқлимидан шаҳзодалар совчи қўйибди. У ўн етти ёшга тўлганда отаси эл-юртга ош бериб, қизининг таваллуд кунини нишонлабди. Базми-жамшид роса авжига чиқибди. Фақат маликанинг юраги нотинч экан, чунки унга ҳар йили бир ёшга улғаяётган қизининг ўлими яқинлашаётгандай бўлаверар экан. 

Атиргул онаизорининг кундан-кунга сўлиб бораётгани, хушбичим қомати кичрайиб, сурма тортилган кўзлари нурсизланаётганидан ташвишга тушибди:

– Юрагингизга азоб бераётган ғам-ташвишни мен билан бўлишинг, онажон! – дебди қизи бир куни.

– Қизим, буни ҳеч кимга айтолмайман, лекин бу ҳасрат билан яшаш ўлим азобидан ҳам кучли, – дебди онаизор.

Малика эса кечаю-кундуз Яратган эгамга илтижолар қилиб, қизининг умрини сўрабди. 

“Илойим, фолбиннинг башорати ёлғон бўлсину, қизимнинг умрини зиёда қилсин”, деб нола қиларкан. Шу куни у туш кўрибди. Тушида фаришталар Атиргулга умр тилашар, қора ниятли кишилар эса уни ўғирламоқчи бўлишаркан. Шунда малика уларга: “Қасдинг бўлса, менинг жонимни ол, фарзандимни ўз ҳолига қўй, уларга тегма”, дебди.

Эртаси куни барвақт турадиган маликадан тушга яқин ҳам дарак бўлмабди. Гулзорида гулларига сув қуяётган Атиргул онасидан ташвишланиб, хонасига кирибди. Онаси бағрида бир даста атиргулни қучоқлаб, жон таслим қилган экан. Қизи онасининг тушкун кайфиятини эслаб, уни қучоқлаб, фарёд кўтарибди. 

Қизининг ноласидан сарой деворлари ларзага келибди. Шу пайт подшоҳ вазир ва аёнлари билан хонага кириб келибдию воқеани англабди. Ҳеч нарсани тушунмаган Атиргул отасига тикилибди. Подшоҳ қизини бағрига босиб, пешанасидан ўпиб, бўлган воқеани сўзлаб берибди.

Онасининг бевақт ўлимига ўзини сабабчи билган Атиргул гулзорида очилиб турган жами атиргулларни онасининг қабрига элтибди. Подшоҳ эса шаҳар аҳлига атиргул кўчатларини бепул тарқатибди. Шу шу бу мамлакатда атиргул садоқат рамзи сифатида қадрланадиган бўлибди.

Атиргул узоқ умр кечирибди, ўзи каби гулларни, дарахтларни яхши кўрадиган боғбон йигитга турмушга чиқибди. Улар бахтли ҳаёт кечириб, мурод-мақсадларига етибдилар. Шундан буён атиргул севги ва муҳаббат тимсоли сифатида қизларга совға қилинаркан. 

Бу ривоятни эшитганимга ҳам анча йиллар бўлди. Лекин ҳар гал йигит-қизлар, нуроний онахонлар, келинчаклар қўлида атиргул кўрганда онамнинг маъюс чеҳраси кўз олдимда гавдаланаверади.

Саодат МЎМИНБОЙ қизи., 2019-03-20, 20:50 960
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.