26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Одамни одамдан қўриқлар итлар

Кеча ақлли эдим, дунёни ўзгартирмоқчи бўлдим. Бугун дономан, ўзимни ўзгартиряпман.

Ҳазрат Румий.

Тан олишим керак, ёшим ўтган сайин кўпроқ нарсани тушунмай боряпман. Масалан, нима учун хайр-эҳсон қилганлар, масжид қурганлар мақтаниб, бажарган ишини газетаю телевизорга чиқиб, мақтанишяпти? Нима учун ОАВда соғлом турмуш тарзини бузадиган маҳсулотлар реклама қилиняпти? Касалликлар ва дорилар сонини кўпайтириш учунми?

Исрофгарчилик ва дабдабабозлик, манманлик ва мақтанчоқликнинг кенг қулоч ёяётгани сабабини тушуна олмаяпман.

Коррупцияга қарши кураш кучайяпти, лекин порахўрлик тўхтамаяпти 

Молни йўқотишдан қўрқадиган, вақтни эса бемалол сарфлайверадиган бўлиб қолдик. Худди уни пулга сотиб олиш мумкиндай. Вақт ўғрилари эса жазоланмайди. 

Дин бўйича мутахассис бўлмаса ҳам, ваъзхонлик қиладиганлар кўпайди, ўзини соҳанинг олимидай кўрсатишади улар.

Кеча саҳнага чиққан санъаткорни таниймизу, буюк аждодларимизни танимаймиз. Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳорнинг кимлигини билмаймиз.

Мақтов ёқади, танқид қилган одамни кўргани кўзимиз, отгани ўқимиз йўқ. 

Ишлайман, деган одамга қулайлик ҳам, имконият ҳам кўп, лекин улардан фойдаланишга вақт етмайди. Ишимизда сифат йўқ, сифат бўлса, сон йўқ.

Қаёққа қараманг, тадбирбозлик. 

Кўп оилаларда эрни хотин боқяпти. Ҳатто, хотинини чет элга ишлашга юбораётганлар ҳам оз эмас. Ажралишлар кўпайяпти. 

Тўплансак, зиёфат, базми-жамшид, еб-ичиш учун тўпланяпмиз. Талабалик йилларимда маънавият кучли эди, шеърият кечасига таниқли хонанданинг концертига қараганда кўпроқ одам борарди. 

Бир одамни ёмонотлиқ қилишса, суриштирмай-нетмай, уларга қўшилиб кетадиган, мақташса – қўшилиб мақтайдиган бўлдик.

Китоблар жуда кўп босиляпти, лекин уларнинг фақат номигина китоб. Баъзиларида имло, стилистик хатоларнинг адоғига етиш қийин. Ижтимоий тармоқлардаги хатолар ҳам ундан кам эмас. Даҳшатлиси, саводсизлашиб бораётганимиз ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, кўча қоидасини бузган одам жазоланади, тил қоидасини бузганларга ҳатто ҳуштак ҳам чалишмайди. 

Фаросат нималигини унутдик. Гоҳо автобус ёки бошқа жамоат транспортида телефон орқали бир-бири билан сўкиниб гаплашаётган ёки қулоққа айтиладиган гапларни баралла айтаётган йигит-қизларни учратиб қоламиз. Сабаби, улар маза-бемаза чет эл сериалларини кўриб, улардан ўрганиб яшаяптилар. 

Инсон қадри арзонлашиб боряпти. Меҳр-муҳаббат қадрсизланяпти. Чунки, қалбларимиз қотиб кетяпти. Киприкларимиз қуриб, кўзларимизга ёш келмайдиган бўлиб қолган. Шунинг учун азада «отам»лаб, «онам»лаб йиғлаш учун касбий йиғловчини пул бериб, чақиряпмиз. «Ёш оқмайдиган кўздан асрагин, Аллоҳим», деб нола қилган Муҳаммад (с.а.в.)нинг уммати эканимизни унутдикми?

Шу вақтгача ароқни тўй-ҳашамларда ичган бўлсак, энди азада ҳам ичяпмиз. «Домла Қуръон ўқиб бўлди, оқ чойимизни олиб келавер», деган гапларни ҳам эшитиб қоляпмиз. 

Инсоний фазилатлар йўқолиб, ўрнини қўрслик, қўполлик, таъмагирлик эгаллаяпти. Имон сустлашиб бормоқда. 

«Суюнчи» фильмини кўринг. Маҳаллага янгидан кўчиб келган қўшнининг уйи эшигидаги қулфни кўриб, фильм қаҳрамонининг дили оғрийди. Чунки, шу вақтгача маҳалладаги одамларнинг уйлари қулфланмаган эканда. Ҳозир эса қулфдан ташқари уйларимизни итлар қўриқлайди, бойроқ хонадон бўлса махсус қўриқлаш хизмати ходимлари қўриқлашади. Фурсати келганда сувратсиз бўлса ҳам сийратли тўртлик:

Қарғанинг кўзини чўқимас қарға,

Йўлбарсни йўлбарс ҳам этмас бадарға.

Ҳаттоки ўлжасин талашмас китлар, 

Одамни одамдан қўриқлар итлар.

Илгари одамлар овқат пиширса, қўшнисига илиниб турарди. Бир коса овқат чиқарарди. Қўшнисининг уйидан тутун чиқмай қолса, хавотирланиб, унинг уйидан хабар оларди. Егулиги йўқ бўлса, бериб турарди. Ҳозир эса «Одамни одамдан қўриқлар итлар.» дегандай, бир қўшни иккинчисиникига кириб, нон сўрай олмайди. Илгари одамлар бир-бирига қарз бериб туришарди, ҳозир фоизсиз бир тийин беришмайди. 

Фирибгарликнинг тури кўпайди, миллион тенгелаб қиморга ютқазаётган одамлар кўпаймоқда. 

Илгари тиланчиларга бир бурда нон берсак, раҳмат, деб кетишарди. Ҳозир пул бермасанг, тиланиб тураверади, кам берсанг – сўкади.

Илгари қариялар уйида мусулмон биродарларимиз бўлмасди, ҳозир улар 80 фоизни ташкил этади. Бу бебошликларни бартараф этиш осон бўлмайди. Лекин шоир айтганидай, бу дунёга одам бўлиб келдик, одам бўлиб қолайлик. Элу юрт дардига малҳам бўлайлик. Оч ва муҳтожларнинг дардига малҳам бўлайлик! Зеро, инсоний қадриятлар пул билан ўлчанмайди.

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2019-04-02, 11:17 200
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.