26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Шерхан Муртаза ва Носир Фозил боғида

Таниқли қозоқ ёзувчиси, Халқаро “Алаш” ва “Туркий дунёга хизмати учун” мукофотлари соҳиби, “Құрмет”, “Парасат” орденлари нишондори, Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб Мархабат Байғут билан уюштирилган суҳбат мавзуси “Таупистали таълими” лойиҳаси доирасида жорий йил иккинчи бор уюштирилаётган “Шерхан Муртаза ва Носир Фозил боғида” мавзуидаги тадбирга бағишланди.

– Суҳбатни “Мархабат-Мирас” ижтимоий жамғармасининг фаолияти билан таништиришдан бошласак...

– Жамғармани тузишдан мақсад – эл орасида муҳим, кўламдор маънавий ва маърифий, адабий ва маданий тадбирларни ўтказишдир. У шу кунгача ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, Мангу Эл ғоясига садоқат билан хизмат қилиш, бадиий адабиётга меҳр уйғотиш, ёш қаламкашларни қўллаб-қувватлаш борасида талай ишларни амалга оширди. Жамғармага Тулкибош туман маслаҳати депутати Сатбай Қасимбек раҳбарлик қилмоқда.

Тулкибош туманининг фарзанди сифатида туғилган юртимга хизмат қилишни фарзим, деб билиб, “Таупистали таълими” лойиҳасига ташаббускор бўлдим.

“Туркий тилдош, тугал бўл!” – тадбирнинг асосий шиорига айланган. Истанбул, Анқара, Ашхобод, Астанада айтилган гап бу. Шу сабабдан эндиликда унинг халқаро даражада уюштирилаётгани эътиборлидир. Туркий давлатлардан келган адабиёт ва санъат намояндалари ҳар уч йилда Тулкибош туманининг табиати сўлим Пистали овулида бош қўшадилар. Бу йилги “Шерхан Муртаза ва Носир Фозил боғида” тадбири ҳам “Таупистали таълими” лойиҳасининг мақсадига ҳамоҳанг. 

Пистали овулининг табиати ўзгача, бетакрор. У Қоратовнинг этагида, Олатов бошланган манзилда жойлашган. Овулда зилол булоқлар жуда кўп. Шўролар даврида қишлоқ аҳли кўп азоб чеккан: очарчиликда ярми қирилган, иккинчи жаҳон урушидан 60 нафардан зиёд киши қайтмаган, 60-йилларда зотдор йилқилар гўшт учун ҳайдаб кетилган, кейинги йилларда овулдаги 150 хонадон 20тагача камайиб қолган эди... Ҳозир эса вазият ўзгариб, қишлоқ қайтадан обод бўляпти, янада кўркамлашиб боряпти.

Анъанага кўра, тадбир Улуғ Ватан уруши қаҳрамонларига тикланган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиш билан бошланади. Учрашувнинг биринчи қисмида туркий халқлар адабиётига оид долзарб масалалар муҳокама қилинади, сўнг бадиий адабиёт ва журналистикадаги маҳорат, анъана ва новаторлик, замон, жамият ва инсон ҳамда ижодкорнинг масъулияти тўғрисида фикр-мулоҳазалар айтилади. Иккинчи қисмида ёш қаламкашларнинг ижоди таҳлил этилади. 

2016 йили илк бор уюштирилган тадбирга Астана, Алмати, қўшни Ўзбекистон ва ҳатто Туркиядан адабиёт намояндалари, олимлар, ёш ижодкорлар келишди. Боғ эса 1995 йили Пистали овулига Ш. Муртаза, Н. Фозил, М. Мирзахметули, Қ. Найманбаев, А. Жақсибай, С. Абдурахманов каби атоқли адиб ва давлат арбобларининг ташрифи чоғида барпо этилган. Бу жойдаги мармар тошга “Шерхан Муртаза, Носир Фозил бошчилигидаги ёзувчилар 1995 йилда ушбу боғ пойдеворини қўйишган” деган лавҳа битилган.

– Мархабат оға, жорий йилги тадбир қозоқ адабиётининг йирик намояндаси Шерхан Муртаза ва таниқли ўзбек адиби Носир Фозиловнинг 90 йиллиги муносабати билан ўтказилмоқда, дедингиз. Носир оғанинг яқин дўсти бўлгансиз. Адиб ҳақидаги хотираларингизни сўзлаб берсангиз...

– Носир оға билан илк бор 80-йилларнинг охирида Нукус шаҳрида уюштирилган Бутуниттифоқ болалар адабиёти анжуманида танишгандим. Бир ҳафта мобайнида кўп шаҳарларни оралаганмиз, учрашувларда бўлганмиз. Тошкентдаги Халқлар дўстлиги саройида ўтган якуний йиғилишда минбарда туриб, келаси адабий ҳафталик Қозоғистонда ўтишини айтишим, сўнг эстафетани қабуллаб олишим керак эди. Саҳнада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби Одил Ёқубов, мезбонлардан вакил – Носир Фозилов, келаси тадбир ташкилотчиси – камина турибмиз. Бундай катта анжуманда сўзга чиқмаганман, оёқ-қўлим қалтираб, аранг турибман. Носир оға буни пайқаб турган экан:

– Мархабат, манов беш минг томошабин нима ҳақида ўйлаётганини биласанми? – деб сўраб қолди кутилмаганда. 

– Билмадим... 

– Саҳнадаги уч қозоқ нима деркин? – деб ўйлашяпти. 

Оғанинг бу сўзидан кейин беихтиёр кулиб юбордим. Ҳаяжоним ҳам босилди. Ўз вақтида кўрсатилган далдасидан куч олиб, дадил-дадил сўзлаганман.

Носир оғани дилкаш, ҳазили беғараз, сўзга чечан, камтар ва дўстликни эъзозлайдиган инсон сифатида қадрлайман. Йиллар ўтиб, оға билан борди-келдимиз узилмади. У 50, 60, 70 йиллик юбилейларимда ўзбекистонлик шоир-ёзувчилар билан бирга келганди. У моҳир таржимонгина эмас, балки қозоқ адабиётининг чинакам билимдони эди. Айниқса, С. Муқанов, Ғ. Мусрепов, С. Мавленов, Қ. Турсунқулов каби қозоқ адабиётининг дарғалари билан яқин ижодий алоқада бўлди. У қозоқ-ўзбек адабиётининг “Олтин кўприги” деган ном олди. Бу бежиз эмас. Айниқса, Носир оғанинг туғилган юртига бўлган меҳр-муҳаббати алоҳида эътиборга сазовор фазилат. Биз – кейинги авлод, ўша буюк шахслар бошлаган дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишимиз керак.

Вилоятимизда чоп этиладиган “Қазиғурт” журналининг жорий йилги 2-сони тўлиқ Ш. Муртаза ва Н. Фозилов ижодига бағишланади. Сўнг туркий халқлар ижодкорларининг асарлари берилади. Шунингдек, ҳар икки ёзувчи тўғрисида замондошларининг эсдалик, хотира, публицистик мақолаларини эълон қилишни режалаганмиз. 

Тадбирнинг мақсади аниқ – Шерхан Муртаза ва Носир Фозилни ёдга оламиз, эсдаликларимизни бўлишамиз, суҳбатлашамиз, сирлашамиз. Пистали овулида ўзбекнинг карнай-сурнайи, доираси-ю ноғораси янграсин, ўтганларнинг руҳи шод бўлсин!

Анъанага кўра, шу куни 4 нафар ёш ижодкорга, улар орасида ўзбек ёшлари ҳам бўлиши мумкин, оқсоқол ёзувчи, шоир ёки журналистлардан бири фотиҳа беради. Шунингдек, тадбир дастурига мувофиқ, иштирокчиларга концерт намойиш этилади. Сўнг дам олиш масканида меҳмонлар ҳурмати учун дастурхон ёзилади. 

– Самимий суҳбат учун ташаккур! Эзгу ишларни амалга оширишдан чарчаманг!

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ суҳбатлашди, 2019-04-02, 11:25 71
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.