Ўтган йилдан бошлаб шаҳримиз автойўлларида махсус кузатув ускуналари ўрнатила бошлади. Йўллардаги ҳаракатни тўрт томондан кузатадиган мазкур мослама халқ орасида фақат жарималарни ундириш учун ўрнатиляпти, деган фикрлар ҳам кенг тарқалди. Бироқ, кейинроқ кузатувнинг бундай усули хавфсизлик йўлидаги муҳим қадам эканлигини тушуниб етишди. Бу йўналишда қандай ишлар олиб борилаётганини билиш мақсадида Шимкент шаҳар рақамлаштириш бошқармаси бошлиғи Айнур Юсупова билан учрашиб, мусоҳаба олдим.
Дастлабки танишувимданоқ Айнурнинг Қазиғурт тумани Турбат қишлоғидан эканлигини, ўзбек тилида равон сўзларини эшитиб, янада хурсанд бўлдим. Унинг «газетангизни қишлоғимиздаги деярли ҳар бир хонадонида мутолаа қилишади» деган гапи мусоҳабамизнинг кўтаринки кайфиятда бошланишига замин яратди.
Айнур Абдуахас қизининг айтишича, 2018 йилнинг август ойидан мамлакатимизнинг учинчи мегаполиси ҳокимлиги ҳамда «Коркем Телеком» МЧБ ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми асосида Шимкентда «Сергек» фотовидеокузатув мажмуаларини ўрнатиш бошланган. Жорий йилнинг январидан бери уларнинг автойўллардаги вазиятга қанчалик таъсир кўрсатиши текширилди. Йил бошидан 5 апрелга қадар шаҳар автойўлларида 15 243та қоидабузарлик рўйхатга олинди.
Уларни пулга чаққанда 261 млн. тенге давлат хазинасига тушган бўларди. Бироқ тартиббузарликлар қайд этилсада, ҳайдовчилардан жарима ундирилмади. 5 апрелдан бошлаб кузатув мосламалари қайд этган қоидабузарликлар учун маъмурий жарималар солина бошлади.
– Айнур Абдуахас қизи, «Сергек» фотовидеокузатув тизими қошида махсус белгилар ўрнатилмаган-ку, шундай бўлса-да, жарима солинаверадими?
– Йўл ҳаракати қоидаларида кўчаларда транспорт воситалари учун белгиланган тезлик кўрсаткичлари бор. Демак, ҳайдовчилар шунга асосан, қоидани бузмасликлари керак. Кузатув камераларининг яхши томони, улар тўрт томондан тасвирга олади. Камера ишлаётганини кўрсатадиган махсус белгининг ҳам ҳожати йўқ. Зеро, ҳайдовчи ЙҲҚни бундай ускуна ўрнатилиш-ўрнатилмаслигидан қатъиназар бузмаслиги керак. Камера эса ўз навбатида ҳайдовчиларимизни ҳушёрликка чорлайди. Бундай мосламалар, ҳозирча, фақат Шимкентда жами 30та ускуна ўрнатилган. Агар унинг ҳар бири ёнига белги қўядиган бўлсак, йўлда бўш жойнинг ўзи қолмайди-ку.
– “Сергек” камералари қандай қоидабузарлик фактларини рўйхатга олади?
– Улар тезликни ошириш, чорраҳада қизил чироқ ёнганда тўхташ чизиғини босиш ва қўш чизиқни кесиб ўтиш фактларини қайд этади. Ҳайдовчининг хавфсизлик камарини таққан-тақмаганлигини у кузатмайди, буни чорраҳадаги махсус камералар тасвирга оляпти. Ускуна транспортнинг 50 метрдан 100 метргача ҳаракат тезлигини сеза олади.
– Жарималар ҳақидаги билдириш қанча вақт ичида нақлиёт соҳибига етказилади, қандай усулда хабар берилади? Уни тўлашда ҳайдовчиларга имтиёзлар борми?
– Қоидабузарлик даражасини процессинг маркази мутахассислари аниқлашади, сўнг маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг ягона рўйхатига киритилгач, “ҚазПошта”га юборилади. Баённома почта орқали ҳайдовчи манзилига етказилади. Смс-хабарлар юборилиши ҳам мумкин. Жарималар бир неча усул билан тўланади. Биринчиси ва энг қулайи: тўлов терминаллари орқали, “ҚазПошта” бўлимлари, e-gov портали, иккинчи даражали банклар орқали тўланади. Агар жарима бир ҳафта мобайнида тўланса, унинг 50 фоизи олинади, агар 7 кундан ўтиб тўласангиз, белгиланган жарима миқдорини тўлиқ тўлашингизга тўғри келади. Агар 30 кун ичида ҳам тўламасангиз, сизнинг ишингиз ҳудудий суд ижрочилари палатасига йўлланади. Улар ижрони бошлаб, қарор чиқаришгач, ҳатто кўчмас мулкни ҳибсга олишлари мумкин.
– Шаҳримизнинг баъзи ҳудудларида “Сергек” ускуналарининг ёқиб юборилганлиги тўғрисида хабар тарқалганди. Уларнинг тақдири нима бўлди?
– Шимкентнинг 3та ҳудудида мазкур ускуналар ёндириб юборилганлиги қайд этилди. Афсуски, безорилар аниқлангани йўқ. Ваҳоланки, бошқа даҳаларда истиқомат қиладиганлар шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, тезликни қайд этадиган ускуналар ўрнатишимизни сўрашяпти. Демак, аҳоли “Сергек”нинг ҳайдовчиларни ҳушёрликка чорлаб, йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ)ни камайтиришига ишонч ҳосил қилишди. Бу чора ҳайдовчиларнинг ҳамёнини "бўшатиш" ниятида эмас, аксинча, шаҳримиз кўчаларида хавфсизликни таъминлаш ва ЙТҲни камайтириш мақсадида амалга оширилмоқда.
– Ҳар қандай ташаббус эзгуликка йўлдош бўлсин. Суҳбатингиз учун раҳмат!
ҚР Бош прокуратураси ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисоб қўмитасининг маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 8 ойи мобайнида Қозоғистонда 10587та ЙТҲ рўйхатга олинган. Улар туфайли 15140 киши жабрланиб, 1198 нафари ҳаётдан кўз юмган. Автомашина ғилдириклари остида вафот этганларнинг аксарияти 5дан 14 ёшгача бўлган болалардир.
Астана ва Алмати шаҳарларида “Сергек” бўйича иш тажрибаси мавжуд. Ушбу камералар туфайли ЙТҲ сони сезиларли равишда озайган. Камералар ўрнатилганидан буён бундай ҳодисалар 22 фоиз, жабрланганлар сони 21 фоиз, ҳалок бўлганлар 50 фоизга камайган. Ўтган йили Шимкентда 369та ЙТҲ рўйхатга олинса, жорий йилнинг уч ойи мобайнида эса 76таси содир этилди.