26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Давлат раҳбари Нурсултан Назарбаевнинг Қозоғистон халқига МУРОЖААТИ

Ҳурматли қозоғистонликлар, ватандошлар!

Азиз биродарлар!

Қадрли сафдошларим, “Нұр Отан” партияси аъзолари!

Давлатимизнинг ўта муҳим тарихий лаҳзаларида халқимга мурожаат қилишимни биласизлар.

Бугун ҳам барчангизга мурожаат қилмоқчиман.

Бироқ бугунги баёнотимнинг моҳияти жуда чуқур.

Мен Қозоғистон Республикаси Президенти сифатидаги ваколатимни тўхтатишга қарор қилдим. Бу – озмунча қарор эмас.

Бу йил элимизнинг энг юқори лавозимида фаолият юритиб келаётганимга 30 йил тўлади.

Халқим менга мустақил Қозоғистоннинг Тўнғич Президенти бўлиш имкониятини берди.

Кенгаш империяси қулаган пайтда бизнинг сиёсатимиз ва иқтисодиётимиз оқсаб қолди. Мамлакат ичида иккиланиш ва тушунарсиз вазият ўрин олди. 

Ички ялпи маҳсулот икки баравар қисқариб кетди, озиқ-овқат ва халқ истеъмол молларининг камёблиги яққол сезилди. Бир вақтнинг ўзида йирик заводларнинг ҳаммаси тўхтаб қолди. Дунё тўнтарилгандай бўлди гўё.

Бу ўзига хос синов эди. Биз ундан суринмай ўтиб, ривожланишнинг қозоғистонча йўлини қуришга енг шимариб киришиб кетдик. 

Бизнинг уч таянчли вазифамиз – бозор иқтисодиётини қуриш, тоталитар мафкуравий тизимни бузиш ва жамиятнинг барча институтларини янгилашдан иборат бўлди. Биз уларни замонавий демократик давлат – Қозоғистон Республикасини қуриш учун қилдик.

Биз ночор иқтисодиёт ва шароити йўқ фуқаролар билан демократик институтларни шакллантириш мумкин эмаслигини тушуниб, иқтисодиётни ривожлантириш ва фуқароларнинг фаровонлигини яхшилаш ишига алоҳида эътибор қаратдик. Шунинг натижасида иқтисодиётимизни 15 баравар, аҳолининг даромадини 9 баравар (доллар билан ҳисоблаганда) орттириб, қашшоқлик даражасини деярли 10 бараварга пасайтира олдик. 

Биз 2007-2012 йиллардаги кенг миқёсли жаҳон молиявий танглигини ҳам қўшиб олганда, дуч келган қийинчиликларнинг ҳаммасини ҳеч кимнинг кўмагисиз, муваффақиятли бартараф эта олдик.

Қозоғистон аграр иқтисодиётдан саноат-сервис иқтисодиётига ўтди. Мамлакатни индустрлаштириш ва урбанизациялаш жараёни бормоқда. Хомашё шўъбасига жаҳоннинг йирик сармоядорлари келди.

Шу туфайли нефть-газ шўъбасидаги муҳим лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлдик.

Хомашё ресурслари ҳисобидан қозоғистонликларнинг келажак авлоди учун жамғарма тузилди. Қозоғистон дунёвий иқтисодиётнинг таркибий қисмига айланди. Сармоя тортиб, жаҳондаги деярли барча мамлакатлар билан савдо-сотиқ юритиб келмоқдамиз.

Мамлакатимизнинг янги инфратузилмавий устуни тикланди. Элимизнинг барча минтақаларини автомобиль йўллари ва темир йўл бирлаштириб туради. Авиация йўналишлари эса ер юзининг чекка-чеккаларига ҳам бориш имкониятини беради. 

Қозоғистон фақат ҳудуди жиҳатидангина йирик давлатга айлангани йўқ. Бугунги кунда фуқароларимизнинг сони 18 миллиондан ошди. 20 миллионга етадиган кунлар ҳам олис эмас. 

Биз жаҳондаги энг ривожланган 50 мамлакат қаторига қўшилдик. 2050 йилгача бўлган даврга мўлжалланган тараққиёт дастури ҳозирланди. Мақсадимиз – энг ривожланган 30 мамлакат сафидан жой олиш.

Биз нураган СССР ўрнида замонавий бозор иқтисодиётига эга, муваффақиятли Қозоғистон давлатини барпо этиб, кўп миллатли ва кўп конфессияли элимизда тинчлик ва барқарорликни қарор топтирдик. Кўп асрли тарихимизда илк бор Қозоғистон Республикасининг халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан тан олинишини таъминладик. Давлат сифатида чизилмаган Қозоғистонни жаҳон харитасига киритдик. Бизнинг ўз Байроғимиз, Мадҳиямиз, Гербимиз бор.

Биз 90-йиллардаги энг долғали даврда “Болашақ” дастури бўйича мутахассислар таёрлаш ишини йўлга қўйдик. Ёшларнинг муносиб билим олиб, дунёвий тажрибани тадқиқ қилишига имконият яратдик, яъни уларнинг элимизга ўз фойдасини теккизишига йўл очиб бердик.

Дунёни бўҳрон қоплаганига қарамасдан биз Астанада жаҳон миқёсидаги университет очиб, заковат мактабларини ташкил этдик. Мустақилликка эга бўлган йилларда дунёга келган ёшларимиз давлат ғамхўрлигини баҳолай билади, деб ишонаман. Улар – мустақил Қозоғистоннинг илк лочинларидир. 

Ёшларнинг мамлакатимизни ҳимоя қилиб, уни кучайтира боришига, ўзларининг бор билим ва куч-ғайратларини Ватанимиз равнақига сарфлашларига ишончим комил. 

Мамлакатимиз тарихида биринчи марта ўз пойтахтимизни барпо этдик. Астана – барча ютуқларимиз ва зафарларимизнинг ёрқин кўриниши.

Буларнинг барини сизлар билан биргаликда бажардик, ҳурматли қозоғистонликлар! 

Ана шу йилларда ўтган барча сайловларда сизлар менга ишонч билдириб, ташаббусларимни қўллаб-қувватладингиз. Менга буюк халқимга, туғилган юртимга хизмат қилиш бахти насиб этди. Барчангизга – халқимга чуқур миннатдорчилик билдириб, таъзим қиламан. 

Ана шу қўллов туфайли сизларнинг ишончингизни оқлаш учун бор куч-ғайратимни, соғлигимни, вақтимни аямай ҳалол хизмат қилдим. Ўзингизга маълум, қонунларимизга мувофиқ мен Тўнғич Президент – Элбоши (Миллат етакчиси) мартабасига эга бўлдим. Улкан ваколатга эга Хавфсизлик Кенгашининг Раиси сифатида фаолиятимни давом эттиравераман. “Нұр Отан” партиясининг Раиси, Конституциявий кенгаш аъзосиман. 

Яъни сизлар билан биргаман. Элимизнинг, халқимизнинг ташвиши – менинг ташвишим бўлиб қолаверади. 

Мустақил Қозоғистон давлатиининг пойдеворини қаловчи сифатидаги олдиндаги вазифам – раҳбарлар янги бўғинининг бошқарувга келишини таъминлаш. Улар мамлакатимизни янгилаш жараёнларини давом эттирадилар. 

Қозоғистондаги бошқарув изчиллиги конституциявий жиҳатдан созланган. Президентнинг ваколати муддатидан аввал тўхтатилган тақдирда унинг ваколати қолган муддати тугагунга қадар Сенат раисига берилади. Шундан кейин янги Президент сайлови бўлади. 

Ҳозир Парламент Сенатининг Раиси Қасим-Жўмарт Кемелули Тўқаевдир. Уни сизлар яхши биласизлар. У Москва давлат халқаро муносабатлар институтини битирган, фан доктори. Инглиз ва хитой тилларини эркин ўзлаштирган. Раҳбар лавозимларда хизмат қилиб, бой тажриба тўплаган. Мамлакатимиз ташқи сиёсатининг шаклланиш йилларида Ташқи ишлар вазири, Бош вазирнинг ўринбосари ва Бош вазир, Сенат Раиси бўлди. Мамлакатимизни, унинг иқтисодиёти ва сиёсатини мукаммал билади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари бўлиб фаолият юритган. Бу – унинг дипломат сифатида қилган меҳнати ва Қозоғистонга бўлган кучли ишончнинг натижасидир. 

У Қозоғистон мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб мен билан бирга ишлашиб келади. Мен уни яхши биламан. У – ҳалол ва масъулияти юқори инсон. Мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини чуқур билади. У барча дастурларни тайёрлаш ва қабуллашда қатнашган. 

Қасим-Жўмарт Кемелули Қозоғистонни бошқаришга энг муносиб номзод деб ишонаман. 

Ҳурматли ватандошлар!

Биз жаҳоннинг бир жойда турмай, муттасил ўзгараётганини кўряпмиз.

Янги имкониятлар билан бирга дунёвий янги технологиявий ва демографиявий таҳдидлар туғилиб, оламдаги тартиб бузилиб бормоқда.

Ҳар бир авлоднинг бажарадиган ўз вазифалари бор. Мен ва замондошларим мамлакатимиз учун қўлдан келган барча ишларни қилдик. 

Бунинг натижалари ўзингизга маълум. Жаҳон ўзгариб, янги бўғин келади. Бу – табиий жараён. Кейинги авлод ўз замонасининг муаммоларини ҳал қилади. Шундай экан, улар элимизни янада тараққий эттириш учун бор куч-ғайратларини сафарбар этмоғи керак. 

Дунё билан бирга биз ҳам ўзгаришимиз лозим. Ёш қозоғистонликларга айтадиганим: мустақил Қозоғистонимизни, умумий Ватанимизни, Мангу элимизни сақлай олинглар. Бу – бизнинг халқимиз, бизнинг буюк аждодларимизнинг ери. Ватанимиз ҳам, еримиз ҳам бир.

Халқимизнинг дўстлиги ва бирлигини, бир-биримизга бўлган ишончни сақлаб, элимиздаги ҳар бир фуқаронинг асл маданияти ва анъаналарини ҳурматлай билинг.

Шундагина биз бақувват бўлиб, таҳдидларнинг барчасини бартараф этамиз.

Шундагина биз юксала оламиз. 

Ҳурматли қозоғистонликлар!

Менинг ватандошларим!

Мен бугунги сўзимни сизларнинг ҳар бирингизга бағишладим.

Мамлакатимиз олдида улуғвор вазифалар турибди. Муваффақият қозонишимизга ишонаман. 

Мен Қозоғистоннинг келажагини қандай тасаввур қиламан?

Бўлажак қозоғистонликлар билимли, уч тилда сўзлай оладиган, эркин одамлар жамиятини қарор топтиришига имоним комил. 

Улар – жаҳон фуқаролари. Улар дунё оралайдилар. Улар янги билим олишга иштиёқли. Улар – меҳнатсевар. Улар – ўз элининг ватанпарварлари. 

Қозоғистон 2050 йилда оммавий меҳнат жамиятига айланади, деб ишонаман.

У – ҳамма нарса инсон фаровонлиги учун қилинадиган, иқтисодиёти бақувват давлат. Унинг таълим соҳаси ҳам, соғликни сақлаш соҳаси ҳам илғор бўлади. Унда тинчлик ва осойишталик ҳукм суради. Фуқаролари эркин ва тенг ҳуқуқли, ҳукумати адолатли бўлади. Бундай мамлакатда қонун устуворлик қилади. 

Мен тўғри йўлдан бораётганимизга ишонаман. Бизни бу йўлдан ҳеч нарса оғдира олмайди.

Агар биз кучли бўлсак, ҳамма биз билан ҳисоблашади.

Аллақандай кучларга ёки бошқа бировга ишониб қолсак, эришган ютуқларимизнинг ҳаммасидан ажраб қоламиз.

2019-03-20, 21:02 671
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.