26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
“Қайдан миллий бўлсин... ғайри наволар” ёки миллий мусиқамиз қай даражада?

Узоқ-узоқлардан куйнинг майин навоси эшитилмоқда. Чексиз сарҳадлар салтанати абадий шоҳи – шамоллар ҳам тизгинсиз сабонинг нозик сасини қалбингизга жо айлаб, шуурингизга ажиб бир фарахбахш туйғулар инъом этади. Мумдай эриган кўнглингиз дунёнинг бор гўзаллигию мўъжизакорлигини туяди. Ҳа, қўшиқнинг сеҳри ҳам ана шуларда яширин. Ҳофизнинг ажиб хониши дилларни сел қилади...

Во ажаб, кўнгилга зор сиғмай қолди,

Гўёким, тоғларга қор сиғмай қолди.

Шоирлар шаънига ор сиғмай қолди, 

Ғазалга иболи ёр сиғмай қолди, 

Ҳофизлар кўксига тор сиғмай қолди...

Дарҳақиқат, жануб диёри ҳофизларга бой. Санъатнинг соясида “судралиб юрган” “ҳавасманд”лар унданда бисёр. Лекин шуни фахр билан айта оламизки, миллий мусиқамиз жонкуярлари, санъатнинг чин ошиқлари ҳам бизда мужассам.

Ҳофиз куйлаганидек, менимча, баъзилари “юлдуз касаллиги”дан сармаст, баъзилари эса миллий мусиқанинг оҳанрабосию тафтидан бенасиб... Бугунги кунда миллий мусиқанинг асл моҳиятини қалбан ҳис қилиб, маромига етказиб куйлайдиган, тингловчининг қалб торларини черта оладиган ҳақиқий шинавандаларимиз саноқли. 

Болалик давримдаги ўзим гувоҳ бўлган ҳолатлар ҳамон ёдимда. Катта авлод вакиллари авваллари телевизор ё радиода классик қўшиқларни эшитиб қолишса, бир зумга жим қолардилар. Танбурнинг садолари ҳофизнинг юрак қаъридан отилиб чиқаётган нолаларига ҳамоҳангдек, тингловчини сеҳрлай оларди. Қўшиқ тугасада, унинг оҳангларидан қалб бирозгача сармаст, дил яйраб қоларди. 

Ота-боболаримиз мақом санъатининг дарғаси Юнус Ражабийни алоҳида ҳурмат билан ёдга олишади. Ва шу авлод давомчилари ҳам бугунги кунда ушбу соҳага баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқдалар. Шунингдек, Ориф Алимахсумов...ва шу каби мақом усталарининг тароналари ҳануз тилларда достон.

Мақом санъати ихлосмандларига Берта Давидова, Саодат Қобулова, Ҳалима Носирова, Коммуна Исмоилова, Фотима Борухова, Зайнаб Полвонова, Муножот Йўлчиева, Марям Сатторова, Насиба Сатторова, Нодира Пирматова, Юлдуз Турдиева ва бошқа ижрочиларнинг номлари яхши таниш. Уларнинг санъати мақом ижрочилиги ҳақидаги тасаввурни ўзгартиради. Аёллар ўзининг нафис табиати туфайли, лирик ва руҳий шеърият мазмунини жуда чуқур ва теран очиб бера оладилар.

Мазкур мавзу билан яқиндан танишиш мақсадида интернет саҳифаларини кузатиб бориб, машҳур хонанда Муҳаббат Шамаеванинг ўз уйида мусоҳаба бераётган (менимча, анча йиллар аввал туширилган) видеолавҳасига кўзим тушди. Афсонавий хонанданинг уйи деворига осиб қўйилган сўзанада ўзбек миллий мусиқа асбоблари – тор ва рубобнинг осилиб туриши эътиборимни тортди. Яҳудий миллатига мансуб хонанда ўзбекнинг чолғу асбобларини нақадар қадрлаши, хорижда ҳам ардоқлаши қалбларга сурур бағишлайди. Ҳа, санъат миллат танламайди, дейди файласуфларимиз. Лекин бугунги кунда қайси бир ўзбекнинг уйида тор ё рубобни учрата оласиз, асл дурдоналаримиз– тинглаганда мумтоз наволари дилни сел қилгувчи миллий чолғулар – танбур, дутор, ғижжаклар сақланади? Бу каби азалий удумларимиз ўтмишга айланиб бормоқда. 

Ўзбек миллий мусиқа дунёсида “Гиря”, “Ушшоқ”, “Кўча боғи”, “Қаландарий”, “Баёт”, “Дугоҳи Ҳусайний”, “Чоргоҳ” каби ашула ва куйлар тингловчининг қалбидан алоҳида ўрин олган. Айниқса, мақомчилик санъати шайдолари мазкур йўналишни завқ билан тилга олишади. Айтишларича, мақом зарблари инсоннинг юрак уришига ҳамоҳанг эмиш. 

Қозоғистонда туғилиб, Тошкент шаҳрида ижод қилган Неъматжон Қулабдуллаевни шимкентликлар яхши эслашади. Бугунги кунда унинг йўлини олиб бораётган Ғайбулла, Хайрулла ва Ҳамидулла Қулабдуллаевлар ҳам мусиқанинг ашаддий фидойиларидан

Шунингдек, Қорабулоқ қишлоғидан марҳум Эргаш Ирисқулов, Абдурайим Қурбонтоев, сайрамлик Тўлқин Ҳасановлар бунинг ёрқин мисолидир. 

Шу ерда бир савол туғилади: Замонавий мусиқа услуби ёки миллий мусиқамиз қай даражада? 

Қуйидаги мақолада мазкур мавзуни ёритишга ҳаракат қилиб, вилоятимизда фаолият юритаётган санъаткорлар билан қисқача суҳбатлашдик. 

Кентовлик Султонбой Мирсоат ўғли Исмоилов, мусиқа ўқитувчиси, бугунги кунда фахрий ҳордиқда:

– Ўзим тор, танбур, дутор, ғижжак, най каби миллий мусиқа асбобларимизни мукаммал чалиб, қўшиқ айтиб, халқимга баҳоли қудрат хизмат қилдим. Ҳар бир халқнинг ўз тили, урф-одатлари, расм – русмлари мавжуд. Шунингдек, мусиқа йўналишида ҳам ҳар бир санъаткор ё хонанда бўлсин, кўпроқ миллийлигига эътибор қаратиши лозим, деб ўйлайман. Ёш санъаткорларимиз замонавий куй-қўшиқ яратамиз, деб ғарбга тақлид қиладилар. Лекин миллий мусиқамизнинг сеҳри бутун жаҳонга ҳамон тилсим. Унинг жозибадорлиги, оҳанробосини ҳар ким ҳам ҳис қилавермайди.

Аввало, инсон қалбида ўз тилига, маданиятига садоқат бўлиши керак. Ўзлигимиз, миллийлигимизга ёт нарсалардан йироқ бўлиб, боболаримиздан қолган қадриятларимизни унутмаган ҳолда тафаккур қилиб яшасак, келажак авлодга ҳам меросимизни асл ҳолида қолдирсак, нур устига аъло нур бўларди.

Толиббой Ниёзҳожиев, вилоятимиздаги санъат оламининг усталаридан бири, таниқли хонанда:

– Ўзбек халқи бой мусиқий меросга эга. Биргина мақом санъати ва бу йўлда яратилган куй-тароналарнинг ўзи биз учун тенгсиз қадриятдир. Ана шу қадриятларни ижодининг бош мезони сифатида қабул қилиб, санъатнинг йўлида толмай тер тўкишса, ихлосмандларининг олқишига сазовор бўлишади. 

Ҳар нарсанинг ўз даври бор дейишади. Авваллари бизнинг миллий қўшиқчилик санъатида катта қўшиқ, жўр овоз, лапар йўналишлари мавжуд эди. Совет даврида эстрада жанри кириб келиб, мусиқа оламида устозимиз Фахриддин Умаров бурилиш ясади. Бу инсон ўзбек санъатида лирика мактабига асос солди. 

Бизнинг устозларимизнинг бир гапи бор. “Миллий мусиқадан ўзбекнинг ҳиди келиб туриши керак” деган. Миллийлик уйғунлашган санъат эса ҳар бир даврда ўз мухлисига эга бўлади.

Аслида қўшиқнинг ўз қонун-қоидаси бор. Аввало, қўшиққа кириб келиш, ярим авж, катта авж, сўнг қайтиш, ҳозир деярли ундай эмас, баъзи бир ёш санъткорларимиз бир пардани ушлаб олишадида, шу билан қўшиқни якунлашади. 

Вилоятимиздаги мақом йўналишида фаолият юритадиган Тўлқин ака Ҳасанов, Қорабулоқ қишлоғидаги “Мерос” гуруҳини жуда ҳурмат қиламан, шунингдек, бу йўналишни ўрганаётган ёшларимиз ҳам бор.

Муроджон Алиқулов, вилоят санъат соҳасининг кўзга кўринган етук мутахассисларидан, малакали продюссер:

– Вилоятда фаолият юритаётган санъаткорларимизнинг миллий ва замонавий мусиқа йўналишларини ўртача деб ҳисоблайман. Бунга сабаб, санъаткорлар эмас, балки миллий ва эстрада бўйича мусиқий билим оладиган таълим даргоҳларининг йўқлиги. Барчаси ўз имкони доирасида, баҳоли қудрат ҳаракат қиляпти. Ўқиган ёки устоз кўрган санъаткор бошқача бўлади. Аслида мақом ва миллий қўшиқларимиз санъатимизнинг асосий пойдевори эканлигини барчамиз ҳам чуқур англаб етишимиз, санъат оламига қадам қўяётган ёшлар қалбига сингдириб боришимиз керак. Чунки ҳар қандай соҳада унинг асл мақсади, теран мазмунини англасаккина, уни ёрқин очиб бера оламиз. 

Ўрни келганда, шуни айтиб кетай, санъатга ошуфта, қўшиқ айтишга ихлосманд ёшларимиз бўлса, биз ҳамиша ёрдамга тайёрмиз. Чунки санъат йўли жуда мураккаб, мустаҳкам сабр-тоқат, фидойиликни талаб этади, қолаверса, мусиқа билан ҳамоҳанг яшай билиш керак. Вилоятимизда бундай инсонларнинг топилишига аминман, чунки, жануб аҳли маданиятли, санъатни улуғлаган диёр, бунга заминимиздан етишиб чиққан кўплаган санъаткорларимиз далил.

Вилоятда кўзга кўринган, эл олқишини олиб юрган санъат аҳли вакилларининг фикрини билдик. Бу инсонларнинг турфа хил фикри бўлсада, уларни бир дард бирлаштиради. Шоир Абдукарим Жумабоевнинг дардларини англагандек бўламан. 

Токчада сарғайиб ётар ашъорлар, 

Деворда осиғлиқ қолди дуторлар,

Қайдасиз, қалбида эл дарди борлар? 

Санъаткор шаънига ор сиғмай қолди,

Ҳофизлар кўксига тор сиғмай қолди. 

 

Ёндим деб куйлашар қизлар, во дариғ, 

Куй ғариб, пойма-пой сўзлар, во дариғ,

Андиша билмайди кўзлар, во дариғ,

Хонанда шаънига ор сиғмай қолди, 

Ҳофизлар кўксига тор сиғмай қолди. 

(“Эл дарди” шеъридан).

Дарҳақиқат, тўйларимизда ё саҳнада бўлсин, баъзи бир ёшларимизнинг маъно-матрасиз қўшиқлари, на авж, на қофияни билмаган “саҳна юлдузлари”нинг шовқин-суронли намойиши баъзида асабларни арралаши шубҳасиз. Қутлуғ жой – саҳнанинг эса пойини кўзга тўтиё қилгувчи асл санъаткорларнинг буюк йўли улар учун қадрсиз. Илоҳим, ана шулардан Яратганнинг ўзи асрасин.

Қайдан миллий бўлсин ғайри наволар, 

Қолипга солинган бедард садолар, 

Афсус, қайда энди авжу ҳаволар,

Эй, Карим, кўнгилга зор сиғмай қолди, 

Ҳофизлар кўксига тор сиғмай қолди.

Шаҳноза УСМОНОВА, 2019-03-29, 20:07 151
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.